1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Шахсият

ИСЛОМДА ЎЗИНИ ЎЗИ ЎЛДИРИШ ҚАТТИҚ ҚОРАЛАНАДИ

05:00 / 02.03.2017 8123 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

...Ўтган асрнинг саксонинчи йиллари охирларида, собиқ шўро тузими даврида аёллар ўртасида ўзига ўзи ўт қўйиш ҳолатлари сезиларли даражада кўпайгани ҳақида хабарлар тарқалди. Бу ҳолатни таҳлил қилувчилар Ислом динини айблай бошладилар. Уларнинг айтишича, аёлларнинг бу аянчли ишни амалга оширишларига айнан Ислом дини айбдор эмиш...

Бандаларини ўзини ўзи ўлдирмасликка чақирган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин! Ўзини ўзи ўлдирганларга жаноза ўқимаган Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга солавоту дурудлар бўлсин! Минг афсуслар бўлсинким, гоҳида динимиз таълимотларини билмаслик ва уларга амал қилмаслик оқибатида мўмин-мусулмонлар ичида ўта кўнгилсиз ҳодисалар ҳам бўлиб туради.
Ўтган асрнинг саксонинчи йиллари охирларида, собиқ шўро тузими даврида аёллар ўртасида ўзига ўзи ўт қўйиш ҳолатлари сезиларли даражада кўпайгани ҳақида хабарлар тарқалди. Бу ҳолатни таҳлил қилувчилар Ислом динини айблай бошладилар. Уларнинг айтишича, аёлларнинг бу аянчли ишни амалга оширишларига айнан Ислом дини айбдор эмиш.
Ўша пайтдаги ошкоралик ва имкониятлардан фойдаланиб бу гаплар динимиз учун туҳмат эканини баён этдик. Шу билан бирга ўзини ўзи ўлдириш бизнинг динимизга мутлақо зид эканини, мўмин-мусулмон шахс ҳеч қачон ўзини ўзи ўлдирмаслигини уқдирдик. Бу ҳақидаги динимиз таълимотларини тушунтирдик.
Бу ҳодисалардан кўп йиллар ўтгандан кейин, яқинда мазкур муаммони муолажа қилишда иштирок этган мутахссислардан бири менга «Ўшанда сизнинг чиқишларингиз кишиларга катта тасир қилган. Бизнинг фикримизча, мазкур чиқишлардан кейин ўша ноқулай ҳолат ўз ечимини топган», деди ва ўз фикрини ҳужжат ва далиллар билан исботлаб берди.
Ҳозирги кунларда баъзи кишиларда , жуда оз бўлса ҳам ушбу масала ҳақида савол бериш кузатилиб қолди. Шунинг учун қуйидаги мақолани маълумот тарзида тақдим этишни маъқул топдик.
Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида қуйидагиларни айтади:
«Ва Аллоҳнинг йўлида нафақа қилинг. Ўзингизни ўз қўлингиз ила ҳалокатга дучор қилманг. Эҳсон қилинг, албатта. Аллоҳ эҳсон қилувчиларни хуш кўрадир», (195-оят).
Бу ояти каримада Аллоҳ таоло мусулмонларни ўзингизни ўзингиз ҳалокатга дучор қилмасликка чақирмоқда.
Имом Олусий, ушбу оятдан ўлимга сабаб бўладиган нарсага бормаслик чиқади, деганлар.

ЎЗИНИ ЎЗИ ЎЛДИРГАНГА ЖАНОЗА ЎҚИЛМАЙДИ

Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ўзини мишқослар билан ўлдирган одамни олиб келинди. Бас, У зот унга жаноза ўқимадилар». Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.
«Мишқос» – кенг тиғли, пичоққа ўхшаш нарса.
Ўзини ўзи ўлдириш Исломда қаттиқ қораланади. Бу иш мўмин-мусулмон одамга мутлақо тўқри келмайдиган иш.
Ўзини ўзи ўлдириш Аллоҳнинг қазои қадарига норози бўлиш, Аллоҳ берган ҳаёт неъматига нонкўрлик қилиш, осийлик ва иродасизликдир. Ўзини-ўзи ўлдириш мусулмонларга хос бўлмаган қўрқоқлик ва номардликдир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзини ўзи ўлдирган одамга жаноза намози ўқимаганлари бу одамнинг қилган номаъқулчилиги учун муносиб жазо ҳамдир. Охиратда эса, алоҳида жазолар бўлади.
Имом Бухорий Собит ибн аз-Заҳҳок розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда, Расулуллоҳ алайҳиссалом: «Ким ўзини темир асбоб билан ўлдирса, жаҳаннам оташида ўша билан азобланади», деганлар.
Имом Бухорий Жундаб розияллоҳу анҳудан қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир одамнинг жароҳати бор эди. У ўзини ўлдирди. Шунда Аллоҳ азза ва жалла: «Бандам мендан аввал жони ҳақида ўзи шошқолоқлик қилди. Мен унга жаннатни ҳаром қилдим», деди», деганлар.
Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўзини ўзи бўққан, дўзахда ҳам бўғиб туради. Ўзига ўзи пичоқ урган, дўзахда ҳам пичоқ ўриб туради», деганлар.
Демак ўзини-ўзи ўлдирган одам дўзахга тушишида шубҳа йўқ.
Одамларга ўрнак бўлиш учун бу дунёда ҳам унга ўзгача муносабатда бўлинади.
Умар ибн Абдул Азиз, Авзоий ва Имом Аҳмаднинг мазҳаблари бўйича ўзини ўзи ўлдирган одамга жаноза намози ўқилмайди.
Уламолар, боғий-Ислом давлатига қарши чиққанлар ва фосиқлар ҳам шу ўзини-ўзи ўлдирганнинг муросаси қилинади, дейдилар. Токи, бошқалар ҳам буларнинг қилмишини қилмасинлар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким тоғдан ташлаб ўзини ўзи ўлдирса, у жаҳаннам оташида абадул абад ўзини тоғдан ташлаб туради. Ким заҳар ичиб ўзини ўзи ўлдирган бўлса, у заҳарини қўлида тутган ҳолида, жаҳаннам оташинда абадул абад заҳар ичиб туради. Ким ўзини ўзи темир нарса билан ўлдирган бўлса, у темирни қўлида тутган ҳолида жаҳаннам оташинда абадул абад ўша темирни қорнига санчиб туради», дедилар». Тўртовлари ривоят қилдилар.
Ушбу ҳадиси шарифдан на фақат бошқа бировни, балки ўзини ўзи ўлдириш ҳам мумкин эмаслиги келиб чиқади. Исломда инсон жони алоҳида қадр қийматга эга. У жон қандай жон бўлишининг фарқи йўқ. Ҳар бир инсон яшаш ҳаққига эга. Инсонни бу ҳақдан ҳеч ким маҳрум эта олмайди.
Шу сабабдан, инсон ўзини ўзи ўлдириши ҳам мумкин эмас. Чунки, инсон бировга жон ато қила олмаганидек, ўзига ўзи ҳам жон ато қила олмайди. Унга жонни фақат Аллоҳ таологина беради. Шунинг учун ундан жонни фақат Аллоҳ таологина олади. Бу табиий ҳолда ёки Аллоҳнинг шариатида кўрсатилган ҳукмга биноангина бўлиши мумкин.
Мусулмон инсон бошидан ҳар қанча қийинчилик ўтса ҳам, худди бировни ўлдириши мумкин бўлмаганидек, ўзини ўзи ўлдириши ҳам мумкин эмас. Бу ношукурлик ва Аллоҳга нисбатан одобсизлик бўлади. Шунинг учун ҳам бу дунёда ўзини ўзи ўлдирган одам у дунёда алоҳида қаттиқ азобларга дучор бўлади.
Ушбу ҳадиси шарифда ўша вақтдаги ўзини ўзи ўлдиришнинг уч тури ва уларнинг қиёматдаги азоби васф қилинган.
1. Ўзини ўзи тоғдан ташлаб ўлдириш.
Ўзини баланд жойдан ташлаб ўлдириш доимо содир бўлиб келган. Ушбу номаъқул ишни қилган одам, у дунёда қилганига яраша алоҳида азобга дучор қилинар экан. Аввало, ўзини ўзи ўлдиргани учун дўзахга тушар экан. Қолаверса, бу дунёда ўзини тоғдан ташлаб ўлдиргани сабабидан у дунёда, дўзах қаърида ҳам ўзини доимий равишда тоғдан ташлаб қийналиб турар экан. Ҳар сафар ташлаганда қийналиб ўлиш азобини янгитдан чекиб турар экан. Бу ғоятда оғир азобдир.
2. Ўзини заҳар ичиб ўлдириш.
Бу ҳам ўзини ўзи ўлдиришнинг турларидан бири. Бу ишни қилган одам ҳам охиратда жаҳаннамда доимий равишда заҳар ичиб ўлиб, яна қайта тирилиб, яна қайта қийналиб турар экан. Бу ҳам ўзига хос азобдир.
3. Ўзини темир нарса билан ўлдириш.
Бунга ўзини ўзи пичоқлаш, бошқа темир асбоблар билан ўлдиришлар киради. Ушбу ишни қилган одам ҳам қиёматда икки хил азоб; дўзах азоби ва дўзахда доимий равишда ўзини ўзи, худди бу дунёдаги каби қайта-қайта ўлдириб туриши билан азобланади. Аллоҳ Ўзи сақласин.

Ушбу ҳадиси шарифни ҳаётимизга татбиқ қилмоғимиз, кишиларга унинг маъноларини етказмоғимиз лозим. Токи, мусулмонлардан ҳеч ким ўзини ўзи ўлдирмасин.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло .Эй Пайғамбарлар Пок нарсалардан енглар ва солиҳ амаллар қилинглар. Албатта, Мен нима амал қилаётганингизни ўта билгувчиман,, деган Мўминун, 51.Ва яна давоми...

4226 05:00 / 03.03.2017
Билинг Барча матлуб нарсалар неъмат, деб номланади, лекин ҳақиқий неъмат ndash бу ухровий неъматдир. Уни неъмат деб номлаш жоиздир. Бизга изофа этилган ишларнинг давоми...

3483 05:00 / 03.03.2017
Абдуллоҳ ибн Амрдан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дуо қилганларида кўпинча .Аллоҳим Мен сендан сиҳатсаломатликни, иффатни, омонатни, давоми...

3651 05:00 / 03.03.2017
Менинг одатим, агар пиёда юришга кучим етса, машинага чиқмайман. Агар қуёш нури остида юришга кучим етса, соясалқин жойда юрмайман. Бу Ливаннинг қуёши бўладими, давоми...

3845 05:00 / 04.03.2017