1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Бахтиёр оила

Фарзандингизга чиройли исм қўйинг! (иккинчи мақола)

13:00 / 13.11.2019 2193 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Умму Роита бинти Муслимдан, у отасидан ривоят қилинади:

عَنْ أُمِّ رَائِطَةَ بِنْتِ مُسْلِمٍ، عَنْ أَبِيهَا قَالَ: شَهِدْتُ مَعَ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم حُنَيْنًا فَقَالَ لِي: مَا اسْمُكَ؟ قُلْتُ: غُرَابٌ. قَالَ: لَا، بَلِ اسْمُكَ مُسْلِمٌ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ.о

«Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга Ҳунайн ғазотида иштирок этдим. У зот менга:

«Исминг нима?» – дедилар.

«Fуроб» (Қарға), – дедим.

«Йўқ, балки сенинг исминг Муслим», – дедилар».

Бухорий ривоят қилган.

Ҳунайн ғазоти Маккаи Мукаррама фатҳидан кейин бўлган машҳур ғазотдир. Ровий шу ғазотда иштирок этган эканлар. Исмлари Fуроб, яъни Қарға экан, чунки ўша пайтда фарзанд кўрган ота‑она уйдан ҳовлига чиқиб, кўзига нима кўринса, ўшани фарзандига исм қилиб қўйиш одати бор экан. Ҳаттоки, Тезак, Ит каби исмлар ҳам учраб турар экан. Ровийнинг оталари ҳам шу одат бўйича, қарғани кўриб қолиб, шундай исм қўйган бўлсалар керак.

Демак, Муслим деган исм ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалардан бирига қўйган исмлардан экан. Буни ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам танлаган исм сифатида яхши кўриб, ўғилларимизга қўйишимиз мумкин экан. Қизларга эса, Муслима исмини қўйиш одатга айланганлиги мақтовга сазовордир.

عَنْ شُرَيْحِ بْنِ هَانِئٍ قَالَ: حَدَّثَنِي هَانِئُ بْنُ يَزِيدٍ أَنَّهُ لَمَّا وَفَدَ إِلَى النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم مَعَ قَوْمِهِ، فَسَمِعَهُمُ النَّبِيُّ r وَهُمْ يُكَنُّونَهُ بِأَبِي الْحَكَمِ، فَدَعَاهُ النَّبِيُّ r فَقَالَ: إِنَّ اللهَ هُوَ الْحَكَمُ، وَإِلَيْهِ الْحُكْمُ، فَلِمَ تَكَنَّيْتَ بِأَبِي الْحَكَمِ؟ قَالَ: لَا، وَلَكِنَّ قَوْمِي إِذَا اخْتَلَفُوا فِي شَيْءٍ أَتَوْنِي فَحَكَمْتُ بَيْنَهُمْ، فَرَضِيَ كِلَا الْفَرِيقَيْنِ. قَالَ: مَا أَحْسَنَ هَذَا! ثُمَّ قَالَ: مَا لَكَ مِنَ الْوَلَدِ؟ قُلْتُ: لِي شُرَيْحٌ وَعَبْدُ اللهِ وَمُسْلِمٌ بَنُو هَانِئٍ. قَالَ: فَمَنْ أَكْبَرُهُمْ؟ قُلْتُ: شُرَيْحٌ. قَالَ: فَأَنْتَ أَبُو شُرَيْحٍ، وَدَعَا لَهُ وَلِوَلَدِهِ. وَسَمِعَ النَّبِيُّ r يُسَمُّونَ رَجُلًا مِنْهُمْ عَبْدَ الْحَجَرِ، فَقَالَ النَّبِيُّ r: مَا اسْمُكَ؟ قَالَ: عَبْدُ الْحَجَرِ. قَالَ: لَا، أَنْتَ عَبْدُ اللهِ. قَالَ شُرَيْحٌ: وَإِنَّ هَانِئًا لَمَّا حَضَرَ رَجُوعُهُ إِلَى بِلَادِهِ أَتَى النَّبِيَّ r فَقَالَ: أَخْبِرْنِي بِأَيِّ شَيْءٍ يُوْجَبُ لِيَ الْجَنَّةُ؟ قَالَ: عَلَيْكَ بِحُسْنِ الكَلَامِ، وَبَذْلِ الطَّعَامِ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ.

Шурайҳ ибн Ҳониъдан ривоят қилинади:

«Ҳониъ ибн Язийд менга қуйидагиларни айтиб берди:

У ўз қавмининг гуруҳи билан Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига борганида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уни Абулҳакам, деб чақиришаётганини эшитдилар. Шунда уни ҳузурларига чорлаб:

«Ҳакам Аллоҳдир. Ва ҳукм фақат Уникидир. Нима учун Абулҳакам деган куняни олгансан?» – дедилар.

«Мен олмаганман, қавмим бир нарсада ихтилоф қилиб қолишса, менинг олдимга келишади, мен уларнинг ўртасида ҳукм чиқараман. Шунда икки томон ҳам рози бўлади», – деди.

«Бу қандай ҳам яхши! Нечта боланг бор?» – дедилар.

«Шурайҳ, Абдуллоҳ, Муслим бор, ҳаммалари Ҳониънинг ўғиллари», – дедим.

«Каттаси қай бири?» – дедилар.

«Шурайҳ», – дедим.

«Унда сен Абу Шурайҳсан», – дедилар. Унинг ва болаларининг ҳаққига дуо қилдилар.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг ўзларидан бир кишини Абдулҳажар (Тош бандаси) деяётганини эшитиб қолдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Исминг нима?» – деб сўрадилар. У киши:

«Абдулҳажар», – деди. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Йўқ, сен Абдуллоҳсан», – дедилар».

Шурайҳ айтади: «(Отам) Ҳониъ юртларига қайтадиган пайт келганида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб: «Қайси нарса билан мен учун жаннат вожиб бўлишини менга айтинг», – деган». Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сен гўзал каломни ва одамларга таом улашишни ўзингга лозим тут», – деганлар».

Бухорий ривоят қилган.

Ушбу ҳадисдан маълум бўляптики, мўмин‑мусмонлар ўзларига ёки болаларига турли хил бўлмағур исмларни қўявермасликлари керак. Баъзан бу нарса ҳаддан ошишга олиб келар экан. Масалан, бировни Ҳакам деб, уни Аллоҳнинг сифати билан сифатлаб қўйиш мумкин экан. У кишига, ҳукм чиқаришини эътиборга олиб, шундай куня берилганлиги Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ёқмаган. Шунинг учун тўнғич ўғилларининг исмини куня қилиб олишни тавсия қилганлар. Абдулҳажар (Тошнинг бандаси) исмли кишининг ҳам исмини Абдуллоҳ (Аллоҳнинг бандаси) деб ўзгартирганлар.

عَنْ بَشِيرِ بْنِ مَعْبَدٍ السُّدُوسِيِّ، وَكَانَ اسْمُهُ زَحْمٌ بْنُ مَعْبَدٍ، فَهَاجَرَ إِلَى النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم فَقَالَ: مَا اسْمُكَ؟ قَالَ: زَحْمٌ. قَالَ: بَلْ أَنْتَ بَشِيرٌ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ.

Башийр ибн Маъбад Судусийдан ривоят қилинади:

«Унинг асл исми Заҳм ибн Маъбад эди. Ҳижрат қилиб, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келди. Шунда у зот унга: «Исминг нима?» – дедилар.

«Заҳм», – деди.

«Йўқ, сенинг исминг Башийрдир», – дедилар».

Бухорий ривоят қилган.

Бу ҳадисда айтилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам номаъқул исмни эшитиб, уни маъқул исмга, хунук исмни чиройли исмга, ёмон маъноли исмни гўзал маъноли исмга алмаштириб қўйибдилар.

«Заҳм» сўзи «тиқилинч» деган маънони билдиради. «Башийр» сўзи эса, «башорат», «севинч» маъносини англатади.

Келаси ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нохуш маъноли исмдан шумланиб, уни ўзгартиришни таклиф қилганларида у одам қабул қилмаганининг оқибати нима бўлганлиги баён қилинади.

عَنْ سَعِيدِ بْنِ الْمُسَيَّبِ، عَنْ أَبِيهِ، عَنْ جَدِّهِ أَنَّهُ أَتَى النَّبِيَّ صلى الله عليه وسلم فَقَالَ: مَا اسْمُكَ؟ قَالَ: حَزْنٌ. قَالَ: أَنْتَ سَهْلٌ. قَالَ: لَا أُغَيِّرُ اسْمًا سَمَّانِيهِ أَبِي. قَالَ ابْنُ الْمُسَيَّبِ: فَمَا زَالَتِ الْحُزُونَةُ فِينَا بَعْدُ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ.

Саъийд ибн Мусайябдан, у отасидан, у бобосидан ривоят қилинади:

«У Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига борганида:

«Исминг нима?» – дедилар.

«Ҳазн» (Қўполлик), – деди.

«Сен Саҳлсан», (енгиллик, мулойимлик) – дедилар.

«Отам қўйган исмни ўзгартирмайман», – деди у».

Ибн Мусайяб айтади:

«Шундан бери бизда қўполлик давом этади».

Бухорий ривоят қилган.

Яъни, бобом Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг назарларидан қолганларидан буён ҳозиргача бизнинг оилада қўполлик давом этиб келяпти.

Нотўғри, номаъқул исмни яхшиликка ишора қилувчи исмга ўзгартирмаганликнинг оқибатида бу оилада ана шундай ҳолат кузатилган экан. Бундан Аллоҳ таоло сақласин. Ровийнинг боболари янги исмни эшитиб, ташаккур айтсалар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларини қабул қилсалар, эҳтимол, оилаларида яхшилик, енгиллик, хурсандчилик бўлар эди.

Аксинча, Ҳудайбия ҳодисасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша пайтда душманларнинг раҳбарларидан бири бўлган мушрикнинг исмидан башорат топганлар ва оқибатда ишлар осонлашиб, Ислом тарихидаги энг катта ғалабалардан бири юзага чиққан.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир минг тўрт юз нафар саҳобий билан умрани ният қилиб Мадинадан чиқдилар. Маккаи Мукаррамага яқинлашиб, Ҳудайбияга тушдилар. Мушриклар йўлни тўсдилар. Улар уруш чиқариб, эҳромда турган мусулмонларни қириб ташлаш пайидан бўлдилар. Орада ҳайъатлар юбориб, музокаралар бошланди. Бир неча ҳайъатлар алмашса ҳам, иш юришмади.

Охири Қурайш Пайғамбар алайҳиссалом ҳузурларига Суҳайл ибн Амрни юборди. Унга:

«Сен бориб, Муҳаммад билан сулҳ туз. Сулҳда, албатта, бу йил бизнинг устимизга (Маккага) кирмай кетиши бўлсин, яна араблар, бизнинг устимизга куч ишлатиб кирди, деб гапиришмасин», – дедилар.

Пайғамбар алайҳиссалом Суҳайл ибн Амрнинг келаётганини кўрганларида:

«Аллоҳ ишимизни енгиллаштирадиганга ўхшайди», – дедилар. («Суҳайл» «осонлик», «енгиллик» дегани). Яна:

«Улар бу одамни юборишларидан сулҳ тузишмоқчи шекилли», – дедилар.

Суҳайл Расули акрамнинг ҳузурларига келиб, узоқ гаплашди, улар тортишдилар ва охири сулҳ тузилди. Бу сулҳ Ислом уммат тарихидаги энг қувочли, энг башоратли ҳодисага айланди.

Шунинг учун Аллоҳ таолога бандалик маъносини англатувчи «Абдуллоҳ», «Абдурроҳман», «Абдуссаттор» ва Аллоҳ таолога ҳамд маъносини англатувчи «Ҳамидуллоҳ» каби исмлар яхши исмлар ҳисобланади.

Шунингдек, Набийларнинг, саҳобаларнинг ва ўтган солиҳ аждодларимизнинг исмлари ҳам яхши исмлар ҳисобланади.

Қизларга ҳам ўтган аҳли иймон момоларимизнинг, саҳобия аёлларнинг исмларини ва эзгулик маъносини англатувчи исмларни қўймоқ матлубдир.

амом)

«Бахтиёр оила» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Агар эр муттасил бахиллик қилса, хотин унинг рухсатисиз ўзига керагини олса бўлади. Бир мисолҲинд исмли аёл Пайғамбар алайҳиссаломга эри Абу Суфёндан шикоят давоми...

2842 14:40 / 04.08.2019
Аллоҳ таоло .Нисо, сурасида шундай деб марҳамат қилади .Оталарингиз никоҳлаб олган аёлларни никоҳлаб олманг Аввал ўтгани мустасно. Албатта у фаҳш иш, давоми...

5302 09:01 / 27 ноябрь
.Таълим, арабча .аллама, феълидан олинган масдар бўлиб, бир нарсанинг ҳақиқатини батафсил ва яхшилаб билдириш маъносини англатади. Илм эса бир нарсани воқеъликда давоми...

5619 19:50 / 14.04.2020
Ислом дини оила мустаҳкамлигига катта эътибор қаратган. Чунки оила жамият асоси ва ҳаёт давомчиси бўлган фарзандлар камол топадиган тарбия масканидир. Шу маънода давоми...

1941 16:58 / 19.12.2023