1446 йил 22 жумадул аввал | 2024 йил 24 ноябрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Тил офатлари

05:00 / 01.03.2017 4806 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Биринчи офат аҳамиятсиз нарсалар ҳақида гаплашишдир. Билгил, энг  яхши ҳолат барча офатлар: ғийбат, чақимчилик, ёлғон, тортишув, мужодала ва бошқалардан тилингни сақлашинг ва мубоҳ бўлган, у тўғрида сенга ва бирор мусулмонга асло зарари йўқ нарсаларни гапиришингдир. Сен эса аҳамиятсиз, унга ҳожатинг бўлмаган сўзларни ҳам сўзлайсанки, бу билан вақтингни зоеъ кетказасан. Тилинг амали учун ҳисоб қилинасан. Яхши нарсани ундан ҳақирига алмаштирасан. Чунки сен гаплашган замонингни фикрга алмаштирганингда эди, фойдаси улкан бўлган фикр пайтида сенга Аллоҳнинг раҳмат насимлари эсган бўларди. Агар Аллоҳ субҳанаҳуга таҳлил айтсанг, зикр қилсанг, тасбиҳ десанг бу сенга яхши эди. Қанчадан-қанча калималар бор, улар сабабли жаннатда қасрлар бино қилинади, қодир бўлган киши хазиналардан бирига эга бўлади. Буларнинг ўрнига у фойда бермайдиган лой оладики, у аниқ зиён кўрувчидир. Бу Аллоҳ таолонинг зикрини тарк қилган, ўзига аҳамиятсиз, мубоҳ билан машғул бўлган кишининг мисолидир. Гарчи у гуноҳкор бўлмаса-да, зиён кўриб қолмоқда. Чунки улкан фойда бўлган Аллоҳ таолонинг зикрини қўлдан чиқармоқда. Зеро, мўминнинг жим туриши фикр, қараши ибрат ва сўзлаши зикр бўлади. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) шундай деганлар.

Балки вақт мўминнинг сармоясидир. Уни ўзига аҳамияти йўқ нарсаларга сарфлар экан, ундан охират савоби ғамламас экан, у сармоясини зое қилибди. Шу сабаб Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Ўзига аҳамиятсиз нарсаларни тарк қилиши киши Исломининг гўзаллигидандир”, деганлар. Бундан ҳам қаттиқроқ ривоят ворид бўлган: Анас (розияллоҳу анҳу) айтадилар: “Биздан бир йигит Уҳуд куни шаҳид бўлди. Уни очлик сабабли қорнига тош боғланган кўйи топдик. Онаси унинг юзидаги тупроқларни  арта туриб: “Жаннатга муборак, эй ўғлим!”, деди. Шунда Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Буни қаердан биласиз? Мумкин у ўзига аҳамиятсиз нарсаларни гапиргандир, зарари йўқ нарсаларга тўсқинлик қилгандир”, дедилар.

Бошқа ҳадисда келишича, Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Каъбни йўқотиб қўйдилар. У ҳақда сўраганларида касал эканини айтишди. Унинг уйига келдилар, кириб: “Эй Каъб, хабар бер!”, дедилар. Унинг онаси деди: “Жаннат муборак, эй Каъб”. Шунда Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Аллоҳга қасам ичаётган бу ким?”, дедилар. Каъб жавоб қилди: “Бу менинг онам, ё Расулуллоҳ”. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): Эй Умму Каъб, буни сенга нима билдирди? Каъб ўзига аҳамиятсиз бўлган нарсани айтган ёки уни беҳожат этмайдиган нарсага тўсқинлик қилгандир”. Бунинг маъноси, жаннат ҳисоб қилинмайдиганларга ҳозирлангандир. Ким ўзига аҳамиятсиз нарсани гапирса унинг учун ҳисоб қилинади. Гарчи унинг каломи мубоҳда бўлса ҳам. Ҳисобда муноқаша бўлиб турганда жаннат унга ҳозирланмайди. Бу ҳам бир нав азобдир.

Муҳаммад ибн Каъбдан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) айтдилар: “Албатта бу эшикдан биринчи бўлиб жаннат аҳлидан бўлган киши киради”. Шунда Абдуллоҳ ибн Салом (розияллоҳу анҳу) кирдилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) саҳобаларидан бир неча киши ўринларидан туриб унга бу хабарни бердилар ва: “Ўзингиз   у билан умидвор бўлган энг ишончли амалингиз хабарини беринг”, дейишди. У киши: “Мен бир заиф бандаман. Аллоҳдан умид этадиган энг ишончли амалим қалб саломатлиги ва ўзимга аҳамиятсиз нарсаларни тарк этишдир”, дедилар. Абу Зарр (розияллоҳу анҳу) айтадилар: “Менга Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): дедилар: “Мен сенга бадан учун енгил, тарозида оғир бўлган бир амални ўргатайми?”. Мен: “Ҳа, ё Расулуллоҳ”, дедим. “У – сукут, чиройли хулқ ва сенга аҳамиятсиз нарсани тарк қилишдир”, дедилар.

Мужоҳид айтадилар: “Ибн Аббоснинг (розияллоҳу анҳу) бундай деганларини эшитдим: “Беш нарса борки, уларнинг фойдаси менга бир пода минишга боп туядан маҳбуброқдир: 1. Сенга аҳамиятсиз нарса ҳақида гапирма. Чунки у ортиқчаликдир, шундай қилсанг гуноҳдан омонда бўласан деёлмайман. Аҳамиятли нарса ҳақида ўрни бўлмагунча гапирма. Чунки ўзига аҳамиятли нарсалар ҳақида қанчалаб гапирувчи борки, уни ўрнида гапиролмай машаққатга тушиб қолади. 2. Ҳалим ва беақл билан баҳслашма. Ҳалим ёмон кўриб қолади, жоҳил эса озор беради. 3. Биродарингни агар олдингда бўлмаса сени эслашини яхши кўрадиган нарсаларинг билан ёдга ол. Сендан кечишини яхши кўрадиган нарсаларни кеч. 4. Биродарингга сенга қилишини ёқтирган муомала билан муомала қил. 5. Яхшилиги сабабли мукофотланишини, жинояти сабабли жазоланишини билган одамнинг амалидек амал қил”.

Луқмони Ҳакимдан: “Ҳикматингиз сири нимада?” деб сўралди. Жавоб бердилар: “Кифоя деб билганимдан сўрамайман ва менга аҳамиятсиз нарсага ўзимни қийнамайман”. Мавриқ Ажлий дедилар: “Бир иш бор, йигирма йилдан бери унинг талабидаман. Лекин қодир бўлолмайман. Аммо унинг талабини ташламайман”. Нима у, дейишди. Ўзимга аҳамияти йўқ нарсадан сукут қилмоқ, дея жавоб қилдилар. Умар (розияллоҳу анҳу) айтадилар: “Ўзингга аҳамиятсиз нарсага йўлиқма. Душманингдан ажра. Қавмдан бўлган дўстингдан фақат аминига ишон. Фақат Аллоҳ таолодан қўрққангина амин бўлади. Фожир билан яқин бўлма, фужуридан таълим олиб қоласан. Уни сирингдан огоҳ этма. Ишингда Аллоҳ таолодан қўрқадиганлар билан маслаҳатлаш”. 

Сенга аҳамиятсиз гаплардаги чегара – агар ундан сукут қилсанг гуноҳкор бўлмаган, ҳозир ҳам, келажакда ҳам зарар кўрмайдиган каломни гапиришингдир. Бунга мисол бир қавм билан ўтириб уларга сафаринг ҳақида гапириб берасан. Кўрган тоғларинг, дарёларинг ҳақида, бўлган воқеалар ҳақида сўзлаб берасан. Сенга маъқул бўлган таомлар, кийимлар хусусида, сени таажжубга солган ерлик шайхлар ва уларнинг кечмишлари тўғрисида ҳикоя қиласан. Агар булар ҳақида гапирмасанг гуноҳкор бўлмасдинг, зарар кўрмасдинг. Агар ҳикояларингга бирор нарса қўшмасдан, бўлганидан камайтирмасдан, ўзингни оқламасдан, зўр ишларни кўрдим, деб фахрланмасдан, бирор шахсни ғийбат қилмасдан ва Аллоҳ таолонинг махлуқидан бирор нарсани ёмонламасдан, қаттиқ ҳаракат қилган чоғингда ҳам, жуда бўлмаганда вақтни беҳуда кетказган бўласан. Аммо ҳозир зикр қилган офатлардан саломат бўлишинг қайда?!

Бировдан сенга аҳамияти бўлмаган нарсани сўраш ҳам шулар жумласидандир. Чунки сен бундай савол билан вақтингни зое қилдинг, соҳибингни ҳам унга жавоб бердириш билан беҳуда уринтирдинг. Бу ножоизлик ўша саволинг бирор офатга олиб бормайдиган нарсалар хусусида бўлса. Аммо кўп саволларда офатлар мавжуд. Бировдан ибодати ҳақида сўраб, масалан: “Сиз рўзадормисиз?”, дейсан. Агар у ҳа, деса ибодатини ошкор қилган бўлади. Бу ҳолда унинг ибодатига риё киради. Агар кирмаган тақдирда ибодати сирлилик девонидан тушади. Махфий ибодат жаҳрий ибодатдан бир неча даража ортиқ туради. Агар сенга йўқ, деб жавоб қилса, ёлғон гапирган бўлади. Сукути билан эса сени писанд қилмаган бўлади ва бундан сен оғринасан. Агар жавоб муҳофазаси учун ҳаракат қилса, ўзини машаққатга қўяди, чарчатади. Демак сен савол билан уни ё риёга, ё ёлғонга, ё беписандликка ёки мудофаа ҳийласида машаққатга рўбарў қилган бўласан. Бошқа ибодатлари ҳақидаги саволинг ҳам худди шундай. Шунингдек, гуноҳлар ҳақида, яширилидиган ва ундан ҳаё қилинадиган ҳар қандай иш ҳақида, унда содир бўлган нарсалар хусусида: “Нима дейсиз? Сизда қандай?” деб сўрасанг, уни зикр қилганимиздек ноқулайликларга соласан.

Яна бир одамни йўлда кўрасан. “Қаердан келяпсиз?” дейсан. Шунда уни саволингга жавоб беришда сен озорланадиган бирор сабаб тўсиб турган бўлиши ва жавобдан уялган бўлиши мумкин. Вазиятдан чиқиб тўғрисини айтмаса, ёлғонга тушиб қолади. Бунга эса сен сабабчи бўласан. Шунингдек, ўзингга кераги йўқ масала ҳақида сўрайсан. Сўралган киши билмайман дейишга ўзида куч тополмай, маълумоти бўлмаса ҳам сенга жавоб беришга мажбур бўлади.

Аҳамиятсиз нарсалар деганда мен бу жинсларни назарда тутаётганим йўқ. Булар унга гуноҳ ёки зарар аралашган ишлар. Аҳамиятсиз ишларга мана бу ривоят мисол бўлади. Луқмони Ҳаким Довуд (алайҳиссалом) ҳузурига кирганларида у зот совут тикаётган эдилар. Луқмони Ҳаким бундан олдин совут кўрмагандилар. Шу сабаб кўрганларидан таажжубга тушдилар. Бу ҳақда сўрашни ирода қилдилар, аммо ҳикматлари бундан тўсди. Ўзларини тийиб, сўрамадилар. Довуд (алайҳиссалом) ишларини тугатиб совутни кийдилар. Сўнг: “Ҳа, совут уруш учундир”, дедилар. Шунда Луқмон айтдилар: “Сукут ҳикматдир, лекин қилувчиси камдир”. Яъни, у сабаб илм сўралмасдан ҳам ҳосил бўлади. Айтилишича, Луқмон у ерга бир йил қатнаганлар. Сўрамасдан уни билишни истаганлар.

Бу ва шунга ўхшаган саволларда зарар, айбни очиш, риё ва ёлғонга аралашиб қолиш бўлмаса, ана шунда аҳамиятсиз нарса бўлади. Киши Исломининг гўзаллиги ана шуни тарк қилиш билан бўлади. Аҳамиятсиз нарсаларнинг чегараси шудир.  

Бунга боис бўладиган сабабига келсак – ўзининг ҳожати йўқ нарсаларни билишга қизиқиш ёки улфатчилик йўли билан кўнгилни хуш қилиш ёхуд вақтни фойдасиз ҳолатларнинг ҳикоялари билан ўтказишдир. Булар барчасининг давоси – ўлим олдида эканини, ҳар бир сўз хусусида у масъул эканини, нафаслари сармояси эканини, тили ҳурул-ъийнларни овлайдиган тузоқ эканини ва бунга бепарволик, уни зое қилиш очиқ зиён эканини билмоқдадир. Бу – билишнинг бир томонлама давоси. Аммо амал жиҳатидан давоси – узлат ёки оғзига тош солиб ўзига аҳамияти айрим нарсаларда ҳам сукутга ўзини мажбурлашдадир. Шунда тили аҳамиятсиз нарсаларда ҳам сукутга одатланади. Бу тўғрида тилни тийиш узлатсиз жуда ҳам қийин.

(“Иҳёу улумид-дин”дан таржима)


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ўзларига ва мусулмонларга берилган неъматлар масъулиятидан ҳам юқори даражада хавфда бўлар эдилар. У кишида молдунё ила давоми...

1510 19:00 / 27.08.2023
Тоатларни ортга суриш мавжудлиги сени улардан ман қилмаслиги учун, У Зот уларни тайинли вақтларга боғлаб қўйди ва сенга ихтиёр улуши қолиши учун вақтни давоми...

4777 17:22 / 26.03.2017
1. Авомларнинг даражаси. Савобнинг ҳосил бўлиши ила оқибатнинг яхши бўлиши. 2. Хосларнинг даражаси. Розилик ва яқинликнинг ҳосил бўлиши. 3. Хосларнинг хосининг давоми...

1551 19:00 / 01.10.2023
Нафсни поклайдиган ва ахлоқни сайқаллайдиган энг муҳим омиллардан бири ўлимни эслашдир.Одамларнинг нотўғри йўлларга киришлари ва уларда давомли бўлишларига давоми...

6582 05:00 / 28.02.2017
Аудиолар

135295 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55548 14:35 / 11.08.2021