1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Шахсият

Касал кўриш одоблари

05:00 / 02.03.2017 7417 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Маълумки, динимиз Ислом раҳмат динидир. У меҳр-мурувватга, эзгуликка чорлайди, раҳмдилликни тараннум этади. Кўплаб ояти карималар ва ҳадиси шарифларда Аллоҳнинг бандаларига нисбатан раҳмли, марҳаматли бўлишга тарғиб этилган. Агар ушбу диннинг жонли тимсоли бўлмиш пайғамбаримиз Муҳаммад (алайҳиссалом)нинг сийратларига, юриш-туришларига ибрат назари билан қарайдиган бўлсак, қилган ишлари ва айтган сўзлари устида тафаккур юритсак, раҳмат бу диннинг моҳияти эканлигига амин бўламиз. Аллоҳ таоло ушбу динни инсониятга олиб келган зот ҳақида бежиз: “Батаҳқиқ, Биз Сени оламларга фақат раҳмат қилиб юборганмиз!” (Анбиё: 107) дея марҳамат қилмаган. “Раҳмат” сўзи меҳр-шафқат, марҳамат, мурувват маъноларига далолат қилади. Мазкур“раҳмат” ҳаётнинг ҳамма жабҳаларию барча ноҳияларини қамраб олади. Раҳмат қирраларининг энг буюкларидан бири эса динимизнинг заиф-бечоралар, бемору хасталарга кўрсатган раҳмати, меҳр-шафқатидир.


Танини емираётган касаллик ва оғриқлар билан олишиб, жисмоний ҳамда руҳий қийноқлар исканжасида азоб чекаётган бемор киши дардини енгиллатиб, руҳиятига тетиклик бағишлайдиган, кўнглига таскин берадиган кимсага муҳтож бўлади. Бу вақтда динимиз жорий қилган инсоний алоқа ва робиталар, ижтимоий ришталар ёрдамга келиб, имкон қадар беморга суянч ва тасалли бўлиши, кўнглига умид, сабот ва хотиржамлик уруғларини сочиши мақсадга мувофиқдир. Бу эса биринчи навбатда беморнинг яқин кишилари, ёру дўстларининг зиёрати орқали ҳосил бўлади.

Бемор зиёрат қилиш араб тилида “عيادة المريض” “ъийодату-л-марийз” деб аталади. Гарчи“ъийодат” сўзи ўрнига “зиёрат”сўзи ишлатилиб,“زيارة المريض” (зиёрату-л-марийз) дейиш ҳам мумкин эса-да, бироқ айнан касал кўриш амалиётини ифода қилиш учун ушбу “ъийодат” сўзини қўллаш одат тусига кирган ва бунда ўзига хос рамзий маъно яширингандир. Чунки, бу сўз “қайтиб келмоқ” маъносини англатувчи “عاد”- “يعود” феълидан олинган бўлиб, шунчаки “зиёрат”дан фарқли ўлароқ қайта-қайта зиёрат қилиш маъносини ҳам ўз ичига олади. Зеро, одамлар беморни қайта-қайта, такрор-такрор зиёрат қилганлар. Шу боис касал кўришда мазкур сўзни ишлатиш урфга айланган.

Касал кўрилганда бир вақтнинг ўзида бемор ҳам, зиёратчи ҳам, жамият ҳам фойда ва манфаат кўради. Беморнинг дарди енгиллашади; ижтимоий алоқалар мустҳакамланади, қалблар меҳр-шафқат ва муҳаббат доирасида бир-бири билан қарши-қаршига келади; зиёратчи охирати учун фойдали бўлган ибрат ва сабоқ олади, улкан ажру савобларга эга бўлади.

Касал кўргани борган киши бемор ҳузурида раҳмат Пайғамбари томонидан туҳфа қилинган муаттар ифорли набавий гуллар дастасини топади. Набий алайҳиссалом марҳамат қилиб, айтганларидек:“Албатта мусулмон киши ўзининг мусулмон биродарини (касал ҳолида) зиёрат қилса, то уйга қайтгунича, “жаннат хурфаси” ичида бўлади”.“Ё Расулаллоҳ, “жаннат хурфаси” нима?”, – сўрашди саҳобалар. “У – жаннат (нинг терилган) меваларидир”, – дедилар жаноб Пайғамбаримиз алайҳиссалом (Муслим ривояти).

Бемор аҳволидан хабар олишнинг нечоғли буюк ва аҳамиятли иш эканини қуйидаги ҳадиси шарифдан ҳам билиб олсак бўлади. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Аллоҳ азза ва жалла қиёмат куни (айрим кишиларга) шундай нидо қилади: «Эй Одам боласи, касал бўлдим, лекин ҳолимдан хабар олмадинг!». Банда: «Эй Раббим, қандай қилиб Сенинг ҳолингдан хабар оламан, ҳолбуки, Сен оламлар Парвардигорисан-ку?», – дейди. Шунда Аллоҳ: «(Эй бандам), билмадингми, фалон бандам касал бўлди, лекин уни бориб кўрмадинг. Билмасмидинг, агар уни зиёрат қилганингда, унинг ҳузурида албатта Мени топган бўлардинг!», – деб айтади” (Муслим ривояти).

Бирон-бир дин ёки цивилизация хаста ва бемор кишиларни эъзоз қилиш бобида ҳали бундан баландроқ чўққини забт эта олгани йўқ. Аллоҳ таоло мазкур ҳадиси қудсийда бемор зиёрат қилишни шу қадар олий мақомга кўтардики, унинг васфини инсоний сўзлар билан баён қилиш мушкулдир. «Эй Одам боласи, касал бўлдим, лекин ҳолимдан хабар олмадинг!». Бу ерда жаноби Ҳақ касал кўришни бамисоли Ўзини зиёрат қилишга тенглаштиради. Ҳадис маънолари устида тафаккур қилишда давом этсак, бемор зиёрати Аллоҳ наздида нақадар маҳбуб ва улуғ иш эканлигига қаноатимиз янада ортиб боради, қудсий калом балоғати ақлимизнинг энг ичкарисигача, қалбимизнинг туб-тубигача кириб боради. “Билмасмидинг, агар уни зиёрат қилганингда, унинг ҳузурида албатта Мени топган бўлардинг!”. Бу ерда бемор ҳузурига зиёрат учун борган кимса албатта Аллоҳ розилигини топажаги башорат қилинмоқда. Шунингдек, хаста ва бемор кишиларга эҳтиром, уларнинг кўнгил хотирини кўтариш, дил яраларига малҳам боғлаш каби олий маънолар замирида беморлар ва беморлик фазли ҳам ўзига хос услуб билан ифода қилинади. Аллоҳ таолонинг бандалари орасидан хастатан, шикастақалб кишиларга маънавий яқинлиги, улар билан бирга эканлигига латиф ишоралар берилади.

Ислом беморга меҳрибонлик кўрсатишда шунинг ўзи билан чекланиб қолмади, балки, уни зиёрат қилишни бошқа биродарлари устидаги ҳақларидан бири этиб белгилади. Ҳадисларда келишича, “беш нарса мусулмон кишининг ўз биродари зиммасидаги ҳақларидан ҳисобланади: саломга алик олиш, акса урганда (алҳамду лиллаҳ деса), (“ярҳамукаллоҳ” дея) соғлик тилаб дуо қилиш, меҳмонга чақирганда бориш, касал бўлганда зиёрат қилиш ва жанозасида қатнашиш”(Абу Ҳурайра (р.а)дан ривоят қилинган, муттафақун алайҳ). 

Шунингдек, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) касаллар ҳолидан хабар олишга алоҳида буюрдилар ҳам: Абу Мусо Ашъарий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: “Очни таомлантиринг, касални зиёрат қилинг, асирни озод қилинг (яъни асир бўлган мусулмонларни озодликка чиқишига сабабчи бўлинг)!”, дейилади (Бухорий ривояти).

Баро ибн Озиб разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис бошида шундай сўзлар келтирилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларни етти ишга буюриб, етти ишдан қайтардилар: бизларни жанозаларда қатнашишга ва касалларни зиёрат қилишга буюрдилар...” (Муттафақун алайҳ).

Али ибн Абу Толиб разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилиб дедилар (мазмуни): “Қайси бир мусулмон бошқа бир (хаста бўлган) мусулмонни эрталаб зиёрат қилса, албатта унга то қош қорайгунча етмиш минг фаришта салавот айтиб туради. Агар кечқурун зиёрат қилса, албатта унга то тонг оттиргунига қадар етмиш минг фаришта салавот айтиб туради. Ва унга жаннатда бир бўстон бунёд қилинади”(Термизий ривояти, ҳадис исноди саҳиҳ).

Ҳамма эзгу ишларда бўлгани каби Пайғамбаримиз алайҳиссалом касалларни зиёрат қилишда ҳам кишиларга ўрнак ва намуна бўлдилар. Бемор зиёрат қилишга шунчаки оғзаки равишда тарғиб қилибгина қолмай, бу олийжаноб хулқнинг амалий татбиғини ўз сийратларида кўрсатиб бердилар. Зотан, Ул зот уммат ғам-ташвишларини ўз елкаларида ташир эдилар. Касалларни зиёрат қилар, бошига мусибат тушганларнинг аламларини енгиллатар, ғамга ботганларга юпанч бўлардилар. Усмон ибн Аффон разияллоҳу анҳу айтади: “Албатта биз сафарда ҳам, шаҳарда ҳам (кўп марталаб) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳамроҳ бўлганмиз. У киши касалларимизни зиёрат қилар, жанозаларимизда қатнашар, биз билан бирга юриш қилар ва озу кўп нарсалари(яъни имконларидаги нарсалар) билан кўнгил сўраб, ҳамдард бўлардилар”.

Набий алайҳиссалом асҳобларини зиёрат қилганлари ҳақида кўплаб ривоятлар мавжуд. У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам яҳудий йигитни касал бўлганда бориб кўрганлари, кейин уни Исломга даъват қилганларида мусулмон бўлгани ҳақида ҳам саҳиҳ хабарлар ворид бўлган.

Шулардан келиб чиқиб, айтиш жоизки, омма мусулмонлар ҳам бу гўзал хулқни ўзлаштириб, ҳаётларига татбиқ қилишлари айни муддаодир. Юқорида зикр этилганлардан раҳбарлик лавозимидаги шахслар, устоз-мураббийлар ҳам ўз қўл остидаги ходим ва ҳоказоларни касал бўлиб қолганларида зиёрат қилиб, аҳволидан хабар олишларининг зарари йўқлиги, аксинча, бу иш ғоят мақсадга мувофиқлиги ва эгаллаган мартабаларига ярашадиган олийжанобликдан эканлиги келиб чиқади. Ахир, Набий алайҳиссалом ўзлари башар саййиди бўлишларига қарамасдан асҳобларини ва омма мусулмонларни ҳатто бошқа дин вакилларини ҳам касал бўлса, зиёрат қилганлар.

Ўтмишдаги солиҳларимиз ҳам бемор зиёратига алоҳида аҳамият қаратардилар. Ораларидан бирон-бир киши кўринмай қолса, дарҳол аҳволини суриштирар, касал бўлиб қолганини эшитсалар, ҳаяллатмай бориб кўрардилар. 

Имом Шофеий айтади (байт):

Бўлди бемор ҳабибим, бордим зиёратига,

Кўрганда  хаста бўлдим, шикаста талъатига.

Шунда келиб ҳабибим, қилди мани зиёрат,

Топдим шифо кўриб ул дўстим юзин ниҳоят.

Мазкур шеър мазмуни бундай: “дўстим касал бўлган эди, уни бориб зиёрат қилдим. Аммо унинг бемор аҳволига азбаройи куйинганимдан ўзим ҳам оғриб, касал бўлиб қолдим. Ва уйда кўрпа-тўшак қилиб ётиб олдим. Шунда мен зиёратига борган дўстим мени кўргани келди. Унинг соғлом ҳолатини, шодон чеҳрасини кўриб, қувонганимдан тузалиб кетдим”. Мазкур қисқагина байтларда дўстлик ришталари, ёр-биродарлик тушунчалари ва бу тушунчалар тақозо қилувчи маънавий ҳақ-ҳуқуқлар чиройли суратда ёритиб берилади. Мазкур ҳақ-ҳуқуқларга риоя қилинганда юзага келувчи ажиб ҳолат, гўзал оқибат баён қилинади. Дўст кишининг ўз дўстларидан бири хаста бўлиб қолганини эшитиши билан дарҳол унинг зиёратига шошилиши, сўнгра унинг ҳорғин аҳволи, сўлғин чеҳрасини кўргач, сиқилиб, ғам чекиши ва пировардида у ҳам касалланиб қолиши, ундан кейин аввал зиёрат қилинган дўст тузалиб, энди у ҳам ўз навбатида кейин хасталанган дўстининг зиёратига келгани ва буни кўрган дўст азбаройи қувончдан касаллигидан тузалиб кетгани ҳақидаги мазкур таъсирли байт бемор зиёрат қилишнинг ижтимоий ва шахсий фойда ва манфаатларидан сўз юритади. Касал кўришнинг ҳам маънавий, ҳам жисмоний жиҳатлардан беморга ҳам, зиёратчига ҳам бирдек етадиган ижобий самарасини баён қилиб беради.  


Бемор зиёрат қилиш одоблари

Касал кўришнинг ўзига хос одоблари, сулукий тартиб-қоидалари ва бу борада суннати набавийяда кўрсатилган махсус кўрсатма ва тавсиялар мавжуд бўлиб, қуйида уларнинг айримларига тўхталамиз.


1.    Зиёратчи зиёратнинг умумий одобларига риоя қилиши лозим, масалан, эшикни оҳиста қоқиши, ўзини таништириши, хонага киргач  ҳаммаёққа аланг-жаланг қилиб разм солмаслиги, балки, нигоҳини қуйироқ қилиши лозим.


2.    Бемор безовта бўлмаслиги ёки зарарланмаслиги учун зиёрат муносиб вақтда амалга оширилиши талаб этилади. Масалан, одатда ёзда қоқ туш пайтида, Рамазонда кундузи зиёрат қилинмайди. Бемор касалхонада бўлса ташриф дам олиш соатида, ёхуд айни муолажалар оладиган вақтда бўлмаслиги ҳам мақсадга мувофиқдир. Чунки, бунда ё унинг истироҳати бузилади ёки муолажаларни ўтказиб юборади. Ҳар иккала ҳолат ҳам бемор соғлиғига зиён етказиб, соғайишни ортга суриши мумкин. Рамазонда эса оғиз очилгандан сўнг, кечроқ зиёрат қилинади. Зиёрат қилинувчи шахс таниш бўлса, қўнғироқлашиб, муайян вақтни белгилаган ҳолда зиёрат қилса ҳам дуруст. Аслида Суннатда касал кўришни муайян вақтга хослаб берадиган маълумот келмаган. Зиёратнинг маъқул вақти узил-кесил белгилаб берилмаган. Лекин салафларимизнинг баъзилари касал зиёрат қилмоқчи бўлса, бу ишни ё эрталаб, ёки шом вақтида амалга оширар эканлар. Бунга сабаб, фаришталар уларга кўпроқ муддат давомида Аллоҳдан мағфират ва барака сўраб дуо қилиб туришларини истаганлари бўлган. Юқорида ўқиганимиз ҳадисда айтилганидек: “Қайси бир мусулмон бошқа бир (хаста бўлган) мусулмонни эрталаб зиёрат қилса, албатта унга то қош қорайгунча етмиш минг фаришта салавот айтиб туради. Агар кечқурун зиёрат қилса, албатта унга то тонг оттиргунига қадар етмиш минг фаришта салавот айтиб туради. Ва унга жаннатда бир бўстон бунёд қилинади”. Ушбу ҳадисда эрталаб бемор зиёрат қилган кишига то кечгача, кечқурун зиёрат қилган кишига эса то тонггача фаришталар салавот айтишлари ҳақида хабар берилган. Шу боис ҳам ўтмишдаги айрим улуғ зотлар фаришталар салавот айтадиган вақтнинг имкон қадар узун бўлишини умид қилган ҳолда зиёратни ё вақтли ё кеч амалга оширишни ихтиёр қилишар экан. Фаришталарнинг салавоти эса тегишли инсонга Аллоҳдан мағфират, раҳмат ва баракаларни тилаб, дуою илтижо қилишларини англатади. Уларнинг дуоси эса мустажобдир, иншоаллоҳ. Шундай эса-да бу масалада юқорида айтилганидек беморга муносиб бўлган, унга зарар келтирмайдиган вақтни танламоқ афзал ҳисобланади. Зиёратчи ўзига муносиб, аммо бемор ва унинг оиласига машаққат туғдирадиган вақтни танлаши нотўғридир. Зиёрат вақтини беморнинг ўзи ёки оиласидагилар билан мувофиқлаштирган ҳолда тайин қилса ҳам бўлади.


3.    Бемор юзига табассум билан боққан ҳолда, салом берилади, қўл бериб кўришилади. Агар у хавфли бир юқумли касаллик билан оғриган бўлса, қучоқлашилмайди. У билан ширинсуханлик ва самимият билан суҳбат қурилади. Зиёратчи бемордан ҳол сўраши, ўзининг умидбахш сўзлари билан унинг дардини енгиллатишга, дилига шодлик олиб киришга ҳаракат қилмоғи лозим. Чунки, хурсандлик, кўтаринки кайфият кишининг матонатини ошириб, руҳиятини кўтаради. Бу эса ўз навбатида иммунитет кучайишига сабаб бўлади, натижада Аллоҳнинг изни билан касаллик чекинади. Шунингдек, зиёратчи беморга уни безовталантирадиган, кайфиятини туширадиган нохуш нарсалардан гапирмаслиги керак. Масалан, бемор касалхонада бўлса-ю уйида қандайдир муаммо юз берган бўлса, зиёратчи бу ҳақда унга оғиз очмаслиги лозим. Ёки унинг касали хавфлироқ касалликлардан бўлса, бу ҳақда ҳам эслатиб, юрагини сиқмаслик, шунингдек“намунча озиб кетдингиз, рангингиз жуда сарғайиб кетипти-ку?!” каби фойдасиз (балки зарарли бўлган) гаплар билан ярасини янгиламаслик лозим. Акс ҳолда бундай сўзлар унинг изтиробларини янада кучайтириб юбориши, уйқусини қочириши мумкин. Натижада касаллик босими баттар зўриқиб кетади. Зеро, сиқилиш ва асабийлашиш оқибатида тана ҳимоя тизими ҳам заифлашиб кетиши ҳар томонлама исботини топган ҳақиқатдир. Мабодо бемор инфаркт, инсулт каби хавфли хасталиклар билан оғриган бўлса, унинг сиқилишига сабабчи бўлиш кутилмаган ва ўта салбий оқибатларга олиб келиши ҳам мумкин.


4.    Агар бемор ётоғлиқ бўлса, яъни ўрнидан туролмайдиган ёки туриш таъқиқланган касал бўлса, зиёратчи бош томонидан унга яқин ўтириб, қўлини унинг пешонасига қўйган ҳолда, ҳол-аҳвол сўрайди. Бемордан нима хоҳлаётганини, нима егиси келаётганини сўраш ва қандайдир истаги бўлса, амалга ошириш нур устига нурдир.


5.    Зиёратчи касалдан “тузукмисиз?”, “аҳволингиз қандай?”, “ўзингизни қанақа ҳис қиляпсиз?” каби саволлар билан ҳол сўраши ҳам машруъдир. Набий алайҳиссаломнинг мазкур маънодаги саволларни бериш орқали бемодан ҳол сўраганлари собит бўлган (Термизий, 983).


6.    Касал кўргани келган киши беморга Фотиҳа, Ихлос, Фалақ ва Нос суралари каби руқя ҳисобланувчи суралар билан дам солиб, маъсур дуолар ила унинг ҳаққига дуои хайр қилиши мустаҳаб амаллардан саналади. Оиша онамиздан (разияллоҳу анҳо) ривоят қилинишига кўра, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бирорта беморни кўргани борсалар ёки У кишининг ҳузурларига бемор келтирилса, шундай дуо ўқирдилар:أَذْهِبْ الْبَأسَ رَبَّ النَّاسِ , وَاشْفِ أَنْتَ الشَّافِي , لاشِفَاءَ إِلاشِفَاؤُكَ شِفَاءً لايُغَادِرسَقَما

(ўқилиши):“Азҳибил-баъса Роббан-наас, ва-шфи, Анта-ш-шаафий, лаа шифааъа иллаа шифааук, шифааъан лаа юғодиру сақаман” Маъноси: “Эй инсонларнинг Раббиси Аллоҳ, (бу инсондан) дардни арит, унга шифо бер, зеро, Сен Ўзинг шифо берувчисан, Сенинг шифоингдан ўзга шифо йўқдир. Унга бирорта касаллик ва иллатни қолдирмайдиган даражада комил шифо бергин!” (Муслим ривояти, 2191-ҳадис). 


Шунингдек, касалга уч марта шифо сўралади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом Саъд ибн Абу Ваққос разияллоҳу анҳуни зиёрат қилганларида уч марта: “أللهم اشف سعدا” “Аллоҳумма-шфи Саъдан” (Эй Аллоҳ, Саъдга шифо бер!), дея дуо қилдилар (Бухорий ва Муслим ривояти). 


Оиша онамиздан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам хасталанган вақтларида ўзларига “муаввизот ”дан ўқиб дам солардилар, дард ва оғриқлари кучайиб кетгандан сўнг, у кишига мен ўқирдим ва баракасидан умид қилган ҳолда, қўлларига дам солиб,кейин у кишининг қўлларини ушлаб баданларига суртардим”. 


Ибн Аббос разияллоҳу анҳумо Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг шундай деганларини ривоят қилади: “Қайси бир мусулмон банда ажали етмаган беморни зиёрат қилар экан, унга етти марта:

أسأل الله العظيم، رب العرش العظيم أن يشفيك «Асъалу-ллоҳал-Азийма Роббал-Аршил-азийми ан яшфияка» (яъни: Буюк Аршнинг эгаси бўлмиш Улуғ Аллоҳдан сенга шифо беришини сўрайман), деб айтса, албатта унга шифо берилур”(Аҳмад ва Абу Довуд ривояти, исноди саҳиҳ).


7.    Зиёратчи беморни уринтириб қўймаслик, зериктириб юбормаслик ёки муолажадан ушлаб қолмаслик учун унинг ҳузурида жуда узоқ ўтириб қолмаслиги лозим. Аммо беморнинг ўзи зиёратчини яхши кўрганидан, у билан кўпроқ суҳбатлашгиси келганлигидан яна бироз қолишини илтимос қилса, унинг ўтинчини ерда қолдирмаслик афзалдир. Чунки, баъзан бемор ўзи яхши кўрадиган айрим кишилар билан узоқроқ гаплашиб, кўнгил чигилини ёзгиси келади. Қисқаси бу масалада ҳолат тақозосига қараб йўл тутиш маъқул саналади.


8.    Зиёратчи беморнинг соғайишга бўлган умидини кучайтириши, ушбу мусибатида сабр билан безанишга чорлаши ва умидсизликдан қайтариши лозим. Чунки, касалликка сабр қилиш ва Аллоҳ томонидан енгиллик бўлишини кутиш кишига ажр-савоб келтиради ҳамда хайрли оқибатга сабаб бўлади. Аксинча, сабрсизлик ва ноумидлик туфайли инсон гуноҳкор бўлиши билан бирга ўз саломатлигига ҳам ортиқча зиён келтиради. 


9.    Шунингдек, зиёратчи беморга таскин ва тасалли бериши, албатта соғайиб кетиши ва Аллоҳ хоҳласа ҳали кўп яшаши ҳақида гапириб кўнглини кўтариши лозим. Бу борада қуйидаги ҳадис ворид бўлган:


إذا دَخَلْتُمْ عَلَى الْمَرِيض فَنَفِّسُوا لَهُ فِي أَجَلِه فَإِنَّ ذَلِكَ لايَرُدُّ شَيْئًا وَيُطَيِّب نَفْسَهُ


Маъноси:“Бемор ҳузурига кирганингизда унинг ажали ҳақида тасалли беринг. Бу албатта қазони қайтармайди, лекин унинг кўнглини хуш қилади” (Сунани Термизий: 2087 ҳадис). “Унинг ажали ҳақида тасалли беринг” дегани беморга умри иншоаллоҳ узун бўлиши, ҳали кўп яшаши ва бу дарддан албатта фориғ бўлиб, тузалиб кетиши ҳақида таъкидлаб, кўнглини кўтаринг, деган маъноларни англатади. Гарчи мазкур ҳадис иснодини айрим уламолар заиф десалар-да, лекин унинг мазмунига маълум миқдорда далолат қилиб, маъноси дурустлигига гувоҳлик берувчи  бошқа ривоятлар ҳам бор. Жумладан, Имом Бухорий ривоят қилишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бемор зиёрат қилсалар: “لابأس، طهور إن شاءالله” “Лаа баъс, тоҳур иншоаллоҳ”, яъни “Зарари йўқ (тузалиб кетасиз), иншоаллоҳ, бу касаллик туфайли гуноҳларингиз ювилади”,– деб айтардилар.


10.    Зиёратчилар бемор ҳузурида шовқин-сурон кўтармасликлари, бир-бирлари билан талашиб-тортишмасликлари лозим. Зеро, бу иш беморга азият етказади. Бордию, шундай ҳолат рўй берса, бемор улардан кетишларини талаб қилишга ҳақли бўлади.


11.    Юқумли касалга мубтало бўлган киши бошқа бировни – хоҳ у бемор бўлсин, хоҳ соғлом бўлсин – зиёрат қилишдан сақланиши лозим. Чунки, бундай киши бемор зиёрат қилганда маълум сабабларга кўра унинг ўша касаллиги зиёрат қилинаётган кишига юқиб қолса, беморнинг бир дарди иккита бўлиб, аҳволи оғирлашиши мумкин. 


12.     Қодир бўлган киши беморга нимадир ҳадия қилса, нур устига нур бўлади. Чунки, бу ишда унга нисбатан меҳр ва ҳамдардлик изҳори намоён бўлади. 


13.    Зиёратчи бемордан ўз ҳаққига дуо қилишини сўрамоқлиги ҳам мустаҳаб саналади.


Бемор зиёрат қилишнинг ҳукми

Барча уламолар бемор зиёрат қилишнинг машруъ эканлиги тўғрисида якдил бўлсалар-да, мазкур амалнинг шаръий ҳукми борасида бир-биридан фарқли бўлган фикрларни билдирадилар. Баъзилар бу амални суннати муаккада деб ҳисоблайди. Ҳанбалий мазҳаби вакилларидан айримлари, жумладан, Ибн Муфлиҳ (ар-риоятул-кубро) ва Ҳарронийга кўра (“ал-ихтиёрот”) у фарзи кифоя ҳисобланади. Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ ва ҳанбалийларнинг аксарияти касал зиёрат қилишни вожиб деб ҳисоблайдилар. Имом Бухорий ўз “Саҳиҳи”да “Касал кўришнинг вожиблиги ҳақидаги боб” сарлавҳаси остида боб очар экан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Очни тўйдиринг, касални зиёрат қилинг ва асирни озод қилинг!” деган ҳадиси шарифларини ривоят қилиб келтиради. Аммо, ҳанафий, моликий ва шофеийларнинг жумҳури ҳамда ҳанбалийларнинг баъзиларига кўра бемор зиёрат қилиш суннат ҳисобланади. Ҳофиз Ибн Ҳажар “ал-Фатҳ”да имом Нававий касал кўриш вожиб эмаслиги ҳақидаги ижмоъни нақл қилгани ҳақида сўз юритади (“ал-Фатҳ”, 10/117). Ҳанафий мазҳабининг машҳур олимларидан ватандошимиз Абу Бакр Косоний раҳматуллоҳи алайҳи ҳам бемор зиёрат қилишни вожиблардан эмас, балки “фазилатлардан” (яъни мустаҳаб бўлган суннатлардан) эканини зикр қилган (“Бадоиъус-саноиъ фий тартиби-ш-шароиъ”, 2/114). Юқорида зикр қилинганлардан хулоса қилиш мумкин-ки, касал кўришнинг шаръий ҳукми жумҳур уламолар наздида суннат ҳисобланар экан.

Қачон беморни зиёрат қилиш суннатга айланади?

Ҳамма беморни ҳам зиёрат қилиш суннат бўлавермайди. Балки, касаллиги одамларга аралашиб юришдан, масжидга, кўчага чиқиш, ишга бориш каби кундалик ишлардан тўсиб қўйган касалларни зиёрат қилиш суннат ҳисобланади. Хасталиги унчалик оғир бўлмаса ҳам муолажа учун касалхонада ётган кишилар ҳам шу жумлага киради.


Бегона аёлни зиёрат қилиш

Қуйидаги шартлар топилганда эркак киши касал бўлган бегона аёлни ёки аёл киши ўзига бегона бўлган эркакни зиёрат қилиши жоиз бўлади. “Бегона” дер эканмиз,фақат нотаниш кишиларни эмас, балки, “номаҳрам” деган маънони назарда тутяпмиз. Мазкур шартлар: 1. тасаттур яъни авратлар ёпиқ бўлиши; 2. фитнадан хотиржамлик; 3. хилват (бегона аёл билан ёлғиз қолиш) юзага келмаслиги.

Имом Бухорий ўз “Cаҳиҳи”да “Аёлларнинг эркакларни зиёрат қилиши ҳақидаги боб”деган боб остида:“Умму Дардо масжид қавмидан бўлган бир ансорий кишини зиёрат қилган”, деган сўзларни келтиради. Сўнгра Оиша разияллоҳу анҳонинг Абу Бакр ва Билол разияллоҳу анҳумони Мадинага келган илк кунларида касал бўлиб қолганларида зиёрат қилганини ҳам зикр қилади. 

Имом Муслим Анас разияллоҳу анҳумодан ривоят қилишича,“Набий алайҳиссалом вафотларидан сўнг бир куни Абу Бакр Умарга (Аллоҳ улардан рози бўлсин!): “Юр, Набий алайҳиссалом зиёрат қилиб турганларидек, биз ҳам Умму Айманни зиёрат қилиб келайлик”, деди ва икковлон уни зиёрат қилгани кетишди”.Ибнул-Жавзий юқоридаги ҳадисга изоҳ берар экан шундай дейди: “Бу сўзларни (яъни бегона аёлни зиёрат қилиш жоиз деган гапни) зиёрат қилинаётган аёл томонидан (ёки унга нисбатан ўз тарафидан) бирон фитна содир бўлишидан хотиржам бўлган киши учун жоиз деган маънога йўймоқ афзалдир. Масалан, кампирларни зиёрат қилиш бунга мисол бўлади”.


Нотаниш кишиларни зиёрат қилиш

Имом Нававий “Шарҳу муслим”да ёзишича, касал кўриш фақат таниш-билишлар учун хосланмаган, балки бу амални танишлару нотанишлар учун амалга оширмоқ машруъ ва мақсадга мувофиқ саналади. Шундай экан, фурсат пайдо бўлиб қолса, яқин алоқада бўлмаган кишингизни ҳам касал бўлганида зиёрат қилмоғингиз туфайли улуғ ажр-мукофотларга эга бўласиз.


Номусулмон кимсани зиёрат қилиш

Уламолар сўзига кўра, номусулмон кишиларни ҳам касал бўлганларида зиёрат қилиш мумкин. Баъзилар бу ишнинг жоизлигини агар унинг ортидан қандайдир фойда ва манфаат кўзланишига боғлайдилар. Мазкур “манфаат” уни шу иш орқали ҳақ йўлга қизиқтириш, мусулмонлар ҳақида яхши таассурот қолдириш ёки зараридан сақланиш, қалбида мўмин-мусулмонларга нисбатан илиқлик уйғотиш каби мақсадлардан иборат бўлиши мумкин.

Маълумки, Набий алайҳиссалом яҳудий йигитни зиёрат қиладилар ва уни Исломга даъват қилганларида у Исломни қабул қилади (Бухорий:1356). Шунингдек, Ул зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўлим тўшагида ётган амакилари Абу Толибни зиёрат қилиб, уни Исломни қабул қилишга чорлайдилар. Аммо Абу Толиб бундан бош тортади (муттафақун алайҳ).


Зиёрат қилувчига бериладиган мукофотлар

Динимизда бемор зиёрат қилувчи кишиларга улкан савоблар, ажру мукофотлар ваъда қилинган бўлиб, қуйида уларнинг баъзиларини зикр қиламиз.

1.    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мавлоси Савбон разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий алайҳиссалом марҳамат қилиб, дедилар: “إنَّ المسلم إذا عاد أخاه المسلم لم يزل في خُرْفـَةِ الجنة حتى يرجع” Маъноси: “Албатта мусулмон киши ўзининг мусулмон биродарини (касал ҳолида) зиёрат қилса, то уйга қайтгунича, жаннат хурфаси ичида бўлади”. “Ё Расулаллоҳ, “жаннат хурфаси” нима?”, – дея сўрашди саҳобалар. “У – жаннат меваларидир”,– дедилар Набий алайҳиссалом (Муслим ривояти). Расулуллоҳ алайҳиссалом “Албатта мусулмон киши ўзининг мусулмон биродарини (касал ҳолида) зиёрат қилса, то уйга қайтгунича, жаннат хурфаси (яъни жаннат мевалари) ичида бўлади” дер эканлар зиёратчи ўзининг зиёрати туфайли “йиғиб-териб оладиган” ажру савобларни жаннатда териб олажаги меваларга ўхшатмоқдалар. Шунингдек, мазкур сўзларда бемор зиёрат қилган киши жаннатда ҳам мукофотланишига ишора бор. Имом Нававий “Шарҳу саҳиҳи муслим”да мазкур иборани изоҳлар экан шундай дейди: “Яъни зиёратчининг бу амали уни жаннатга, ундаги меваларни теришга олиб боради”. “Баъзи уламолар ҳадисдаги “хурфа” сўзини “йўл” деб талқин қилганлар. У ҳолда маъно бундай тус олади: “Киши бемор зиёрати учун йўлга тушар экан, то уйга қайтгунича жаннат йўлига тушган бўлади. Зеро, унинг бу иши уни жаннатга олиб боради, унга дохил бўлишига васила бўлади”, валлоҳу аълам.


2.    Али ибн Абу Толиб разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилиб дедилар: “Қайси бир мусулмон бошқа бир (хаста бўлган) мусулмонни эрталаб зиёрат қилса, албатта унга то қош қорайгунча етмиш минг фаришта салавот айтиб туради. Агар кечқурун зиёрат қилса, албатта унга то тонг оттиргунига қадар етмиш минг фаришта салавот айтиб туради. Ва у инсонга жаннатда бир бўстон бунёд қилинади” (Термизий ривояти, исноди саҳиҳ).


3.    Жобир разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. У киши айтдилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ким бир касални зиёрат қилишга отланса, то унинг ҳузурига бориб ўлтиргунга қадар раҳмат (денгизи)га тинмай ўзини уриб боради. Қачонки, (унинг ҳузурида) ўтирса, раҳмат (денгизи)га ғарқ бўлади” (Имом Аҳмад ва Ибн Ҳиббон ривояти, исноди саҳиҳ).


4.    Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ҳикоя қилади (мазмуни): Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларига: “Орангиздан ким бугун рўзадор ҳолда тонг оттирди?”, дедилар. Абу Бакр: “мен”, деди. “Орангиздан ким бугун бемор зиёрат қилди?”, дедилар. Абу Бакр “мен”, деди. “Қайси бирингиз жанозада қатнашди?”, деб сўрадилар. Абу Бакр: яна “мен”, деди. Расулуллоҳ яна сўрадилар: “Қай бирингиз бугун бир мискинни таомлантирди?”. Абу Бакр тағин “мен”, деб айтди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Ушбу хислатлар кимда жам бўлса, албатта жаннатга киражак!” (Муслим ривояти). Яъни кимки, бир кунда мазкур эзгу амалларнинг барчасини бажаришга муваффақ бўлган бўлса, иншоаллоҳ жаннатга дохил бўлади. Бу ерда айтилаётган “бир кунда” деган сўзни ҳадис сиёғи ва маъносидан ҳам истифода қилиш мумкин. Эътибор берилса, Набий алайҳиссалом “орангиздан ким бугун рўзадор бўлиб тонг оттирди?”, “ким бугун мискинга таом берди?” каби барча сўзларида ушбу кунга урғу бермоқдалар. Ундан ташқари ҳадиснинг Ибн Хузайма ривоят қилган бошқа ривоятида:“Бу хислатлар қайси бир кишида бир кунда жам бўлса, албатта жаннатга киражак” дея масала очиқ-равшан қилиб қўйилган.


5.    Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Кимда-ким  хаста инсонни зиёрат қилса, самодан бир нидо қилувчи (фаришта) унга шундай нидо қилади: «طبت، وطاب ممشاك، وتبوأت من الجنة منزلاً». Ўқилиши: “Тибта ва тоба мамшаака ва табавваъта минал-Жаннати манзилан”. Маъноси: “Пок ва хушҳол бўлгин, дунёю охиратда ҳаётинг ёқимли, покиза, фаровон ва бахтли бўлсин! Юрган йўлинг ҳам пок бўлсин! Илоҳо, жаннатдан олий ўринларни эгаллагин!” (Термизий Сунанда 4/365, Ибн Можа Сунанда 1/464 ва бошқалар ривоят қилган, Термизий ҳадис иснодини "ҳасан" деган). Уламолар ушбу ҳадис шарҳида қуйидаги сўзларни айтадилар: “Бу бемор кишини зиёрат қилишга отланган киши ҳаққига дунёю охиратда ҳаёти “тоййиб” (саодатли, ширин, пок) бўлиши учун фаришталар томонидан қилинган хайрли дуодир”. Мазкур дуодаги “Тибта! Ва тоба мамшаака!” сўзи кўплаб ижобий маъноларга далолат қилади, жумладан, “кўнглинг турли разолатлардан, маънавий чиркинликлардан пок ва мусаффо бўлсин, юрагинг сиқилишига сабаб бўлувчи иллатлар сени тарк этиб, қалбингга сакинат ва ором нозил бўлсин, илоҳий барака ва иноят сени чулғаб олсин, токи умрингни ширин, баракали ва фаровон ҳолда ўтказ, ширин турмушингга халал берувчи нохушликлар барҳам топиб, ҳаётинг бахтга кўмилсин! Бу дунёда юрган йўлинг ҳам тўғри, покиза йўл бўлсин, токи бу йўл сени турли қинғир-қийшиқ йўллардан, залолат сўқмоқларидан асраб, тўғри жаннатга олиб борсин!” каби эзгу маъноларни ўқишимиз мумкин мазкур сўзлар замирида. Тийбий ушбу ҳадис шарҳида: “Охират сари кетаётган киши йўлида разил, паст ахлоқлардан покдомон бўлиб, олийжаноб, гўзал хулқлар билан безаниб юришига шу тарзда ишора этилмоқда”, деган фикрларни билдиради.


6.    Навбатдаги ҳадис Ҳорун ибн Абу Довуддан ривоят қилинади. У киши шундай ҳикоя қилади (мазмуни): Бир куни улуғ саҳобийлардан Анас ибн Молик ҳузурига келиб, зиёрат қилдим. Кейин унга “эй Абу Ҳамза , орамиздаги масофа жуда ҳам узоқ (шу боис ҳар доим ҳам кела олмаймиз). Лекин барибир, сизни зиёрат қилгимиз келади”, дедим. Шунда у киши бошини кўтариб, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитганман деди: “Кимки бирон беморни зиёрат қилишга отланса, у Аллоҳнинг раҳматига шўнғийди, қачонки, хаста ҳузурида ўтирса, уни раҳмат чулғаб олади”. Анас разияллоҳу анҳу давом этдилар: кейин мен Расулуллоҳдан сўрадим: “(Ё Расулаллоҳ!) Бу (айтганларингиз мукофотлар) касални зиёрат қилувчи соғлом киши учун. Беморчи, унга қандай ажрлар берилади?”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жавоб бердилар: “Беморнинг эса гуноҳлари тўкилади”. (Имом Аҳмад “Муснад”да (20/179), Ибн Ҳиббон “ас-Саҳеҳ”да (14/510) ва бошқалар ривоят қилган).


Хулоса ўрнида айтиш жоизки, беморларни зиёрат қилиш муқаддас динимиз таълимотларида бот-бот тарғиб ва ташвиқ этилган ва буюрилган улуғ ишлар сирасига киради. Касал кўрилганда бемор ҳам, зиёратчи ҳам, жамият ҳам қатор дунёвий ва ухровий  фойда ва манфаатлар кўради. Жамият вакиллари ўртасидаги маънавий робита мустаҳкамланади. 

Ҳамма ишда бўлгани каби касал кўришнинг ҳам ўзига хос одоблари, этик тартиб-қоидалари мавжуд бўлиб, уларга риоя қилинганда ушбу олийжаноб амал ўз самарасини тўлиқ беради деб айтиш мумкин.

Сўзимиз охирида меҳрибон ва марҳаматли Аллоҳ таолодан беморларимизга шифо, мусибатга йўлиққанларга эса офият беришини сўраб қоламиз.


Алишер Рихсиддин ўғли



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Беморни кўргани бориш ва унга ширин муомала қилиш ҳақида бошқа ҳадиси шарифлар ҳам кўп. Бу ишни қилиш ҳар бир мусумоннинг диний бурчидир. Биз ўз динимиз давоми...

3710 05:00 / 01.03.2017
Отаонани ҳурматлаш, эъзозлаш масаласида ҳеч бир дин ёки тарбия воситаси Исломга тенг ҳам, яқин ҳам кела олмайди. Отаонанинг ҳурмати, фарзанд устидаги ҳаққи давоми...

4654 05:00 / 02.03.2017
Одатдагидек, ўқишдан қайтаётган эдим. Мен чиққан машинада бир онабола ҳам бор эди. Болакайнинг серсаволлигини кўриб тўғриси ҳайрон қолдим. .Машина қандай юради,, давоми...

2759 20:00 / 30.06.2021
.Садақа, сўзи луғатда бировни икром қилиш нияти ила эмас Аллоҳ таолога қурбат нияти ила бериладиган нарсадир. Бу мано закот ва ихтиёрий садақани ўзи ичига давоми...

19801 05:00 / 03.03.2017