1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Тасаввуф ва унинг ҳақиқати ҳақида (2)

05:00 / 01.03.2017 3804 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Сўфийлар суҳбати боби

Муҳаммад ибн Аҳмад Бағдодий[1] айтади:

“Ким сўфийларга суҳбатдош бўлса, уларга нафс хоҳишисиз, қалбсиз ва ихтиёрсизлик орқали эргашсин! Бас, кимда нафсининг насибаси ва талабларига бўйсуниш бўлса, булар мақсадга етишида монелик қилади”.

Иброҳим Адҳам[2]: “Банда ориф фақирлар суҳбати билан орифлар мақомига етишади”, деди.

Аҳмад ибн Абдуллоҳ Ширвонийдан ҳикоя қилинади:

“Дарҳақиқат Абу Бакр ибн Дониёл Армуний уни тушида кўриб ундан сўради: “Қайси амалларни энг фойдали деб билдингиз?” У: “Тавҳид илмини билгандан кейин фақирлар суҳбатини энг фойдали деб билдим”, деди. У яна сўради: “Қайси амаллар зарарлидир?” У: “Сўфийлар ҳақида беҳуда сўзлашдир. Агар чиндан ҳам улар мени тўғри йўлга бошламаганларида,  албатта адашганлардан бўлур эдим. Улар ҳақидаги сўзим амалимни чиппакка чиқариши мумкин эди. Уларнинг ҳолларини билишим фазилати билан нажот топдим”, деди.

Иброҳим ибн Шайбондан[3] ҳикоя қилинади: “Биз кафшим ва сувдоним дейдиган одам билан асло бирга суҳбат қурмасдик”.

Жунайд Бағдодийнинг[4] устози Абу Аҳмад Қалонисий бундай дейди: “Басра шаҳрида фақирлар жамоасига кирдим. Улар мени кўп ҳурмат ва иззат қилишди. Бир куни мен: “Кўйлагим қаерда?”, дея сўрадим. Шунда улар назаридан қолдим”.

Иброҳим ибн Мавлид[5] айтади: “Мен Тартус[6] шаҳрига борган эдим. Одамлар фалон ҳовлида бир жамоа йиғилган, деб хабар беришди. Улар ҳузурига бордим ва у ерда барчалари бир қалбга бирлашган ўн етти фақирни кўрдим”.

Абу Саид Харроз[7]: “Эллик йил сўфийлар билан бирга ҳамсуҳбат бўлдим. Мен билан улар ўртасида бирон хилофли иш содир бўлмади”, деди. Ундан: “Нима учун шундай бўлди?”, деб сўрашди. У: “Мен ўзим билан машғул эдим”, дея жавоб берди. Яъни, у ўз айблари билан овора эди. Ким ўз айблари билан машғул бўлса, бошқа одамларнинг камчиликларини ахтармайди.

Зуннун Мисрий[8]: “Аллоҳ билан тавфиқ орқали бирга бўл! Халқ билан насиҳат асосида бирга бўл! Нафс билан унга хилоф иш юритиш асосида бирга яша! Шайтон билан доимо курашда бўл!”, деди.

 

 

[1] Рувайм ибн Муҳаммад ибн Аҳмад Бағдодий “Рувайм Бағдодий” номи билан машҳур бўлган улуғ сўфийлардан бўлган.

[2] Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Адҳам сўфийлар шайхидир. У Хуросоннинг Балх шаҳрида таваллуд топган бўлиб, амирзодалардан эди. Табақот китобларида ҳикоя қилинишича, у ёшлигида тенгдошлари билан овга чиқади. Ногоҳ у оҳиста нидони эшитди: “Эй Иброҳим! сен шу нарса учун яратилганмидинг?” Иброҳим ибн Адҳам бу нидони эшитганидан кейин сўфийлар йўлига киради. Маккага боради. Суфён Саврий ва Фузайл ибн Иёз суҳбатларида бўлади. Шомга сафар қилади ва у ерда истиқомат тутади. У 162 ҳижрий санада шу ерда вафот этади.

[3] Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Шайбон Қармисинийнинг лақаби Шайхул жабал эди. У зоҳид сўфийларнинг улуғларидан бўлиб, сўфийликни иддао этувчиларга жуда қаттиқ қаршилик қилгувчилардан эди. У Абдуллоҳ Мағрибий ва Иброҳим Ҳаввос билан бирга бўлди. Кўплаб кароматлар соҳиби эди. 

[4] Жунайд Бағдодий. Сўфийлар тоифасининг шайхи. Абул Қосим Жунайд ибн Муҳаммад Хаззоз Бағдодий. Асли Наҳованд шаҳридан бўлиб, Ироқда таваллуд топган ва шу ерда яшаган. Абу Савр мазҳабидаги фақиҳ эди. Қуръони карим ва суннатга асосланган сўфийлардан бўлиб, Сиррий Сақотий ва Ҳорис Муҳосабийлар суҳбатини топган эди. У 297 ҳижрий санада вафот этган.

[5] Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Аҳмад Мавлид Риққа шаҳрининг улуғ шайхларидан бўлиб, ҳадиси шарифни ривояти у кишига топширилган эди. Кўплаб фатво бергувчи ва илми кўп шайхлардан бўлган. Абу Абдуллоҳ Жало Димашқий ва Иброҳим Қассор Риққийлар унинг асҳобларидан эди.

[6] Тартус шаҳрига халифа Ҳорун ар-Рашид 191 ҳижрий санада асос солган.

[7] Абу Саид Аҳмад ибн Исо Харроз Бағдодий сўфийларнинг энг аввали ва имомларидан бири эди. Айтишларича у биринчи бўлиб Ғино ва Бақо илми ҳақида сўзлаган экан. У Зуннун Мисрий, Сиррий Сақотий, Бишр ибн Ҳорис Хофий ва бошқалар билан суҳбатда бўлган. У 279 ҳижрий санада вафот этди.

[8] Зуннун Абу Файз Савбон ибн Иброҳим Мисрий Ахмимий Нубада (Жанубий Миср) таваллуд топган. Отаси Иброҳим нубалик эди. Зуннун Мисрий мусулмон сўфийларнинг машҳурларидан бири. Айтишларича, у биринчи бўлиб сўфийлик аҳволлари ва мақомотлари ҳақида сўзлаган экан. Зуннун Мисрий тасаввуфда биринчи табақа кишиларидан бўлиши билан бирга олим ва муҳаддис эди. Унинг сўзларидан намуна: “Илм аҳлидан бўлган кишига илми билан дунёни ёмон кўриши зиёда бўлади, бугунги кунда эса кишига илми дунё муҳаббати ва уни ахтаришини зиёда қилади. Киши молини илм йўлида нафақа қилар эди. Бугунги кунга келиб киши илми билан мол-дунё касб этишга ўтди”. Зуннун Мисрий 245 ҳижрий санада вафот этган.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат қилади .Эй иймон келтирганлар Касб қилган нарсаларингизнинг покизаларидан ва Биз сизларга ердан чиқариб берган давоми...

4213 14:00 / 21.03.2020
166. Бир донишманддан quotБахилликдан ҳам қабиҳроқ нарса бормиquot деб сўралди. Шунда у quotҲа, бор. Сахий одам ўзи эҳсон қилган кишисига қилган эҳсонини гапириши миннат давоми...

4461 19:44 / 30.04.2017
Аллоҳ таоло.Ва сени камбағал ҳолда топиб, бой қилмадими, деган .Зуҳо, сураси, 8оят.ҳақиқатда, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч нарсаси йўқ камбағал одам давоми...

3206 05:00 / 06.03.2017
Таваккул луғатда вакил қилиш сўзидан олинган бўлиб бир ишда бошқага суянишга далолат қилади. Яъни, ўша ишда ўзи ожиз қолиб бошқага эътимод қилиш таваккал давоми...

19939 05:00 / 28.02.2017