1446 йил 2 рабиъус сони | 2024 йил 05 октябрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Ваҳдатул вужуд

05:00 / 28.02.2017 5654 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ушбу китобимизнинг асосий мақсадига назар соладиган бўлсак, ваҳдатул вужуддан сўз очмасак ҳам бўлар эди. Чунки, бу китобда биз сунний тасаввуфдан сўз юритмоқдамиз, фалсафий тасаввуфдан ўзимизни йироқ тутмоқдамиз. Ваҳдатул вужуд эса, айнан фалсафий тасаввуфни майдонга киритган бош омиллардан бири ҳисобланади. Шу билан бирга, бу масалага фалсафий тасаввуфдан бошқалар ҳам қисман мубтало бўлганлар. Хусусан, бизда кўп тарқалган Нақшбандия тарийқати ҳам бир вақтлар ваҳдатул вужуд масаласига катта эътибор берган.

Ҳозирги кунимизда бу масала бизнинг диёрларимизда унут бўлган эди. Шунинг учун, бошқа бир қанча тортишувли масалалар қатори ваҳдатул вужуд масаласининг қайта майдонга чиқишини истамас эдик. Мен ўзим бу масаланинг бировнинг эсига тушиб қолишини асло истамас эдим. Бу масаладан хабардор биродарларга ҳам уни қўзғамаслик кераклигини айтиб юрар эдим. Аммо биз истаймизми, йўқми, аста-секин ваҳдатул вужуд масаласи майдонга кириб кела бошлади.

Ҳижратда юрганимда «Озодлик» радиосига баъзи бир мухлислар хат ёзиб, мендан ваҳдатул вужуд масласини тушунтириб беришни сўрадилар. Ўшанда истамасак ҳам бу масала кўтарилганини таъкидлаш билан бирга унинг ҳақида бироз маълумот бердим.

Кейинчалик, юртга қайтганимда, тушунчаси чет эл тасаввуфига қўшилиб ваҳдатул вужуд, ҳам халқ орасига кириб келганининг гувоҳи бўлдим. Одамлар бу масала ҳақида савол бера бошлаган эдилар. Четдан келган китобларнинг таржималарида бу масала турлича ёритилган эди. Баъзи билган-билмаганлар ваҳдатул вужуд ҳақида ўзларича ёзар ва гапирар эдилар.

Ушбу ва яна бошқа баъзи бир омиллар ваҳдатул вужуд масаласи ҳақида қўлдан келганича маълумот беришга ундади.
Ваҳдатул вужуд назариясининг кенг тарқалишига асосий сабаб бўлган шахс ҳижрий 560-санада туғилган ва ҳижрий 638-санада вафот этган Муҳйиддийн ибн Арабий ҳисобланади.

Ваҳдатул вужуд назариясини асосан Муҳйиддийн ибн Арабий ўзининг «Ал-футуҳоту ал-Маккия» ва «Фусусул ҳикам» номли китобларида баён қилган. Бу назария ўша вақтнинг ўзидаёқ ҳаммаёққа кенг тарқалди. Айниқса, тасаввуф тарийқатлари орасида бу назария танадаги қон ўрнида айланадиган бўлди. Бора-бора ваҳдатул вужуд назарияси аҳли завқ ва таҳқиқнинг шиорига айланди. Бу назарияни инкор қилганлар ғофил киши сифатида, тасаввуфга ёт унсур сифатида қораланадиган бўлди.

Шу ерда Муҳйиддийн ибн Арабий ва унинг сафдошлари сунний тасаввуф заифлашган вақтида, умуман, исломий илмлар таназзулга юз тута бошлаган бир пайтда майдонга чиққанлигини алоҳида таъкидлаб ўтмоғимиз лозим.

Ваҳдатул вужуд назарияси, қисқача қилиб айтганда, қуйидаги фикрдан иборат:
«Аллоҳ таолодан бошқа барча нарсалар шуъун ва таъйинотлар оламидир. Барча шуъун ва таъйинотлар У зотнинг кўринишларидир. У зот уларда зоҳир ва аралашиб юрувчи бўлгандир. Бу аралашиб юриш ҳулул ва иттиҳод назарияси соҳиблари айтгани каби эмасдир. Балки бу аралашиб юриш бир соннинг бошқа сонлар ичида юргани кабидир. Ҳамма сонлар бирликлардан иборатдир. Аммо оламда фақатгина бир муайян нарса ёки биттагина зот зоҳир бўлади, холос. Ана ўша зот Аллоҳнинг муқаддас зоти шаклида зоҳир бўлгандир. Аллоҳнинг зоти эса кўп ададларда зоҳир бўлади. Бас, Аллоҳ аввал ва охир, зоҳир ва ботин, шериклар ва тенгдошлардан устиндир».

Бу маънонинг далили сифатида ваҳдатул вужуд асосчилари ва тарафдорлари «Махфий хазийна эдим. Бас, танилишни маҳбуб кўрдим ва халойиқни халқ қилдим», деган ҳадисни келтирганлар.
Аммо ҳадис илмидан воқиф бўлган кўпчилик уламолар – ҳофиз Ибн Ҳажар, аз-Заркаший, ас-Суютий ва бошқалар бу гап ҳадис эмаслигини атрофлича исботлайдилар.

Ваҳдатул вужудчиларнинг асосий далилларидан бири имом Бухорий ривоят қилган қуйидаги ҳадиси қудсий эди:
«Ким менинг валийимга душманлик қилса, Мен унга қарши уруш очаман. Бандам учун Менга Ўзим унга фарз қилган нарса ила яқинлашишидан кўра маҳбуб яқинлашиш йўқ. Бандам Менга нафллар ила яқинлашишда унга муҳаббат қилгунимча бардавом бўлур. Бас, қачон Мен унга муҳаббат қилсам, эшитар қулоғи, кўрар кўзи, ушлар қўли, ва юрар оёғи бўлурман. Ва у Мендан сўраса, албатта, унга берурман. Мендан паноҳ сўраса, албатта, унга паноҳ берурман».

Аллоҳ таолонинг иродаси ила ҳар нарса бўлиши мумкинлигига ваҳдатул вужуднинг мусулмонлар ичида тарқалиши ёрқин мисол бўлса, ажаб эмас. Бўлмаса, «анал ҳақ» деганлар юқоридаги ҳадиси шарифни ўзларининг фикрига далил қилиб келтириб, бошқа одамлар ўша сафсатани қабул қилармидилар. Ахир, ҳадиснинг ўзида «бандам» деган сўз турибди-ку! Банда бўлгандан кейин қандоқ қилиб Ҳаққ ҳам бўлиши мумкин. Бу ҳадиси шарифда фарз ибодатларни тўлиқ адо этадиган банда Аллоҳ таолога яқин бўлиши, у нафл ибодатларни ҳам кўпроқ қилаверса, дуоси тўсиқсиз қабул бўладиган ҳолга эришиши мумкинлиги ҳақида сўз бормоқда-ку!

Мансур Халложнинг қатли учун йиғлаб қўл қўйган уламолар каби биз ҳам бу улуғ зотнинг «Анал Ҳаққ»лари худолик даъвоси эмаслигини, Аллоҳнинг валийи илоҳлик даъвосини қилмаслигини яхши тушунамиз. Лекин Аллоҳ таолонинг муҳаббатини юрагига сиғдиролмай, Аллоҳ азза ва жалланинг яқинлигидан завқи тошиб, ўзини йўқотиб, жазавага тушган ошиқ авлиёнинг шатахотини ҳам, жазавасини ҳам оқламаймиз. Агар бошқа валий зотларда бўлгани каби бу шатахот, бу жазава фақат ўткинчи бир ҳолат бўланида, ҳеч бир уламо Мансур Халложга эътироз билдирмасди. Зеро, ҳадиси шарифда баён қилинишича, баъзан банда завқини зўридан адашиб, ўзини Робб, Роббни банда деб хитоб қилиб юбориши ҳам мумкин ва бу ўткинчи янглиш ҳолат узрли ҳисобланар экан.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳ Ўз бандаси тавбасидан сизнинг бирингизнинг устида шароби ва таоми билан камсасиз биёбонда қочиб кетган уловидан умидини узиб, бир дарахт тагига бориб соясида ётганда, умуман уловидан умиди узилганда, ана шу ҳолда ётганида бирдан қараса у олдига келиб турибди. Бас, унинг жиловидан тутиб, ўта хурсанд бўлганидан: «Эй Аллоҳим! Сен бандамсан! Мен Роббингман!» деб юборган пайтидаги хурсандлигидан ҳам кўра шиддатлироқ хурсанд бўлади. У хурсандлигининг шиддатидан хато қилганди», дедилар
». Бухорий, Муслим ва Термизий ривоят қилган.

Аммо Мансур Халлож шатахот холатида туриб қолди. Аллоҳ таолонинг инсонларни ва жинларни яратишдан мақсади уларнинг ибодати яъни қуллиги эканини унутди.

Аллоҳ таоло «Зарийаат» сурасида:«Жин ва инсонни фақат Менга ибодат қилишлари учун яратдим», деган (56-оят).
Аслини олганда, Аллоҳ таолога қуллик қилиш ва Уни севиш айнан бир тушунчалардир. Зеро, банда ўзини яратган Зотни севгандагина Унинг ҳар бир амрини муҳаббат билан қабул қилади ва Унга сўзсиз итоат этишдан ҳузурланади. Аслида, Роббул оламийннинг ҳар бир амри бандасининг ўз фойдаси учундир. Мўмин-мусулмон учун эртаю кеч бир лаҳза ҳам Аллоҳ таолонинг зикридан ғофил қолмаган ҳолда, У зотнинг амрларига буйсуниб, қайтарганларидан қайтиб, ҳалол-пок ризқ талабида меҳнат қилиб, жамиятнинг ишончли, солиҳ бир вакили, вафодор эр, меҳрибон ота, содиқ дўст, силаи раҳм қилувчи қариндош, масжидга шошилиб бориб, секин қайтувчи намозхон, ўзига раво кўрган яхшиликларни ўзга мусулмонларга ҳам раво кўрувчи қалби сахий инсон ва энг муҳими ҳар бир яхши амалида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга иқтидо қилувчи содиқ муқтадий бўлищдан кўра тўғрироқ йўлни биз билмаймиз. Зеро, бу айтилганларнинг барчаси севимли Роббимиз биздан талаб қилган, У зотнинг элчиси, Ҳабибуллоҳ Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга Аллоҳ таолонинг амри ила етказган вожиботлардир. Тўғри эътиқоддаги ҳеч бир мусаввиф, тўғри тарийқатдаги ҳеч бир мустаршиду мурид бу вожиботларнинг биронтасини инкор қилмайди. Буларни инкор қилганларнинг эътиқоди ҳам, тарийқати ҳам шубҳалидир.

Айни пайтда биз хавф ва ражо оралиғида яшашга буюрилганмиз. Аллоҳ таолони севамиз ва тақво ҳам қиламиз. Бу амалимиз ҳам Аллоҳ таолонинг Ўз буйруғи ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатмаларига кўрадир. Шунинг учун ҳам биз – Аҳли сунна ва жамоа аҳли «Анал Ҳаққ» васвасасини ҳам «Ваҳдатул вужуд» ғояси аталмиш сафсаталарни ҳам қабул қилмаймиз.

Ваҳдатул вужудчиларнинг бошқа бир далиллари бун­дан ҳам ғариброқ. Улар фикрларининг далили сифатида қуйидаги ҳадиси шарифни ҳам келтирадилар:
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, Аллоҳ азза ва жалла қиёмат куни:
«Эй, Одам боласи, бемор бўлдим, кўргани келмадинг?!» – дейди.
«Эй ,Роббим, қандоқ қилиб Сени кўргани бораман? Сен Роббул оламийн бўлсанг?» – дер.
«Билмадингми? Бандам фалончи бемор бўлди. Сен уни кўргани бормадинг. Билмадингми? Агар сен уни кўргани борганингда, Мени унинг ҳузурида топган бўлар эдинг. Эй, Одам боласи, сендан таом сўрадим, Менга таом бермадинг?!» – дейди.
«Эй, Роббим, қандоқ қилиб Сенга таом берайин? Сен Роббул Оламийн бўлсанг?» – дер.
«Билмадингми? Бандам фалончи сендан таом сўради. Сен унга таом бермадинг. Билмадингми? Агар сен унга таом берганингда, ўшани Менинг ҳузуримда топган бўлар эдинг. Эй, Одам боласи, сендан сероб қилишни сўрадим, Мени сероб қилмадинг?!» – дейди.
«Эй, Роббим, Қандоқ қилиб Сени сероб қилай? Сен Роббул оламийн бўлсанг?» – дер.
«Бандам фалончи сендан сероб қилишни сўради. Сен уни сероб қилмадинг. Агар сен уни сероб қилганингда, ўшани Менинг ҳузуримда топган бўлар эдинг», – дейди
».
Муслим ривоят қилган.

Эътибор берадиган бўлсак, ҳадиси шарифда «бандам» сўзи қайта-қайта такрорланмоқда. Бу ерда ҳеч қачон банданинг Аллоҳ билан бирлашиб кетишига ишора йўқ.
Бу ҳадиси қудсийда муҳтож кишиларга таом ва шароб тутиш худди Аллоҳ таолога таом ва шароб тутишга тенглаштирилмоқда, холос. Бундай улуғ ишни қилишга имкони бўлган ҳар бир мусулмон, албатта, уни амалга ошириши лозим бўлади. Аллоҳ таолонинг, «ўшани Менинг ҳузуримда топган бўлар эдинг», дейиши, ўша ишнинг савобини, деганидир.
«Эй, Одам боласи, бемор бўлдим, кўргани келмадинг?!» – дейди.
«Эй, Роббим, қандоқ қилиб Сени кўргани бораман? Сен Роббул Оламийн бўлсанг?» – дер.
«Билмадингми? Бандам фалончи бемор бўлди. Сен уни кўргани бормадинг. Билмадингми? Агар сен уни кўргани борганингда, Мени унинг ҳузурида топган бўлар эдинг».
Демак, бир бемор бандани кўргани борган одам жуда улуғ иш қилган бўлар экан. Бир банданинг бемор бўлганини билиб туриб уни кўргани бормаган одам эса, катта нуқсонга йўл қўйган бўлар экан.
Бошқа маънолар ҳам шунга таққосланади, холос.

Ваҳдатул вужуд назарияси соҳибларининг фикрича, бу дунёда Аллоҳдан бошқа вужуд бор, деб эътиқод қилган одам мушрик бўлади. Аммо, уларнинг назарида, «Бу дунёда Аллоҳдан бошқа вужуд йўқ, У зотдан бошқа нарсалар унинг кўринишларидир. Кўринишларнинг кўплиги У зотнинг ёлғизлигини рад қилмайди», деган инсон муваҳҳид бўлади.

Ваҳдатул вужуд назариясининг дунёдаги таъсири кенгайиб борди. Суфийлар, файласуфлар ва ёзувчию шоирларнинг тўқсон тўққиз фоизи бу назарияни ўзларининг мазҳаби қилиб олдилар.
Ўша вақтларнинг муҳаддислари, фақиҳлари ва катта уламолари бу назарияга қарши чиқдилар. Буларнинг ичида ҳофиз Ибн Ҳажар ал-Асқалоний, Аллома ас-Саховий, муфассир Абу Ҳайён, Иззуддийн ибн Абдуссалом, ҳофиз Абу Заръа, Мулло Али қори номи ила машҳур бўлган аллома Нуруддийн Али ибн Султон Муҳаммад Ҳиравий, аллома Саъдуддийн Тафтазоний ва бошқалар бор эдилар.

Ваҳдатул вужуд назарияси тарафдорлари бу назариянинг танқидчилари ва душманларини тасаввуфдан ва унинг самараларидан бебаҳраликлари учун душманлик қилаётганликда айблар эдилар. Улар бу борада, «бир нарсани билмаган одам унга душман бўлади» қоидаси тўғри келишини таъкидлар эдилар.
Аммо, ишларнинг ривожланиб бориши ваҳдатул вужуд назарияси фойдасига бўлмади. Бу назариянинг самараси аччиқ бўлди. Дарахтнинг самараси томири эмас, мевасидир. Ваҳдатул вужуд назариясининг асли бошқача бўлса ҳам, меваси аччиқ самара берди.
Бу назарияга эргашганлар орасида ақл, ахлоқ ва шариат чегарасидан чиқиб, фисқу фужур, залолат ва гумроҳлик доирасига кирганлар ҳаддан ташқари кўпайиб кетди. Ислом олами катта хавфу хатар остида қолди. Умуман Ислом таълимотларига мутлақо зид бўлган гап-сўз ва ишлар кўпайиб кетди. Ана ўша нарсаларни ўзига раво кўрганлар ваҳдатул вужуд назариясини ўзларига қурол қилиб олар эдилар.

Бир вақтлар Мансур Халложнинг қатл қилинишига сабаб бўлган гап-сўз ва эътиқодни қилганлар, энди ўша нарсаларнинг ўзи билан обрў қозонадиган бўлиб қолдилар.

Имом Суютий ўзларининг «Тарихи хулафо» номли китобларида қуйидагиларни ёзадилар:
«Ҳижрий уч юз биринчи санада Халложни туяга миндириб сазойи қилинган ҳолда Бағдодга олиб кирилди ва: «Бу қарматийларнинг даъватчиларидан биридир! Уни таниб қўйинглар!» деб жар солинди. Сўнгра тўққизинчи йили қатл қилингунича қамаб қў­йилди. Уч юз тўққизинчи йили Халложни қози Абу Амр, фуқаҳолар ва уламоларнинг унинг қони ҳалоллиги ҳақидаги фатвоси ила қатл қилинди».

Халложнинг қадимги ва ҳозирги мухлислари даъво қилганларидек, уни тўғри гапни айтгани учун баъзи жоҳиллар қатл қилган эмас. Балки уни энг нотўғри гапни айтиб, айтганида туриб олганидан кейин, тўққиз йил қамоқда қолиб ҳам ўзига келмаганидан кейин мусулмонларнинг ижмоъи ила қатл қилишга ҳукм қилинган.

Албатта, ҳижрий тўртинчи асрнинг бошида исломий илмлар ўзининг авжида, мусулмонлар дийнларида мустаҳкам ҳолларида, дийний эътиқод ва таълимотлар мусаффо ҳолида эди.
Аммо, кейинчалик таназзулга юз тутилди. Турли омиллар таъсирида мусулмонлар ичида Ислом таълимотларига зид нарсалар ҳам тарқала борди. Одам­лар Қуръон ва Суннатни қўйиб, турли фалсафа ва ажабтовур фикрларга берилиб кетди.
Бора-бора Мансур Халложнинг «аналҳақ» – Ҳаққ менман» ёки «маа фил жуббати иллаллоҳу» – чопоннинг ичида Аллоҳдан бошқа йўқ» каби иборалари ҳам ип эша олмайдиган гап-сўзлар ва ишлар кенг тарқалди.

Ўша нарсаларга мисолларни шайх Абул Ҳасан Надавий раҳматуллоҳи алайҳининг имом Сарҳан­дийнинг ҳаётлари ҳақида ёзган китобларидан таржима ҳолида келтирамиз.
«Тилмисоний вужудий мазҳабни амалда татбиқ қилар эди. У барча ҳаром нарсаларни ҳалол ҳисобларди. У: «Мавжуд битта бўлганидан кейин, ҳалол билан ҳаромнинг орасини фарқлашнинг нима ҳожати бор», дер эди».
Бир киши бошқа бировдан Ибн Арабийнинг «Фусусул ҳикам»ини ўқир эди. У ўз устозини Аллоҳнинг валий ва ориф бандаларидан деб билар эди. У китобни ўқиб туриб, унинг Қуръонга хилофлигини билиб қолди ва устозига: «Бу гап Қуръонга хилоф-ку», деди. Шунда ҳалиги устози: «Қуръоннинг ҳаммаси ширкдир. Тавҳид бизнинг каломимизда, холос», деди.

Бир киши ваҳдатул вужуд назариясига амал қи­лувчи шахс билан юриб бораётиб, сасиб ётган ўлик итни кўрди ва: «Бу ҳам Аллоҳнинг зотими», деди. Ваҳдатул вужудчи: «Ундан ташқарига чиқадиган нарса бормиди? Ҳа, ҳамма нарса Унинг зотидир!» деди.

Ваҳдатул вужуд назарияси тарафдорига: «Агар вужуд битта бўлса, нима учун хотин ҳалол бўлиб, она ҳаром бўлган», дейилди. Шунда у саволга: «Бизнинг наздимизда ҳамма нарса битта. Аммо анави сўқирлар «ҳаром» дедилар ва биз сизларга «ҳаром» дедик», деб жавоб берди.

Бу ҳолат ваҳдатул вужуд назарияси танқидчилари қаторига баъзи илмли сўфийларнинг ҳам қўшилишига олиб келди.
Аҳли тасаввуфда биринчи бўлиб ваҳдатул вужуд назариясига қарши чиққан киши Кубровия тарийқати шайхларидан бири шайх Алоуддавла Самноний бўлди. У киши ўзининг илмий баҳсларида соликнинг мақсади ваҳдатул вужуд эмас, убудият – бандалик қилиш эканини исботлади.
Шайх Алоуддавла Самноний қурбатнинг юқори даражасига чиққан солик ваҳдатул вужуддан юқори мартабага эришиши ҳақида сўз юритди.

Кейинроқ имом Шарафуддийн Яҳё ал-Мунирий бу фикрни кенгайтирди. У киши: «Ваҳдатул вужуд деб гумон қилинган нарса вожибул вужуд(Аллоҳ)дан бошқа барча вужуднинг бутунлай йўқ бўлиб кетиши эмас, балки нарсаларнинг ҳақийқий мавжуднинг олдида кўринмай қолишидир», деди.
Шарафуддийн Яҳё ал-Мунирий нарсаларнинг йўқлиги ёки сингиб кетиши бир нарса, уларнинг кўринмай қолиши бошқа нарса эканини исботлади.
Шундай қилиб, ваҳдатул вужуд назариясига нисбатан уч хил қараш юзага келди.
1. Ваҳдатул вужуд назариясини тамомийла қўллаб-қувватлаш. Уни айни ҳақийқат ва маърифат деб билиш.
2. Ваҳдатул вужуд назариясини бутунлай инкор қилиш.
3. Ваҳдатул вужуд назарияси ўрнига ваҳдатуш шуҳуд назариясини тақдим қилиш.

Аммо Нақшбандия тарийқатининг кўзга кўринган арбоби, улкан олим ва сўфий Имоми Роббоний (ҳижрий 971 – 1034 саналар ва милодий 1563 – 1625 саналар) бу хил қарашга ўзларининг тўртинчи йўлларини қўшдилар.

У кишининг фикрларича, ваҳдатул вужуд соликка ориз бўладиган бир ҳолдир. Ўшанда сўфий одамга кўринадиган ҳамма нарса бир вужуд бўлиб қолади. Аммо солик илоҳий тавфиқ ила набавий ҳидоятга рафиқ бўлиб турса, бошқа бир мақомга эришади. Бу мақом ваҳдатул вужуд мақомидан устун мақом бўлиб, «ваҳдатуш-шуҳуд» деб аталади. Ваҳдатуш-шуҳуд даражасига етган соликнинг шоҳидлиги фақат вожибул вужуд(Аллоҳ)нинг ёлғиз Ўзи бўлиб қолади. Бошқа нарсалар ўзлари мавжуд бўлса ҳам, унга йўқдек бўлиб қолади. Чунки, қуёш чиққанда юлдузлар кўринмай қолганидек, Аллоҳ таолога етишганда, бошқа нарсалар кўзга кўринмай қолади.
Шу тарийқа Имоми Роббоний сабаб бўлиб ваҳдатул вужуд туфайли вужудга келган ихтилоф ва ноқулайликлар тугаб, ҳеч ким хафа ҳам бўлмай, мусулмонлар жумҳури ақийдасига, Қуръон ва Суннатга ҳамда исломий шариатга мувофиқ ҳолатга қайтилди.

Бу ишда Аллоҳ таоло Имоми Роббоний раҳматул­лоҳи алайҳига улкан тавфиқ берди. Аввало, у киши забардаст олим эдилар. Қолаверса, донғи етти иқлимга тарқалган тасаввуф шайхи ҳам эдилар. Ўша вақтда Нақшбандия тарийқатининг шайхлиги у кишида тўхтаган эди. Сўнгра, масалани муолажа қилишда ҳам ҳакимона йўл тутилган эди. Бирор киши ҳақида бирор оғиз аччиқ сўз айтилмаган эди. Шу вақтгача бўлиб ўтган гап-сўзлар ва ишлар ҳам танқид қилинмаган эди. Ҳамманинг ҳурматини йўлга қўйган ҳолда янги бир қўшимча қўшиш билан иш ниҳоясига етган эди.
Айниқса, Имоми Роббоний раҳматуллоҳи алайҳи­нинг ўша пайт аҳли тарийқатларининг пешвоси бўлиб туришлари жуда ҳам қўл келган. Агар бундай бўлмаганда аҳли тасаввуф бу каби гапни қабул қилмай, ваҳдатул вужуд фикридан қайтмай туриб олишлари мумкин эди.

Ваҳдатул вужуд масаласи ҳозирда тарих сифатида ўрганилмоқда. Шу билан бирга, баъзи ҳолларда низоларга ҳам сабаб бўлмоқда. Айниқса, бу назарияни ўйлаб чиқарган ва унга ишониб амал қилганларнинг ҳукми нима бўлади, деган савол жавобида низолар кўп бўлган.
Баъзилар Муҳйуддийн ибн Арабий ва унинг издошларини дунёдаги энг ёмон гаплар билан қоралашади.
Бошқалар эса, уларни дунёдаги энг улуғ кишилар сифатида мақташади.
Қораловчилар уларнинг зоҳирда куфр, фисқ ва исёнга далолат қилувчи сўзларини далил қилиб келтирадилар.
Мақтовчилар эса, уларнинг тавҳид ва ихлос ҳақи­даги гапларини ҳамда амалларини далил қилиб келтирадилар.
Учинчи бир тоифа, уларнинг гап-сўзлари ва амалларида икки тарафга ҳам далолат қилувчи нарсалар борлигини эътиборга олиб, уларнинг ишини Аллоҳ таолонинг Ўзига ҳавола қиламиз, улар ҳақида бир ёқлама ҳукм чиқармаймиз, дейдилар. Биз ҳам умуман, шу тоифага қўшиламиз.

Аммо кичик бир мулоҳазамиз бор. Биз хоҳлаймиз­ми, йўқми, бугунги кунда «Ислом фалсафаси» ва «тасаввуф» деган атамалар мавжуд. Аслида, Ислом дийни ҳақидаги энг бузуқ тасаввурлар ҳам унга фалсафа сифатида қарашдан бошланган. Зеро, ислом фалсафа эмас, эътиқодиётдир. Гарчи Исломда мантиқ ҳам, фалсафа ҳам, мушоҳада учун мавзу ҳам мавжуд ожизона тафаккурига ташлаб қўйилган эмас. Чунки, дийн инсоният ўйлаб чиқарган ғоялар йиғиндиси эмас, аксинча, бутун борлиқни, жамийки жонзотни ва хусусан инсониятни ҳам яратган Роббул оламийн томонидан одамзот ва жинларга уларнинг абадий бахтли ҳаётга эришишлари учун ўткинчи дунёда амал қилишлари вожиб этиб юборилган дастуруламалдир. Бу қонуннинг барча бандларини Роббул оламийннинг ўзи тузган ва Расуллари орқали бандаларига етказган. Ва охирги Расули Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам орқали охирги шариатини жорий қилгач, бу дастуруламал қиёматга қадар ҳеч бир ўзгаришсиз қолишини эълон қилган. Шунинг учун, Қуръони Карим ва суннати набавия орқали инсониятга етказилган вожиботларни шу туришича қабул қилиш лозим. Инсон ожиз ақли ила бу вожиботлардан ўзига ёққанини танлаб олишга, ёқмаганини инкор қилишга ҳаққли эмас. Шунинг учун ҳам, дийн фалсафадан юқори туради. Қолаверса, ислом дийни бошқа-ю, тасаввуф бошқа нарса эмас. Тасаввуф, яъни руҳий тарбия мана шу дийннинг ажралмас бир қанотидир. Бинобарин, ҳатто шартли равишда ҳам «Ислом ва тасаввуф» ёки «Ислом фалсафаси» ва «тасаввуф фалсафаси» деб ажратишнинг ўзи мутлақо нотўғридир.

Мўмин-мусулмон кимса унга Қуръни Карим ва суннати набавия орқали билдирилган эътиқодиётларга қатъий иймон келтиради ва айни пайтда, Аллоҳ таолонинг Ўзи билдиришни лозим кўрмаган, сир тутган нарсалар ҳақида ортиқча сўраб-суриштирмайди. Чунки, бизга дийнда чуқур кетмаслик буюрилган. Бу борада Аҳмад ибн Ҳашор ал-Асқалонийнинг «Фатҳул Борий шарҳу Саҳиҳил Бухорий» асарида келтирилган қуйидаги ривоят ғоятда ибратлидир:
«Бир киши «Факиҳатан ва Аббан»ни қироат қилиб туриб, «Аббан»нинг маъносини сўраганда, Умар розияллоҳу анҳу: «Биз чуқур кетишдан ва ортиқча уринишдан қайтарилганмиз», дедилар». («Фатҳул Борий», 13-жуз, 271-бет)

Дийнга фалсафа сифатида қараш эса, айнан «чуқур кетиш ва ортиқча уриниш»дан бошқа нарса эмас.
Мўмин-мусулмон кимсанинг дийнда чуқур кетишдан ва ортиқча уринишдан қайтарилганига энг кучли далилни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларидан мисол келтириб кўришимиз ҳам мумкин.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мерож кечасида Роббул оламийннинг ҳузурига кўтарилганларида «Сидратул мунтаҳа» («Тугаш дарахти»)га етиб боргунларича йўлда ҳеч бир инсон зоти бу ҳаётида олмайдиган жуда кўп ғаройиботларни, Аллоҳ азза ва жалланинг қудратига далолат қилувчи улкан белгиларни, жумладан, жаннатни, дўзахни, Обод уйни (Байтул маъмурни), ўтган Набийларни, Жаброил алайҳиссаломнинг асл қиёфаларини ва бошқа мўъжизаларни кўрдилар. Булар мерож воқеъаси нақл қилинган ҳадисларда баён этилган. Аммо, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолонинг ҳузурида кўрган нарсалари ҳақида оятда ҳам, ҳадисда ҳам бирор маълумот йўқ.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Роббул оламийннинг ҳузурида қандай ҳолатда бўлганлари Қуръони Каримда биргина оят билан баён этилади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай деб марҳамат қилади: «Нигоҳ бурилмади ҳам, ҳаддиддан ошмади ҳам» («Нажм» сураси, 17-оят)
Аллоҳ таолонинг энг севимли бандаси, ҳабиби, хотамул Анбиё, сарвари олам, сарвари коинот бўлган зотнинг Роббул оламийннинг ҳузуридаги ҳолларига қаранг «Нигоҳ бурилмади ҳам, ҳаддидан ошмади ҳам».

Ҳолбуки, биз оддий одамлар, ақлимиз етмай турган бир нарсанинг сирини билишга имкон туғилиб қолса, бутун борлиғимиз билан шунга интилиб, ҳар қандай тўсиқни назар-писанд қилмаслигимиз мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса, Роббул оламийннинг ҳузурида туриб ҳам, на ортиқча савол сўрадилар ва на атрофга «бурилиб» қарадилар. Яъни, у зотнинг ҳаттоки нигоҳлари ҳам «ҳаддидан ошмади». Фақатгина Аллоҳ таоло кўрсатишни хоҳлаган нарсаларнигина кўрдилар ва У зот рухсат берган нарсаларнигина сўрадилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мана шу мавқифлари у кишининг умматлари учун энг гўзал ўрнакдир. Зеро, шу пайтгача дийндаги барча тойилишлар, хатолар, янглиш тушунчалар айнан «чуқур кетишдан ва ортиқча уринишдан» келиб чиққан. Шунинг учун ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларини дийнда ғулувга кетишнинг оқибатидан такрор-такрор огоҳлантирганлар, ҳаддан ортиқча зоҳидликдан, ноўрин тақводан қайтарганлар. Нафсини ҳаддан ташқари қийнашга аҳд қилган, ортиқча зоҳидликни ўзига одат қилиб олмоқчи бўлган умматларини мутлақо ёқламаганлар. Дийнда чуқур кетувчиларнинг гап-сўзини ҳам, амалларини ҳам асло тасдиқламаганлар.

"Тасаввуф ҳақида тасаввур" китобидан

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Зикр қилувчи учун ўзига яраша одоблар мавжуд. Ўша одобларга риоя қилган ҳолда адо этилган зикр қабул ва ижобат бўлиши умидлидир.1. Аллоҳ таолодан зикр учун ёрдам давоми...

3259 13:00 / 13.06.2020
Аллоҳ буюради .Аллоҳ ва пайғамбарга итоат қилингиз, Агар юз ўгирсалар, бас, албатта Аллоҳ бундай динсизларни севмас, Таҳрим сураси, 11оят.Аллоҳ иймонсизларни давоми...

4635 16:56 / 29.10.2018
Роббликда ширк келтириш Аллоҳ таоло Қуръони Каримда .hellipва ўз Роббимизга ҳеч кимни ширк келтирмасмиз,, деб мараҳамат қилган. Жин сураси, 2оят. Аллоҳ давоми...

2396 17:00 / 10.07.2021
16. Хожа Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд қуддиса сирруҳуБу зот ҳижрий 718 сана ndash милодий 1318 санада Бухорои шарифнинг Қасри Орифонида дунёга келдилар ва ҳижрий 791 сана давоми...

3024 19:00 / 12.11.2018
Аудиолар

131058 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

51582 14:35 / 11.08.2021