1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рўза

Рўзани бузадиган нарсалар

18:39 / 21.05.2018 18343 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Рўзанинг бузилиши икки хил бўлади. Биринчиси – қазо ва каффоратни вожиб қиладиган ҳолатлар.

Иккинчиси – фақат қазони вожиб қиладиган ҳолатлар.

Қазо ва каффорат вожиб бўладиган ҳолатлар. Каффорат Рамазоннинг ҳурматини оёқости қилингани учун вожиб бўлади. Рамазоннинг фарз рўзасини адо қилишни ният қилиб рўза тутган одам уни ўз ихтиёри билан, мажбурлашсиз ва шаръий узрсиз қасддан очиб юборса, ҳам қазосини тутади, ҳам каффоратни адо этади. Лекин Рамазоннинг қазосини ёки бошқа рўзаларни қасддан бузса каффорат вожиб бўлмайди.

Каффорат қуйидаги ҳолатларда вожиб бўлади:

1. Ғизо ёки шу каби нарсани шаръий узрсиз ейиш. Одатда озуқа сифатида тановул қилинадиган барча нарсалар ғизога киради. Дори, папирос, сигара, афюн, наша ва шунга ўхшаш нарсалар ҳам ғизо тоифасига киради. Ушбу ҳолатларда рўзасини очган одам ҳам қазосини тутади, ҳам қул озод қилиш ёки олтмиш кун кетма-кет рўза тутиш, унга қодир бўлмаса, олтмиш мискинга таом бериш билан каффоратни адо қилади.

2. Бировни ғийбат қилгани, қон олдиргани, шаҳват билан ушлагани ёки ўпгани, қучоқлашиб ётгани, мўйлабини мойлагани сабабли «рўзам очилиб кетди» деб ўй лаб, қасддан еб-ичиб юборган одам ҳам қазо тутади, ҳам каффоратни адо қилади (Лекин фақиҳ киши «рўзанг очилибди» деб фатво берса, бундан мустасно. Унда фақат қазо тутади, каффорат вожиб бўлмайди).

3. Оғзига кирган ёмғир сувини, хотинининг тупугини лаззат учун ичига ютса, кесакхўр одам кесакни ютиб юборса, ҳам қазо тутиб, ҳам каффорат адо қилади.

4. Фарж шаҳватини тўла равишда қондириш. Бунда маний тўкилмаса ҳам қазо ва каффорат вожиб бўлади. Жумҳур уламолар: «Жимоъда қатнашгани учун аёл киши ҳам каффорат беради», дейишган.

5. Аёл киши ёш боланинг ёки мажнуннинг ўзига яқинлик қилишига имкон берса, унга ҳам қазо, ҳам каффорат вожиб бўлади.

Қазо тутиш лозим бўладиган, каффорат лозим бўлмайдиган ҳолатлар:

1. Ғизо саналмаган ва ғизо тоифасига кирмайдиган нарсани тановул қилиш. Бунда одатда ғизо саналмайдиган ва инсон таъби ейишга мойил бўлмайдиган нарсалар кўзда тутилган. Мисол учун, рўзадорнинг хом гуруч, хамир, бирор нарса аралаштирилмаган ун каби нарсаларни ейиши.

2. Пишмаган мевани ейиш.

3. Тишлари орасида қолган нўхатдан катта нарсани ютиб юбориш.

4. Данак, пахта, қоғоз, тери ейиш.

5. Тош, темир парчаси, тупроқ, тангага ўхшаш нарсаларни ютиб юбориш.

6. Қасддан ичига исириқнинг тутуни каби тутун киритиш.

7. Эркак кишининг орқасидан, бурнидан, томоғидан ва аёл кишининг олдидан сув ёки дори киритилиши.

8. Қулоққа мой томизилса ҳам рўза очилади. Сув томизилса очилмайди.

9. Қасддан оғзи тўлиб қайт қилса ҳам қазо тутилади. Агар беихтиёр, оғзи тўлмай қайт қилса ёки таом эмас, балғам қайт қилса, рўза очилмайди.

10. Ғизо ва доринини беморлик, сафар, мажбурлаш, адашиш, бепарволик ёки шубҳа каби шаръий узрлар билан тановул қилса, рўза очилиб, қазоси тутилади.

11. Оғиз чайилаётганда беихтиёр ичига сув кетиб қолса, рўза очилади ва қазо тутилади.

12. Бошдаги ёки қориндаги жароҳатга қўйилган дори ичига ёки димоғига кетиб қолиши.

13. Ухлаб ётган одамнинг қорнига сув киритиб юборилса, рўзаси очилади.

14. Аёл киши хизматга ярамай қоламан деб таом еса ҳам рўзаси очилиб, қазосини тутади.

15. Рўзадорлигини унутган ҳолда таом еса ёки жимоъ қилса, рўзаси очилмайди. Аммо бунинг ҳукмини билмай, «бўлар иш бўлди» деб, яна таом еса ёки жимоъ қилса, қазо рўза тутиб бериш лозим бўлади.

16. Рўза тутишга кечаси эмас, кундузи ният қилиб, кейин «бу ниятим тўғри бўлмаса керак» деган шубҳа билан таом ейилса, рўза очилади ва қазо тутиш вожиб бўлади.

17. «Ҳали тонг отмаган бўлса керак» деб, еб-ичган ёки жимоъ қилган одам тонг отиб бўлганини билиб қолса, рўзасининг қазосини тутади.

18. «Қуёш ботган бўлса керак» деб, еб-ичган ёки жимоъ қилган одам қуёш ботмаганини билиб қолса, рўзасининг қазосини тутади.

19. Шаҳватини тўлиқ бўлмаган ҳолда қондирса ҳам фақат қазо тутади.

20. Қучоқлаш, ўпиш ва шунга ўхшаш ишлар туфайли маний тўкилса, рўзанинг қазоси тутилади.

21. Ухлаб ётган аёлга жинсий яқинлик қилинса, ўша аёл ҳам қазо тутади.

22. Рўзадор киши орқасига пахта, латта ва шунга ўхшаш нарсаларни киритса ҳам рўзаси очилиб, қазосини тутади.

23. Рамазон рўзасидан бошқа рўзасини очиб юборган кишига фақат қазо тутиш вожиб бўлади, каффорат вожиб бўлмайди.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Мўминнинг қалқони китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Рамазон рўзаси ҳақидаСАВОЛ Рамазон нима дегани, унинг рўзаси қачон фарз қилинганЖАВОБ Рамазон сўзини араблар қадидан келаётган луғатларидан олганлар. Ҳижрий давоми...

13624 05:00 / 13.01.2017
Солиҳларга кўра рўзани бузувчи амаллар Маълумки, шариат истилоҳида рўза .Тонг отгандан то қуёш ботгунича ният билан рўзани очувчи нарсалардан ўзни давоми...

7140 15:00 / 28.05.2017
Ҳаётда кимлардир улуғ неъмат иймон неъмати билан насибадор бўлса, кимлардир бу неъматдан маҳрум бўладилар. Кимлардир Роббисини таниб, У зотнинг буйруқларини давоми...

4902 05:00 / 14.01.2017
Руҳий тарбия устозлари барча амалларни ушбу қоида асосида баҳолайдилар. Мисол учун, тасаввуф китобларида .Рўза уч даражада бўлади, рўзанинг учта даражаси бор,, давоми...

7877 11:30 / 11 март