1446 йил 19 жумадис сони | 2024 йил 21 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Шайтондан қутулишнинг осон йўли бор

13:09 / 22.12.2019 4430 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Шайтонлар одамларнинг ақийдаси, иродаси ва амалини бошқариб туриши мумкинми?

Агар банда Аллоҳ таолонинг айтганини қилиб юрса, жинлар унга қарши ҳеч нарса қила олмайди. Аммо одам боласи гумроҳ бўлиб, ўзи шайтоннинг малайи бўлиб олса, ўзидан кўрсин.

Аллоҳ таоло Ҳижр сурасида айтади:

«Албатта, сенга бандаларим устидан ҳукмронлик йўқдир, сенга эргашган гумроҳларгина мустасно» (42-оят).

Бу ояти каримада Аллоҳ таоло Иблисга хитоб қилиб, «Менинг мухлис бандаларимга сенинг ҳукминг ҳам, гапинг ҳам ўтмайди. Зийнатлашинг ҳам, йўлдан оздиришинг ҳам таъсир этмайди. Сенинг бу нарсаларинг фақат сенга эргашган, йўлдан адашган гумроҳларгагина ўтади ва таъсир қилади», демоқда.

Шайтон васваса қилишдан бошқага ярамайди. Ўша пайтда банда сергак бўлиб, ўзини ўнглаб олса, унинг васвасасидан қутулиб қолади. Аммо банданинг ўзи шайтоннинг васвасасига учса, унинг малайига айланиб қолиши ҳеч гап эмас.

Аллоҳ таоло Аъроф сурасида марҳамат қилади:

«Агар сенга шайтон томонидан санчиш санчилса, Аллоҳдан паноҳ сўра. Албатта, У ўта эшитувчидир, ўта билувчидир. Қачон тақво қилувчиларга шайтондан бир шарпа етса, улар албатта зикр қиларлар, бас, қарабсанки, улар кўрувчи бўлиб турибдилар. Ва у(шайтон)ларнинг биродарлари йўлдан оздиришда уларга мадад берарлар, сўнгра сустлик қилмаслар» (200-202-оятлар).

Яъни мабодо бирор кўнгилсизлик содир бўлиб, шайтон васваса қиладиган бўлса, таҳликага тушмасдан, дарҳол Аллоҳдан паноҳ сўра. У энг яхши эшитувчи Зот, сўровингга дарҳол жавоб беради. У энг яхши кўрувчи Зот, ҳамма нарсани кўриб турибди. Ўзи билиб ҳисоб-китоб қилади.

«Қачон тақво қилувчиларга шайтондан бир шарпа етса, улар албатта зикр қиларлар, бас, қарабсанки, улар кўрувчи бўлиб турибдилар».

Шайтон нима қилганда ҳам, васвасадан нарига ўта олмайди. Агар ўзича билиб ҳаракат қилса, ҳар бир инсон учун шайтоннинг васвасасидан қутулишнинг осон йўли бор. Бунинг учун у мўмин-мусулмон, тақводор бўлса бўлди.

«Қачон тақво қилувчиларга шайтондан бир шарпа етса, улар албатта зикр қиларлар».

Яъни уларга шайтоннинг васвасаси етса, дарҳол Аллоҳни зикр қиладилар.

«...бас, қарабсанки, улар кўрувчи бўлиб турибдилар».

Аллоҳни зикр қилиш, ҳар доим эслаб юриш жин ва шайтонга қарши энг ишончли ва кучли қуролдир.

Демак, шайтондан бирор бир шарпа (васваса, иғво ва ғазаб) етиши жаҳолат, кўрлик ва нодонликка бошлайди. Аллоҳнинг зикри эса илм-маърифат, кўзи очиқлик ва оқиллик манбаидир.

Аммо шайтон биродарларининг аҳволи бошқача:

«Ва у(шайтон)ларнинг биродарлари йўлдан оздиришда уларга мадад берарлар, сўнгра сустлик қилмаслар».

Шайтони лаъиннинг биродарлари тинмай иғво қиладилар, одамларни йўлдан оздиришга уринадилар. Охиратда шайтон ўзига эргашганлардан тонади ва уларга таъсири ўтмаслигини тан олади.

Аллоҳ таоло Иброҳим сурасида марҳамат қилади:

«Иш битиб бўлганда шайтон: «Албатта, Аллоҳ сизга ҳақ ваъдани қилган эди. Мен эса сизга ваъда бердим-у, ваъдамга хилоф қилдим. Менинг устингиздан ҳеч қандай ҳукмронлигим йўқ эди. Фақат даъват қилсам, ўзингиз менга ижобат қилдингиз. Бас, мени маломат қилманг, ўзингизни маломат қилинг. Мен сизларни қутқарувчи эмасман, сизлар ҳам мени қутқарувчи эмассизлар. Энди мен, албатта, илгари мени шерик қилганингизни инкор қиламан. Албатта, золимларга, ҳа, уларга аламли азоб бор», деди» (22-оят).

Бу дунёда ҳар бир гуноҳ ишнинг бошида турган, ҳар ёмон қилмишга бош-қош бўлган лаънати шайтон у дунёда ҳамма иш битиб, ҳукм чиққандан сўнг пайдо бўлади. Бир-бирини маломат қилиб турган, ўзларига эргашган кучлию заиф издошларига қараб, сўз бошлайди:

«Албатта, Аллоҳ сизга ҳақ ваъдани қилган эди. Мен эса сизга ваъда бердим-у, ваъдамга хилоф қилдим».

Шайтон шайтонлигига боради. Иш тугаб бўлганидан кейин, очиғини айтади. У дунёда кишиларнинг қалбига васваса солган эди. «Ҳеч нарса бўлмайди, ҳар кимнинг айтганига юриб, ўзингни қийнама, бу беш кунлик дунёда ўйнаб қолмасанг, шуям ҳаётми» каби аврашлар билан уларни адаштирган эди. Уларга турли ваъдаларни берган эди. Энди бўлса «Аллоҳнинг ваъдаси ҳақ, меники ноҳақ эди», деб турибди. Бунинг устига, ҳамма ишни қилиб қўйиб, яна бутун айбни ўзига эргашган, гапига кирганларга ағдаряпти:

«Менинг устингиздан ҳеч қандай ҳукмронлигим йўқ эди. Фақат даъват қилсам, ўзингиз менга ижобат қилдингиз».

Ўйлаб кўрмайсизми? Чақирса, кетаверасизми? Мен мутлақо сизларнинг устингизда ҳоким эмас эдим. Сизни куфрга, исёнга чақирган вақтимда менинг гапимга кирмасангиз, сизга қарши ҳеч нарса қила олмас эдим. Илло, ўзингиз хоҳлаб, менинг гапимга кирдингиз, айтганимни қилдингиз. Шунинг учун

«Бас, мени маломат қилманг, ўзингизни маломат қилинг».

Айб ўзингизда. Бу ноқулай ҳолга тушиб қолганингиз учун фақат ўзингизни айбланг. Менга осилиб юрманг.

«Мен сизларни қутқарувчи эмасман, сизлар ҳам мени қутқарувчи эмассизлар».

Ҳар ким қилганига яраша тортаверади. Аммо

«Энди мен, албатта, илгари мени шерик қилганингизни инкор қиламан».

Сизларга «Мени Аллоҳга шерик қилиб олинглар, унинг айтганини эмас, менинг айтганимни қилинглар», деганим йўқ. Бу гапни айтсангиз, мен инкор этаман. Сизлар мени Аллоҳга шерик қилиб олиб, катта зулм қилгансизлар.

Мўмин-мусулмон инсон Қуръонда келган ҳар бир хабарга иймон келтириши фарз. Худо кўрсатмасин, Қуръондаги бирор хабарга шубҳа билан қараш, ишонмаслик кофирлик бўлади. Шундан келиб чиқилса, жин ҳақида Қуръонда оят келиши уларнинг борлигига иймон келтиришни барча мусулмонларга фарз қилади. Шундай экан, бир оз тўлароқ тушуниш учун бу борада керакли маълумотларни ўрганиб қўйишимиз зарур.

Маълумки, дунё сиру асрорларга тўла. Биз ҳали моҳиятини, сифатини, таъсирини билмайдиган ҳодисалар, ҳолатлар атрофимизда тўлиб-тошиб ётибди. Бирор нарса кўзимизга кўринмаса, уни йўқ дейишга ҳаққимиз йўқ. Ҳар куни янги нарсалар, махлуқотлар кашф ­этиляп­ти. Кеча билмаган нарсаларимиз бугун кашф этилса, биз уни йўқ эди, дея олмаймиз. Балки кеча бу бор нарсани биз билмас эканмиз, деймиз. Ҳозирги кунда ўтган аждодларимиз билмаган, хаёлига ҳам келтирмаган қанчадан-қанча нарсаларни биляпмиз. Албатта, биз билган нарсалар кейинги авлодлар учун оддий нарсага, ўйинчоққа ўхшаб қолади. Бу нарсалар Аллоҳ таоло инсонга берган қобилиятлар ёрдамида кашф қилинмоқда, буларнинг ҳаммаси инсон идроки чегарасидаги нарсалардир. Келажакда яна кўп нарсалар кашф этилиши турган гап. Демак, бирор нарсани бор ёки йўқ деб жазм ила ҳукм чиқариб юборишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

Идрокимиз етмайдиган нарсаларни Аллоҳ таолонинг Ўзи кашф этиб берса, биз бандалар шукр қилиб қабул этмоғимиз лозим. Жумладан, жинга ишониш масаласида ҳам шундай: Аллоҳ таоло Ўз каломида сиз билан бизга жинлар ҳақида маълумот берган экан, уни ихлос билан қабул этиб, ишониб, иймон келтирмоғимиз лозим.

«Фолбинлик, сеҳргарлик, жин чиқариш ва ноанъанавий даволаш каби ишларнинг бор ҳақиқати» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳафс ибн Ғиёс айтади .Суфён Саврий Мужаммиъ Таймийнинг олдига кирди. Суфённинг изорида йиртиқ жойи бор эди. Буни кўрган Мужаммиъ тўрт дирҳам олиб, Суфёнга узатиб, давоми...

1332 07:10 / 10.07.2019
СаволАссалому алайкум Ҳурматли устозлар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қарздор одамга жаноза ўқимаганлар деб эшитган эдим. Шу қанчалик рост Фирибгар давоми...

1614 15:00 / 18.11.2020
Исломда ҳаром қилинган жинсий алоқаларнинг яна бир кўриниши ўзаро никоҳланиши ҳаром бўлганларнинг никоҳланишидир.Аллоҳ таоло эркак учун никоҳланиш ҳаром бўлган давоми...

2281 11:02 / 22.08.2020
Қачон У Зот сенга маърифат йўналишини очса, бас, у ила амалинг озлигига эътибор берма. Чунки, албатта, уни сенга Ўзини танишингни ирода қилиб давоми...

1560 11:00 / 28.07.2019