1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Бахтиёр оила

Айбли ҳолдаги ҳомилани тушириб юбориш ҳақида

10:05 / 26.10.2019 2602 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ислом Фиқҳи Академияси Маккаи Мукаррамада, Робитанинг биносида ҳижрий 1410 йил 15–22 Ражаб (милодий 1990 йил, 10–17 февраль) кунлари бўлиб ўтган ўн иккинчи мажлисида айбли ҳолдаги ҳомилани тушириб юбориш ҳақидаги масалани кўриб чиқди.

Муноқаша ва фикр алмашувлардан кейин Ислом Фиқҳи Академияси бир овоздан қуйидаги қарорларни қабул қилди:

Агар ҳомила бир юз йигирма кунлик бўлган бўлса, уни тушириб юбориш жоиз эмас. Тиббий ташхис унинг айбли яралганини қайд этган бўлса ҳам.

Фақатгина ишончли мутахассис табиблардан ташкил топган тиббий гуруҳ ҳомиланинг қолишида онанинг ҳаётига муқаррар хатар борлигига қарор қилсагина уни тушириб юбориш жоиз. Бунда икки зарардан каттасини даф қилиш бор.

Агар ишончли мутахассис табиблардан ташкил топган тиббий гуруҳ жиҳозлар ва таҳлил йўллари ила ҳомиланинг хатарли айблари борлигини, уни даволаб бўлмаслигини, у ўз вақтида туғилса, ҳаёти ёмон бўлиши ўзига ҳам, ота‑онасига ҳам дарду алам бўлишини аниқласагина, ота‑онанинг талаби асосида, уни тушириб юбориш жоиз бўлади. Бироқ, бунда ҳомила ҳали бир юз йигирма кунга етмаган бўлиши шарт.

Мажлис бу қарорни қабул қилар экан, табиб ва ота‑оналарга бу масалада Аллоҳга тақво қилишни ва бу ишда аниқлик билан ҳаракат қилишни тавсия қилади.

Тавфиқ берувчи Аллоҳнинг Ўзидир».

Шариатда ҳомилага тўла-тўкис инсон сифатида қаралишига яна бир далил унга мерос ҳаққи берилишидир. Агар қориндаги бола тўла-тўкис бўлганда, меросидан ҳомила ҳақдор бўладиган шахс вафот этиб қолса, унинг мероси ҳомила туғилгунча тақсимланмай туради. Ҳомила туғилганидан кейин ўғил ёки қизлигига қараб, мерос тақсимланади.

Авваллари мусулмон оламида ҳомиладор аёлларга аталган вақфлар бўлган. Уларда ҳомиланинг ҳурматидан уларнинг оналарига керакли озиқ-овқатлар бепул тарқатилиб турилган. Умуман, ҳомиладор аёлларнинг толиқиб қолмасликлари учун ҳар тарафлама чоралар кўрилган.

Ҳомиладор аёл ўз ҳомиласининг соғ-саломат ўсиб бориши учун керак бўлган барча чора ва тадбирларни кўриб бориш ўзининг бурчи эканини бир зум ҳам унутмаслиги керак. Доимий равишда ва ўз вақтида тиббий кўриклардан ўтиб туриши, ўзига ва ҳомиласига фойда берадиган озуқаларни тановул қилиб бориши зарур. Унинг эри ва оила аъзолари у учун керакли барча нарсаларни тайёрлаб беришлари керак.

Насл-насаб.

Бола туғилиши билан унинг бирмунча ҳақлари ҳам бирга туғилади. Ўша ҳақларнинг энг асосийларидан бири покнасаб бўлиш ҳаққидир.

Никоҳнинг асл мақсадларидан бири ҳам насл-насабни сақлашдир. Бусиз оила ҳам, ота‑оналик ҳам, болалик ҳам, қариндош-уруғчилик ҳам, жамият ҳам бўлмайди. Фарзанднинг ота‑онаси никоҳдан ўтган, ҳалол-пок яшагандагина насаби аниқ ва пок бўлади.

«Насаб» сўзи луғатда «нисбат бериш», «мансублик» маъноларини англатади. Шаръий истилоҳда эса «Яқинлик – икки инсоннинг туғилишда муштараклик сабабидан боғланиши»дир. Насаб ота ёки она тарафидан бўлиши мумкин.

Насаб энг муҳим ва ўта нозик ижтимоий ҳукмлардан биридир. Зотан, инсон айнан насаб орқали ота‑онасини, бобо-момосини, амаки-тоғасини, амма-холасини ва бошқа қариндошларини танийди ва улар билан алоқада бўлади.

Ислом шариатида насабга алоҳида эътибор берилиши унга боғлиқ ўта муҳим ҳақлар борлиги учундир:

а) насабни яхши аниқлаш келажакда маҳрамлар орасида никоҳланишдек катта гуноҳнинг олдини олади. Агар бу иш бўлмаса, одам билмасдан, ўзининг қариндоши билан оила қуриб қўйиши ва бунинг оқибатида кўплаб зарар тортиши ва гуноҳга қолиши бор;

б) насабнинг собит бўлиши ота‑она ҳақларининг ҳам собит бўлишига хизмат қилади. Агар насаб аниқланмаса, баъзи ҳолатларда инсон учун энг муҳим ишлардан бўлган ота‑она ҳақларининг поймол бўлиши турган гап;

в) насабга эътибор бериш қариндош-уруғларга эътибор бериш ва уларга силаи раҳм қилишни йўлга қўйиш деганидир.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: تَعَلَّمُوا مِنْ أَنْسَابِكُمْ مَا تَصِلُونَ بِهِ أَرْحَامَكُمْ، فَإِنَّ صِلَةَ الرَّحِمِ مَحَبَّةٌ فِي الْأَهْلِ، وَمَثَرَاةٌ فِي الْمَالِ، وَمَنْسَأَةٌ فِي الْأَثَرِ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ.

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Насабларингизни ўрганинг, у билан силаи раҳм қиласиз. Зотан, силаи раҳм аҳлга муҳаббат, молнинг зиёдаси ва асарини ортдан қолдиришдир», – дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Ҳар бир киши насабини, яъни аждодлари, қариндош-уруғларини яхши таниб олиши лозим. Бу нарса силаи раҳм қилиш учун керак. Бир киши бошқа бир кишининг ўзининг қариндоши эканини билмай, шу туфайли унга силаи раҳм қилмай юрган бўлса, гуноҳкор бўлади. Шунинг учун қариндош-уруғларни яхши билиш, қариндошлик алоқаларини ўрганиш мусулмон кишининг бурчи ҳисобланади.

Силаи раҳм қариндошлар ўртасида меҳр-муҳаббат уйғотади: қариндош-уруғлар борди-келди қилсалар, бир-бирларини зиёрат қилсалар, бойлари ҳожатмандларига ёрдам қилсалар, ҳол-аҳволларидан хабар олсалар, касал бўлганда бориб кўрсалар, оғирини енгил қилсалар, мушкулларини осон қилсалар, ўз-ўзидан орада меҳр-муҳаббат, унсу улфат пайдо бўлади.

Қариндош-уруғларга нафақа қилиш, бошқаларни ўзидан устун кўриш каби ишларни ҳам силаи раҳм йўлга қўяди. Уларни «Фалончи менга яхшилик қилган эди, касал бўлганимда кўргани келган эди, қийналганимда ёрдам берган эди», деб, вафот этганларидан кейин ҳам эслаб юрадилар. Бу нарса ўғил-қизларга, набираларга ҳам одат бўлиб қолади. Орадан йиллар ўтиб кетса ҳам «Бувам айтар эдилар, қийналиб ўтирганимизда амакимиз келиб, катта ёрдам бериб кетган эканлар», деб эслаб юрадилар.

Силаи раҳм шу қадар катта аҳамиятга молик амал экан. Қариндошларга яхшилик қилиш, уларга мол-дунё сарфлаш каби амаллар кишининг охиратини обод қилиши билан бирга, ортидан яхши ном қолишига ҳам сабаб бўлади.

Шунинг учун шариатда силаи раҳмга, қариндошлик алоқаларини маҳкам боғлашга ва уларни ҳеч қачон узмай юришга қаттиқ тарғиб қилинган.

г) насабга аҳамият бериш фарзандларнинг молиявий ҳақларини ҳимоя қилиш деганидир. Албатта, болаларнинг нафақаси, мерос олиши, уларга ҳомий бўлиш каби ҳақларининг барчаси насабга боғлиқдир.

Эмизиш.

Эмизиш – ота‑онанинг бурчи, боланинг ҳаққи. Туғилган фарзанд аввало эмизишга муҳтож. Бу эса онасининг вазифаси. Онани нафақа билан таъминлаб туриш эса, отанинг вазифаси. Шаръий узр сабабли она эмиза олмаса, эмизувчи топиш ва уни рози қилиш ҳам отанинг иши ҳисобланади.

Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида шундай деб марҳамат қилади:

ﮪ ﮫ ﮬ ﮭ ﮮﮯ ﮰ ﮱ ﯓ ﯔ ﯕﯖ

«Оналар фарзандларини тўлиқ икки йил эмизурлар. (Бу) эмизишни батамом қилмоқчи бўлган киши учундир» (233‑оят).

Гўдакнинг ҳақларидан бири ва оналарнинг энг мўътабар вазифаси фарзандни икки йил эмизишдир. Янги туғилган гўдакнинг жисми ва руҳининг ўсиб-улғайишига онасининг сутидан афзал озуқа йўқ. Боланинг суяги онанинг сути билан шаклланади, шунингдек, унинг бошқа тарафлари, руҳий ривожланишига ҳам она сути зарур озуқа ҳисобланади.

Ушбу озуқанинг муддати тўлиқ икки йил бўлиши керак. Бу қуръоний ҳақиқатни адашган инсоният минг тўрт юз йилдан кейингина тушуниб етди. Ҳозирги пайтда, илмий текширишлардан сўнг, «Гўдак бола учун энг яхши озуқа онанинг сути ва уни тўлиқ икки йил эмизиш керак» деган гапни айтишмоқда.

Тарихдан маълумки, дунёга довруғ солган аксар буюк алломаларга, фозилу уламоларга болалик пайтларида оталари бирор луқма ҳам ҳаром касб билан топилган таом едирмаган, оналари уларни бетоҳарат эмизишмаган.

«Бахтиёр оила» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Сир эмас, Аллоҳ таоло инсонни яратганда хоҳ эркак бўлсин, хоҳ аёл бўлсин, жинсий туйғу ва эҳтиёж билан қўшиб яратгандир. Ўша хоҳишэҳтиёжни эса никоҳ йўли билан давоми...

83442 15:10 / 20.03.2019
Оилавий ҳаётнинг ва эрхотиннинг бирбирларига нисбатан бўладиган муносабатларини сифатлашда Қуръони Каримда келган баёнотлар айни мўъжизадир. Бу борадаги давоми...

4166 17:00 / 01.08.2021
Унаштирилган кишилар муносабатлари тўғрисидаги саволлар жуда кўп сўраладиган саволлардан. Масалан Унаштирилган йигит билан қиз телефонда гаплашиб юрса давоми...

5431 14:00 / 15 февраль
Келинликка номзод ҳам, куёвликка номзод ҳам суриштириб бўлинди. Сифатлари, дину диёнати, одобахлоқлари ва одамгарчилиги ўрганилди. Ана шу маълумотларга қараб, давоми...

5398 11:09 / 17 декабрь