1446 йил 22 жумадул аввал | 2024 йил 24 ноябрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Силаи раҳм

80-боб. Ёш боласи вафот этган одамнинг фазли (биринчи мақола)

12:30 / 09.03.2020 4811 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ота-онанинг фарзанд олдидаги бурчи, отасиз қолган етим болага қилиниши лозим бўлган муомалалар баён қилиб бўлинганидан кейин, фарзанди вафот этган кишининг ўзини тутиш одоби (маданияти) ҳақидаги ривоятлар тақдим этилмоқда.

Албатта, фарзанд доғи қанчалар оғир бўлишини ҳар ким яхши тушунади. Ота-онанинг фарзанди бу дунёга келгунча ва келганидан кейин чеккан машаққатлари, қилган орзу-умидлари қанчалигини ҳам ҳамма яхши билади.

Ота-онага қўз қувончи, умид ғунчаси бўлиб турган жигаргўшаси бу дунёни тарк этса, умид ғунчаси сўнса, ота-онанинг ҳоли нима бўлишини тасаввур қилиш қийин эмас.

Бундай ҳолатда ҳар ким ўзини ҳар хил тутади. Бу иш инсоннинг дунёқарашидан, олган таълимотидан келиб чиқади. Мўмин-мусулмон банда бундай пайтда ўзини тутиш одоби ҳақидаги баъзи маълумотларни қуйидаги ривоятлардан ўрганамиз.

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмонлардан кимнингдир учта ёш боласи ўлса, унга қасамни оқлаш учунгина олов тегади», дедилар».

«Қасам» деганда Марям сурасининг 71-оятида айтилган таъкид назарда тутилган:

«Орангизда унга (яъни дўзахга) кирмайдиган ҳеч ким йўқ. Бу Роббинг ҳузуридаги кескин ҳукмдир».

Ана шу қасам адо бўлиши учун мўмин-мусулмонлар ҳам дўзахга киритилиб, унда куйдирилмай, азоб берилмай, қайтариб олинади.

Демак, ёш боласи вафот этган одамга дўзахнинг иссиғи ҳам, азоби ҳам тегмас экан. Фақат юқоридаги қасамнинг тасдиқланиши учунгина у дўзахга яқинлаштирилади.

Албатта, бу ҳадиси шариф уч боласи вафот этган ота-оналар учун улкан тасаллидир. Аллоҳ таоло ҳеч бир бандани ушбу мусибатга учратмасин-у, аммо ҳаётда содир бўлиб қолса, сабр қилиш керак бўлади.

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:

«Бир аёл Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир гўдакни кўтариб келиб:

«Бунинг ҳаққига дуо қилинг, мен ундан олдин учтасини дафн қилганман», деди.

«Батаҳқиқ, сен дўзахдан мустаҳкам қўрғон билан ҳимояланибсан», дедилар».

Шарҳ: Яъни учта боласини кўмган аёл тўртинчисини туққандан сўнг унга узоқ умр, хайр-барака тилаб, дуо олиш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлнинг кўнглини кўтариб, «Агар учта боланг ўлган бўлса, дўзахдан жуда қаттиқ, мустаҳкам тўсиқ билан тўсилган экансан, жаннатий бўласан», деган башоратни айтган эканлар.

Демак, бу ҳадисда (Аллоҳнинг Ўзи сақласин, ҳеч бир бандани фарзанд доғига қўймасин) мабодо Аллоҳнинг иродаси кетиб, шундай ҳолатлар бўлиб қолса, мўмин-мусулмон одам сабр қилишга чақирилмоқда.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Аёл киши улуғларнинг олдига боласини кўтариб келиб, унга дуо олиши мумкинлиги.

2. Учта фарзандини дафн қилган ота-она уларнинг сабабидан дўзахдан мустаҳкам қўрғон билан ҳимояланиши.

Холид Абсийдан ривоят қилинади:

«Ўғлим вафот этди. Бундан жуда қаттиқ хафа бўлдим.

«Эй Абу Ҳурайра! Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан бирор нарса эшитганмисан? Ўлганларимиз ҳақида кўнгилларимизни кўтарадиган нарса борми?» деб сўрадим.

«Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Кичкинтой фарзандларингиз жаннатнинг эркатойларидир», деганларини эшитганман», деди».

Бошқа ривоятда келган қўшимчада: «Улардан бири отасини учратиб, кийимининг бир тарафидан тутиб, жаннатга киритгунча қўйиб юбормайди», дейилган.

Демак, мўмин-мусулмон банданинг вояга етмаган ёш боласи вафот этса, бу болалар жаннатнинг эркатойлари бўлар экан.

Бошқа ривоятларга кўра, уларнинг жаннатдаги эркатойлиги шу эканки, «Қани, жаннатга кир», дейилса, «Олдин отам кирсин, олдин онам кирсин, кейин мен кираман», дейишар экан.

Демак, кичик фарзандлари вафот этган ота-оналар жуда катта умидворлик билан сабр қилишлари керак бўлади. Чунки вафот этган гўдаклари қиёматда жаннатнинг эркатойлари сифатида ота-оналарининг жаннатга киришларига сабабчи бўлиб қолсалар, ажаб эрмас.

Ушбу ривоятдан олинадиган фойдалар:

1.Мусибатга учраган шахс илмли одамдан ўзига тасалли берадиган нарсани сўраши мумкинлиги.

2.Мўминларнинг кичиклигида вафот этган фарзандлари жаннатнинг эркатойлари бўлиши.

Жобир ибн Абдуллоҳдан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Кимнинг учта фарзанди вафот этса ва бунга савоб умидида сабр қилса, жаннатга киради», деганларини эшитдим.

«Эй Аллоҳнинг Расули! Икки фарзанди вафот этса ҳамми?» деб сўрадик.

«Ҳа, иккитаси бўлса ҳам», дедилар».

Жобир ибн Абдуллоҳга:

«Аллоҳга қасамки, менимча, «Агар битта фарзанди вафот этса ҳамми?» деб сўраганингларда, «Ҳа», деган бўлар эдилар», дедим.

«Аллоҳга қасамки, мен ҳам шундай деб ўйлайман», деди».

Шарҳ: Демак, учтами, иккитами, биттами, фарзанди вафот этган мўмин-мусулмон одам бунга савоб умидида сабр қилса, жаннатга киритилар экан.

Ушбу ҳадис Аллоҳ таолонинг иродаси билан фарзанд доғига учраган мўмин-мусулмон ота-оналарни сабрга чорловчи, бу мусибатлари эвазига жаннатдан хушхабар берувчи ҳадисдир.

Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:

1. Фарзанди вафот этган ота-она савоб умидида сабр қилиши лозим экани.

2. Учта фарзанди вафот этган ота-она савоб умидида сабр қилса, жаннатга кириши.

3. Иккита фарзанди вафот этган ота-она савоб умидида сабр қилса, жаннатга кириши.

4. Битта фарзанди вафот этган ота-она савоб умидида сабр қилса, жаннатга киришидан умидворлик борлиги.

«Одоблар хазинаси» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Куня, ndash арабларда исмни айтишдан кўра енгилроқ саналади ҳамда отаонага ҳурмат маъносида кўпроқ бош фарзанднинг исми олдига отага .Абу,, онага .Умму, давоми...

3260 09:30 / 02.02.2019
Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Албатта, киши ўзининг ҳусни хулқи ила кечалари бедор бўлганнинг даражасини топади,, давоми...

1002 09:00 / 16.02.2023
94. Ибн Умардан ривоят қилинади.Аллоҳ уларни оталарига ва болаларига яхшилик қилганлари учунгина аброр яхшилар деб номлагандир. Худди отаонангнинг сенда ҳаққи давоми...

3324 20:00 / 24.07.2019
174. Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Бирортангиз ходимини урадиган бўлса, юзига уришдан четлансин,, дедилар,.Шарҳ Аслида Исломда давоми...

2457 11:07 / 27.07.2020
Аудиолар

135298 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55551 14:35 / 11.08.2021