1447 йил 29 шаъбон | 2026 йил 17 февраль, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Силаи раҳм

Ота-онага роҳатбахш нарсаларни ҳозирлаш

12:55 / 02.01.2020 3951 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Фарзанднинг ота-онага яхшилик қилиши турларидан яна бири – фарзанд ота-она хизматида доимо шай туриши, ҳатто мушрик бўлсалар ҳам, уларнинг розилигини топиши лозимлиги. 

Асмо бинт Абу Бакрдан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида онам рағбат қилган ҳолида ҳузуримга келди. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан:

«Унга силаи раҳм қилайми?» деб сўрадим.

«Ҳа», дедилар».

Ибн Уяйна:

«Шунда Аллоҳ азза ва жалла бу ҳақда «Аллоҳ сизлар билан дин борасида уруш қилмаган ва сизларни диёрларингиздан қувиб чиқармаганларга яхшилик ва адолат қилишдан сизларни қайтармас» оятини нозил қилди», деган».

Бухорий «Адабул муфрад»да ривоят қилган.

Ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг катта қизлари Асмо розияллоҳу анҳо мусулмон бўлиб, Мадинаи Мунавварага ҳижрат қилиб кетган, мушрика оналари эса Маккада қолган эди. Мазкура онанинг исми Қийла бинти Абдулъуззо бўлган.

Замон ўтиб, ҳалиги мушрика она – Қийла бинти Абдулъуззо, қизини кўриш учун унинг яхшилигидан умидвор бўлиб келган. Шунда Асмо бинт Абу Бакр розияллоҳу анҳо мушрика она билан муслима қиз ўртасида муносабат қандай бўлиши кераклигини сўраш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келган. «Мушрика онамга силаи раҳм қилаверайми?» деб сўраганида, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳа, қилавер», деганлар.

Демак, ота-она мушрик бўлса ҳам, фарзанд унга силаи раҳм қилиши, дунёвий ишларда яхшилик қилиб, иқтисодий ёрдам бериб, яхши гапириб, ҳурмат-эҳтиромини жойига қўйиши керак.

 Фарзанднинг ота-онага яхшилик қилиши турларидан яна бири – уларнинг обрўсини ҳимоя қилиш ва обрўсизланишларига йўл қўймаслик.

Абдуллоҳ ибн Амрдан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бир кишининг ота-онасини сўкиши гуноҳи кабиралардан­дир», дедилар.

«Қандай қилиб сўкади?» дейишди.

«Бир одамни сўкади. У эса унинг ота-онасини сўкади», дедилар».

Бухорий «Адабул муфрад»да ривоят қилган.

Албатта, ҳар қандай ёмон одам ҳам ота-онасини тўғридан-тўғри сўкмайди. Саҳобалар ҳам шу мулоҳазани қилиб: «Киши ота-онасини қандай қилиб сўкади?» деб сўрашганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ишнинг қандай юзага келлишини тушунтириб бердилар.

Биров бир одамни сўкади, сўкиш эшитган одам «Отангга фалон», «Онангга фалон», деб унинг ота-онасини сўкади.

Демак, бошқа одамнинг ўз ота-онасини сўкишига сабабчи бўлган кимса ўз ота-онасини сўккан бўлар экан. Бу иш эса гуноҳи кабиралардан саналади. Шунинг учун фарзанд ота-онасига лаънат келтиришга эмас, балки уларнинг атрофда­гилардан, халқдан раҳмат, ташаккур олишларига ҳаракат қил­моғи керак.

Фарзанд бир ёмон ишни қилса, бировга ёмон муомала қилса, «Отанг фалон бўлсин», «Онанг фалон бўлсин» каби сўкишларга сабаб бўлса, бу нарса ота-онаси учун ниҳоятда ёмон бир иш ҳисобланар, ушбу ҳадиси шарифнинг таъбири ила айтганда ота-онасини сўккан, гуноҳи кабира содир қилган кишиларнинг қаторига қўшилар экан.

 Фарзанднинг ота-онага яхшилик қилиши турларидан бири – уларни хурсанд қилиш чораларини кўриш.

Фарзанд ота-онасининг кўнглини кўтариш учун уларни хурсанд қиладиган совғалар тақдим қилишни одат қилиши лозим. Бундай ишлар жумласига яна қуйидагилар киради:

– Ота-онанинг мол-мулкларини ва керакли нарсаларини муҳофаза қилиш.

– Ота-онанинг рухсатисиз бирор нарса олмаслик.

– Ота-онага роҳатбахш нарсаларни ҳозирлаш.

– Ота-она ухлаётганларида уларни безовта қилмаслик.

– Ота-онанинг хоналарига уларнинг изнисиз кирмаслик.

– Ота-онадан олдин таомга қўл узатмаслик.

– Яхши нарсаларни ўзидан олдин ота-онага тақдим қилиш.

– Ота-она ҳузурида ёнбошламаслик.

– Ота-она ҳузурида оёқ узатмаслик.

– Ота-онадан юқорига ўтирмаслик.

– Ота-онадан барча ишларда маслаҳат сўраш.

– Ота-онанинг фикрлари ва тажрибаларидан фойдаланиш.

– Ота-онанинг насиҳатларини бажонидил қабул қилиш.

– Ота-она ҳақларига дуода бўлиш ва ҳоказо. 

Ота-онани рози қилиш ҳар бир фарзанд учун ўта муҳим нарса ҳисобланади.

«Кексаларни эъзозлаш» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
биринчи мақола....Қачонки у вояга етиб, қирқ ёшга етганида .Роббим, Ўзинг менга ва отаонамга берган неъматларингга шукр қилишимга ва Сен рози бўлган солиҳ амал давоми...

3222 16:00 / 29.01.2021
Саҳл Исфаройиний айтади .Менга Сулайм, яъни Абул Фатҳ Розий айтиб берганди .Рай шаҳрига сафар қилганида ўн ёш атрофида бўлган экан. Сафари ҳақида ҳикоя қилиб давоми...

6209 11:00 / 09.12.2023
68. Аъмаш, Ҳасан ибн Амр ва Фитрдан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Қилганига яраша жавоб қайтарган силаи раҳм қилувчи эмас. Силаи раҳм қилувчи ndash давоми...

2646 12:36 / 03.04.2019
. ,. Ҳасандан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Раҳмнинг эшик оғалари бор. Улар ила Аллоҳ азза ва жаллага яқинлашилур,, давоми...

1181 15:41 / 15.09.2025
Аудиолар

231265 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

149792 14:35 / 11.08.2021