1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Алданиб қолманг

Ислом — иқтисодиётни тартибга солувчи диндир

09:10 / 18.10.2019 2022 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Профессор Талал Ақилий Дамашқ университети:

«Бу атрофлар бозор эди. У Рим эҳромини ўраб турар эди. Эҳромнинг ичида қадамжо бор эди. Бу девор Рим эҳромининг ташқи девори эди. Бу девор ўзгармаган, бироқ бинонинг моҳияти ўзгарди. Рим эҳроми энди Византия черковига айлантирилди».

VII асрда шаҳарни фатҳ қилган мусулмонлар черковни тортиб олишмади, балки уммавийлар масжидини қуришди. Бу масжид ҳозир ҳам бор. Бир неча ўн йиллар давомида ушбу бино насронийлар черкови бўлиб турди. Буни қарангки, мусулмонлар уни насронийлар билан баҳам кўришга қарор қилишди.

«Шарқ томонда масжид, ғарб томонда эса черков эди. Дамашқ аҳли – мусулмонлар ҳам, насронийлар ҳам – жанубий дарвозадан кириб келар, сўнг ўз ибодатхонаси томонга - мусулмонлар масжидга, насронийлар черковга юрарди. Бу ҳолат 70 йил давом этди».

Дамашқнинг мусулмонлар томонидан фатҳ қилиниши диний ва маданий бағрикенглик ҳамда ҳарбий куч асосида бўлди. Бу тамойилларга кейинги фатҳларда ҳам, ҳатто бутун минтақа учун муҳим аҳамиятга молик шаҳарни фатҳ қилишда ҳам қатъий риоя қилинди. Бу шаҳар алоҳида стратегик аҳамият касб этмаса-да, минтақадаги барча диний жамоалар учун, жумладан, ёш Ислом давлати учун ҳам улкан аҳамиятга эга эди.

Қуддуси шариф

Ҳадисларга кўра, Жаброил фаришта Муҳаммад алайҳиссаломни меърож, яъни тунги сайр асносида айнан мана шу шаҳарга олиб келган. У зот бу ерда бошқа пайғамбарларга намозда имом бўлганлар, сўнг Аллоҳ таолонинг даргоҳига кўтарилганлар. Қуддуси шариф – мусулмонларнинг Маккаи мукаррама ва Мадинаи мунавварадан кейинги учинчи муқаддас шаҳридир.

Доктор Юсуф Саъид Носиҳ Қуддуси шариф вақфи исломий археология бўлими ходими:

«Меърож ҳодисаси Ислом аҳли учун улкан аҳамият касб этади, зеро бу тунда Пайғамбар Муҳаммад (алайҳиссалом) анбиёларга намоз ўқиб берганлар. У зот улул азм пайғамбарларга – Исҳоқ, Иброҳим, Ийсо ва Мусо алайҳиссаломларга имом бўлганлар».

Бироқ, 7 асрнинг бошида Қуддуси шариф ҳам, Дамашқ ҳам византияликларнинг қўл остида эди. Қуддуси шариф насронийлар учун ҳам муқаддас шаҳар бўлиб, унинг асосий қадамжоси Муқаддас мақбара ибодатхонаси эди.

Дамашқ фатҳидан атиги уч йил ўтгач, 637 йилда мусулмон қўшинлари Қуддуси шариф остонасига келиб тўхтади. Византия қўшинлари Дамашқдан чиқиб кетгани учун, шаҳар аҳли ҳеч қаердан ёрдам кута олмас эди. Қуддуси шариф тўрт ой мудофаа қилинди, бироқ шаҳар ҳокими патриарх Сафроний шаҳарнинг тақдири ҳал бўлганини тушуниб, таслим бўлишга қарор қилди.

Сафроний жуда қалтис йўл тутган эди – шаҳар насронийлар учун муқаддас эди, уни ўзи учун ҳам муқаддас деб билган бошқа куч ишғол қилса, шаҳарнинг қисмати не кечади?

Халифа Умар ибн Хаттоб патриахнинг таклифига биноан муқаддас мақбара ибодатхонасига ташриф буюриб, уни кўздан кечирди. Шу пайтда мусулмонларнинг намоз вақти кириб қолди. Патриарх унга шу ерда, черковнинг ичида намоз ўқиб олишни таклиф қилди, бироқ кутилмаганда халифа таклифни рад қилди. У ҳайратда қолган патриархга бунинг сабабини шундай тушунтирди: келгусида мусулмонлар бу ерда халифа Умар намоз ўқиган деб, бу ерни эгаллаб олишлари ва черковни масжид қилиб олишлари мумкин.

Ушбу эҳромнинг насронийлар учун нечоғлик азизлигини билган мусулмонлар раҳбари халифа Умар намоз ўқиш учун бошқа жой топишга қарор қилди. У намозни муқаддас мақбара ибодатхонасидан бир неча метр нарида ўқиди. Ҳақиқатдан ҳам, кейинчалик бу ер катта масжидга айланиб, унинг номи билан аталди. Мусулмонлар ўзлари учун энг муқаддас шаҳарлардан бирини фатҳ қилган эдилар. Бинобарин, улар Жаброил (алайҳиссалом) Муҳаммад (алайҳиссалом)ни тунда олиб келган жойларни ҳар қанча эҳтиром қилсалар, арзирди. Ҳозир бу ерда мусулмонларнинг энг қадимий меъморий обидаларидан бири – «Қуббатус сохро» масжиди жойлашган.

«Мусулмонлар «Қуббатус сохро» масжидига келишса, аввало Муҳаммад (алайҳиссалом)нинг суннатларига эргашиб, икки ракъат намоз ўқийдилар. Бу Ислом таълимотида жуда муҳим аҳамият касб этади».

Қуддуси шариф фатҳидан кейин ҳам насронийларга ўз черковларини сақлаб қолишга рухсат берилди. Римликлар ва византияликлар даврида шаҳардан ҳайдаб чиқарилган яҳудийларга қайтишга рухсат берилди. Диний бағрикенглик Ислом таълимотининг асосларидан бири эди, Ислом салтанатининг келгуси муваффақиятини ана шу буюк фазилат белгилаб берди. Янги мусулмон давлатга фуқаро бўлиб, унинг ҳимояси остига кириш учун ғайридинлар – насроний ва яҳудийлар – жон солиғи, яъни жизя тўлашлари кифоя эди.

Фатҳлар натижасида олинаётган ана шундай тўловлардан тушган даромадлар салтанатнинг янада тараққий этишига йўналтирилиб, унинг узоқ йиллар гуллаб-яшнашининг молиявий асосини ташкил этди.

Изоҳ: Фильм муаллифлари жизяни билишмас экан. Тушунтириш керак бўлади. Жизя одамларни қийнаш учун жорий қилинган солиқ эмас. У ҳар бир бошга мажбурий ҳам эмас, балки қодир кишилардан маълум миқдорда олинадиган тўловдир. Унинг миқдори ҳам рамзий – бойлардан бир йилга бир, ўртаҳоллардан ярим динор, холос.

Биринчидан, жизя Аллоҳнинг динига даъват қилишнинг йўлини тўсмаслик, қарши турмаслик аломати сифатида берилади.

Иккинчидан, жизя берган шахсни мусулмонлар ички ва ташқи душманлардан ҳимоя қиладилар. Унинг ўзи, молу мулки ва оила аъзоларининг ҳимоясини ўз зиммаларига оладилар. Жизя тўлаган киши ҳарбий хизматдан ва бошқа сафарбарликлардан озод қилинади.

Учинчидан, жизя тўлаган киши мусулмонлар тақдим этадиган оммавий-ижтимоий таъминотлардан фойда олади. Улар қурган кўприк, йўл, бозор ва бошқа нарсалардан фойдаланади. Қариганда, кексалик нафақаси олади.

Тўртинчидан, мусулмонлар жизя олгандан сўнг юқорида зикр этилган ишларни бажара олмасалар, жизяни қайтариб, эгасига топширадилар.

Умуман, жизя масаласига тузукроқ назар солинса, уни ҳар ким ўзи учун бериши аён бўлади. Худди шу маънода мусулмонлар ҳам Байтул молга закот, ушур ва бошқа йўллар билан ўз ҳиссаларини қўшадилар.

Инсоният тарихидаги бошқа барча империялари каби, янги Ислом салтанати ҳам ўз ҳудудларини кенгайтиришда давом этар, фатҳлардан келадиган манфаатларни ҳам ҳисоб-китоб қилар эди. Навбатдаги фатҳ қилинадиган юрт – бадавлат қўшни давлат, минтақанинг ғалла манбаи бўлмиш Миср эди.

639 йилда мусулмон қўшини мазкур мамлакатга кириб келди. Улар ақл бовар қилмас даражада тез фурсатда Нил дарёсини назорат остига олдилар ва ҳимоячиларнинг мудофаасини енгиб, Миср пойтахти Искандарияга кирдилар. Бу бандаргоҳ минг йиллар давомида Шарқ ва Ғарб ўртасидаги асосий транспорт бўғини эди. Икки йил ўтар-ўтмас Миср тўлиқ мусулмонларнинг қўл остига ўтди.

Ислом давлати аввало мамлакатда иқтисодиётни тартибга солди, тушадиган даромадларни ошириш чораларини кўрди. Мана бу – мусулмонлар қурган, диний бўлмаган иншоотларнинг энг биринчисидир. Бу қурилма салтанатда солиқ тушумларини ҳисоблашга хизмат қилган.

«Олам ва одам, дин ва илм» китоби асосида тайёрланди.

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Профессор Чарльз Барнет шундай дейди.Аделарднинг асарларидан яхшигина хабардор бўлган Морлалик Дениэль ўзининг Париж сафари ҳақида ҳикоя қилади .У ердаги давоми...

1426 12:05 / 08 январь
Биз битта калима .Лаа илааҳа иллаллоҳ, калимаси билан бу динни танладик. Битта жаннатни орзу қилмоқдамиз. Бир хил ибодатни адо этмоқдамиз. Қибламиз, амалимиз бир давоми...

1534 15:00 / 18.02.2021
Таниқли сиёсатчи ва ёзувчи Буюк Британиядаги машҳур шахслардан бири бўлмиш Лорд Ҳедли Ал Форуқ Жорж Аллансон 1855 йилда туғилган. 1877 йилда Кембриж дорилфунини давоми...

2808 14:00 / 28.11.2018
Ўрта аср Оврупосида полизлар мавжуд эди, аммо айнан мусулмонлар боғларни хордиқ чиқариш ва осойишталик маскани сифатида қабул қилганлар. Ва бундай турдаги илк давоми...

1760 11:37 / 13.07.2020