Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 25 жумадис сони | 2024 йил 27 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Тазкия дарслари (81-дарс). Рўзанинг нозик сирлари

15:48 / 18.04.2020 4111 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аҳли ҳақнинг наздида рўзанинг даражаси учтадир.

Биринчи даража омманинг рўзаси бўлиб, у қорин ва фаржни шаҳватдан тийишдан иборат.

Иккинчи даража хосларнинг рўзаси бўлиб, у биринчи даражага зиёда ўлароқ кўз, қулоқ, тилни, оёқ, қўл ва бошқа аъзоларни гуноҳлардан тийишдан иборатдир.

Учинчи даража хослардан ҳам хосларнинг рўзаси бўлиб, у аввалги икки даражага зиёда ўлароқ, қалбни пасткаш ҳимматлардан, дунёвий фикрлардан ва Аллоҳ таолодан бошқа нарсалардан тийишдан иборатдир.

Ушбу мақомда хосларнинг рўзаси ҳақида бир оз алоҳида сўз юритиш мақсадга мувофиқ бўларди.

Аввал айтиб ўтганимиздек, омманинг рўзасидан фарқли равишда хосларнинг рўзаси аъзоларни гуноҳлардан тийишни ҳам ўз ичига олади.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: «مَنْ لَمْ يَدَعْ قَوْلَ الزُّورِ وَالْعَمَلَ بِهِ فَلَيْسَ لِلَّهِ حَاجَةٌ فِي أَنْ يَدَعَ طَعَامَهُ وَشَرَابَهُ». رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا مُسْلِمًا.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким ёлғон гапиришни ва унга амал қилишни қўймаса, унинг таоми ва шаробини тарк қилишига Аллоҳнинг эҳтиёжи йўқ», дедилар».

Бешовларидан фақат Муслим ривоят қилмаган.

Хосларнинг рўзаси «солиҳлар рўзаси» деб ҳам номланади. Бу даражадаги рўзанинг мукаммал бўлиши қуйидаги нарсалар ила рўёбга чиқади:

1. Барча ёқимсиз ва ёмон нарсалардан кўзни тийиш ҳамда қалбни Аллоҳ таолонинг зикридан тўсадиган нарсаларга машғул қилмаслик.

عَنْ حُذَيْفَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: «النَّظْرَةُ سَهْمٌ مِنْ سِهامِ إِبْلِيسَ مَسْمُومَةٌ، فَمَنْ تَرَكَهَا مِنْ خَوْفِ اللهِ أَثَابَهُ جَلَّ وَعَزَّ إِيمَانًا يَجِدُ حَلَاوَتَهُ فِي قَلْبِهِ». رَوَاهُ الْحَاكِمُ.

Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Назар солиш шайтоннинг заҳарланган ўқларидан биридир. Ким Аллоҳдан қўрқиб, уни тарк қилса, Аллоҳ азза ва жалла унга қалбида ҳаловатини топадиган иймон беради», дедилар».

Имом Ҳоким ривоят қилган.

2. Тилни ёлғон, ғийбат, чақимчилик, фаҳш гаплар, жафо, хусумат, мақтанчоқликка ўхшаш нарсалардан тийиб, сукутни лозим тутиш. Уни Аллоҳ таолонинг зикри ва Қуръон тиловати ила машғул қилиш. Бу тилнинг рўзасидир.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صلى الله عليه وسلم قَالَ: «الصِّيَامُ جُنَّةٌ، فَلَا يَرْفُثْ وَلَا يَجْهَلْ، وَإِنِ امرُؤٌ قَاتَلَهُ أَوْ شَاتَمَهُ فَلْيَقُلْ: إِنِّي صَائِمٌ...» رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

«Рўза сақловчидир. Фаҳш гап гапирмасин ва жоҳил бўлмасин. Агар бирортаси у билан урушмоқчи ёки сўкишмоқчи бўлса, «Мен рўзадорман», десин».

Бешовлари ривоят қилишган.

Бишр ибн Ҳорис раҳматуллоҳи алайҳидан ривоят қилинишича, Суфёни Саврий: «Ғийбат рўзани бузади», деган.

Лайс қилган ривоятда Мужоҳид шундай дейди: «Икки хислат – ғийбат ва ёлғон рўзани бузади».

Бу гаплар омманинг эмас, солиҳлар рўзасининг бузилиши ҳақидадир. Яъни ғийбатчининг рўзаси омманинг рўзаси савиясида бўлаверади. Аммо ғийбати туфайли солиҳлар рўзаси даражасидан тушади.

3. Қулоқни эшитиш макруҳ бўлган барча нарсалардан, бошқача қилиб айтганда, юқорида санаб ўтилган нарсаларнинг ҳаммасидан сақлаш.

Чунки гапириш мумкин бўлмаган барча нарсани эшитиш ҳам мумкин эмас. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Қуръони Каримда ҳаром еювчи билан ёлғон эшитувчини баробар санаган:

«Улар ёлғонга кўп қулоқ солувчилар, ҳаромни кўп еювчилардир» (Моида сураси, 42-оят).

4. Қўл, оёқ ва бошқа аъзоларни гуноҳлардан асраш ҳамда ифтордан кейин қоринни шубҳали таомлардан сақлаш. Зотан, қоринни ҳалол нарсадан сақлаб рўза тутиб, кейин ҳалол бўлмаган нарса ила ифтор қилишнинг маъноси ҳам йўқ.

Ҳаром динни ҳалок қилувчи заҳардир.

Ҳалол даво бўлиб, ози фойдали, кўпи зарарлидир.

5. Ифторда ҳаддан ташқари кўп еб қоринни тўйдириб юборишдан сақланиш. Бундай қилиш ила рўзадан кўзланган мақсад амалга ошмайди. Чунки рўзадан кўзланган мақсадлардан бири очликнинг таъмини татиб кўришдир.

Мазкур мақсадга эришиш эса рўзадан бошқа вақтларда нонуштада тановул қиладиган таомни саҳарликда ва кечки овқатда тановул қиладиганини ифторда истеъмол қилиш билан бўлади.

Ифтордан сўнг қалб хавф ва ражо орасида изтиробга тушиб турмоғи лозим. Чунки рўзаси қабул бўлиб, муқарраб бандалар қаторига қўшилдими ёки қабул бўлмай, ғазабга учраганлардан бўлдими, аниқ эмас-ку! Ҳар бир ибодатдан фориғ бўлгандан сўнг шу ҳолатда бўлиш лозимдир.

Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳи кулишиб ўтирган қавмнинг олдидан ўтаётиб:

«Аллоҳ азза ва жалла Рамазон ойини Ўз халқини чиниқтириш учун ва тоатида мусобақа қилиш учун жорий қилган. Бир қавмлар ўзиб кетдилар ва ютуққа эришдилар. Бир қавмлар қолиб кетдилар ва ноумид бўлдилар. Ўзувчилар ютган, аҳли ботиллар ноумид бўлган кунда ўйнаб-кулганлардан ажабланаман», деди.

«Руҳий тарбия» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Тоат маъносидаги оятлар. Аллоҳ таоло шундай деб марҳамат қилади .Эй иймон келтирганлар Аллоҳга ҳақиқий тақво ила тақво қилинг ва мусулмон бўлган давоми...

1710 19:00 / 19.11.2023
Тасаввуфнинг вазифалари кўп бўлиб, улардан баъзилари ҳақида тўхталиб ўтайлик1. Муҳаққиқ уламолар тасаввуфни ботиний, яъни, ички фиқҳ дейдилар. Бундан фиқҳ икки давоми...

3764 05:00 / 01.03.2017
Ризо ҳақида келган оятлар ҳам шу маънони ифода этади ва бир неча йўналишларда бўлади. Ҳар бир ишда Аллоҳ таолонинг розилигини исташ вожиб. Аллоҳ таоло марҳамат давоми...

1120 19:00 / 13 июль
Изоҳ Бу фаслда нафсни ҳисобкитоб қилишнинг муроқаба ва мушоҳада мақомлари ҳақида гап боради. Инсон бир амални бажаришида ҳар хил мақом даражаларга эга бўлади. давоми...

3706 05:00 / 01.03.2017