1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Аҳли жаннатнинг сифатлари

21:51 / 01.12.2016 5957 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло: «Албатта, тақводорлар жаннатлар ва чашмалардадир. Уларга тинчлик, омонлик ила киринглар», (дейилур). Уларнинг дилларидаги ғилли-ғиштларни чиқариб ташладик. Сўриларда бир-бирларига боқиб, дўст бўлган ҳолларида ўлтирурлар. Уларни у жойда чарчоқ тутмас ва улар ундан чиқарилувчи ҳам эмаслар», деган.

Тақводорлар–ўзларини гуноҳлардан сақлаган инсонлардир. Аллоҳдан қўрққанлар жаннатлар, гўзал боғу бўстонларда бўлурлар. Чашмалар, сув, салсабийл, асал, шароб каби ичимликлар чиқиб турган булоқларда бўлурлар. Уларга:
«Уларга тинчлик, омонлик ила киринглар», (дейилур)».
Улар жаннатларга кириб, роҳат-фароғатда бўлурлар.
«Уларнинг дилларидаги ғилли-ғиштларни чиқариб ташладик. Сўриларда бир-бирларига боқиб, дўст бўлган ҳолларида ўлтирурлар».
Инсон қанчалик моддий роҳат-фароғатга эришмасин, кўнглида бир оз ғашлик бўлса, унга ўша роҳат-фароғат татимайди. Шунинг учун Аллоҳ таоло Ўз раҳмати ила жаннатга сазовор қилган тақводор бандаларининг дилларида ғашликлар, яъни, ҳиқду ҳасад, кўра олмаслик каби баъзи бир иллатлар бўлса, чиқариб ташлайди. Шунда аҳли жаннатнинг дилларида бир-бирларига нисбатан ҳеч қандай ғиллу-ғишт қолмайди. Улар жаннатдаги:
«Сўриларда бир-бирларига боқиб, дўст бўлган ҳолларида ўтирурлар».
Уларда бир-бирларига терс нарса бўлмайди.
«Уларни у жойда чарчоқ тутмас ва улар ундан чиқарилувчи ҳам эмаслар».
Бу дунёда инсон роҳат-фароғатда юриб ҳам чарчайди. Чарчоқ ўша роҳат-фароғатни бузади. Жаннатда эса, ҳеч қандай чарчоқ йўқ. Демак, роҳат-фароғат ҳеч бузилмайди. Инсон ҳар қанча роҳат-фароғатда бўлса ҳам, ўша роҳатнинг тамом бўлишини, тугашини ўйласа, афсус қилади, роҳатига футур етади. Аммо жаннатда ундай эмас. У ердаги кишилар, ундан ҳеч қачон чиқарилмаслар. Шунинг учун ҳам роҳат-фароғатлари тўлиқ бўлур.

Аллоҳ таоло:
«Албатта, жаннат эгалари у кунда завқланувчилик ила машғуллар. Улар ва уларнинг жуфтлари сояларда сўриларда ёнбошлаб ётурлар. Улар учун у ерда мевалар бордир. Улар учун у ерда истаган нарсалари бордир. Раҳим бўлган зот Роббдан «Салом» сўзи бордир», деган.
Бу дунёни иймон ва ибодат ила ўтказиб, у дунёда жаннатга эришган зотлар ўша кунда ўзларига завқ берадиган ишлар билан машғул бўладилар. Нима уларга завқ, шодлик, хурсандчилик берса, ҳаммаси у ерда муҳайёдир.
«Улар ва уларнинг жуфтлари сояларда сўриларда ёнбошлаб ётурлар».
Аслида, соя кишига роҳат бахш этиши учун яратилгандир. Лекин жаннатдаги соя бу дунёдаги соя каби фақат иссиқдан тўсадиган, салқинда танани жунжиктирадиган нарса эмас. У доимий роҳатбахшдир. Сўрилар ҳам жуда зийнатланган, усти ва атрофига парда тутилган бўлади.
«Улар учун у ерда мевалар бордир. Улар учун у ерда истаган нарсалари бордир».
Аҳли жаннат учун жаннатда турли хил мевалар бордир. Улардан хоҳлаганларича еб, маза қиладилар. Аҳли жаннатлар нимани истасалар, жаннатда ўша нарса бордир. Кўнгиллари исташи билан олдиларида муҳайё бўлади. Яна уларга:
«Раҳим бўлган зот Роббдан «Салом» сўзи бордир».
Шунча нозу неъмат, роҳат-фароғат, шавқу завқнинг устига ўзлари учун ниҳоятда раҳмли бўлган зот Роббилари Аллоҳ таоло томонидан «Салом» ҳам келади. Бу эса, энг юқори даражадаги тақдирлашдир.

. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«Аҳли жаннатлар туксиз, соқолсиз ва сурма суртилгандирлар. Уларнинг ёшликлари фоний бўлмас ва кийимлари эскирмас
», дедилар».

Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«Аҳли жаннатлар жаннатга туксиз, соқолсиз, сурма қўйилган, ўттиз ёки ўттиз уч ёшдаги ҳоллларида кирурлар», дедилар
».
Шарҳ: Агар гўдаклик ёки ўта қарилик ҳолида вафот этган бўлсалар ҳам.

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«Аҳли жаннатлардан ким кичиклигида ёки катталигида ўлса ҳам жаннатга ўттиз ёшли ҳолларида кирурлар. Улар бу ёшдан катта бўлмаслар. Аҳли дўзахлар ҳам худди шундоқ», дедилар
».
Ушбу учтани Термизий ривоят қилган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«Албатта, биринчи гуруҳда жаннатга кирадиган одамлар тўлиной кечасидаги бадр сувратида кирурлар. Улардан кейингилар осмонда энг кучли нур сочиб турган сайёра сувратида кирурлар. Улар сиймаслар, қазои ҳожат қилмаслар, миширмаслар ва туфурмаслар. Уларнинг тароқлари тиллодан, сепадиганлари миск, исириқдонлари увддан, жуфти ҳалоллари ҳури ийндан ва ахлоқлари бир кишининг хулқидек ва оталари Одамнинг сувратида осмонга олтмиш аршин чўзилган», дедилар
».
Шарҳ: Ахлоқлари бир кишининг хулқидек-худди бир кишидек бўлиб ҳасад ва ёмон кўриш каби нарсалар ораларида бўлмайди.
Оталари Одамнинг сувратида осмонга олтмиш аршин чўзилган-бўйлари олтмиш аршин, энлари бошқа ривоятларда келганидек етти аршин.

Бошқа бир ривоятда:
«Улардан ҳар бирининг гўзаллигидан болдирининг илиги гўштнинг ортидан кўриниб турадиган иккитадан жуфти ҳалоли бор. Уларнинг орасида ихтилоф ҳам, ёмон кўриш ҳам йўқ. Уларнинг қалблари битта. Эрта кеч Аллоҳга тасбиҳ айтурлар», дейилган.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг:
«Албатта, аҳли жаннатлар ундан ерлар ва ичарлар, лекин туфурмаслар, сиймаслар, қазои ҳожат қилмаслар ва миширмаслар», дедилар.
«Таом нима бўлади?» дейишди.
«Сингиб кетади ва мискка ўхшаб ҳид бўлиб тарқалади. Уларга худди сизларга нафас олиш илҳом қилингандек тасбиҳ ва хамд айтиш илҳом қилинади», дедилар».

Муслим ривоят қилган.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«Мўминга жаннатда бунча ва бунча жинсий қувват берилади», дедилар.
«Эй Аллоҳнинг расули! У бунга қодир бўладими?» дейилди.
«Унга юз кишининг қуввати берилади», дедилар»
.

Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«Агар жаннатдаги нарсаларда тирноққа юк бўладигани зоҳир бўлса осмонлару ер атрофидаги барча нарсаларга зийнаб бўлишга етарди. Агар аҳли жаннатдан бир киши қараганда билак узуги кўриниб қолса худди қуёшнинг ёғдуси юлдузларнинг ёғдусининг ўчиргандек унинг ёғдуси ҳам қуёшнинг ёғдусини ўчиради», дедилар».

Иккисини Термизий ривоят қилган.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.АлҚобиз, исми руҳларни қабз қилувчи, хоҳлаган кишисининг ризқини қабз қилувчи, қалбларни қабз қилувчи деган маъноларни англатади.Аллоҳнинг ушбу исми саҳиҳ давоми...

9885 17:00 / 12.08.2017
Аллоҳнинг гўзал исмлари. АлЖаббор .АлЖаббор, сифатининг маъноси олий қадар улуғ Зот, ҳузурида ҳамма ўзини хор тутадиган Зот демакдир. У зот камбағалларни беҳожат давоми...

10987 08:20 / 20.04.2017
Илоҳий китобларга иймон келтириш Ислом ақийдаси арконларидан биридир. Ушбу ақийдасиз ҳам иймонли бўлиш мумкин эмас. Илоҳий китобларга иймон келтиришнинг маъноси давоми...

3791 20:01 / 26.10.2018
иккинчи мақолаРасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ҳеч бир бандага .Мен Юнус ибн Маттодан яхшиман,, дейиш тўғри келмайди,, деганлар. Яъни Юнус алайҳиссаломдан давоми...

4691 19:30 / 06.01.2020