1447 йил 26 ражаб | 2026 йил 15 январь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Азҳар масжиди

16:05 / 02.12.2019 1980 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мисрда жойлашган дунёдаги энг кўҳна ва салоҳиятли Ислом дорилфунуни, жомеъ масжиди ва мадрасалардан иборат мажмуа Азҳар номи билан аталади. У фотимийлар саркардаси Жавҳар Сақалий томонидан ҳижрий 358 йили Қоҳира билан бир вақтда қурила бошлаган. Дунёга машҳур Азҳар масжиди 970–972 йиллари қурилган. Масжиднинг шундоққина ёнидаги тор кўчада талабалар ўртасида ниҳоятда машҳур китоб расталари жойлашган. Бу ердаги хилма-хил китобнинг кўплигини кўриб ҳар қандай одамнинг ҳуши бошдан учади. Биз ҳам ярим соатча китоб расталарини айландик, турли ҳажмдаги бир неча мусҳаф харид қилдик.

Сўнгра масжид ичига кирдик. Бу ерда таъмирлаш ишлари кетаётган бўлса-да, юз ва эллик кишилик дарсхоналарда машғулотлар тўхтамай давом этар, қурувчилар эса ишни бемалол давом эттиришар эди. Рўпарамиздаги дарс ҳалқасида анъанага мувофиқ мударрислар кийимини кийган, анча кексайиб қолган шайх Индонезия ва Малайзия талабаларига дарс ўтаётган экан. Машғулотлар жуда эркин борар, ерга тўшалган гилам устига чўккалаб олган йигит-қизлар устозлари билан бемалол савол-жавоб қилишар, шайх ҳам уларнинг саволларига эринмай жавоб қайтарар эди. Талабаларнинг билимга ташналигини шу воқеадан ҳам билиб олса бўлади: бир ҳалқада дарс ўтаётган шайх ё чарчади, ё машғулотга ажратган вақти тугади, ўрнидан туриб, масжид дарвозасига қараб юрди. Шунда ҳам талабалар уни ҳоли-жонига қўймай йўл-йўлакай савол беришар, устоз ҳам уларга жавоб беришдан зерикмасди.

Шаҳар қурилган пайтда фотимий ҳукмдорлар ўзлари учун муҳташам сарой қуриш билан бир пайтда Азҳар масжидига ҳам асос солишган ва Пайғамбар алайҳиссаломнинг қизлари Фотимаи Заҳронинг сифатига хослаб «Азҳар» (порлаб турувчи) деб номлашган эди. Энг қизиғи, масжид билан бир пайтда қурилган фотимийлар саройидан ном-нишон қолмади, аммо масжид ҳамон миллионлаб кишилар талпинадиган илм-маърифат маркази сифатида яшаб келяпти. Минг йиллар мобайнида масжид бир неча марта қайта таъмирланди, Мисрнинг барча мусулмон амирлари ўз дидига мослаб унга ўзгартиришлар киритишди. Масжидда аҳли суннага кирувчи тўрт мазҳаб бўйича дарс ўтиладиган мактаб-мадраса ва дарс халқалари ҳамон ишлаб келяпти.

«Азҳар»нинг барча шоҳобчаларида таълим олаётганлар сони ҳозир бир миллион кишига етади. Уларга олти мингдан зиёд уламо ва мударрис сабоқ беради. Биргина 2001 йилда унда қирқ минг хорижлик талаба ўқиган, умуман саксон беш минг киши олий маълумот (бакалавр) дипломини олган. «Ал-Азҳар»дан Муҳаммад Ғаззолий, Имом Жодул Ҳақ, Юсуф Қарзовий, Мутавалли Шаъроний каби дунёга машҳур олимлар етишиб чиққан.

Азҳар масжиди бутун тарихи давомида турли ҳукмдорлар томонидан бир неча марта таъмирланди ва қайта қурилди. Лекин шунга қарамай масжиднинг асл қиёфаси деярли ўзгармай келяпти. Ҳозирда масжиднинг умумий майдони энига 120, бўйига эса 130 метрни ташкил этади. Унинг ички ҳовлисини 380 та тош устун кўтариб турган катта айвонлар ўраб олган.

 Тошкент Ислом маъҳади мударриси Валихон Азимбоев

 

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Юсуф Исфаҳоний раҳимаҳуллоҳ Мусойсада жанозага қатнашдилар. У зот қабристонда Абу Исҳоқ Фузорий билан Махлад ибн Ҳусайннинг қабрлари давоми...

1930 08:02 / 25.05.2020
Таквир сурасининг аввалидан бошлаб қиёмат қўрқинчлари васф қилинган. Бу оятларни ўқиган, эшитган инсон қўрқинчдан даҳшатга тушади. .Ўшандай кунда одамларнинг давоми...

5379 08:03 / 22.11.2018
121. Ҳамёнингизда Мусҳаф бўлиши талаб қилинмаган, лекин ахлоқингиз оятда келган хулқлар бўлиши яъни Қуръондаги хулқлар билан хулқланишингиз талаб қилинган.122. давоми...

4981 18:14 / 06.04.2017
Закариё Абдий Иброҳим Нахаий ҳақида шундай дейди У бетоб бўлиб қолгач, йиғлади. Ундан Эй Абу Имрон, нега йиғлаяпсанrdquo деб сўрашди. У Қандай қилиб йиғламай, ахир давоми...

3614 12:01 / 19.11.2018