1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Аёл киши эҳтилом бўлса...

14:05 / 15.12.2019 7781 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ أُمِّ سَلَمَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: جَاءَتْ أُمُّ سُلَيْمٍ إِلَى النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم فَقَالَتْ: يَا رَسُولَ اللهِ، إِنَّ اللهَ لَا يَسْتَحْيِي مِنَ الْحَقِّ فَهَلْ عَلَى الْمَرْأَةِ مِنْ غُسْلٍ إِذَا احْتَلَمَتْ؟ فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: نَعَمْ، إِذَا رَأَتِ الْمَاءَ، فَقَالَتْ أُمُّ سَلَمَةَ: يَا رَسُولَ اللهِ وَتَحْتَلِمُ الْمَرْأَةُ؟ فَقَالَ: تَرِبَتْ يَدَاكِ فَبِمَ يُشْبِهُهَا وَلَدُهَا. رَوَاهُ الثَّلَاثَةُ.

Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Умму Сулайм Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келди ва:

«Эй Аллоҳнинг Расули, албатта, Аллоҳ ҳақдан ҳаё қилмайди. Аёл киши эҳтилом бўлса, ғусл қиладими?» деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ҳа, сувни кўрса» дедилар.

Бас, Умму Салама:

«Эй Аллоҳнинг Расули, аёл киши ҳам эҳтилом бўладими?» деди.

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қўлгинанг қурисин, бўлмаса боласи унга нимадан ўхшар эди?!» дедилар».

Учалалари ривоят қилганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан савол сўраб келган саҳобия аёл – Умму Сулайм ҳазрати Анас ибн Молик розияллоҳу анҳунинг оналари бўлади. У киши Умму Сулайм кунялари ила машҳур бўлганлар. Шунинг учун ҳам исмларини аниқлашда уламоларимиз бир оз тортишганлар. Баъзилари Саҳла десалар, бошқалари Румайла, учинчилари яна бошқа исмни айтганлар.

Умму Сулайм бинти Милҳон Хазражия, Нажжориядирлар. У киши Абу Талҳа розияллоҳу ан­ҳуга турмушга чиққанлар. Умму Сулайм ўта дийндор, аҳли фазл аёллардан бўлганлар. Ўғиллари Анас розияллоҳу анҳуни кичиклик чоғларида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хизматларига берганлар. Шу сабабдан ҳам Пайғамбаримизнинг оилаларига тез-тез келиб турар ва турли ҳодисаларга гувоҳ бўлиб, саволлар сўраб турар эдилар. Умму Сулайм розияллоҳу анҳонинг исм­лари кўпгина ҳадисларда зикр қилинади.

«Эҳтилом» дегани «тушда жинсий яқинликни кўрмоқ», «уйқуда булғанмоқ», деганидир.

Умму Сулайм розияллоҳу анҳо одатда аёл киши эркак кишидан сўрашга ҳаё қиладиган саволни сўрашдан олдин:

«Эй Аллоҳнинг Расули, албатта, Аллоҳ ҳақдан ҳаё қилмайди» дедилар. Бу, шунинг учун мен ҳам ҳаё қилмай, бир ҳақ нарсани сўрамоқчиман, деганларидир. Мен сўрайдиган савол аслида ҳаё қилиш лозим нарса. Лекин ҳақни билиш йўлида ҳаё қилмаслигимга ижозат беринг, деганларидир.

Ҳамма мусулмон халқларда ҳам ҳаёли нарсаларни сўрашдан олдин шунга ўхшаш узр маъносидаги, мисол учун, баъзи жойларда «энди «шариатда шарм йўқ», сўрайверамиз-да», каби иборалар ишлатилади ва ҳоказо.

Мазкур муқаддимадан сўнг Умму Сулайм розияллоҳу анҳо бевосита саволга ўтиб:

«Аёл киши эҳтилом бўлса, ғусл қиладими?» деди.

Бу саволни Пайғамбаримиздан фақат Умму Сулаймгина сўраган эмас. Балки бир неча саҳобия аёллар ҳам сўраганлар. Жумладан, Хавла бинти Ҳакийм, Бусра ва Саҳла бинти Суҳайл розияллоҳу анҳумолар ҳам сўраганлар ва уларнинг ҳадисларини муҳаддисларимиз ривоят қилганлар.

Эҳтимол, у кишилар шу ҳолатни бошларидан кечирганлар ва дийнимизнинг бу борадаги ҳукмини аниқлаб олиш учун, гуноҳкор бўлмаслик учун уятни йиғиштириб, савол берганлар. Аллоҳ улардан рози бўлсин, уларнинг шаръий ва илмий жасоратларидан ҳосил бўлган фойдадан мусулмонлар авлоддан-авлодга фойдаланиб келмоқдалар.

Умму Сулайм розияллоҳу анҳонинг саволларига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ҳа, сувни кўрса», дедилар.

Яъни, хотин киши тушида жинсий алоқани кўрса-ю, кейин манийни кўрса ёки сезса, унга ғусл вожиб бўлади. Аммо тушида жинсий алоқани кўрса-ю, кийимида, баданида маний кўрмаса, бошқа бир аломатни сезмаса, ғусл қилмайди. Бу ҳукм эркак кишига ҳам тегишли. Аксинча, тушида ҳеч нарсани кўрмаса ҳам, лекин манийни кўрса, ғусл қилади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Умму Сулайм розияллоҳу анҳонинг ораларида бўлиб ўтаётган бу савол-жавобни эшитиб турган Умму Салама онамиз ҳам уялдилар (бош­қа ривоятда «Умму Салама юзини беркитиб олди», дейилган), ҳам ажабландилар. Шунинг учун Пай­ғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга савол бериб:

«Эй Аллоҳнинг Расули, аёл киши ҳам эҳтилом бўладими?» деди.

Умму Салама онамизнинг бу саволларидан баъзи аёллар эҳтилом бўлмасликлари билинади. Бўлмаса, у киши бу саволни бермас эдилар. Умму Салама онамизнинг бу саволларига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қўлгинанг қурисин, бўлмаса боласи унга нимадан ўхшар эди?!» деб жавоб бердилар.

«Қўлинг қурисин» ибораси арабчада «тарибат ядаак» дейилади. Маъноси эса «қўлинг тупроққа қоришсин», яъни, «камбағал бўлгин», деганидир. Лекин арабларда яхши маънода ҳам ишлатилаверади. У фақат ёмон дуо деб тушунилмайди. Бунга ўхшаш иборалар бошқа мусулмон халқларда ҳам бор. Мисол учун, баъзи жойларда «ҳа, шўринг қурисин-а», дейилади.

Демак, боланинг ота-онасига ўхшаши бежиз эмас экан. Аёл кишида ҳам маний мавжуд экан. Фақат баъзи аёлларда жинсий алоқадан бошқа пайтда, масалан, уйқуда ҳам маний чиқар экан.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Шариатдаги ҳақни билиш учун ҳаё қилмаслик.

2. Саҳобия аёлларнинг ҳақни билишга қизиққанлари.

3. Аёл кишининг эҳтилом бўлиши.

4. Аёл киши эҳтиломдан кейин маний сувини кўрса ёки сезса, унга ғусл вожиб бўлиши.

5. Эҳтиломдан кейин сувни кўрмаса, ғусл вожиб эмаслиги.

6. Аёл кишида маний суви борлиги.

7. Баъзи аёллар эҳтилом бўлмаслиги.

8. Боланинг ота-онага ўхшаши уларнинг манийси орқали бўлиши.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
272. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким бир илмдан сўралсаю, шунда у ўшани яширса, Қиёмат куни Аллоҳ уни давоми...

2053 19:00 / 08.09.2023
873. Собит ибн Заҳҳок розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким Ислом миллатидан бошқа нарса билан ёлғон қасам ичса, у ўзи давоми...

2895 19:00 / 31.03.2023
414. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Муозни Яманга юбораётиб қуйидагиларни айтдилар .Албатта, сен давоми...

675 19:00 / 03 май
572. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Бирортангиз чап қўли билан емасин ва чап қўли билан ичмасин. давоми...

3487 20:00 / 15.10.2021