1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Бобо ва момо мероси (иккинчи мақола)

10:30 / 16.12.2019 1996 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ قَبِيصَةَ بْنِ ذُؤَيْبٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: جَاءَتِ الْجَدَّةُ إِلَى أَبِي بَكْرٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ تَسْأَلُهُ مِيرَاثَهَا، فَقَالَ: مَا لَكِ فِي كِتَابِ اللهِ شَيْءٌ، وَمَا عَلِمْتُ لَكِ فِي سُنَّةِ نَبِيِّ اللهِ صلى الله عليه شَيْئًا، فَارْجِعِي حَتَّى أَسْأَلَ النَّاسَ فَسَأَلَ. فَقَالَ الْمُغِيرَةُ بْنُ شُعْبَةَ: حَضَرْتُ رَسُولَ اللهِ صلى الله عليه أَعْطَاهَا السُّدُسَ، فَقَالَ: أَبُو بَكْرٍ: هَلْ مَعَكَ غَيْرُكَ؟ فَقَامَ مُحَمَّدُ بْنُ مَسْلَمَةَ فَقَالَ مِثْلَ قَوْلِهِ، فَأَنْفَذَهُ لَهَا أَبُو بَكْرٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، ثُمَّ جَاءَتِ الْجَدَّةُ الْأُخْرَى إِلَى عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ تَسْأَلُهُ مِيرَاثَهَا، فَقَالَ: مَا لَكِ فِي كِتَابِ اللهِ شَيْءٌ، وَمَا كَانَ الْقَضَاءُ الَّذِي قُضِيَ بِهِ إِلَّا لِغَيْرِكِ، وَمَا أَنَا بِزَائِدٍ فِي الْفَرَائِضِ وَلَكِنْ هُوَ ذَلِكَ السُّدُسُ، فَإِنِ اجْتَمَعْتُمَا فِيهِ فَهُوَ بَيْنَكُمَا، وَأَيَّتُكُمَا مَا خَلَتْ بِهِ فَهُوَ لَهَا. رَوَاهُ أَصْحَابُ السُّنَنِ.

Қусайба ибн Зуъайб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир момо (отанинг онаси) Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг ҳузурига келиб, ўз меросини сўради. Бас, у:

«Сизга Аллоҳнинг Китобида ҳеч нарса йўқ. Мен Аллоҳнинг Расули суннатларида сен учун бир нарса борлигини ҳам билмайман. Бораверинг. Мен одамлардан сўрайин», деди.

Бас, у сўради. Шунда Муғийра ибн Шўъба:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга олтидан бирни берганларида ҳозир бўлган эдим», деди.

«Сен билан бошқа одам ҳам бормиди?» деди Абу Бакр.

Шунда Муҳаммад ибн Маслама ўрнидан туриб, унинг гапига ўхшаш гап айтди. Бас, Абу Бакр розияллоҳу анҳу буни унга (момога нисбатан) ижро этди.

Кейин бошқа момо (онанинг онаси) Умар розияллоҳу анҳунинг ҳузурига ўз меросини сўраб келди. Шунда у:

«Сизга Аллоҳнинг Китобида ҳеч нарса йўқ. Чиқарилган ҳукм ҳам фақат сиздан бошқага чиққан. Мен фароизларга зиёда қилувчи эмасман. Лекин ҳаққинг ўша олтидан бир. Агар икковингиз (икки момо) жамланиб қолсангиз, у (мерос) орангизда бўлинади. Қайси бирингиз у билан холи қолса, у ўшаникидир», деди».

«Сунан» эгалари ривоят қилганлар.

Аввало ровий Қубайса ибн Зуъайб розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик.

Қубайса ибн Зуъайб ибн Халхала ал-Хузоий, кунялари Абу Саъийд ал-Маданий. Фатҳ йилида дунёга келдилар. Саҳобалар авлодидан, Мадина аҳлининг фақиҳ ва солиҳ кишиларидан бўлганлар.

Ҳадисларни Умар ибн Хаттобдан мурсал ҳолда ривоят қилдилар. Яна Билол, Усмон ибн Аффон, Абдурраҳмон ибн Авф, Абу Ҳурайра, Оиша ва Умму Салама оналаримиздан ҳадислар ривоят қилдилар.

Ҳижратнинг 89-йили Абдулмалик ибн Марвоннинг халифалик даврида вафот этдилар.

Ушбу ривоятдан олинадиган фойдалар:

1. Муслима аёлларнинг ҳақларига гумон бор жойда ҳам ўша ҳақни олиш учун ҳаракат қилганликлари. Қуръонда, Суннатда ҳақ кўрсатилмаган бўлса ҳам мазкура момонинг халифа ҳузурига келиб, меросдан ўз ҳаққини сўрагани шуни кўрсатади.

2. Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқнинг камтарликлари. Халифа, машҳур саҳобий бўла туриб, оддий бир кампир олдида ўзларининг билмасликларини тан олишлари ва «Одамлардан сўраб, кейин айтаман», дейишлари, сўнгра одамларга эълон қилиб, бу масалани сўраганлари ушбу фикрни тасдиқлайди.

Шунинг учун ҳам «Билмайман», дейиш илмнинг ярмидир», дейилган. «Ҳамма нарсани биламан», дейиш хуш кўрилмаган.

3. Бунга ўхшаш масалада бир кишининг гувоҳлиги етмаслиги, икки киши бўлиши шартлиги.

Ҳазрати Абу Бакрнинг Муғийра ибн Шўъбанинг берган гувоҳликлари билан қониқмаганликлари, фақат Муҳаммад ибн Маслама розияллоҳу анҳу ҳам гувоҳлик берганларидан кейингина ҳукм­ни ижро этганлари шуни кўрсатади.

4. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг момога меросдан олтидан бир ҳисса берганликлари. Чунки она йўқлигида момо онанинг ўрнига ўтади ва унинг насибасини олади.

Ҳазрати Абу Бакрдан меросдаги ҳаққини сўраб келган момо аслида ўғлининг ўғлидан қолган меросни сўраб келган экан. Яъни у маййитнинг отасининг онаси экан.

5. Ҳазрати Умарнинг даврларида бошқа бир момо меросдаги ўз ҳаққини, яъни қизининг ўғлидан қолган меросдан ҳақ сўраб келган экан. У аёл маййитнинг онасининг онаси бўлган. Шу вақтгача бундай масала юзага чиқмаганлиги, маълум бўлмаганлиги учун халифа Ҳазрати Умарнинг ҳузурларига «Меросда менинг ҳаққим борми, йўқми?» деб сўраб келган. Ҳазрати Умарнинг «Чиққан ҳукм ҳам фақат сендан бошқага чиққан», деганлари эса шунга ишорадир. Яъни Ҳазрати Абу Бакр чиқарган ҳукм ҳам онанинг онаси мерос олиши ҳақида эмас, отанинг онаси мерос олиши ҳақида бўлган.

6. Онанинг онаси ҳам олтидан бир ҳисса насиба олиши.

Чунки она йўқлигида у онанинг ўрнини босади ва меросдан онанинг насибасини олади.

7. Набиранинг меросида отанинг онаси ва онанинг онаси, яъни икки момо жам бўлиб қолсалар, мероснинг олтидан бир қисми икковларининг ўртасида тақсимланади.

8. Икки момодан қай бири ёлғиз ўзи бўлса, олтидан бир ҳиссани ўзи олади.

(Давоми бор)

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Мажлиснинг оддий ёки фавқулоддаги йиғинида, агар имкони бўлса, қатнашувчиларнинг барчаси ёки аксари тўплангандагина фатво ва қарорлар ишлаб чиқилади. Мухолиф давоми...

4765 15:05 / 31.10.2019
Ижмоънинг умумий таърифиШариати исломияда бирор ҳукм чиқарилар экан, энг аввало, Аллоҳ таолонинг сўзи ndash Қуръони каримга мурожаат қилиш вожиб бўлади. Қуръон давоми...

3054 05:00 / 19.01.2017
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида ва масжид бино қилишга амр қилганларида.Эй Бани Нажжор Мен билан давоми...

3571 05:00 / 18.01.2017
1. Маййитнинг онаси ҳар қандай ҳолатда унинг ота ёки она томонидан бўлган момосини ҳажб қилади.2. Маййитнинг ўғли маййитнинг бир ёки бир нечта қиз набираларини ҳажб давоми...

1773 09:20 / 14.10.2019