1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Дам солиш ҳақида нималарни биламиз (тўртинчи мақола)

18:05 / 10.11.2019 19447 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам иситма ва барча оғриқлар учун, «Бисмиллаҳил кабири, аъузу биллаҳил азийми, мин шарри кулли ирқин наъарин ва мин шарри ҳаррин наари»ни ўқишни таълим берар эдилар».

Термизий ривоят қилган.

Шарҳ: Дуонинг маъноси бундай: Азим Аллоҳдан ҳар бир наъра солувчи томирнинг ёмонлигидан ва оловнинг иссиғи ёмонлигидан паноҳ тилайман.

Қуръон ила дам солиш ва унга ажр олишнинг жоизлиги

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз аҳлларидан бир киши бемор бўлиб қолса, унга «қул аъузу»лар ила дам солар эдилар».

Бошқа бир ривоятда қуйидагилар айтилган:

«У зот ўзлари бемор бўлиб қолсалар, «қул аъузу»ларни ўқиб ўзларига дам солар эдилар. Вафотларидан олдинги бемор бўлганларида у зотни суфлаб ўз қўллари билан ўзларини силадим. Чунки у менинг қўлимдан баракаси улуғ эди».

Учовлари ривоят қилган.

Шарҳ: Албатта, икки «қул аъузу» сурасидан Аллоҳ таолодан паноҳ сўрашнинг олий нуқтаси мужассам бўлган. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни ўзларига ҳам аҳлларига ҳам ўқиб дам солганлар ва умматларига ҳам шуни амр қилганлар.

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жинлар ва инсоннинг кўзига қарши паноҳ тилаш сўзларини айтар эдилар. Икки «қул аъузу» нозил бўлганидан кейин уларни олдилар ва иккиларидан бошқани тарк қилдилар».

Термизий яхши санад ила ривоят қилган.

Шарҳ: Албатта, Аллоҳ таолонинг каломи ҳамма нарсадан устун туради. Шунинг учун ҳаммамиз ҳам бу икки муборак сурани маъноларини яхши билиб олиб ихлос билан ўқиб юришимиз керак. Кези келганда ушбу икки сура ҳақида тўлиқроқ маълумотлар бериш, уларнинг тафсирини тақдим қилишга ижозат бергайсиз.

Фалақ сураси

Маккада нозил бўлган. 5 оятдан иборат. Ушбу сурага ўзининг биринчи оятидаги «Фалақ» сўзи ном бўлиб қолган. «Фалақ» сўзи луғатда «ёриш» маъносини билдиради. Бу жойда «Фалақ» тонг маъносида келган. Тонг кечани ёриши учун шу ном билан ҳам аталади. Бу сурада Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ва мусулмонларга барча ёмонликлар, хавф-хатарлардан фақатгина У зотнинг Ўзидан (Аллоҳдан) паноҳ тилашга ундайди. Аллоҳ уларга Ўз ҳимоясини эълон қилади ва худди «Менинг ҳимоямга марҳамат, тинч-омон жойга марҳамат», дегандек бўлади.

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

1. Тонг Роббисидан паноҳ сўрайман.

2. У яратган нарсалар ёмонлигидан.

3. Ва кириб келган қоронғу кечанинг ёмонлигидан.

4. Ва тугунларга дам солувчилар ёмонлигидан.

5. Ва ҳасад қилган, ҳасадчининг ёмонлигидан, деб айт.

Фалақ сурасининг маънолари таржимасини тўлиқ келтириб олганимиздан кейин, энди унинг тафсирига ўтайлик.

«Тонг Роббисидан паноҳ сўрайман».

Фалақ сурасидаги хитоб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ва у зот орқали умматларига қаратилган. Аллоҳ таолонинг Ўзи турли-туман ёмонликлардан қандоқ қилиб паноҳ сўрашни ўргатмоқда.

Мўмин-мусулмон инсон ҳар бир вақт, ҳар бир нарсадан паноҳга муҳтож бўлса, фақат Аллоҳ таолонинг Ўзидангина паноҳ сўрамоғи, Унинг паноҳгоҳига қочмоғи лозим экан. Оятда тўғридан-тўғри, Роббимдан паноҳ сўрайман ёки Роббимнинг паноҳига қочаман, деб айт, дейилмасдан, Тонг Роббиси паноҳига қочаман, дейишга амр қилинмоқда. Нима учун? Чунки тонг доимо оғирликдан ва шиддатлардан қутулиш рамзи бўлган. Шиддатли ҳолга тушиб, паноҳ сўрашга мажбур бўлган инсон, худди зулматли кечада адашиб, ҳалокат ёқасига келиб қолган одамга ўхшайди. Унинг нажот кутиши эса, худди тонгни кутишга ўхшайди.

«У яратган нарсалар ёмонлигидан».

Бу оят дунёдаги барча ёмонликлардан паноҳ сўрашни тасвирлайди. Аллоҳ яратган нарсаларнинг фойдалиси ҳам, зарарлиси ҳам бор. Паноҳ тилаш ёмонликлардан бўлади. Бунга инс, жин, ҳайвонот, ҳашарот ва ҳар бир нарса ёмонлиги киради.

«Ва кириб келган қоронғу кечанинг ёмонлигидан».

Қоронғи кеча доим даҳшат, хавф-хатар солиб туради. Ўғриликлар, қотилликлар, ёмонликлар, турли ҳайвонот ва ҳашаротлар зарари доим кечаси юзага келади. Шунинг учун Аллоҳ мусулмонларга Ўз паноҳига илтижо қилишга, қалбларини Аллоҳга доим боғлиқ қилишга чорлайди.

«Ва тугунларга дам солувчилар ёмонлигидан».

Сеҳргарлар бировни сеҳрлаб зарар етказмоқчи бўлса, ип олиб, ўқийдиган нарсасини ўқиб, дам солиб, ипни бир тугиб, яна бир дам солиб, яна тугиб, охирига етказар экан.

«Ва ҳасад қилган, ҳасадчининг ёмонлигидан, деб айт».

Ҳасадда бировга ёмонлик орзу қилинади. Лекин фалончига етган яхшиликка ҳавас қилдим, Аллоҳ менга ҳам шу нарсани берсайди, деса ҳасад эмас. Аллоҳ таолога осмонда ҳам, ерда ҳам биринчи исён ҳасад туфайли содир бўлган. Иблис Одам Атога ҳасад қилди, унга Аллоҳ берган мартабани кўра олмади. Аллоҳнинг амрига бўйсунмади. Одам Атога сажда қилмади, осий бўлди. Натижада Аллоҳ таоло Иблисни жаннатдан ҳайдади ва қиёматгача унга Ўз лаънатини ёғдиради. Ердаги исён Қобил Ҳобилга ҳасад қилган туфайли бўлди. Чунки Аллоҳ Ҳобилнинг қурбонлигини қабул, Қобилникини қабул қилмаган эди. Ҳасад ниҳоятда улкан гуноҳ ва халойиқ бошига тушган улкан мусибат. Ҳасад жамиятнинг ва унинг ҳар бир аъзосининг бошига кулфат солади. Одамлар орасидаги душманчиликлар, келишмовчиликлар ва барча ёмонликлар ҳасад туфайли чиқади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло бошқа ёмонликларни жамлаб айтса ҳам, ҳасаддан паноҳ сўрашни Қуръонда алоҳида зикр қиляпти.

(Давоми бор)

Islom.uz портали

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Қатода ибн Диъома исмли олим ҳикоя қилади.Басра шаҳрида Утба ибн Абон исмли зоҳид, тақводор, маҳзунликда Ҳасан Басрийга ўхшаган, доим рўза тутадиган киши яшаб давоми...

5041 21:36 / 08.01.2019
Мусъаб ибн Аҳмад ибн Мусъаб айтади .Абу Муҳаммад Марвазий Маккага кетмоқчи бўлиб, Бағдодга келди. Мен унга шерик бўлишни орзу қилардим. Унинг олдига келиб, шерик давоми...

2009 08:00 / 28.12.2020
Абдуллоҳ ибн Робиъадан ривоят қилинади .Атаба ибн Фарқад Абдуллоҳга .Эй Абдуллоҳ, биродарингнинг ўғлига гапириб қўймайсанми, менинг ишимга ёрдам берсин,, деди ўз давоми...

2658 08:10 / 07.01.2020
Ало ибн Зиёд айтади .Бир киши нима иш қилса, доим риё билан қилар эди. Кийимларининг енгини шимариб, кеккайиб юрар, Қуръон ўқиса, овозини баланд қилиб хўжакўрсинга давоми...

2249 07:10 / 15.05.2019