1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Алданиб қолманг

Ислом ва илм

18:23 / 26.01.2020 5246 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг сураларидан бирини қалам билан қасам ичиб бошлаган. Бунда қаламнинг аҳамиятига ишора бор. Қалам доимо илму маърифат воситаси, рамзи бўлиб келган. Бундан ўн тўрт аср аввал бу ҳақиқатни ҳеч ким билмаган ҳам. Лекин Қуръон илоҳий Китоб бўлганидан, бунинг хабарини ўзининг биринчи оятларидаёқ берди.

Аллоҳ таоло ўзининг охирги ва мукаммал дини бўлган Исломнинг «Ўқи!» деган илоҳий хитоби ила бошланган ва шу маънони англатадиган муқаддас китоби – Қуръоннинг дастлабки оятларини нозил қилди. Ана ўша лаҳзадан бошлаб, Қуръон уммати – ўқиш уммати, илм-маърифат уммати ўлароқ шакллана бошлади. Ана ўша лаҳзадан бошлаб, илм талаб қилиш ҳар бир эркак ва аёлга фарз бўлган уммат фаолият кўрсата бошлади.

Ислом мусулмонларга тараққиёт йўлида юришни фарз қилган ва кишиларни илмга ундаган. Чунки инсон шахсиятини илмдан бошқа нарса тўғри йўлга сола олмайди ва тараққиётга ҳам эриштира олмайди. Илмга қизиқтириш борасида Аллоҳ Қуръони Каримнинг Зумар сурасида шундай дейди:

ﯳ ﯴ ﯵ ﯶ ﯷ ﯸ ﯹ ﯺﯻ ﯼ  ﯽ     ﯾ ﯿ ﰀ

«Сен: «Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлармиди?!» – деб айт. Албатта, ақл эгаларигина эсларлар» (9-оят).

Мужодала сурасидаги оятда эса илмли кишилар Аллоҳнинг ҳузурида бошқалардан кўра юқори даражада туришлари очиқ-ойдин айтилган:

«Аллоҳ сизлардан иймон келтирганларнинг ва илмга берилганларнинг даражаларини кўтарур» (11-оят).

Аллоҳ Оли Имрон сурасидаги оятда Ўзининг ягоналигига ҳам илмли кишиларни гувоҳ қилган:

«Аллоҳ адолат ила туриб, албатта, Ундан ўзга илоҳ йўқлигига шоҳидлик берди. Фаришталар ва илм эгалари ҳам. Ундан ўзга илоҳ йўқ. У азиз ва ҳакийм Зотдир» (18-оят).

Шу оятда Аллоҳ илмли кишиларнинг шоҳидлигини фаришталарнинг шоҳидлиги билан тенглаштирган. Бу эса, илмли кишиларнинг ҳурмати Аллоҳнинг ҳузурида нақадар юқори эканини кўрсатади.

Қуръони Карим илмсизларни танқид қилади. Аллоҳ таоло Рум сурасида марҳамат қилади:

«Аллоҳ билмайдиганларнинг қалбларини ана шундай қилиб муҳрлар» (59-оят).

Қуръон илмнинг чегараси йўқ эканлигини ҳам баён қилиб ўтган. Бу ҳақда Юсуф сурасида айтилади:

«Ҳар бир илм эгаси устидан билувчи бор» (76-оят).

Бу оятнинг маъноси: олимлар ўз илмлари билан мағрурланиб, ўз устида ишлашни тарк этмасинлар, доимо уларни ҳам биров танқид қилиб қолишига ўзларини тайёрлаб турсинлар, демакдир. Қуръон мусулмонларни барча нарсанинг ҳақиқатини билиш учун доимо илм пайида бўлишга чақиради. Аллоҳ таоло Тоҳа сурасида марҳамат қилади:

«...ва: «Роббим, илмимни зиёда қилгин», дегин» (114-оят).

Қуръони Карим мусулмонларни илмга чақириш билан бирга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам уларни доимо илмга тарғиб қилганлар. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларини илмга чақирувчи, тарғиб қилувчи кўплаб ҳадиси шарифларни айтганлар..

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким илм талаб қилиш йўлига тушса, Аллоҳ унга жаннатнинг йўлини енгиллаштиради», дедилар».

Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

Илмга бундан ортиқ тарғиб бўлмаса керак. Ҳар бир инсоннинг олий мақсади – жаннат. Жаннатга эришиш учун у ҳар нарсага, ҳар қандай қийинчиликларга тайёр туради. Илм талаб қилиш эса, жаннатнинг йўлига тушишнинг боши экан. Илм йўли билан борган одам охири жаннатнинг эшиги олдидан чиққай, иншааллоҳ!

Ояти карима ва ҳадиси шарифларда зикри келган илмдан мурод барча фойдали илмлар бўлиб, уларга қилинган ваъдаларга иймон ва ихлос билан уринган мўмин-мусулмонлар эришади.

Бу қоидани ушбу ҳадиси шарифга татбиқ этадиган бўлсак, мўмин-мусулмон киши ўзи учун, жамият учун, инсонлар учун фойдали илмга «бу менга Аллоҳнинг амри, Исломнинг талаби» дея уринсагина, у жаннатнинг йўлига тушган бўлади. Аллоҳ таоло унга жаннатнинг йўлини енгиллаштиради.

Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллуҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидагиларни айтганларини эштидим:

«Ким илм талаб қилиш йўлига юрса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди. Албатта, фаришталар толиби илмни рози қилиш учун қанотларини қўяди. Албатта, олимга осмондаги зотлар, ердаги зотлар, ҳатто сувдаги балиқлар ҳам истиғфор айтади. Олимнинг обиддан фазли худди ойнинг бошқа юлдузлардан фазлига ўхшайди. Албатта, олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Албатта, пайғамбарлар динорни ҳам, дирҳамни ҳам мерос қолдирмаганлар. Албатта, улар илмни мерос қолдирганлар. Ким ўшани олса, улуғ насибани олибди».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган..

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ҳикматли калима худди мўминнинг йўқотган нарсасидек, мўмин уни қаерда топса ҳам ҳақлироқдир», деганлар.

Бошқа бир ривоятда: 

«Ким талаби илм қилса, ўтган нарсаларга каффорат бўлур», дейилган.

Термизий ривоят қилган.

Ушбу ва бошқа бу ерда келтирилмаган кўплаб оят ва ҳадислардан келиб чиқиб, мусулмон уммати ўзининг дастлабки кунларидан бошлаб қуйидаги қатъий қарорни қабул қилгандир;

Исломда илм талаб қилиш ҳар бир мусулмон учун бешикдан то қабргача фарз қилинган. Бу маънони кенгроқ тушунишга ҳаракат қилайлик. Фарз Аллоҳнинг қатъий амри бўлиб, уни бажариш ҳар бир мўмин учун мажбурийдир. Фарз амални бажармаган одам катта гуноҳ иш қилган бўлади, охиратда иқобга учрайди.

Фарз икки қисмга бўлинади.

Биринчиси, фарзи айн.

Иккинчиси, фарзи кифоя.

Фарзи айн ҳар бир мусулмон шахсан бажариши лозим бўлган иш. Уни биров учун биров адо эта олмайди. Бунга намозни мисол қилиш мумкин. Балоғатга етган ҳар бир мўмин беш вақт намозни ўқиши фарзи айн, ўқимаган одам гуноҳкор бўлади.

Фарзи кифоя эса, баъзи бир мусулмонлар адо этса, бошқалар учун ҳам кифоя қиладиган ишдир. Бунга мисол, жаноза намози. Бир мусулмон вафот этса, уни ювиб-тараб, жанозасини ўқиб кўмиш ҳамма мусулмонлар учун фарз бўлади. Аммо фарзи кифоя бўлгани учун баъзи мусулмонлар жанозасини ўқиса, кифоя қилади. Бошқалардан фарз соқит бўлади.

Илм талаб қилиш борасида фарзнинг иккала қисми ҳам ишга тушади.

Ҳар бир мусулмон учун ўзига керакли, ҳаёти учун зарур илмни, дину диёнатни, ҳалол-ҳаромни билиш, бунинг учун зарур бўлган нарсаларни ўрганиш фарзи айндир. Ҳар бир мусулмон бу ишни қилиши шарт, қилмаган одам гуноҳкор бўлади.

Мусулмонлар жамоаси учун керакли бўлган ҳунар ва илмларни талаб қилиш эса, фарз кифоядир. Ҳаётнинг ҳар бир соҳасидаги барча илмлар бўйича етарли мутахассисларни тайёрлаб олиш Ислом жамиятининг барча аъзоларига фарз бўлади. Эҳтиёжни қондирадиган даражада ва ададда мутахассис тайёрлаган жамият аъзолари бўйнидан мазкур умумий масъулият соқит бўлади.

Бу фарз энди ўша мутахассислар зиммасига ўтади. Агар жамиятда уларнинг соҳаси бўйича камчилик юзага келса, гуноҳи ўша мутахассисларга бўлади.

«Олам ва одам, дин ва илм» китоби асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Христианлар учун муқаддас саналган Тавротда Одам Атога ейиши ман қилинган дарахт илм ва маърифат дарахти эди. Аллоҳ инсонга илму маърифатни раво кўрмагани учун давоми...

5008 12:30 / 22.12.2018
Профессор Бакир Карлиға Боғчашеҳир университети.Қуръон инсониятга араб тилида нозил қилинди. Бироқ у фақат араблар эмас, бутун башарият учундир. Шунинг учун ҳар давоми...

3320 09:18 / 12.10.2019
Жаноб Стюарт Гилдер инглиз тилида чиқадиган Ҳиндистон газетасининг 1945 йил 16 сентябрида чоп этилган мақоласида шундай дейди Профессор Плеш шундай дейди .Атом давоми...

1590 14:52 / 29 август
Доктор Жоржио Страно шундай дейди.Мана бу китобда Коперник ўзининг фаразларини баён этган. Унга кўра, қуёш қўзғалмас марказ бўлиб, Ойдан бошқа барча сайёралар давоми...

2158 16:15 / 25 январь