1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Муҳаммад алайҳиссалом умматларининг фазли

23:01 / 02.12.2016 5096 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

  Аллоҳ таоло: «Сиз одамлар учун чиқарилган энг яхши уммат бўлдингиз. Амри маъруф қиласиз, наҳйи мункар қиласиз ва Аллоҳга иймон келтирасиз. Агар аҳли китоблар иймон келтирганларида, ўзларига яхши бўлар эди. Улардан мўминлари бор. Кўплари фосиқдирлар», деган.
Ислом уммати ўзи ҳақида билиб қўйиши зарур бўлган ҳақиқатлардан бири-бу умматнинг одамлар учун чиқарилган энг яхши уммат эканлигидир. Умматларнинг сараси Ислом умматидир. Умматларнинг йўлбошчиси Ислом умматидир. Умматларнинг пешқадами Ислом умматидир. Чунки Аллоҳ таолонинг Ўзи бу умматга хитоб қилиб: «Сиз одамлар учун чиқарилган энг яхши уммат бўлдингиз», деб турибди. 

  Бу ҳақиқатни ҳозир ўзини бу умматга нисбат бераётганлар яхши тушуниб олмоқлари лозим. Аждодларимиз худди шу ҳақиқатни тўлиқ тушунган чоғларида бутун дунёга устоз бўлганлар. Дунё халқларининг пешқадами бўлиб, уларни ортларидан эргаштирганлар. Бошқаларга тобеъ бўлмаганлар. Бошқаларнинг ортидан кўр-кўрона эргашмаганлар. Бошқалар ҳузурида ўзларини хору зор тутмаганлар.
Бу умматнинг одамлар учун чиқарилган энг яхши уммат бўлишининг сабабларидан бири–амри маъруф қилишдир. Чунки, Аллоҳ таоло:
«Амри маъруф қиласиз», демоқда.
Аввал ишора этилганидек, Ислом уммати дунёда яхшилик байроғини юқори кўтаради.
Ислом уммати дунёда адолат байроғини юқори кўтаради.
Ислом уммати дунёда ҳақиқат байроғини юқори кўтаради.
Ислом уммати дунёда фазилат байроғини юқори кўтаради.
Ислом уммати дунёда бутун инсониятни бу ишларга чақиришни ўзига фарз деб билади.
Бу умматнинг одамлар учун чиқарилган энг яхши уммат бўлишининг сабабларидан иккинчиси-наҳйи мункар қилишдир.
Чунки, Аллоҳ таоло бу умматга хитоб қилиб: «наҳйи мункар қиласиз», демоқда.
Мункар барча ёмонлик, зулм, ботил ва разилатлар, демакдир. Бинобарин, Ислом уммати дунёдаги барча ёмонликка қарши, зулмга, ботилга ва разилатга қаршидир. Айни чоқда, бутун инсониятни ёмонликдан, зулмдан, ботилдан ва разилатдан қайтаришни ўзига фарз деб билади.
Ислом умматининг одамлар учун чиқарилган энг яхши уммат бўлишининг асосий сабаби-Аллоҳга иймон келтиришдир.
Чунки, Аллоҳ таоло бу умматга хитоб қилиб: «ва Аллоҳга иймон келтирасиз», демоқда.
Инсониятни тўғри йўлга бошлаб, нотўғри йўлдан қайтаришдек улкан машаққатли ишни амалга оширишга уни Аллоҳга бўлган иймони ундайди. Иймон асосларнинг асосидир. Жумладан, яхшиликка чақириб, амри маъруф ва наҳйи мункар қилишнинг ҳам асоси иймон бўлгандагина мақсадга етишилади. Ана шундагина икки дунёда бахт-саодатга эришилади. Акс ҳолда, нуқсонга дучор бўлинади.
Бу ҳақиқат ушбу оятдан бошқа оятларда ҳам таъкидланган. Шунингдек, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг кўпгина ҳадисларида ҳам ўз аксини топган.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ривоят қилишларича, Пайғамбар алайҳиссалом минбарда турганларида бир киши: «Эй Аллоҳнинг Расули, қандай одам яхши одам?» деб сўради.
Пайғамбар алайҳиссалом: «Одамларнинг яхшиси–қорироғи, тақводорроғи, амри маъруф қилувчироғи, наҳйи мункар қилувчироғи ва силаи раҳм қилувчироғи», дедилар.
Имом Термизий ривоят этган ҳадисда Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтадилар: «Пайғамбар алайҳиссалом: «Бани Исроил гуноҳга ботганда, уламолари қайтардилар. Улар қайтмадилар. Кейин эса, уламолар ҳам улар билан бирга ўтириб, еб-ичдилар. Бас, Аллоҳ қалбларини бир-бирига аралаштириб юборди ва Довуд, Сулаймон ва Ийсо ибн Марям тилларида лаънатлади», дедилар-да, ёнбошлаб ётган эдилар, туриб ўтирдилар ва:
«Менинг нафсим қўлида бўлган зот билан қасамки, уларни ҳаққа қайтармагунингизча, бўлмайди», дедилар.
Имом Абу Довуд ибн Умайра ал-Киндийдан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссолату вассалом: «Ер юзида бир гуноҳ содир бўлганда, гувоҳ бўлган одам уни инкор этса, худди кўрмаган одамдек (гуноҳдан холи) бўлади. Ким кўрмаган бўлса-ю, розилик билдирса, гувоҳ бўлган одамдек (гуноҳкор) бўлади», дедилар.
Имом ал-Ҳоким Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом: «Шаҳидларнинг улуғи Ҳамзадир ва золим подшоҳга амри маъруф, наҳйи мункар қилганда ўлдирилган одамдир», деганлар.
Оятнинг давомида сўз яна аҳли китобларга кўчади: «Агар аҳли китоблар иймон келтирганларида, ўзларига яхши бўлар эди».
Бу аҳли китобларни Исломга киришга тарғиб қилишдир. Бошқа жойларда, улар Исломга кирганларида ажрни икки баробар олишлари мумкинлиги ҳақида ҳам айтилган. Дарҳақиқат, аҳли китоблар иймон келтирганларида, бу дунёю у дунёнинг бахти-саодатига эришган бўлур эдилар. Шу билан бирга, улардан иймонга кирганларнинг зикри ҳам келади: «Улардан мўминлари бор. Кўплари фосиқдирлар».
Дарҳақиқат, аҳли китоблардан Исломга кирганлари бўлди. Улар жуда яхши мусулмон бўлдилар. Абдуллоҳ ибн Салом, Асад ибн Убайд, Саълаба ибн Шўъба, Каъб ибн Молик ва бошқалар Пайғамбар алайҳиссалом даврларида иймонга келиб, саҳобийлик бахтига муяссар бўлдилар. Исломга хизмат қилдилар. Кейинги асрларда ҳам бир қанча аҳли китоблар Исломга кириб, яхши мусулмонлар бўлдилар. Айниқса, охирги даврда аҳли китоблардан мусулмон бўлганлар кўпайди. Лекин барибир, умумий олиб қаралганда, оятда зикр қилинганидек, уларнинг кўплари фосиқдирлар.
Аллоҳ таоло бошқа бир ояти каримада: «Шунингдек, сизларни одамлар устидан гувоҳ бўлишингиз ва Пайғамбар сизларнинг устингиздан гувоҳ бўлиши учун ўрта миллат қилдик», деган.
Аллоҳ таоло ушбу ояти каримада мусулмонларни ўрта уммат қилганини эълон қилмоқда.
Биз «ўрта» деб таржима қилган сўз арабчада «васат» деб келган ва яхши, ўрта, марказ ва адолатли маъноларини англатади.
«Ўрта» маънода кўпроқ ишлатилгани учун таржимага шу маъно ихтиёр қилинди. Ўртани яхши дейилаётганига боис шуки, четлар чет бўлгани учун ҳам ҳар хил таъсирларга кўп учрайди ва бузилиш эҳтимоли кўпроқ. Аммо ўрта бузилмай, яхши ҳолича қолади. Ўртага адолат маъноси берилишининг сабаби эса, «ўрта» атрофларга нисбатан бир хил туради, бирор томонга оғиб, адолатни бузмайди.
Оятдан, худди сизлар ўзларингиз ўрта уммат бўлганингиз учун қиблаларингизни ҳам шундоқ қилдик, деган маъно чиқади.
Ушбу ояти карима тушган пайтда одамлар билмаган маълумотлар ҳозирда аён бўлди. Яъни, Қуръони Каримнинг баъзи оятларидаги маънони мулоҳаза қилган мусулмон жуғрофия олимлари илмий изланишлар олиб бориб, мусулмонларнинг қибласи бўлмиш Маккаи Мукаррама ер юзидаги қуруқликнинг маркази, ўртаси эканини аниқладилар. Орадан ўн тўрт аср ўтиб кашф этилган бу илмий ҳақиқат асосида қиблани аниқлайдиган асбоб ҳам яратилди. Демак, ояти карима, сиз ўзингиз ўрта уммат бўлганингиз учун қиблангизни ҳам ўрта қибла қилдик, деган маънони беради.
«Шунингдек, сизларни одамлар устидан гувоҳ бўлишингиз ва Пайғамбар сизларнинг устингиздан гувоҳ бўлиши учун ўрта миллат қилдик».
Демак, Ислом умматининг ўрта уммат бўлишнинг яна бир сабаби–одамлар устидан гувоҳ этиб танланганида экан. Ислом уммати ўрта, яхши, адолатли уммат бўлгани учун бошқа умматларнинг яхши амалларига ўртада туриб адолат ила гувоҳлик беради. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом эса, ўз умматларига гувоҳлик берадилар. Ушбу гувоҳлик қандай бўлишини тасаввур қилиш учун бир-икки ривоятлар билан танишамиз.
Имом Аҳмад Абу Зуҳайр ас-Сақафийдан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом: «Сизлар яхшиларингизни ва ёмонларингизни билиб олсангиз бўлади», дедилар.
Саҳобалар: «Қандоқ қилиб, эй Аллоҳнинг Расули?» дедилар.
У зот: «Мақтов ёки ёмонлаш сўзлари билан, сизлар Аллоҳнинг ердаги гувоҳларисиз», дедилар.
Демак, адолатли, ҳақиқий, тақводор мусулмонларнинг гувоҳлиги бежиз эмас. Ундоқ сифатларга эга бўлган мусулмонлар, яхши, деган одамлар яхши бўладилар, ёмон, деган одамлар ёмон бўладилар.
Ҳофиз ибн Мурдавайҳи ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом:
«Қиёмат куни мен умматим билан тепаликдан халойиққа қараб турамиз. Ҳар бир кимса биздан бўлишни орзу қилади. Қайси Пайғамбарнинг уммати уни ёлғончига чиқарса, биз Роббисининг фармонини адо этганига гувоҳлик берамиз», деганлар.
Имом Аҳмад Абу Саид розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом айтганлар:
«Қиёмат куни Нуҳ чақирилиб: «Етказдингми?» деб сўралади. У: «Ҳа», дейди.
Сўнг унинг қавми чақирилади ва уларга: «Сизга етказдими?» дейилади. Улар: «Бизга огоҳлантирувчи ҳам, бирор киши ҳам келгани йўқ», дейишади.
Шунда Нуҳга: «Сенга ким гувоҳлик беради?» дейилади. У: «Муҳаммад ва унинг уммати» дейди. «... ва шунингдек, сизни ўрта уммат қилдик...» деганининг маъноси шу.
Ўрта–адолатли деганидир. Сизлар чақириласизлар ва унга етказганлиги ҳақида гувоҳлик берасизлар, сўнгра мен сизларга гувоҳлик бераман».
Уламоларимиз «ўрта уммат»нинг яна кўп ва улкан маънолар англатишини кенг ва батафсил баён қилганлар. Ислом уммати ҳақиқатда тўла маънода ўрта умматдир. Ўрта деганда, яхшилик ва афзаллик маъноси ҳам, мўътадил ва адолатли маъноси ҳам ва ниҳоят ҳиссиётда ўрталик маъносида ҳам тушунилаверади.
Ислом уммати эътиқод ва тасаввурда ўрта, адолатли ва афзал уммат ҳисобланади. Бошқа баъзи умматларга (масалан, ийсавийларга) ўхшаб, руҳий тарафга оғиб кетмайди. Ёки яна бошқаларга (масалан, мусавийларга) ўхшаб, фақат моддий нарсаларгагина эътимод қўймайди. Балки инсон табиатига қараб, ҳам руҳий, ҳам моддий жиҳатга ўртача, адолатли ва энг афзал муносабатда бўлади.
Ислом уммати тафаккур ва ҳис-туйғу бобида ҳам ўрта, адолатли ва афзал умматдир. Билиб олган нарсасинигина маҳкам тутиб, ундан бошқа маърифат ва тажрибаларни рад қилиб юборадиганлардан эмас. Ёки, аксинча, дуч келганнинг ортидан эргашиб, тақлид қилиб ҳам кетавермайди. Балки мўътадиллик билан, ўз қоидаларига тўғри келган илмий изланиш ва тажриба орқали, бошқалар эришган ютуқларни ҳам эътироф этиб, улардан фойдаланади.
Ислом уммати тартиб-интизомда ҳам ўртача, адолатли ва афзал умматдир. Унда ҳаёт фақат ҳис-туйғу, виждон ва одоб-аҳлоқ орқали тартиб-интизомга солинмайди. Ёки, худосизлар тузумидагидек, фақат қонун, куч ишлатиш, турли жазо ва жосуслик идоралари орқали тартиб-интизомга солинмайди. Балки инсоннинг маънавий тарбиясини кучайтириб, одоб-ахлоқ, тақво, ҳалоллик масалаларини онги, ақли ва виждонига сингдириш билан бирга, ҳукмни ҳам ишга солади. Чунки ҳамма ҳам руҳий-виждоний йўл билан тузалиб қолмайди.
Ислом уммати алоқа ва боғланишларда ҳам ўрта, адолатли ва афзал умматдир. Худосизлар тузумдаги каби эмас, яъни, жамият шахснинг ҳуқуқларини поймол қилмайди. Капиталистик тузумлар каби эмас: шахс жамиятнинг ҳуқуқларини поймол қилмайди. Балки алоҳида шахсларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ва вазифалари бор, айни чоғда, жамиятнинг ҳам ҳақ-ҳуқуқлари ва вазифалари бор.
Ислом уммати макон жиҳатидан ҳам ўрта уммат ҳисобланади. Унинг қибласи, бошқача айтганда, диний маркази ернинг киндигига жойлашган. Шарқу ғарб, шимолу жанубнинг ўртасида.
Ислом уммати замон жиҳатидан ҳам ўрта уммат ҳисобланади. Аллоҳ таоло инсоният униб-ўсиб, болалик, ўсмирлик ва ёшлик даврларини бошидан ўтказганидан сўнг вояга етганда Исломни юборган. Энди қариб, қиёмат қоим бўлгунча бу уммат ўрталик ҳолида унга гувоҳ бўлиб туради.
Ислом уммати ўрта умматлиги учун барча одамларга гувоҳлик беради ва уларнинг ўртасида адолат ўрнатади. Ҳақни ботилдан ажратади. Бу умматга барча ишларда унинг Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссалом гувоҳлик берадилар.


Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмонлар, яҳудийлар ва насороларнинг мисоли худди бир қавмни унга кечқурунгача ишлаб беришга мадикорга олган одамга ўхшайди. Улар куннинг яримигача ишлашиб, сен берадиган ҳаққа ҳожатимиз йўқ, деб кетишибди.
У бошқаларни мадикорга олиб, куннинг охиригача тўла ишлангар, Анавуларга шарт қилган нарсани сизларга бераман, депти. Улар аср вақтигача ишлашибди ва, қилган ишимиз сенга, деб кетворишибди.
Бас, у яна бошқа қавмни мадикорга олибди. Улар куннинг қолганида қуёш ботгунча ишлашибди ва икки гуруҳнинг ҳақини ҳам тўлиқ олишибди», дедилар
».
Шарҳ: Бундан яҳудий ва насороларга берилиши керак бўлган ажру савоблар ҳам мусулмонларга берилиши чиқади. Уммати Исломиянинг фазли ўшанда.

  Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларнинг ўзингиздан олдин ўтган умматлар ичида қолишингиз худди Аср намозидан қуёш ботгунча бўлган вақтга ўхшайди, холос. Аҳли Тавротга Таврот берилди. Улар унга куннинг яримигача амал қилиб, ожиз бўлишди. Бас, уларга бир қийрот, бир қийротдан берилди. Сўнгра аҳли Инжилга Инжил берилди. Улар унга Аср намозигача амал қилиб, ожиз бўлишди. Бас, уларга бир қийрот, бир қийротдан берилди. Кейин бизга Қуръон берилди. Бас, биз қуёш ботгунча амал қилдик. Бизга икки қийрот, икки қийротдан берилди. Шунда икки китоб аҳли: «Эй Роббимиз! Анавуларга икки қийрот, икки қийротдан бердинг. Бизга бир қийрот, бир қийротдан бердинг. Ҳолбуки, биз кўп амал қилган эдик», дедилар.
Бас, Аллоҳ азза ва жалла: «Сизларга ажрингизда бирор нарсада зулм қилдимми?» деди.
«Йўқ», дедилар.
«У Менинг фазлимдир. Кимга хоҳласам ўшанга бераман», деди
». Иккисини Бухорий, Молик, Аҳмад ва Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Ислом умматининг вақти оз бўлса ҳам, амали оз бўлса ҳам Аллоҳ таоло бу Умматга бошқалардан икки баробар кўп ажру савоб берар экан. Албатта, бошқа умматларнинг ажр олиши китоблари ва динларини бузмаган аввалги вақтларга тегишлидир.
Бу ерда ҳам уммати Муҳаммадиянинг фази очиқ-ойдин кўриниб турибди.

Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни Олиядан келиб қолдилар. Бани Муовиянинг масжиди олдидан ўтдилар. Унга кириб икки ракъат намоз ўқидилар. Биз ҳам у зот билан намоз ўқидик.
У зот Роббиларига узоқ дуо қилдилар. Сўнгра бизга бурилиб: «Роббимдан уч нарсани сўрадим. Иккитасини берди. Биттасини бермади.
Роббимдан умматимни очлик-қаҳатчилик билан ҳалок қилмасликни сўровдим. Уни менга берди.
У зотдан умматимни ғарқ қилиб ҳалок этмаслигини сўраган эдим. Уни менга берди.
Бошқа ривоятда: «Уларга ўзларидан бошқа душманни султонли бўлмаслигини сўрадим. Уни менга берди», дейилган.
У зотдан уларнинг ёмонликларини ораларида бўлмаслигини сўраган эдим. Менга уни ман қилди
», дедилар. Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда уммати Муҳаммадияга Аллоҳ таоло томонидан бошқа умматларга берилмаган икки улуғ нарса берилгани ҳақида сўз кетмоқда.
Мазкур икки нарса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги гапларида ўз аксини топган:
«Роббимдан умматимни очлик-қаҳатчилик билан ҳалок қилмасликни сўровдим. Уни менга берди».
Худди шундоқ азоб ила кўпгина умматлар ҳалок қилинган эди.
Аллоҳ таоло бундоқ азобни уммати Муҳаммадиядан кўтаргани бу уммат учун улкан фазлдир.
«У зотдан умматимни ғарқ қилиб ҳалок этмаслигини сўраган эдим. Уни менга берди».
Аллоҳ таоло Фиръавн қавмини ва бошқа қавмларни сувга ғарқ этароқ ҳалок қилгани маълум ва машҳур.
Аллоҳ таоло бундоқ азобни уммати Муҳаммадиядан кўтаргани бу уммат учун улкан фазлдир.

 Абу Довуднинг ривоятида: «Албатта, Аллоҳ сизларни уч нарсадан сақлагандир; Набийингиз сизни дуои бад қилмаслиги ва шу туфайли ҳаммангиз бир йўла ҳалок бўлмаслигингиз.
Аҳли ботил аҳли ҳақдан устун бўлмаслиги.
Залолатга жам бўлмасликлари
», дейилган.
Шарҳ: Албатта, бу фазллари уммати Муҳаммадиядан бошқа умматга берилмаган.

   Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Менинг бу умматим раҳм қилингандир. Унга охиратда азоб бўлмас. Унинг бу дунёдаги азоби фитналар, зилзилалар ва қатлдир», дедилар». Абу Довуд, Тобароний ва ал-Ҳоким ривоят қилган.
Шарҳ: Уламоларимиз ушбу ҳадиси шарифдаги Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Менинг бу умматим раҳм қилингандир» деган гапларини икки хил таъвил қиладилар.
Биринчиси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлик чоғларидаги умматлари.
Иккинчиси уммати Муҳаммадиядан ким у дунёда азобга дучор қиладиган гуноҳ қилгандан кейин унга ҳад-шаръий жазо жорий қилинса гуноҳи ювилиб охиратга ўша гуноҳсиз боришидир.
Албатта, бунга ўхшаш шараф бошқа умматлардан бирортасига насиб қилмаган.

  Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ ушбу уммат учун ҳар юз йилнинг бошида унга динини янгилаб берадиганни юборади», дедилар». Абу Довуд, ал-Ҳоким ва Байҳақийлар ривоят қилган.
Шарҳ: Аллоҳ таоло Ўзининг охирги ва мукаммал дини бўлган Исломни барча замон ва маконга мос келадиган қилиб қўйган. Бунинг учун инсоннинг дахли йўқ масалаларни, мисол учун ақийдага боғлиқ масалаларни Ўзи баён қилиб қўйган.
Аммо замон ва макон ўзгариши билан ўзгариши лозим бўлган мсалаларни, мисол учун баъзи фиқҳий масалаларни уламолар ижтиҳоди ил ҳал қилинадиган этиб қўйган.
Шу билан бирга ушбу ҳадиси шарифда айтилганидек, мусулмон мужаддидларни ҳам керак вақтида чиқариб турадиган бўлган.
Бу Ислом умматининг тарихида маълум ва машҳур ҳақиқатдир. Ҳатто баъзи уламоларимиз ҳар бир асрнинг мужаддиди бўлган уламоларнинг номларини аниқлашган ҳам.
Албатта, бу ҳам уммати Муҳаммадия учун улкан фазлдир.

   Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Умматим мисли ёмғирга ўхшайди. Унинг аввали яхшими, охири яхшими билиб бўлмайди», дедилар». Термизий ва ал-Ҳоким ривоят қилган.
Ал-Ҳокимнинг лафзида: «Умматим раҳм қилинган умматдир. Уни мағфират қилинган. Унинг тавбаси қабул қилинган», дейилган.
Шарҳ: Дунёда уммати Муҳаммадиядан бошқа умматнинг бошидан охиригача яхши бўлгани маълум эмас.

   Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ умматимни ёки Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматини залолатга жам қилмайдир. Аллоҳнинг қўли жамоат биландир. Ким четласа, дўзахга четлайди», дедилар». Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Шунинг учун мусулмонлар ижмоъи бўлган нарсага қарши чиқиб бўлмайди.
Буларнинг ҳаммаси уммати Муҳаммадиянинг фазли адоқсиз эканини кўрсатиб туради.
Аллоҳ таоло ўша афзал умматдан қилганига шукр.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Савол Баъзан Шайтон Аллоҳ ҳамма нарсани яратди, Уни ким яратдиrdquo ndash деб васваса солади. Бунинг жавоби нимаЖавоб 1. Аллоҳ мавжудлигининг аввали йўқ, азалдан давоми...

3976 20:08 / 05.11.2018
Қадарга бўлган ишонч ўз эгасини доимо ҳаракатда бўлишга чорлайди. У ўз фойдасини ҳаракатдан топади. Бу ишим самарали бўлмаса кейингиси самара берар, деб доимо давоми...

3874 19:12 / 02.12.2016
Аллоҳ таоло Каҳф сурасида айтади .Сен .Ҳақ Роббингиз томонидандир. Бас, ким хоҳласа, иймон келтирсин, ким хоҳласа, куфр келтирсин,, дегин, 29оят.Яъни .Эй одамлар, давоми...

4092 13:30 / 15.04.2019
Аллоҳ таоло Аҳзоб сурасида .Одамлар сендан Соат ҳақида сўрарлар. .Унинг илми фақат Аллоҳнинг ҳузуридадир,, деб айт. Недан билурсан, эҳтимол, Соат давоми...

3147 19:00 / 20.02.2023