1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
islom.uz-1441

Ҳаётимга Рамазон кириб келган йил

15:30 / 01.05.2020 2012 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Эсимда 9 ёшли қиз эдим. Ҳовлида кўпчилик турар эдик. Кекса бобом, момом ва амакиларим оиласи билан ҳамда аммаларим. Невара қиз бўлганим учун уйнинг катта-кичиги мени қаттиқ эркалатишарди. Биз томонларда айниқса, аммалар ака-уканинг қизларини ўзлари катта қилишар ҳозиргача бу анъана давом этиб келади. Аммаларим билан ухлаш учун ота-онамга ҳархашалик қилиб қочиб кетардим. Бирин-кетин унаштирилган аммалар негадир эрталабгача қандайдир кинолар кўришар, гоҳ кулишар, гоҳ рақсга тушар, гоҳ эса тўйиб йиғлашар эди. Менга қизиғи эса кичкина ойнадан келадиган ўзимга тегишли ширинликлар эди. Ҳар хил сақич, писта ширинликлар сабаб ҳар куни аммаларим билан ётишга баҳоналар қилардим. Бора-бора бу одатга айланди.

Одатий кунларнинг бирида ҳаётимда гўзал бир бурилиш бўлди. Эсимда, ҳинд киноси салкам тонгача бўлди. Қишнинг аёзли кунлари эди. Аммаларим кино таъсирида бири печкага ўт ёқар, бири эса қўшнидан олиб чиқилган сутни ширчой қилди. Новвотли дамлама ҳам қилиб бўлгандики эшикдан  момом кириб келди. Ўзига мўъжазгина қилиб ёзилган дастурхонга ўтириб овқатландилар. Ҳали қуёш чиқмасдан бир ўзи овқатлангани учун мен ҳайрон қолдим. Аммаларим эса бир-бирининг пинжига кириб шивирлашарди. Овқатланиб бўлган момом узун дуо қилдилар ва уйнинг тўрига ўтиб ғалати ҳаракатлар қилди. Мен бунақа ишни биринчи кўришим эди. Гоҳ ўтирар гоҳ бошини қандайдир оқ матога теккизар эди. Негадир менга шу жойи ёқди.

«Ҳозир икки ёшли қизим намоз ўқисам айланиб ўйнаб юради лекин, сажда қилаётганимда келиб бирга сажда қилади». Ҳатто ёш болалар ақлсиз руҳи билан Аллоҳга сиғинишни яхши кўради. Мен ҳам ўша вақтлари биринчи кўрган бу ишимни роса кўп такрорлардим. Ҳамма жойда қилгим келаверарди. Негадир шу ишни қилсам ширин бир нарса юрагимга кирар жуда-жуда ёқимли эди. Қанчалар ёқимли эканлигини таърифлаш учун ҳали-ҳануз сўз тополмаганман. Момом ўша вақтда намоз ўқиганини кейинчалик билган бўлсамда аммо ҳалигача саждани яхши кўраман. Хуллас ўша кундан кейин бу иш ҳар куни такрорланарди. Гоҳида ухлаб қолиб гоҳида мудраб момомнинг ҳаракатларини кузатар эдим. Момом жисмонан бақувват чиройли сўзлари адл ҳаракатчан аёл эди. Кун бўйи ҳеч нима емасдан кечга бориб бир коса сув ичардилар ва бироздан кейин овқатланар эдилар. 9 ёшли қиз аллақачон мактабдаги дугоналаримдан аммаларимнинг саҳарлик, ифторлик деган сўзларидан эрта тонгда бизни хонага келиб овқатланиши сабаби рўза тутганларини билиб олгандим.

Чамаси бир ҳафта ўтгандан сўнг секингина момомнинг олдига бориб мен ҳам сиз билан овқатланаман дедим. Момом новвот дамлама ичгинг келдими деб кулиб қўйдилар, шу-шу улар нима қилсалар мен ҳам шу ишни қилдим. Ўзимча рўза тутдим. Қўшнидан келтириладиган ярим литр сут бир литрга айланди. Лекин кундузлари хоҳлаганча сув ичиб юрардим. Мактаб буфетида кўзимга яхши кўринган ҳамма нарсани паққос туширардим. Момом эса бир кулиб бир жаҳл қилиб менга рўзада кун бўйи ҳеч нарса ейилмайди деб танбеҳ берардилар. Бола эмасманми бир кун ёки ярим кун ҳеч нарса емасдим лекин яна эсимдан чиқиб кетарди.

Хуллас, ўйин рўзам тугаши арафасида ҳовлимиз одамга тўлди. Ҳар доимгидек кўпроқ ва тансиқроқ таомлар пиширилди. Катталар шу куни ифторлик дейишди. Бир уй хотин халажнинг ичида менинг ўйин рўзам роса кулгу бўлди. Дахлизда болаларга ёзилган дастурхон атрофида нишолда ялар эканман, ичкаридан бошқача қўшиқ янграй бошлади. Аммаларимнинг ҳиндча киноси бошландими деб эшикка боқдим, аммо телевизор ўчиқ эди. Қўшиқ шунчалик ёқимли эдики, қўшиқчи кимлигини билиш учун роса мўраладим, бироқ ичкарига фақат рўза тутганлар ифторлик учун киришган эди. Ичимда бир мунг эригандек бўлди. Ҳеч қачон эшитмаганим бу қўшиқ мусиқа чалинмаса ҳам шунчалар ёқимли эдики, ҳеч қачон тугамаслигини хоҳлардим. Қўшиқчи аёл охирида «Адият» деб тугатилганини эслаб қолдим. Кўп ҳаракат қилсам ҳам қўшиқчи кимлигини билолмадим. Негаки экранда кўрган қўшиқчиларимга уйдан чиққан ҳеч бир аёл ўхшамасди.

Эртаси куни мактабда магнитафони бор дугоналаримдан Адият деган қўшиғинг борми, ким айтган деб роса суриштирдим. Аммо билолмадим. Бир ҳафталар ўзимча адият деб хиргойи қилиб юрдим. Рўза тугаб одатий кунлар бошланди. Момом ҳам овқатлангани бизни хонага келмай қўйди. Ётиб турадиган аммаларимни гоҳида бобомнинг олдига келганларида кўзим тушиб қолар, шунда бояги қўшиқ ёдимга тушар, эслаш учун диққатимни роса жамлаб кўзимни юмиб олардим. Роппа-роса бир йилдан кейин анчайин катта қиз бўлиб қолганман. Энди момомнинг ғалати ҳаракатлари намоз деб аталишини Аллоҳга ўқилишини болалик тасаввурим билан қисман биламан.

Уйимизнинг катталари тилига яна рўза сўзи тушиб қолди. Мен ҳам азборойи ўша қўшиқчини кўриш, ўша ёқимли сўзларни эшитиш учун яна момом билан рўза тутдим. Бу сафар юракдан қийналсам ҳам ҳамма нафсимни енгдим. Жуда қийналсам ҳам очмадим. Дадам ҳали ёш, деб жаҳл қилдилар. Бобомнинг раҳми келди, аммо очмадим. Негаки ўша қўшиқни яна эшитгим келарди. Фақат 2 кун кетма-кет мактабда билмасдан очиб қўйдим. Уйга келиб роса йиғлаганимни кўрган момом «иккаламиз бирдек қарз бўлибмиз, қазойимизни бирга тутамиз» деб овутдилар. Хурсанд бўлиб рўза тутишда давом этдим. Мен кутган кун ҳам келди. Бу сафар ўйинқароқ бола эмас ифторлик қилаётганлар орасида ўтирдим. Негадир ҳамма менга бошқача қарарди. Момом фахрланиб сабрли эканим, қийналганимдан мактабга боролмай қолсам ҳам рўзамни очмаганлигим, атиги икки кун қарз бўлганлигимни кўп гапирдилар.

Даврада аёллар кўп эмас қизлар ҳам деярли йўқ. Мендан 3 ёшлар катта иккита опа-сингил бор эди холос. Билсам, у вақтларда мустақилликнинг дастлабки йиллари бўлгани учун диний тарбиялар маълум бир оилалардагина сақланиб қолган экан. Саноқли аёлларнинг қайси бири қўшиқчи эканлиги мени тинч қўймасди. Икки опа-сингил ҳам қўшиқчига ўхшамасди. Овқатланиб бўлгач уйнинг тўрида ўтирган аёл қўлларини кўкка кўтарди, узоқ дуо қилгач мени бир йил тушларимга кирган ҳар жойда эшитишни хоҳлаганим, бир йил излаганим ўша овоз қўшиқ айтила бошлади. Орасида Адият ҳам деди, яна Фалақ, Ёсин деди, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам деган исмни кўп такрорлади. Негадир юзим қизиб кетди. Кўзларимдан бир икки томчи ёш ҳам чиқди. Аммо ҳеч ким кўрмади. Негаки, қўшиқ шунчаки ёқимли эканлигидан ҳамма ерга тикилиб тебранар эди. Қўшиқчи аёл 50 ёшлар чамаси бўлса ҳам юзи оппоқ қандайдир нурли эди. Уни қишлоғимизда биринчи кўришим. Сабаби янги қўшиқчи деб ўйлаганман. Кейин билсам у аёл кўчага кам чиқар, кўпроқ вақтини ибодатга бағишлар экан. Ифторлик тугаб ҳамма уйига тарқалди. Аммо ўша куни мен бошқача ухладим ва бошқача уйғондим. Унинг айтган қўшиқлари аслида Аллоҳнинг китобидаги суралар эканлигини, уни чиройли ўқиган аёл қўшиқчи эмас қория деб аталишини барча-барчаси ҳақида шу кундан бошлаб момомдан қисман сабоқ олдим.

Бугун мохи Рамазонда саҳарлик қила туриб ёдимга тушган ушбу кичкина воқеа ҳаётимга ҳамма яхшиликлардан энг олдин кириб келган энг чиройли яхшилик эди. Қолган ҳамма яхши ва чиройли чизиқлар унинг давомидан чизиляпти. Ўша йилги Рамазон ҳалигача ҳаётимнинг энг ёрқин нуқтаси бўлиб умримни ва атрофимни ёритиб турибди. Бугун сизга ҳам энг яхши кўрган сурам «Адият» сурасини илиндим. Мен англаган ҳақиқат  сураларда қуёш тафтиданда иссиқроқ тафт, энг ёрқин юлдузданда ёруғроқ нур бор. Ўқиганда баландроқ ўқинг, уйингиздаги атрофингиздаги ҳамма-ҳамманинг мен каби қалби эрисин, дили ёришсин.

Рамазон муборак бўлсин!

Юлдуз Қурбонова

Мавзуга оид мақолалар
418Укоз номлик бозордаги, эшитган сўз мафтун қилди,Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни ўйлантириб, ҳаётдан кўп маҳзун қилди,Одамлардан узоқ кетиб, ёлғизликда давоми...

3457 10:05 / 30.10.2019
Эй қаро кўз асра ўзинг, шунда сенга жафо етмас,Жафо қилсанг қайси жонға, Худо ҳаққи вафо етмас.Буюк Ҳабиб, бўлса табиб, сенга зарра зиён етмас,Тўрт ёшинда кўксин давоми...

3416 15:40 / 31.03.2020
Қуръони карим Аллоҳ таолонинг муборак Каломи ўлароқ қадри баланд, тиловати ибодат бўлган энг улуғ каломдир. Шунга кўра, Аллоҳнинг каломи ёзилган мусҳафларимиз давоми...

2272 09:10 / 05.09.2019
Аллоҳ таолонинг бандаларига берган неъматлари беҳисобдир. Аллоҳ таоло мўминларни бу дунёни ўзида ҳам энг улуғ неъматлардан бўлган Ислом неъмати ҳамда Қуръони давоми...

3647 11:00 / 27.06.2020