1446 йил 23 жумадул аввал | 2024 йил 25 ноябрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Бахтиёр оила

Туғилган фарзанд қиз бўлса (биринчи мақола)

12:14 / 14.12.2019 4012 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бизнинг динимизда туғилган фарзанд қиз бўлса, қувончни бўрттириброқ қилиш тавсия этилади. Одатда, ўғил туғилганда хурсандчилик каттароқ бўлади. Аммо, шариатда айнан қиз туғилганда хурсандчиликни каттароқ қилишнинг тавсия этилиши жоҳилият амалига қарши иш юритиш учундир. Чунки жоҳилият даврида оилада қиз фарзанд туғилса, мотам тутилар, хафа бўлинар ва ҳатто қизларни тириклай кўмиб юборишгача борилар эди. Ана ўша, аёл зотини хорлашдек инсониятга ор бўлган тубан ишга том маънода тескари иш олиб бориш мусулмонларга топширилди.

Аллоҳ таоло ер юзига Ислом нурини юбора бошлаган вақтда бутун дунё жаҳолат ботқоғига ботган эди. Чор атрофда жоҳиллик, адолатсизлик, зулм ва жабру ситам ҳукм сурарди. Айниқса, аёлларга тегишли масалаларда бу салбий ишлар авж олиб, энг чўққига чиққан эди. Аёл киши барча инсоний ҳақлардан маҳрум қилинган эди. Ҳатто аёлни одам ўрнида кўрмайдиган тоифалар бор эди.

Fарбга, насоролар оламига назар соладиган бўлсак, уларда алоҳида «илмий» йиғилиш ўтказилиб, ўша вақтдаги раҳнамолар томонидан «Аёл эркакни йўлдан уриш учун яратилган шайтондир, унга кўзи тушган одам ҳам гуноҳкор бўлади. Аёл ҳавони булғатмаслиги учун оғзига тўсиқ тутиб юриши керак» деган қарорлар қабул қилинганини кўрамиз. Аҳли китоб бўлмиш насоролардан келгани шу бўлганидан кейин, бошқа тоифаларни қўяверинг.

Шарққа назар соладиган бўлсак, ундаги энг қадимги маданият соҳиби дейилган Ҳиндистонда ўлган эркакнинг насийбаси ўзи билан кетиши учун тирик хотинини унга қўшиб, куйдирилганинининг гувоҳи бўламиз.

Арабистондаги жоҳилият тузумида эса, аёлга дунёнинг матоҳи сифатида қараларди. У эркак кишига матоҳ эди, гўё. Аёл киши эркак кишининг шаҳвати учун керак эди. Жинсий алоқаларда ким нимани хоҳласа, шуни қиларди. Оила масаласи жуда оғир аҳволда эди. Аёл кишини молу мулкка қўшиб, мерос қилиб олиш оддий ҳол эди. Аёлга қилинган паст муносабатлар, унга етказилган турли зулмлар мисоли бир қанча сура ва оятларда келган.

Ислом дини мукаммал илоҳий тузум ўлароқ, дунёдаги мавжуд барча нуқсонларни, жумладан, инсониятнинг нафис қисми саналмиш аёлларга бўлган муносабатдаги мавжуд нуқсонларни ҳам тузатишга киришди. Бунинг учун жоҳилиятнинг аёл зотига нисбатан бўлган муносабати қаттиқ қораланди.

Жоҳилият даврида қиз фарзанд ор-номус ҳисобланар эди. Шунинг учун мушриклардан ҳеч ким қиз фарзанд кўришни хоҳламас эди. Қуръони Карим ушбу ҳолатни қаттиқ танқид қилди.

Аллоҳ таоло «Наҳл» сурасида шундай дейди:

«Қачонки улардан бирига қизнинг хушхабари берилса, ғам-аламга тўлиб, юзи қорайиб кетур» (58‑оят).

Мушрикларнинг бирортасига оиласида қиз бола туғилгани ҳақида хушхабар берилса, хафа бўлганидан, ғам-аламга тўлганидан юзи қорайиб кетар эди.

«Унга берилган хушхабарнинг ёмонлигидан (уялиб) қавмидан беркинур. У(қиз)ни хорлик-ла олиб қолсамикин ёки тупроққа кўмсамикин? Огоҳ бўлинг! Қилаётган ҳукмлари нақадар ёмон» (59‑оят).

Мушрикларнинг гумроҳлиги шу даражада эдики, улардан бирортаси ўз оиласида қиз фарзанд туғилганини эшитса, бу хабарнинг «ёмон»лигидан уялиб, одамлар кўзидан беркиниб юрган. Одамларга кўринишни хоҳламаган. Қиз кўрибсан, деб уни мазаммат қилишларидан қўрққан. Ўша беркиниб юрган ҳолида у, бу қизни нима қилсам экан, деб ўйлайди. Ўзимга ор-номус қилиб, олиб юраверсаммикан ёки ерга кўмиб юборсаммикан, деб хаёл суради.

«Огоҳ бўлинг! Қилаётган ҳукмлари нақадар ёмон».

Эй одамлар, огоҳ бўлинглар! Мушрикларнинг қиз бола ҳақидаги ҳукмлари нақадар ёмон.

Қуръони Карим жоҳилият аҳлининг аёл зотига нисбатан адолатсизлигини танқид қилиш билан кифояланиб қолмади, балки уларнинг бу ишларидан Қиёматда сўралажаклари, қилмишларининг жазосини тортишлари ҳақида хабар берди.

Аллоҳ таоло «Таквир» сурасида шундай деб марҳамат қилади:

«Ва вақтики, тириклай кўмилган қиздан сўралса.

У нима гуноҳ учун ўлдирилган?» (8–9‑оятлар).

Исломдан аввалги жоҳилият даврида, юқорида таъкидланганидек, арабларнинг кўплаб ноинсоний, ваҳшиёна урф-одатлари бор эди. Жумладан, уларда қиз болани таҳқирлаш ҳаддан зиёд эди. Ҳаттоки, катта бўлса, урушларда қатнаша олмайди, қайтага, асир тушиб, бизга шармандалик келтиради, деб, қиз болаларни тириклай кўмиб юборар эдилар. Ушбу икки оятда мушрикларнинг бу иши қаттиқ қораланмоқда ва Қиёмат куни бу ҳақда савол-жавоб бўлиши таъкидланмоқда.

Табиийки, Қиёмат куни фақат шу мазкур нарса ҳақидагина савол-жавоб бўлмайди. Балки заррача, мисқолча амал ҳақида ҳам савол-жавоб бўлади. Аммо, нима учун айнан қиз болани тириклай кўмиб юбориш иши ҳақида алоҳида таъкидланмоқда? Бу, аввало, ушбу ояти карималар нозил бўлаётган давр талаби шу эканининг далолатидир. Ушбу оятлар Исломнинг дастлабки даврида нозил бўлган. Ўша вақтда нозил бўлаётган оятлар калимаи тавҳидга, соф иймон ва эътиқодга чақириб, ширк, куфр ва бузуқ эътиқодлардан қайтариш билан бирга, мўминлик фазилатларига даъват қилиб, кофирлик разолатларидан қайтарар эди. Ўша пайт жоҳилиятининг кўзга кўринган разолатларидан бири эса, аёл жинсини паст санаш, одам ўрнида кўрмаслик ва ўша тасаввурнинг самараси ўлароқ, қизларни тириклай кўмиб юбориш одати эди.

Энг муҳими эса, бу оят Ислом дини, дунёда биринчи бўлиб, аёл жинсини улуғлаш борасида ёлғиз ўзи кураш бошлаганининг далолатидир. Ҳа, ўша даврда аёлларнинг инсонлик ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган Исломдан бошқа томон йўқ эди. Ана шундай бир пайтда Ислом аёл жинси ҳам тўлақонли одам сифатида, Аллоҳ таоло мукаррам этган инсон сифатида ўз ҳаққини олиши учун кураш бошлади. Ўша пайтда нозил бўлган ояти карималар аёл ҳақидаги Исломий таълимотларни баён қилиш билан бирга, аёл жинсини ерга урувчи жоҳилий урф-одатлар ва қонун-қоидаларни чилпарчин қилиб ташлар эди. Ана ўша нарсалардан энг кўзга кўрингани, қизларни тириклайин кўмиб юбориб, у келтирадиган ор-номусдан қутулдим, деб, ғурур билан гердайиб юриш эди. Ўша вақт одамларининг гувоҳлик беришларича, қиз бола 4–5 ёшларга етганда, ота уни кўмиб ташламоқчи бўлса, онасига: «Қизимизни ясантириб бер, ўйнатиб келай», дер эди. Бечора она «ўйнатиб келиш» нима эканини яхши билса ҳам, жоҳилият қонунига қарши чиқа олмас эди. У юрак-бағри тилка-пора бўлган ҳолда, қон ютиб, ўз жигаргўшасини бешафқат эрига ясантириб берарди. «Ота» номидаги махлуқ бўлса, қизни овлоқроқ бир жойга олиб борар, унга ўйинчоқ бериб, ўйнатиб қўйиб, ўзи чуқур қазир эди. Чуқур тайёр бўлганда қизни ўшанга тушиб ўйнашга амр этар ва чуқурда ўйнаб турган гўдакни ўйини, ўйинчоғи билан шафқатсизларча кўмиб ташлар эди. Инсон номига доғ бўлган бу иш жоҳилиятнинг қинғир тарозисида «юқори даража» деб тортилар, бу ишга ҳеч ким қарши чиқа олмас эди. Ўша ноинсоний одатга биринчи бўлиб, Ислом қарши чиқди.

«Таквир» сурасининг аввалидан бошлаб, Қиёмат қўрқинчлари васф қилинган. Бу оятларни ўқиган, эшитган инсон қўрқинчдан даҳшатга тушади. «Ўшандай кунда одамларнинг ҳоли нима бўлар экан?» деган савол пайдо бўлади. Ана шундай изтиробли бир ҳолатда турган инсонга, биринчи бўлиб, тириклайин кўмиб ташланган қизларнинг нима гуноҳи учун кўмилганлари сабаби уларни кўмганлар ва кўмишга ҳукм чиқарганлардан сўралиши таъкидлаб айтилмоқда.

Дарҳақиқат, жажжи қизчалар қайси гуноҳлари учун бунчалик бешафқатлик билан ўлдирилар эди? У осуда гўдакларнинг нима гуноҳи бор эди? Ҳали улар гуноҳ қилиш ёшига етмаган норасида эдилар-ку?! Ҳа, адолат, ҳақиқат назари билан қараладиган бўлса, у қизчаларнинг заррача ҳам гуноҳлари йўқ эди. Аммо, жоҳилият назарида уларнинг айблари жуда ҳам катта – «қиз» бўлиб туғилганлари эди.

Қуръони Карим мазкура ҳимоясиз қизларга ҳомий бўлди. Уларнинг ҳаёт кечириш ҳақларини ҳимоя қилди. Қиз болаларни тириклай кўмганлар Қиёмат куни энг аввал шундан сўралишлари асрлар давомида, Қиёматгача ибодат учун ўқиладиган оятларга битиб қўйилди.

Аллоҳнинг охирги ва мукаммал дини бўлмиш Ислом аёлга тўлақонли инсон сифатида қараш масаласини ўртага қўйди. Аёлларга қилинаётган зулм, жабр ва ситамни кесишга киришди.

Ислом биринчи бўлиб, аёл киши ҳам худди эркак кишидек, тўлақонли инсон эканини эълон қилди. Бу маъно Қуръони Каримнинг бир қанча оятларида қайта-қайта баён этилди.

Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида шундай деб марҳамат қилади:

 «Эй одамлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан унинг жуфтини яратиб, икковларидан кўплаб эркагу аёллар таратган Роббингиздан қўрқинглар!» (1‑оят).

Демак, одамликда, инсонликда эркак ва аёл тенг, эркакнинг аёлдан устунлиги йўқ.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёллар ҳам эркаклар каби инсон эканини эълон қилдилар.
(Давоми бор)

Бахтиёр оила китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
islom.uz middot 68 ndash Ота ndash онанинг ҳақлар1Отаонани ҳурматлаш, эъзозлаш масаласида ҳеч бир тузум ёки тарбия воситаси Исломга тенг ҳам, яқин ҳам кела олмайди. Отаонанинг давоми...

3225 10:08 / 20.05.2020
.Совчилик, дегани муайян бир аёл ёки қизга уйланиш истагини унинг ўзига ёки валийсига билдиришдир. Аслида, аёл кишининг ўзи ёки яқинлари томонидан куёвнинг ўзига давоми...

4142 12:00 / 03.12.2018
Исломда никоҳга бўлган аҳамият фақат унга тарғиб қилиш ва беникоҳликни қоралаш билангина чекланиб қолмаган, балки ишбошиларга ndash етакчи кучларга ўз давоми...

3299 09:02 / 06 ноябрь
иккинчи мақола Духул қилинмаган хотинга .сен уч талоқсан, деса, айтгани тушади.Уламолар жумҳури, жумладан, тўрт мазҳаб фуқаҳолари ҳам .Бир лафз билан айтилган .уч давоми...

1342 11:00 / 07.01.2023
Аудиолар

135348 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55598 14:35 / 11.08.2021