1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Пайғамбарликнинг бошланиши

14:04 / 12.11.2019 3135 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ниҳоят кунларнинг бирида Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳиро ғорида эканларида: «Иқроъ!» («Ўқи!») деган гулдурос овозни эшитдилар. Ана ўша овоз жоҳилият зулматларини парчалаш учун Аллоҳ таоло томонидан туширилган сўнмас ёғдунинг биринчи шуъласи – Қуръони Каримнинг биринчи ояти эди. Бу шуъла дунёдаги ягона пок қалбни ёритди.

Ўшанда Рамазон ойи охирлаб қолган, аксар уламоларнинг таъкидлашларича, Қадр кечаси эди.

Ана шу тариқа Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий нозил бўла бошлади.

Аввал ўтган барча пайғамбарларга Аллоҳ таолодан ваҳий келтирган, ваҳийнинг амийни (ишончли вакили), Парвардигори оламнинг пайғамбарлар билан воситачиси бўлган фаришта Жаброил алайҳиссалом Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳнинг охирги нозил этаётган ваҳийлар туркумини олиб келишни бошлаган эди.

Ваҳий, Қуръон ва рисолат

«Ваҳий» сўзи луғатда «тезкор ва махфий хабар йўллаш, билдириш» деган маънони билдиради.

Уламолар ваҳийни қуйидагича таърифлайдилар:

«Ваҳий – Аллоҳ таолонинг бандалари ичидан Ўзи танлаб олган шахсга Ўзи ирода қилган ҳидоятни тез ва махфий равишда билдиришидир».

Бошқача қилиб айтганда, Аллоҳ таолонинг Ўз пайғамбарларидан бирига диний кўрсатмаларини юбориши ваҳийдир. Бу юбориш тезлик билан, бошқалардан махфий равишда бўлгани боис «ваҳий» сўзи танланган.

Аллоҳ таолонинг мазкур ваҳийни, яъни диний кўрсатмаларини пайғамбарларига тезлик билан ва бошқалардан махфий равишда юбориши ҳам бир неча услубда кечган. Бу ҳақиқатни Аллоҳ таолонинг Ўзи Қуръони Каримда шундай баён қилган:

«Аллоҳнинг башар билан гаплашмоғи бўлмаган, фақат ваҳий орқали, ёки парда ортидан, ёхуд У Зот элчи юбориб, Ўзининг изни ила хоҳлаганини ваҳий қилур. Албатта, У олийдир, ҳакимдир» (Шуро сураси, 51-оят).

Инсон зоти учун Аллоҳ таоло билан бевосита гаплашиш муяссар бўлмаган, чунки ожиз инсон бу мақомга чидай олмайди. Аллоҳ таоло инсон билан ушбу уч услубнинг бири билангина сўзлашади:

«…ваҳий орқали…»

Ваҳий, аввал таъкидлаб ўтилганидек, Аллоҳ томонидан бандага бирор хабарнинг махфий ва тез етказилишидир. Аллоҳ таоло пайғамбарнинг қалбига бирор хабарни етказади, пайғамбар эса унинг Аллоҳ таолодан эканини билади.

«...ёки парда ортидан…»

Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга Ўзини кўрсатмай туриб гапиргани каби.

«...ёхуд элчи юборур ва ул У Зотнинг изни ила хоҳлаган нарсасини ваҳий қилур».

Бунда Аллоҳ таоло Ўзи билан пайғамбари орасида воситачи – элчи қилиб фариштани юборади. Фаришта келиб, Аллоҳ таоло хоҳлаган нарсани пайғамбарга етказади.

Хулоса қилиб айтганда, Аллоҳ билан инсон орасидаги суҳбат бевосита ёки билвосита бўлади. Бевосита бўлганида, Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарининг қалбига Ўзи ирода қилган маънони ваҳий қилади. Бу ё уйқудаги солиҳ туш, ё уйғоқликда пайғамбарнинг қалбига тушган илҳом, ёки оятда айтилганидек, «парда ортидан» хитоб бўлади, яъни пайғамбар каломни эшитади, аммо калом Эгасини кўрмайди. Пайғамбарларнинг тушлари ҳам ваҳий бўлади. Билвосита бўлганида, Аллоҳ таоло билан пайғамбари ўртасида фаришта воситачилик қилади. Воситанинг бир тарафида Аллоҳ таоло турса, иккинчи тарафида инсонлар орасидан танлаб олинган пайғамбар туради. Яъни ўша воситали гаплашиш ҳам ҳар кимга муяссар бўлмайди.

Қуръони Карим фақат уйғоқликда, фаришта воситасида нозил бўлган.

«Ислом тарихи» биринчи китоб

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абдулмутталибнинг вафотидан кейин ҳеч кимсиз қолган ёш Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламни у зотнинг амакилари Абу Толиб ўз қарамоғига олди.Абу Толиб давоми...

3088 09:05 / 25.09.2019
АРАБИСТОН. Бу Исломнинг бешиги. Ислом пайғамбари шу ерда таваллуд топдилар, у зот араб тилида сўзлашардилар ва у кишининг таълимотлари арабларга қарата ёзилган давоми...

5004 05:00 / 24.02.2017
ҳижратдан аввалги 15 йил, Рамазон ойи милодий 608 йил, августсентябрь.Бу пайтда Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам қамарий ҳисобда ўттиз саккиз ярим давоми...

2774 19:04 / 22.10.2019
Довуд алайҳиссаломнинг насаблари Яҳузо Яҳудо ибн Яъқуб ибн Исҳоқ ибн Иброҳимга боғланади. Насаб илми соҳибларининг ҳаммалари Довуд алайҳиссаломни Яҳузо ибн давоми...

4691 12:10 / 04.04.2019
Аудиолар

137647 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57717 14:35 / 11.08.2021