1446 йил 26 жумадис сони | 2024 йил 28 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Намоз тоатларнинг дуридир

14:00 / 19.09.2021 3397 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Нафсни поклаш ва ахлоқни сайқаллаш борасидаги воситалардан бири намоздир.

Намоз диннинг устунидир.

Намоз тоатларнинг дуридир.

Намоз нафсни поклаш ва ахлоқни сайқаллашнинг белгиси ва ўлчовидир.

Намоз ибодат, тавҳид ва шукр маъноларини чуқурлаштирувчи воситадир.

Намознинг аҳамияти Қуръони Каримда бир қанча оятларда таъкидланган.

Аллоҳ таоло Анкабут сурасида марҳамат қилади:

«Сенга китобдан ваҳий қилинган нарсани тиловат қил ва намозни тўкис адо эт, албатта, намоз фаҳш ва мункардан қайтарур. Албатта, Аллоҳнинг зикри улуғдир. Аллоҳ нима қилаётганингизни билур» (45-оят).

Биз «намозни тўкис адо эт», деб таржима қилган жумлани тўғридан-тўғри, сўзма-сўз ўзбекчага ўгирадиган бўлсак, «намозни тик турғиз» деган маъно келиб чиқади.

Демак, намоз ўқиш билан намозни тик турғизиш, яъни тўкис адо этиш орасида фарқ бор. Аллоҳ таоло Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга «Намоз ўқи», деб эмас, «Намозни тўкис адо эт», деб хитоб қилмоқда. Ҳа, тўкис адо қилинганда, «Албатта, намоз фаҳш ва мункар ишлардан қайтарур».

Мана шу нуқтадан кимнинг намози ҳақиқий, кимники сохта эканини билиб оламиз. Намозни ҳамма ҳам ўқийверади, лекин намозхон фаҳш ва мункар ишлардан қайтмаса, унинг ўқиган намози ҳақиқий бўлмайди. Қачонки намозхон намозни тўкис адо қилса, фаҳш ва мункар ишлардан қайтади.

Ҳасан розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бир намоз ўқиса-ю, намози уни фаҳш ва мункар ишлардан қайтармаса, у кишининг ўз намози ила Аллоҳдан узоқ бўлиш зиёда бўлади, холос», деганлар».

Чунки намоз Аллоҳнинг зикридир.

«Албатта, Аллоҳнинг зикри улуғдир».

Дунёда Аллоҳни зикр этишдан буюкроқ амал йўқдир.

«Аллоҳ нима қилаётганингизни билур».

Жумладан, намозни тўла-тўкис адо этсангиз ҳам, чала, ноқис ўқисангиз ҳам билур. Ундан ҳеч бир иш махфий бўлиб қолмайди.

Ушбу ишда ҳам иймон синови, ҳақиқий мўминни мунофиқдан ажратиш омили яққол кўриниб турибди. Ҳақиқий мўмин синовларга бардош бериб, намозини тўкис адо қилади.

Аллоҳ таоло Муъминун сурасида марҳамат қилади:

«Батаҳқиқ, мўминлар зафар топдилар. Улар намозларида хушуъ қилувчилардир» (1-2-оятлар).

Ушбу оят ила Аллоҳ таоло мўминларнинг зафар топишларига очиқ-ойдин, таъкидланган ваъда бермоқда. Аввалида «батаҳқиқ» сўзи билан бошланган жумла шунга далолат қилади. Қолаверса, жумланинг охирида «зафар топдилар», деб зафар бўлишига ҳеч қандай шубҳа қўймаяпти. Аслида «зафар топадилар» дейилиши керак эди. Аммо «зафар топдилар» дейиш «зафар топадилар» маъносидан ҳам кучлидир.

«Хушуъ» қўрқув билан сукунатнинг бирга қўшилганидир. Мазкур зафарга эришувчи мўминларнинг сифатларидан бири намоз ўқиганларида Аллоҳ таоло мақоми ҳузурида қалбларини, вужудларини, ҳаракату саканотларини қўрқинч ва сокинлик ўраб олишидир. Бу ҳолат эса фақат намозни олий даражада қойилмақом қилиб адо этадиган мўминлардагина бўлади.

Ўша мақомга етган мўмин зафардан умид этишнинг битта сабабини ўзида мужассам қилган бўлади. Намозни хушуъ билан ўқимайдиган, қалбида, вужудида, ҳаракату саканотида Аллоҳдан ҳайиқиш ва сокинлик ёғилиб турмайдиган одам намоздаги ҳолатини ўйлаб кўрсин, тезда ўзини ўнглаб олсин.

Аллоҳ таоло Ҳаж сурасида марҳамат қилади:

«Тавозеълиларга башорат бер. Улар Аллоҳ зикр қилинганда қалблари титрайдиган ва ўзларига етган мусибатга сабр қилувчилар ҳамда намозни тўкис адо этувчилардир, уларга ризқ қилиб берган нарсамиздан инфоқ қиладилар» (34-35-оятлар).

Ҳамма фақат Аллоҳ таолонинг Ўзигагина таслим бўлиб, итоат этиши керак. Унгагина иймон келтириб, мусулмон бўлиши керак. Ана ўшандагина икки дунё саодатига эришади.

Қуйидаги жумлаларда васфи келган бандалар мазкур башоратга ҳақли бўладилар:

«Тавозеълиларга башорат бер».

«Аллоҳ таолога тоат қилиб, ўзини тавозеъли тутган бандаларга башорат бер. Эй Пайғамбар, эй улуғ шаън соҳиби!»

Уларнинг васфлари қуйидагича:

«Улар Аллоҳ зикр қилинганда, қалблари титрайдиган...»

Яъни уларнинг қалблари шунчалар пок, Аллоҳнинг муҳаббатига тўлиқки, уларга тарғиб-ташвиқнинг ҳам кераги йўқ. Аллоҳ таолонинг номи зикр қилинса, бас, қалблари титраб кетади.

«...ва ўзларига етган мусибатга сабр қилувчилар...»

Мусибат етганда жазавага тушмайдилар, сабрсизлик қилмайдилар, балки Аллоҳнинг қазосига рози бўлиб, сабр этадилар.

«...намозни тўкис адо этувчилардир...»

Намозни тўкис адо этмасдан туриб, башоратдан умидвор бўлиш асло мумкин эмас.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўплаб ҳадиси шарифларида ҳам намознинг аҳамияти ва фазли ҳақида баёнотлар келган.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا ، عَنِ النَّبِيِّ ﷺ قَالَ: «أَرَأَيْتُمْ لَوْ أَنَّ نَهَرًا بِبَابِ أَحَدِكُمْ يَغْتَسِلُ مِنْهُ كُلَّ يَوْمٍ خَمْسَ مَرَّاتٍ هَلْ يَبْقَى مِنْ دَرَنِهِ شَيْءٌ؟» قَالُوا: لَا يَبْقَى مِنْ دَرَنِهِ شَيْءٌ، قَالَ: «فَذَلِكَ مِثْلُ الصَّلَوَاتِ الْخَمْسِ، يَمْحُو اللهُ بِهِنَّ الْخَطَايَا». رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا أَبَا دَاوُدَ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Айтинглар-чи, агар бирингизнинг эшиги олдида анҳор бўлса, у ўшанда ҳар куни беш марта ювиниб турса, унинг киридан бирор нарса қоладими?» дедилар.

«Унинг киридан ҳеч нарса қолмайди», дейишди.

 «Худди шунга ўхшаб, Аллоҳ беш вақт намоз ила хатоларни ювади», дедилар у зот».

Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.

 «Руҳий тарбия» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Маййитга жаноза ўқиш ва уни дафн этиш пайтида, айниқса, лаҳад оғзи ёпилаётган пайтда кишини қўрқув қамраб олади. Одамлар маййитни тезроқ дафн этишга давоми...

3822 15:01 / 10.02.2022
Қуръони Каримда зикр қилинган, дунё ва охиратда нажот топгувчилар қуйидагилар1. Ғайбга ишонувчилар.2. Намозни адо қилувчилар.3. Закоти нисобга етса уни адо давоми...

3173 09:00 / 09.06.2021
Исиғфор арабча сўз бўлиб, она тилимизга таржима қилганда Aллоҳдан гуноҳларни кечиришини сўраш деган маънони билдиради. Aстағфируллоҳ дегани Aллоҳдан гуноҳларимни давоми...

2526 19:00 / 05.07.2022
1933 йилда Франклин Рузвельт Америка Қўшма Штатларига президент этиб сайланди. У пайтлар Америкага ҳавас қилиб бўлмас эди. Мамлакат ҳар томонлама касодга учраган давоми...

1843 16:00 / 29.10.2023