1446 йил 23 жумадул аввал | 2024 йил 25 ноябрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Масжидлар ёпилгани йўқ!

23:59 / 19.03.2020 3480 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Сўзда яширин қувват бор. Ўша қувват билан кишини, ҳатто бутун бир жамиятни қўзғатиш, у ёки бу томон йўналтириш мумкин. Зотан, Ҳазрат Навоий айтганларидек, дунё ўзи биргина сўз ‒ «Бўл!» деган амри илоҳий билан бунёд бўлган. Шунинг учун Исломда ҳар бир сўзнинг залвори бор. Шунинг учун ҳам Қуръон ва ҳадис мўмин кишига сўзга эътибор беришни ва сўз танлашни ҳам ўргатади.
Ҳозирги кунда қаерда бўлманг, «Масжидлар ёпилибдими?» ёки «Масжидларимиз ёпилибди-ку», деган гапни кўп эшитяпмиз, ўқияпмиз. Шу сўз таъсириданми, айрим кишилар эҳтиросга берилиб, турли бўлмағур, асоссиз гапларни ҳам тарқатмоқда. Айниқса, ижтимоий тармоқларда ўзини диндор, динпарвар намоён этган бир қатор кишиларимиз ўта юзаки, мулоҳазасиз, баъзан қуюшқондан чиққан ифодаларни ҳам қўлламоқдаки, уларни ўқиган ҳар қандай ақлли инсон ё дарғазаб бўлади, ёки аҳволимизга ачинади.
Мен бу ўринда айнан «ёпилди», деган сўзни қўллашга қаршиман. Зеро, МАСЖИДЛАР ЁПИЛГАНИ ЙЎҚ! Нега дейсизми? Чунки масжидларда азонлар янграмоқда, алҳамду лиллоҳ ва фурсатдан фойдаланиб, улар янада тозаланмоқда. Фақат мўмин-мусулмонларимиз касаллик юқтириб, машққатга тушишмасин, нобуд бўлишмасин, деган ташвишда масжидда жамоат бир муддат тўхтаб турибди. Бу иш шариатимизнинг ҳам талаби аслида ва, иншооллоҳ, вақтинча қилинадиган чора.
Баъзи бир кишилар ушбу чораларга қарши айрим олимларнинг гапларини тарқатмоқда. Тўғри, ҳозир шундай қарашдаги аҳли илмлар ҳам бор. Аммо вазиятни яхши англаган аксар уламолар бундай ҳолатда жума ва жамоат намозлларини вақтинча тўхтатиш жоиз, узрли бўлишини таъкидлаб фатволар чиқармоқдалар ва ўз сўзларига керакли асосларни келтирмоқдалар. Жумаладан, «Азҳари Шариф» қошидаги Йирик уламолар уюшмаси алоҳида баён билан чиқди ва бутун дунё мусулмонларига бу борадаги шаръий хулосаларини эълон қилди. Ушбу фатвонинг айрим жойларини эътиборингизга ҳавола этсам:
«Ислом шариатининг энг катта мақсадларидан бири жонни асраш, уни турли хатарлар ва зарарлардан ҳимоя қилиш экан, Йирик уламолар уюшмаси ўзининг шаръий масъулиятидан келиб чиқиб, барча жиҳатларни ҳисобга олган ҳолда, вирус тарқаши, ёйилиши хавфи бўлганда шаҳарларда жума ва жамоат намозларини тўхтатиб туришни шаръан жоиз деб билади...
Барча давлатлардаги масъулларга бу борада бор имкониятларини ишга солишлари, вирус тарқашининг олдини олувчи барча ҳимоя ва сақланиш чораларини кўришлари вожибдир. Муҳаққиқ уламолар бир овоздан тасдиқлайдиларки, «воқеъ бўлиши яқин ҳодиса воқеъ бўлгандек эътибор қилинади», «бир нарсага яқинлашган нарса унинг ҳукмини олади» ва «бадан соғлиги Ислом шариатининг энг катта мақсад ва кўзлаган муддаоларидан бири»дир.
Фуқаҳолар жон, мол ёки аҳлга бўлган хавф жумъа ёки жамоатни тарк этишни мубоҳ қиладиган узрлардан деган хулосага келганлар. Бунга далил Абу Довуд раҳматуллоҳи алайҳ Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадисдир. Унда шундай дейилади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким муаззинни эшитса-ю, унга тобе бўлишдан узр тўсмаган бўлса, ўқиган намози ундан қабул қилинмайди», дедилар. «Узр нима?» дейишди. У зот: «Хавф ёки касаллик», дедилар»...
(Изоҳ: Бу ерда «қабул қилинмайди», деган гап «комил суратда қабул қилинмайди», деб тушунилади.)
Ҳозирда вирус тез тарқаётгани, унинг тез юқиши ва ҳозиргача муваффақиятли муолажаси топилмагани сабабли хавф мавжуд. Шу боис, мусулмон киши жума ёки жамоатга бормагани учун маъзур ҳисобланади.
Мазкурларга кўра, «Азҳари Шариф»даги Йирик уламолар уюшмаси қайси бир давлат жума ёки жамоат намозини ўқиш учун тўпланиш мазкур хатарли вируснинг тарқашига олиб келиши муқарар деб билса, жума ва жамоат намозларини вақтинча тўхтатиб туришни шаръан жоиз, деган хулосага келди.
Вабо тарқалишининг олдини олиш мақсадида жума ва жамоат намозларини тўхтатиб туришнинг шаръий эканига «Икки саҳиҳ»да келган қуйидаги ривоят далил бўлади:
«Ибн Аббос муаззинига ёмғирли кунда: «Ашҳаду анна Муҳаммадан Росулуллоҳ» деганингда «Ҳаййа ъалас-солаҳ» («Намозга шошилинглар!») демагин, «Соллу фи буйутикум» («Намозни уйларингизда ўқинг!») дегин», деди. Одамлар (буни) хушламагандек бўлишди. У: «Буни мендан кўра яхшироқ зот ҳам қилганлар. Албатта, жума қатъий вожибдир. Мен сизларни тангликка солишни истамадим, ахир лой ва сирпанчиқда юриб келасиз», деди».
(Изоҳ: Ўша пайтдаги Мадина шароитида қаттиқ ёмғирда масжидга келиш ўта машаққатли, қайсидир даражада хатарли ҳам бўлган, шу боис, ушбу чора қўлланган.)
Мазкур ҳадис ёмғир сабабли юзага келадиган машаққатнинг олдини олиш учун жумани тарк қилишга далил бўлади. Ҳеч шубҳа йўқки, вируснинг хатари ёмғирда намозга боришнинг машаққатидан кўра оғирдир. Шу боис, вабо тарқаган пайтда масжидларда жума намозини тарк этишга рухсат бор ва бу шаръий, ақл ва фиқҳ қабул қиладиган ишдир. Жуманинг ўрнига шаръий ўринбосар ‒ уйларда ёки тиқин бўлмаган жойларда тўрт ракат пешин ўқишдир...»
Фатвонинг давомида уламолар ҳайъати масжидларда азон тўхтамаслиги лозимлигини, намозхонлар хонадон аҳллари билан жамоат бўлиб намоз ўқишлари кераклиги ва касалликдан сақланиш учун керакли барча чораларни кўришни, шу билан бирга, барча мусулмонлар Аллоҳ таолога тазарруъ билан, тавба билан илтижода бўлишлари лозимлигини эслатиб ўтади.
Таъкидлаш жоизки, «Азҳари Шариф» қошидаги Йирик уламолар уюшмаси «Азҳар»нинг юзи ҳисобланиб, бутун дунёда катта эътиборга эга. Бу уюшма «Фатво ҳайъати»дан айри ҳисобланади.
Қўшимча қилиш мумкинки, фиқҳий китобларда жума фарз бўлиши учун мусулмонларнинг раҳбарларидан махсус изн бўлиши ва у масжидда адо этилиши ҳам шарт қилиб кўрсатилган. Бинобарин, ушбу шартлар топилмаганда жума фарз бўлмайди ва ўқилса, адо ҳам топмайди.
Бутун дунёда бўлиб турган ушбу чорани худди фақат Ўзбекистондагина қилинаётгандек ёзғириб жар солиб, қийиқ исташ мўминга кишига муносиб эмас, ўта торфикрликдир. Ижтимоий тармоқларда бу борада хилма-хил асоссиз гаплар, юзаки мулоҳазалар, истеҳзоли нидолар тарқаб қолгани илмсизлик ва билимсизликдан бошқа нарса эмас.
Кимдир: «Муфтий намозни тўхтатолмай зўрға турган эканда», деса, бошқаси: «Ҳукумат динга қарши бўлганидан пайтдан фойдаланди», деб ёзмоқда. Ҳай барака топгурлар, биринчидан Муфтий ҳазрат у фатвони бир ўзи ўтириб чиқармаган, атрофидаги аҳли илм ва бошқа мутахассислар билан маслаҳатлашиб, кейин шу хулосага келинган. Қолаверса, бу фатво биргина Ўзбекистондаги Диний идорага хос эмас, ўнлаб мамлакатларда айнан шундай фатволар чиқди. Энг асосийси ‒ Диний идорага масжидларнинг ёпилиши эмас, очиқ бўлиши муҳим, чунки Идоранинг асосий хизмати масжидларга боғлиқ. Агар масжидлар бўлмаса, Диний идоранинг энг асосийси фаолияти йўққа чиқиб қолади.
Бу тадбирни динга қарши кураш дейиш ҳам ўта кулгили. Чунки деярли барча мусулмон мамлакатларда жамоатлар вақтинча тўхтатилганини ҳамма ўқиб, кўриб турибди. Қолаверса, ҳукумат фақат масжидларни беркитгани йўқ, ундан олдин барча таълим масканларига таътил берди. Масжидларимиз сони 2000 дан зиёда бўлса, 10.000 дан ортиқ мактаб, яна минглаб боғчалар ва бошқа ўқув даргоҳлари бор. Хўш, улар нега ёпилди? Буни қандай изоҳлаш мумкин? Бу ҳам динга қарши курашми? Мусулмон одам сал ақлни ишлатиш керак, воқеий фикрлаш керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мўминнинг фаросатидан қўрқинглар, чунки у Аллоҳнинг нури билан назар солади», деганлар. Мўмин шундай бўлиши даркор.
Ҳукуматга масжидларни ёпишдан нима фойда, ахир бунинг зарари қанчалар ёмон бўлишини улар жуда яхши билишади-ку? Ундан ҳам очиқ ҳақиқат шуки, масжидларда азонлар янграмоқда, тўхтагани йўқ. Бунга нима дейсиз? Қолаверса, ҳозирда ҳукуматдагилар ичида намозхонлари, лоақал шундай пайтларда мусулмонлар намоз ўқиб, дуо қилишса, шояд бало ариса, дейдиганалари жуда ҳам кўп. Давлатимиз раҳбари бошчилига нечта масжид очилди ва таъмирланди. Масжидлардан ташқари кўп жойларда намозхоналар очилди ва очилмоқда. Йилдан-йилга масжидларимиз янада кўпаяди, иншооллоҳ. Аммо бундай вазиятда ҳиссиёт билан иш битмайди, соҳа мутахассисларининг сўзларига қулоқ солиш керак. Чунки вазиятни улар бошқалардан кўра яхшироқ билади, хатарни олдиндан кўриб, ҳис қилади. Ҳар нарсани динга қарши курашга йўйиш ваҳимасозлик бўлади.
Айрим кишилар «Бозор, тўйхоналар беркитилмади, аммо масжидларни ёпишди, нега энди?» демоқда. Айтиш мумкинки, ҳукумат мазкур масканлардаги вазиятга ўзини масъул билганидан уларни вақтинча ёпиб туришни маъқул кўрган, бошқаларда эса бу ҳолат йўқ. Бундан бошқа изоҳ ўринсиз. Бу фақат ва фақат мўмин-мусулмонларни асраш, уларнинг саломатликларини сақлаш учун бир чора, холос. Ўзингиз ўйлаб кўринг, «Фалон масжидда бир кишида вирус чиқибди, у бир нечта одам билан кўришган экан», деган хабар тарқаса, шу яхшими? Намозхонларни ўйлаб қилинган ишдан иллат қидириш инсофдан эмас.
Бу ҳолатни қанақадир махфий мақсадларга боғлаб, мураккаблаштириш ёки бундан фитна чиқариш ҳам ақлли одамнинг иши эмас. Бу оддий карантин, касалликнинг кенгайиб, муаммонинг каттайиб кетишининг олдини олиш, холос. Шу боис, ортиқча саросимага тушмай, ҳолатни борича қабул қилиб, Аллоҳ таолодан яхшилик сўраб туришимиз лозим.
Ҳаммадан ўтиб тушган муносбатлардан бири ‒ Ўзбекистонда фақат ҳанафий мазҳабида намоз ўқилади, деган талаб бўлгани учун Аллоҳ таоло бундай бўлишини истамаганидан биздаги масжидлар ёпилган эмиш. Гапни қаранг, одам ҳам шунчалар фаросатсиз бўладими?! Орадан бир кун ўтиб Саудиядаги масжидларда ҳам жамоатлар тўхтатилди. Хўш, энди нима бўлди? Бунга нима дейсиз? Ҳар қанча жавоб кутманг, бунга жавоб йўқ, ҳаммаси жим-жит...
Яна биттаси «Имомлар нега вирусдан огоҳлантирмади, булар ўзи шунақа, маросимларда юраверишади», деб ёзғирибди. Ҳай каллаварам, имомлар ҳаммадан олдин бу борада сўзлашди, жумаларда маъруза қилишди, тармоқларда чиқишлар бўлди, халққа сокинлик улашилди, дуолар ўргатилди ва ҳоказо... Буни ҳамма кўриб, билиб турибди, сиз ўзингиз қаёқда юрибсиз? Шунинг учун ҳар замонда бўлса ҳам жумага чиқиб, сал-пал мавъиза эшитиб, намозхонлар билан намоз ўқиб туриш керак, биродар.
Мусулмон киши бундай вазиятларда хаёлига келганини ёзиб, оғзига келганини айтиш ўринга ушбу вазиятдан керакли хулосалар олиши керак. Жумладан:
1. Масжидларнинг ободлиги намозхонлар билан экан. Ҳайҳотдек масжидлар бўлгани билан уни тўлдирадиган намозхонлар бўлмаса, масжидда ҳам шукуҳ қолмас экан. Бинобарин, биз масжидларни чиндан ҳам обод қилишни истасак, фақат биноларни эмас, уни тўлдириб турадиган жамоатни ҳам барпо қилишимиз даркор. Агар биз намозхон авлодни етиштирсак, улар қанча керак бўлса, шунча масжидни ўзлари ҳам қураверади. Аммо масжидларни осмонўпар қилиб, тилло-кумушлар билан безаб қурсагу, уни маънан обод этадиган авлод тарбия қилмасак, бир наслдан кейин бу масжидлар бугунги ҳувиллаган черковларга ўхшаб бўм-бўш бўлиб қолади. Шу боис, биз аввало ўзлигимизни асрашимиз ва динимизни авлодларга тўла-тўкис етказишимиз дакрор.
2. Масжидларни қурар эканмиз, очар эканмиз, бунга ҳисса қўшар эканмиз, ўзимизни худди Аллоҳга ёки Исломга бир нима ўтказиб қўйгандек санамаслигимиз керак экан. Масжидларни қанча қурсак ёки очсак ҳам, Аллоҳ насиб қилса, уларда намоз ўқилар экан. Бўлмаса, арзимаган битта вирус ёки шу каби муаммо билан йиллаб қурган ва очган масжидимиз ишламай ҳам туриши мумкин экан. Шу боис, масжидларни қурганда, уларни очишга ҳисса қўшганда бунинг қабул бўлишини, манфаати мўл бўлишини Аллоҳ таолодан сўраб, тазарруда бўлиш даркор.
3. Жамоaт бўлиб намоз ўқишга, Роббимизга кўплашиб ибодат қилишга У Зот эмас, биз муҳтож эканмиз, Аллоҳ таолонинг бунга заррача эҳтиёжи йўқ. Агар бутун дунё масжидларида жамоат тўхтаса ҳам, Аллоҳнинг мулкига ҳеч қандай зарар етмайди, фақат зарари ўзимизга бўлади. Бир пайтлар ер юзида биргина Иброҳим алайҳиссалом ёлғиз Аллоҳга ибодат қиладиган ягона мусулмон бўлган эди. Ўшанда ҳам дунё тураверган. Аммо инсонлар ўз қилмишлари учун Роббилари ҳузурида жавоб беражакалари тайин.
Биз гоҳида жамоатга қатнаганда, ўзимизни худди ҳамма нарсани қойиллатгандек ҳис қилиб қоламиз. Бу жуда ҳам жўн тушунча. «Саҳиҳи Муслим»да келган қуйидаги ҳадиси қудсийга назар солинг:
«Эй бандаларим, сизларнинг аввалгию охиргиларингиз, инсу-жинларингиз орангиздаги қалби энг тақволи кишидек бўлса ҳам, бу нарса Менинг мулкимда ҳеч нарсани зиёда қилмайди.
Эй бандаларим, сизларнинг аввалгию охиргиларингиз, инсу-жинларингиз қалби энг фисқу фужурга тўлган кишидек бўлса ҳам, бу нарса Менинг мулкимдан ҳеч нарсани камайтирмайди».
Ушбу ҳақиқатни ҳар бир инсон ‒ масжидлар кўпайишини истайдиганлар ҳам, истамайдиганлар ҳам билиб олиши, чуқур англаши даркор.
4. Дунёдаги барча каттаю кичик ишлар Аллоҳ таолонинг иродаси билан бўлади. Бинобарин, жамоатдан маҳрум бўлишимиз балки ўзимизнинг гуноҳларимиз, ғафлатларимиз сабабидандир. Очиғини айтиш керак, жамоат намозига анча бепарвомиз. Аслида беш маҳал намозда жамоат жуда жумадек бўлмаса ҳам, ҳеч йўқ ярмичалик, учдан биричалик бўлиши керак. Аммо жумада кўчаларига одам сиғмай кетадиган масжидларда ҳам беш маҳал намозда 3-4 саф намозхон бўлади. Бу ҳам жумоат намозининг аҳамиятини яхши англамаганимиздан, «Бошқалар умуман намоз ўқимайди, мен уйда бўлса ҳам ўқияпман-ку», деган юпанч билан ўзимизни авраб юрганимиздан бўлса, эҳтимол.
Бир неча йиллар Мадинаи Мунавварада яшаган ватандошларимиздан бири масжидимизга яқин жойда туради. У киши бир куни шундай деб қолди: «Бугунги мусулмонларнинг ҳолатига бош сабаб ўзимиз. Ҳарамнинг ёнида яшаб, азонни эшитиб туриб жамоатга чиқмайдиганлар сон-саноқсиз. Бошқа масжидларда ҳам шу аҳвол. Мана бу ерда ҳам кўряпман, масжидга битта катта домдан 3-4 киши чиқамиз, холос».
Ҳа, инсон зоти шундай, масжидларда жамоат бўлиб турса, боргани вақти йўқ, тўхтатилса, киргизишмаяпти, деб жар солади. Масжидларда жамоатлар вақтинча бўлмагач, ажаб эмаски, бундан керакли хулоса олиб, қолган ҳаётимизда жамоатга ошиқадиган бўлиб қолсак.
5. Масжидларда жамоатга бора олмаганидан маҳзун бўлган кишилар хурсанд бўлсинлар-ки, қалблари масжидга боғланибди экан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қиёмат куни Аршнинг соясида бўладиган тоифалардан бири қалби масжидга боғланган кишилар, деганда айнан шу хислатдаги кишиларни назарда тутганлар. Барчамиз шундай бўлишга интилишимиз лозим.
Бу рўйхатни ҳар ким ўзи яна давом эттириши мумкин.
Масжидларда жамоат бўла олмасак-да, уйда, иш жойимизда жамоат бўлиб намоз ўқишимиз мумкин. Шу билан бирга, ушбу вазиятда кўпроқ тазарру билан дуою илтижода бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўргатган «Аллоҳим! Мусибатимизда ажр бергин ва ўрнига яхшисини алмаштиргин», деган дуони қилиб юрсак, иншооллоҳ, масжидларимиз олдингидан ҳам обод бўлиб, ҳаётимиз янада фаровон бўлади.
Фурсатдан фойдаланиб шуни ҳам эслатиб ўтиш ўринлики, жума намози фақатгина рухсатли масжидларда ўқилади, уйда жамоат бўлиб жума ўқилмайди ва ўқилса, инобатга ўтмайди. Бундай пайтда пешинни ёлғиз-ёлғиз ўқилади, жамоат қилинмайди. Шариатнинг ҳукми шундай.
Аллоҳ таолодан бу балони тезроқ бошимиздан кўтариб, масжидларимизни яна жамоатлар билан обод этишини, бу неъматини биздан то қиёматга қадар аритмаслигини сўраймиз.
Масжидлар ёпилгани йўқ ва, иншооллоҳ, ҳеч қачон ёпилмайди. Илоҳим, масжидаримиз ёпилмасин, минораларимиздан азонлар аримасин!

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид

Муаллиф
Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид
Мавзуга оид мақолалар
191. Атрофи тоғ жинслари ва қоятошлар билан ўралган бўлса ҳам гавҳар ялтираб, порлаб туради. Худди шунингдек, ботил ҳар қанча кўп бўлишига қарамай, ҳақ собит давоми...

3540 19:00 / 17.05.2017
Бир киши садақа беришни ният қилиб, садақасини бир одамга берибди. Кейин билса, ўша одам ўғри экан. Одамлар .Кечаси ўғрига садақа қилишибди,, деб гапириб юришди. давоми...

2140 08:55 / 06.09.2020
Абу Абдуллоҳ Шомийдан ривоят қилинади .Товуснинг уйига келдим. Уйдан бир қари киши чиқди. .Сиз Товусмисиз, десам, .Ўғлиман,, деди. .Сен унинг ўғли бўлсанг, отанг қариб давоми...

1646 09:00 / 08.06.2019
Ибн Жобир айтадилар .Язид ибн Абдулмалик ибн Марвон ибн Абдулмалик бир куни Макҳул ва унинг дўстлари ҳузурига келди. Язидни кўришимиз билан ўрнимиздан туриб, жой давоми...

1734 08:00 / 28.11.2019
Аудиолар

135329 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55579 14:35 / 11.08.2021