1447 йил 25 шаъбон | 2026 йил 13 февраль, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рўза

Рўза: Қазо ва каффоратга оид савол-жавоблар

17:20 / 20.03.2024 7765 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Савол: қазо рўзаларни тутаётганлар қандай ният қилишади?

Жавоб: қазо рўзаларни тутаётганлар субҳи содиқдан аввал ният қилиб олишлари, ниятда қандай рўзани, қайси куннинг қазосини тутаётганини тайин қилишлари шарт. Ифторлик пайтида «Эртага ҳам қазо рўза тутаман» ёки «Эртага қазо рўза тутишни ният қилдим» деб ният қилиш ҳам мумкин. Қазоси кўпайиб кетса ёки неча кунлиги эсида бўлмаса, «зиммамга энг аввал вожиб бўлган Рамазоннинг қазосини ёки зиммамга энг охирги вожиб бўлган Рамазоннинг қазосини тутишни ният қилдим» деса, кифоя қилади.

Савол: каффорат рўзасини тутувчилар қандай ният қилишади?

Жавоб: каффорат рўзасини тутувчилар субҳи содиқдан аввал ният қилиб, ниятда қайси каффорат эканини тайин қилишлари шарт. Ифторлик пайтида «Эртага ҳам каффорат рўзасини тутаман» ёки «Эртага каффорат рўзасини тутишни ният қилдим» деб ният қилиш ҳам мумкин. Мисол учун, «Рамазон рўзасининг каффоратини», «Зиҳорнинг каффоратини» ёки «Қасамнинг каффоратини ният қилдим» дейишлари каби.

Савол: қайси амаллар рўзани бузиб, қазо ва каффоратни вожиб қилади?

Жавоб: рўза бузилган ҳар қандай ҳолатда қазосини тутиш вожиб бўлади, лекин қуйидаги ҳолатларда қазо билан бирга каффорат ҳам вожиб бўлади:

– рўзани суратан бузиш (томоқдан бирор нарса ўтиши, икки йўлдан бирига жимоъ қилиш). Томоқдан бошқа йўлдан, масалан, бурун, қулоқ, аёлнинг олди, эркагу аёлнинг орқасидан дори ёки шу каби нарса кирса, фақат қазо лозим бўлади, каффорат вожиб бўлмайди.

Шунингдек, олд-орқадан бошқа жойга жимоъ қилиниб, маний тўкилса ҳам қазо лозим бўлиб, каффорат вожиб бўлмайди. Агар маний тўкилмаса, қазо ҳам лозим бўлмайди.

– рўзани маънан бузиш (баданга манфаат берадиган, озуқа ёки даво бўладиган, лаззат ҳосил қиладиган, инсон таъби ейишга мойил бўладиган нарсаларнинг томоқдан ўтиши). Озуқа ёки даво бўлмаган, инсон таъби ейишга мойил бўлмайдиган (тош, кесак, тиш ковагидаги каби) нарсалар томоқдан ўтса, қазо лозим бўлиб, каффорат вожиб бўлмайди. Зеро, бу ҳолатлар ейиш бўлса ҳам, озуқа ейиш ҳисобланмайди (доимо кесак еб юрадиганлар бундан мустасно);

– рўзани қасдан бузиш (адашиб эмас). Таҳорат ёки ғусл қилаётганда беихтиёр томоқдан сув ўтиб кетса, қазо лозим бўлиб, каффорат вожиб бўлмайди. Рўзадорлигини унутиб, еб-ичиб қўйса, ёғаётган ёмғир томчиларини ютиб юборса қазо ҳам, каффорат ҳам вожиб бўлмайди.

– рўзани ўз ихтиёри билан бузиш (мажбурланиш бундан мустасно). Бировнинг мажбурлаши туфайли рўза очилса, қазо лозим бўлиб, каффорат вожиб бўлмайди;

– рўзани заруратсиз бузиш (зарурат юзасидан бузиш бундан мустасно). Рўзани очишга қаттиқ ташналик, очлик, беморлик каби зарурат пайдо бўлса, қазо лозим бўлиб, каффорат вожиб бўлмайди;

– рўза бузилгандан кейин рўзани очишни мубоҳ қиладиган ҳолат бўлмаслиги. Масалан, рўзани қасддан очгандан кейин ҳайз ва нифос келиб қолиши, қаттиқ ташналик, очлик, оғир касаллик каби ҳалок қиладиган ёки бирор аъзога талафот еткизадиган даражада ҳолат юзага келиб, рўзани очиб юборилса қазо лозим бўлиб, каффорат соқит бўлади.

– рўзани мусофир ё бемор бўлмай туриб бузиш. Агар мусофир ё бемор бўлатуриб рўза тутса-ю, кейин рўзасини очиб юборса, қазо лозим бўлади, каффорат вожиб бўлмайди.

– Рамазон рўзасини адо қилаётганда рўзани очиб юбориш. Бундан бошқа рўзалар бузилса, шунингдек, Рамазоннинг қазо рўзаси бузилса ҳам каффорат вожиб бўлмайди.

– cубҳи содиқдан аввал ният қилинган рўзани бузиш. Субҳи содиқдан кейин ният қилиб, кейин рўзасини очиб юборса, каффорат вожиб бўлмайди.

– бирор шубҳа туфайли рўзани очиш. Агар қуёш ботди деб ўйлаб, ифторлик қилган бўлса, субҳи содиқ кирмади, деб еб-ичган бўлса, қазо лозим бўлади, каффорат вожиб бўлмайди.

«Мўминнинг қалқони» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таолонинг ҳар бир амри ҳикматларга бойдир. .Аллоҳнинг раҳмати баҳона қидирур, деган машҳур мақол бор. Аллоҳ бу умматга раҳматини ёғдиришни ирода қилиб, Ўз давоми...

23176 10:37 / 19.03.2024
Ассалому алайкум. Ва алайкум ассалом. Қалайсиз ака... Яхши, уфф чанқаб кетдим, анаву крандан бир пиёла сув қуйиб узатиб юборинг. Ия, рўзамасмисиз ака Рўза фарзку Э, давоми...

6229 13:58 / 06.04.2022
Рамазон ойининг рўзаси ndash иймон келтирган ҳар бир киши учун фарздир. Араб тилида Рўзаrdquo ассиямrdquo ёки ассавмrdquoдеб талаффуз қилинади. Ассиямrdquo ёки Ассавмrdquo давоми...

38972 18:03 / 16.05.2018
. . . . . . 46 2678 1891 6956 11. Талҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу давоми...

1050 13:18 / 08.03.2025