1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Дам солиш ҳақида нималарни биламиз (бешинчи мақола)

16:05 / 12.11.2019 2890 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Нас сураси

Маккада нозил бўлган. 6 оятдан иборат. Қуръони Каримнинг охирги сураси бўлмиш бу сураи каримага ҳам унинг биринчи оятдаги «Нас» сўзи ном бўлиб қолган. «Нас» одамлар дегани.

Бу сураи карима ёмонлик билан яхшилик орасидаги курашни тасвирлайди. Шу билан бир вақтда ёмонликдан узоқда бўлишлик ва ундан ғолиб келишликда Аллоҳ таолодан ёрдам сўрашга ундайди.

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

1. Одамлар Роббисидан.

2. Одамлар подшоҳидан.

3. Одамлар Илоҳидан паноҳ сўрайман.

4. Беркиниб, кўриниб турувчи васвасачининг,

5. Одамлар қалбларига васваса соладиганнинг,

6. Жинлар ва одамлардан бўлганнинг ёмонлигидан, деб айт.

Нас сураси ояти карималари маъноси таржималарини тушунарли бўлиши учун бирданига келтириб олганимиздан кейин, энди, Аллоҳ таолодан мадад сўраган ҳолимизда якка-якка тафсир қилишга ўтайлик.

«Одамлар Роббисидан», яъни одамлар Роббисидан паноҳ сўрайман.

Аллоҳ таолонинг Робб сифати ўзида кўп маънони мужассам қилган: Холиқ, Мураббий ва Мудаббир кабилар. У Зот одамларни йўқдан бор қилиб яратган Холиқ, турли неъматлар ила неъматлантириб ўстирган Мураббий ва доимо ишларни юритиб турувчи Мудаббирдир. Гарчи Аллоҳ таоло барча махлуқотларнинг Роббиси бўлса ҳам, бу ерда одамларни хос зикр қилиниши бандаларни шарафлаш ва икром қилиш учундир. Аллоҳ таоло борлиқдаги барча нарсаларни одамлар учун яратгандир. Уларга ақл, илм, китоб ва шариат берган. Уларга фаришталарни сажда қилдирган. Бинобарин, одамлар махлуқотнинг афзалидир.

«Одамлар подшоҳидан», яъни одамларнинг подшоҳидан, эгасидан паноҳ сўрайман.

Аллоҳ таоло ҳамма халойиқнинг Малики — Подшоҳи ва Эгасидир. Аллоҳнинг эгалиги тўлиқ, шомил ва комилдир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло уларнинг ҳаётини тўла бошқариб, Ўз ҳукмини юритиб туради. Демак, паноҳ тилаш фақатгина ўша Зотнинг Ўзидангина бўлиши лозим.

«Одамлар Илоҳидан паноҳ сўрайман».

Яъни, одамларнинг ибодатига сазовор ягона Зотдан паноҳ сўрайман. Ҳа, барча одамларнинг ибодатига сазовор ягона илоҳ, маъбуд Аллоҳ таолонинг Ўзидир. Бинобарин, одамлар У зотнинг Ўзидангина паноҳ сўрашлари, фақат Унинггина паноҳига қочишлари керак.

Ушбу уч оят ҳақида аллома Исмоил ибн Касир қуйидагиларни ёзадилар: «Ушбулар Робб жалла жалалуҳунинг сифатларидан уч сифатдир: Робблик, Маликлик ва Илоҳлик. У ҳар бир нарсанинг Робби, Эгаси ва Илоҳидир. Ҳамма нарсалар Унинг махлуқи ва мулкидирлар. Бас, паноҳ тиловчи ушбу сифатлар ила сифатланган Зотдан паноҳ сўрашга амр қилинди».

Энди эса, келаси уч оятда мазкур сифатлар ила мавсуф Аллоҳнинг паноҳига ниманинг ёмонлигидан қочиш кераклиги баён қилинади.

«Беркиниб, кўриниб турувчи васвасачининг»

Ушбу оятда зикр қилинган «беркиниб, кўриб турувчи»дан мурод шайтондир. Чунки, у инсон Роббисини зикр қилиб турганда қочиб, беркиниб олади. Шунингдек, банда ўз Роббисини унутса, шайтон дарҳол кўринади ва уни васваса қилишни бошлайди.

Ҳофиз Мусилий ривоят қилган ҳадисда: «Албатта шайтон бурнини одам боласи қалбига қўювчидир. Қачон у Роббисини зикр қилса шайтон беркинади. Қачон у Роббисини унутса, қалбини ром этиб, васваса қила бошлайди», дейилган.

«Одамлар қалбларига васваса соладиганнинг»

Шайтоннинг васвасаси инсон қалбига гуноҳ ишлар қилиш, ўзига эргаштириш, Аллоҳга осий бўлишни зийнатлаб кўрсатади. «Жинлар ва одамлардан бўлганнинг ёмонлигидан, деб айт». Ушбу оят шайтон ҳам одамлардан, ҳам жинлардан бўлишига далилдир. Мўмин-мусулмон инсон доимо ҳам инс шайтон, ҳам жин шайтон васвасасидан, ёмонлигидан паноҳ сўраб Аллоҳга илтижо қилиб турмоғи лозим. Жиндан бўлган вавасачининг иши осонроқ. Аллоҳдан паноҳ сўрасанг, дуоларни ўқисанг, қайтади. Аммо одамдан бўлган васвасачи жуда ҳам хатарли.

Имом Бухорий Оиша онамиздан ривоят қиладилар:

«Набийимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар кеча жойларига ётсалар, икки кафтларига «Қул ҳуваллоҳу аҳад», «Қул аъуузу бироббил фалақ» ва «Қул аъуузу бироббиннаси» суралари ўқиб, дам солиб баданларига суртиб ётардилар».

Фалақ ва Нас суралари бир-бирларига узвий боғлиқдир. Уларнинг нозил бўлиши ҳам бирга бўлган ва доимо бирга зикр қилинади. Ушбу икки сура биргаликда қўшилиб «Муъаввизатайни» — «икки паноҳ тиловчи» деб номланади. Чунки икковлари ҳам «аъузу»–«паноҳ тилайман» сўзи ила бошланади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида ҳам икки муъаввизатайни биргаликда зикр қилинган.

Имом Бухорий, Имом Муслим ва Имом Абу Довудлар ривоят қилган ҳадисда Оиша онамиз розияллоҳу анҳо: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон тоблари қочса, муъаввизатайнни ўқиб дам солар эдилар. У зотнинг дардлари оғирлашганда мен қироат қилиб, баракаси умидида қўлларини суртар эдим», деганлар.
Имом Муслим ва Имом Термизийлар Уқбат ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда: «Менга ушбу кеча нозил қилинган оятларни билдингми? Уларнинг мисли ҳеч кўрилмаган. «Қул аъузи бироббил фалақи», «Қул аъузу бироббиннаси», дедилар.

Имом Абу Довуд ва Имом Насаийлар Уқбат ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туяларини сафарда етаклаб борардим. У зот: «Эй Уқба, энг яхши икки сурани сенга ўргатиб қўяйми?» дедилар ва «Қул аъузу бироббил фалақи» ва «Қул аъузу бироббиннаси»ни ўргатдилар».

(Давоми бор)

Islom.uz портали 

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Муҳаммад алайҳиссалом пайғамбар бўлишларидан олдин жинлар осмондаги фаришталарнинг гапини ўғринча эшитиб олиб, инсдан бўлган ўз яқинларига етказиб турар давоми...

2995 11:02 / 17.11.2019
Заҳабий раҳматуллоҳи алайҳ айтади .Абдурраҳмон ибн Аббон аҳли байтдан бўлган қулларни сотиб олиб, уларга янги кийимкечак олиб берарди. Сўнга уларни озод қилиб давоми...

1289 08:05 / 12.04.2020
Ёмғир ёғмай қўйса, одамлар шайх Зарирнинг олдига бориб, дуо сўрашар эди. Бир йили яна шайхнинг олдига келиб, дуо сўрашди. Шайх қўлини осмонга кўтариб, узоқ дуо давоми...

1346 08:00 / 05.08.2020
Ислом динида мазҳаб масаласи бундан ўн уч аср аввал қандай муҳим деб топилган бўлса, бугун ҳам, кейинчалик ҳам худди шундай долзарб ва зарурлигича қолаверади. Аҳли давоми...

16671 12:00 / 28.12.2018