1446 йил 11 жумадул аввал | 2024 йил 13 ноябрь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Аллоҳ таоло яхши кўрадиган зотлар

05:00 / 01.03.2017 9116 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло ўзининг Азиз Китобида яхши кўрадиган бандаларининг сифатларини зикр қилган. У зот шундай марҳамат қилади:

“Эй, имон келтирганлар! Сизлардан кимки динидан қайтса, Аллоҳ шундай бир қавмни келтирурки, уларни Аллоҳ севадиган ва улар ҳам Уни севадиган, мўминларга (нисбатан) камтар, кофирлардан эса (ўзларини) юқори тутувчи, Аллоҳнинг (тоати) йўлида жидду жаҳд қилувчи, маломатчининг маломатидан қўрқмайдиган бўлурлар. Бу Аллоҳнинг фазлидирки, уни Ўзи хоҳлаган (бандалари)га берур. Аллоҳ (карами) кенг, доно зотдир” (Моида, 54).

Ушбу рисолада Аллоҳ яхши кўрадиган зотларнинг Қуръондаги ва ҳадислардаги сифатларини келтирдик. Мақсадимиз шоядки биз ҳам улардан ўрнак олсак, уларга эргашсак. Аллоҳ таоло Қуръонда мўминларни мақтаб шундай деган:

“Одамлар орасида Аллоҳдан ўзга нарсаларни (сохта маъбудаларни) Унга тенг билиб, уларни Аллоҳни севгандек севадиган кимсалар ҳам бордир. Имон келтирганларнинг Аллоҳга бўлган севгилари эса (уларникидан) кучлироқдир” (Бақара, 165).

Аввал Қуръони каримда келган Аллоҳ яхши кўрадиган сифатлар, У зот яхши кўрадиган бандалар билан танишиб чиқамиз.

1. Аллоҳ таоло муҳсинларни яъни чиройли иш қилувчиларни яхши кўради.

“Албатта, Аллоҳ чиройли (иш) қилувчиларни яхши кўради” (Бақара, 195).

“Аллоҳ эзгулик қилувчиларни севар” (Оли Имрон, 134).  

“Аллоҳ эзгулик қилувчиларни севар” (Оли Имрон, 148).

“Албатта, Аллоҳ эзгулик қилувчиларни севади” (Моида, 13).

“Аллоҳ эзгулик қилувчиларни севади” (Моида, 93).

2. Аллоҳ таоло кўп тавба қилувчиларни ва ўзларини доимо пок тутувчиларни яхши кўради.

“Сиздан ҳайз тўғрисида сўрамоқдалар. Айтинг: “У (эр ва хотин учун) азиятдир. Бас, ҳайз пайтида хотинларингиздан четланингиз ва то покланмагунларича, уларга яқинлашмангиз! Покланганларидан кейин уларга Аллоҳ буюрган равишда келаверингиз (қовушаверингиз). Албатта, Аллоҳ (шунгача билмай йўл қўйган хатоларидан) чин тавба қилувчиларни ва обдон покланиб юрувчиларни севади” (Бақара, 222).

“(Эй, Муҳаммад!) зинҳор (Сиз) унда (намоз ўқиш учун) турманг! Биринчи кундан тақвога асосланган масжид эса, унда туришингизга лойиқроқдир. Унда покланишни хуш кўрадиган кишилар бор. Аллоҳ эса покланувчиларни севар” (Тавба, 108).

3. Аллоҳ Пайғамбар алайҳиссаломга эргашганларни яхши кўради.

“Айтинг (эй, Муҳаммад!): “Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашингиз. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират этади. Аллоҳ кечирувчи ва раҳмлидир” (Оли Имрон, 31).

4. Аллоҳ тақводорларни яхши кўради.

“Аслида эса, ким (Аллоҳ) аҳдига вафо қилса ва тақволи бўлса, албатта, Аллоҳ (бу каби) тақводорларни севади” (Оли Имрон, 76).

“Аллоҳ наздида ва Расули наздида қандай ҳам мушрикларда (вафоли) аҳд бўлсин?! Аммо сизлар (билан) Масжиди Ҳаром (Каъба) олдида аҳдлашганлар модомики (улар аҳдларида) сизлар учун тўғри турар эканлар, (сизлар ҳам) улар учун тўғри турингиз! Албатта, Аллоҳ тақводорларни севгай” (Тавба, 7).

5. Аллоҳ сабр қилувчиларни яхши кўради.

“Қайси бир пайғамбар (ўтган бўлса), у билан бирга кўп жамоалар жанг қилганлар. (Лекин) Аллоҳ йўлида уларга етган нарсалар сабабли сустлик, заифлик қилмаганлар, (ёвга) таслим ҳам бўлмаганлар. Аллоҳ (эса) сабрлиларни севар” (Оли Имрон, 146).

6. Аллоҳ таоло таваккул қилувчиларни яхши кўради.

“Аллоҳнинг раҳмати сабабли (Сиз, эй, Муҳаммад,) уларга (саҳобаларга) мулойимлик қилдингиз. Агар дағал ва тошбағир бўлганингизда, албатта, (улар) атрофингиздан тарқалиб кетган бўлур эдилар. Бас, уларни афв этинг, (гуноҳлари учун) кечирим сўранг ва улар билан кенгашиб иш қилинг! (Бирор ишга) азму қарор қилсангиз, Аллоҳга таваккул қилинг, зеро, Аллоҳ таваккул қилувчиларни севар” (Оли Имрон, 159).

7. Аллоҳ таоло адолат қилувчиларни яхши кўради.

“Агар ҳукм қилсангиз, ўрталарида адолат билан ҳукм қилинг! Албатта, Аллоҳ одилларни севади” (Моида, 42).

“Агар мўминлардан икки тоифа ўзаро урушиб қолсалар, дарҳол улар ўртасини ислоҳ этингиз! Бас, агар улардан бири, иккинчисининг устига тажовузкорлик қилса, бас, то (тажовузкор тоифа) Аллоҳнинг амрига қайтгунича, сизлар тажовуз қилган (тоифа) билан урушингиз! Энди агар у (тоифа тажовузкорликдан) қайтса, сизлар дарҳол уларнинг ўртасини адолат билан тузатиб қўйинглар ва адолатли бўлингиз! Зеро, Аллоҳ адолатлиларни севар” (Ҳужурот, 9).

“Дин тўғрисида сизлар билан урушмаган ва сизларни ўз юртингиздан (ҳайдаб) чиқармаган кимсаларга нисбатан яхшилик қилишингиз ва уларга адолатли бўлишингиздан Аллоҳ сизларни қайтармас. Албатта, Аллоҳ адолатли кишиларни севар” (Мумтаҳана, 8).

8. Аллоҳ таоло мўминларга нисбатан камтар, кофирлардан эса ўзларини юқори тутувчиларни яхши кўради.

“Эй, имон келтирганлар! Сизлардан кимки динидан қайтса, Аллоҳ шундай бир қавмни келтирурки, уларни Аллоҳ севадиган ва улар ҳам Уни севадиган, мўминларга (нисбатан) камтар, кофирлардан эса (ўзларини) юқори тутувчи, Аллоҳнинг (тоати) йўлида жидду жаҳд қилувчи, маломатчининг маломатидан қўрқмайдиган бўлурлар. Бу Аллоҳнинг фазлидирки, уни Ўзи хоҳлаган (бандалари)га берур. Аллоҳ (карами) кенг, доно зотдир” (Моида, 54).

9. Аллоҳ таоло ўзининг йўлида саф бўлиб курашадиганларни яхши кўради.

“Албатта, Аллоҳ ўзининг йўлида гўё туташ бинолардек саф тортиб, жанг қиладиган зотларни севар” (Саф, 4).

 

Энди ҳадиси шарифларда келган Аллоҳ таоло яхши кўрадиган сифатлар ва зотлар билан танишамиз.

 

1. Али розияллоҳу анҳуни Аллоҳ ва Расули яхши кўради.

Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Хайбар ғазоти куни шундай дедилар: “Эртага байроқни унинг қўли билан Хайбар фатҳ қилинадиган бир кишига бераман. У киши Аллоҳ ва Унинг Расулини яхши кўради. Аллоҳ ҳам уни яхши кўради, Унинг Расули ҳам яхши кўради”.

Одамлар туни билан байроқ кимга берилишини ўйлаб чиқишди. Тонг отгач барчалари ўш байроқни олиш орзусида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига шошилишди. У зот ҳаммага бир-бир кўз югуртириб чиққанларидан сўнг “Али қаерда?” деб сўрадилар. Саҳобалар: “Кўзи оғрияпти” дейишди.

Али розияллоҳу анҳу келганларидан кейин Набий алайҳиссалом у кишининг кўзларига муборак тупугларидан суртиб, шифо тилаб дуо қилдилар. Шу пайт Ҳазрати Алининг кўзлари худди ҳеч нарса бўлмагандек тузалиб қолди. Набий алайҳиссалом байроқни у кишига бердилар. Шунда Ҳазрати Али: “Улар билан то биз каби бўлгунларича урушаман” дедилар. Пайғамбар алайҳиссалом: “Юриб бориб уларнинг водийсига тушгин. Аввало уларни исломга даъват қил. Аллоҳ таоло уларга қандай мажбуриятлар юклаганининг хабарини бер. Аллоҳга қасамки, сен туфайли Аллоҳ бир кишини ҳидоят қилиши сен учун шу водий тўла қизил туялардан ҳам яхшироқдир” дедилар”. Бухорий ривояти.

2. Аллоҳ таоло фалончини яхши кўради.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Пайғамбар алайҳиссалом дедилар: “Агар Аллоҳ бир бандани яхши кўриб қолса, Жаброилга: “Аллоҳ фалончини яхши кўради, сен ҳам уни яхши кўр” дейди. Жаброил ҳам уни яхши кўради. Жаброил осмон аҳли орасида: “Аллоҳ фалончини яхши кўради, сизлар ҳам уни яхши кўринглар” деб нидо қилади. Шунда осмон аҳли ҳам у бандани яхши кўриб қолишади. Кейин ер юзидаги ҳамма одамлар у банданинг сўзини қабул қиладиган бўлиб қолади”. Бухорий ривояти.

3. Аллоҳ таоло барча ишда мулойимликни яхши кўради.

Урва ибн Зубайрдан ривоят қилинади, Оиша розияллоҳу анҳо дедилар: “Бир гуруҳ яҳудийлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига киришди ва “Ассому алайкум” (сизга ўлим бўлсин) дейишди. Мен буни тушуниб қолдим ва “Сизларга ҳам ўлим ва лаънат бўлсин” дедим. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом: “Ўзингни бос, эй Оиша. Албатта, Аллоҳ барча ишда мулойимликни яхши кўради” дедилар. Мен: “Эй Аллоҳнинг Расули, улар айтган гапни сиз эшитмадингиз” дедим. У зот: “Мен уларга “Ваалайкум” дедим” дедилар”. Бухорий ривояти.

Абдуллоҳ ибн Муғаффал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Албатта, Аллоҳ Рафиқ (Мулойим)дир. У зот мулойимликни яхши кўради ва унга қўполликка бермайдиган нарсани беради”. Абу Довуд ривояти.

Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Аллоҳ азза ва жалла мулойимликни яхши кўради ва мулойимликдан рози бўлади. У зот қўполликка қилмайдиган ёрдамини мулойимликка қилади”. Табароний ривояти.

4. Аллоҳ таоло бандасининг Унга тазарруъ қилишини яхши кўради.

Яҳё ибн Абу Касир айтади: “Менга Абу Убайда ибн Абдуллоҳ ибн Масъуд мактуб юборди. Унда шундай сўзлар ёзилган эди: “Аммо баъд. Мен сенга Абдуллоҳ ибн Масъуднинг намозда қиладиган ишлари, айтадиган сўзлари қандай бўлганини айтиб бераман. У киши шундай деган: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қисқа жумлалар билан кўп маъноларни ифода эта олиш қобилияти берилган эди. Намозда ўтирганимизда нималар айтиш кераклигини қуйидагича ўргатганлар: “Ат-таҳийяту лиллаҳи вас-солавату ват-тоййибату. Ас-саламу алайка айюҳан набиййу ва роҳматуллоҳи ва баракатуҳу. Ас-саламу алайнаа ва ала ибадиллаҳис солиҳийн. Ашҳаду анлаа илаҳа иллалоҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва Расулуҳу”. Ундан кейин нима сўрамоқчи бўлса, дуо қилиб сўрайди. Аллоҳнинг раҳматини, мағфиратини сўрашга астойдил рағбат қилади. Қисқа дуоларни қилади, токи қаъда узайиб кетмасин”.

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дер эдилар: “Сизлар намозда ўтириб, “Аттаҳиёт”ни ўқиб бўлганингиздан кейин “Эй пок Парвардигор, Сендан ўзга илоҳ йўқ! Гуноҳимни кечир. Ишларимни ўнгла. Албатта, Сен хоҳлаган кишингнинг гуноҳини кечирасан. Сен Ғофур ва Роҳиймсан. Эй Ғаффор, мени кечир. Эй Таввоб, тавбамни қабул эт. Эй Раҳмон, менга раҳим қил. Эй Афувв, мени афв эт. Эй Роуф, мени раҳматинг билан ўраб ол. Эй Роббим, берган неъматларингга шукр айтишим учун менга имконият, куч-қувват ато эт. Сенга чиройли тарзда ибодат қилишимни насиб эт. Эй Роббим, Сендан барча яхшиликни сўрайман ва барча ёмонликдан паноҳ беришингни сўрайман. Эй Роббим, барча ишларимни яхшилик билан бошлаб, яхшилик билан тугатишимни насиб айла. Бирор мудҳиш зарарсиз ва адаштирувчи фитнасиз Сенга йўлиқишим учун менга шавқ бер. Мени турли ёмонликлардан сақла. Сен кимни ёмонликлардан сақласанг, унга раҳим қилган бўласан. Мана шу улкан ютуқдир” деб дуо қилишларингизни ёқтираман. Барча дуоларингиз тазарруъ ва ихлос билан бўлсин. Чунки, У зот бандасининг Унга тазарруъ қилишини яхши кўради”.  Табароний ривояти.

5. Аллоҳ таоло очиқ юзли, хушчақчақ кишини яхши кўради.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Албатта, Аллоҳ таоло очиқ юзли, хушчақчақ кишини яхши кўради”. Шиҳоб Қузоий ривояти.

6. Аллоҳ таоло тавба қилувчи йигитни яхши кўради.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади,  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Албатта, Аллоҳ таоло тавба қилувчи йигитни яхши кўради”. Ибн Абу Дунё, Саховий ривояти.

7. Аллоҳ таоло дунёга нисбатан совуққон, беъэтибор мўминни яхши кўради.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар: “Албатта, Аллоҳ таоло кийган кийимига эътибор қилмайдиган (дунёга муккасидан кетмайдиган, бепарво) мўминни яхши кўради”. Хатиб Бағдодий ривояти.

8. Аллоҳ таоло бандасининг акса уришини яхши кўради.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Албатта, Аллоҳ таоло бандасининг акса уришини яхши кўради, эснашини ёмон кўради. Чунки, банда акса урса “Алҳамдулиллаҳ” дейди. Акса урганни эшитган ҳар бир мусулмонга унга жавоб қайтариш вожибдир. Эснаш эса, шайтондандир. Шунинг учун кучи етганича эсноқни қайтарсин. Агар оғзини катта очиб эснаса, бундан шайтон кулади”. Бухорий ривояти.

9. Аллоҳ таоло фарзандлар ўртасида адолат қилинишини яхши кўради.

Нўъмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Онам отам Баширдан менга бир миқдор хурмо ҳадя қилишини хоҳладилар. Башир: “Шу ишимга кимни гувоҳ қилай?” деб сўрадилар. Онам: “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни” деб жавоб бердилар. Отам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб мақсадни баён қилдилар. Набий  соллаллоҳу алайҳи васаллам отамга: “Сени Нўъмондан бошқа фарзандинг ҳам борми?” деб сўрадилар. У киши: “Ҳа, бор” деб жавоб бердилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уларга ҳам шу ўғлингга берган нарсангдан бердингми?” деб сўрадилар. Отам: “Йўқ” дедилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен бундай нарсага (зулм, адолатсизликка) гувоҳлик бўлмайман. Албатта, Аллоҳ таоло ўзаро бир-бирларингизга адолатли бўлишингизни яхши кўрганидек, фарзандларингиз ўртасида ҳам адолат билан муомала қилишингизни яхши кўради” дедилар”. Дорақутний ривояти.

10. Аллоҳ таоло ўз ишини чиройли, пухта қиладиган кишини яхши кўради.  

Осим ибн Кулайб отасидан ривоят қилади, отаси айтади: “Мен отам билан Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам иштирок этган жанозада қатнашдим. У пайтларда мен оқ-қорани танийдиган бола эдим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло ўз ишини чиройли, пухта қиладиган кишини яхши кўради” дедилар”. Табароний ривояти.

11. Аллоҳ таоло ҳамдни яхши кўради.

Асвад ибн Сарийъдан ривоят қилинади: “Мен: “Эй Аллоҳнинг Расули, мен сизга ҳамдларни ўз ичига олган шеър айтиб берайми? Унда мен Роббим таборака ва таолони мақтаб, У зотга ҳамдлар айтаман” дедим. У зот: “Албатта, Роббинг азза ва жалла ҳамдни яхши кўрмасмиди?!” дедилар”. Имом Аҳмад ривояти.

12. Аллоҳ таоло мадҳни, мақтовни яхши кўради.

Абдураҳмон ибн Абу Бакрадан ривоят қилинади, Асвад ибн Сарийъ айтди: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келдим ва: “Эй Аллоҳнинг Расули, мен мақтов ва ҳамдларни ўз ичига олган шеъримда Роббим таборака ва таолони ҳамда сизни мақтадим” дедим. У зот: “Албатта, Роббинг азза ва жалла ҳамдни яхши кўрмасмиди?! Қани, ўша Роббингни мақтаб айтган шеърингни эшитайликчи” дедилар. У зотга шеърларимни айта бошладим. Тўсатдан сочи йўқлиги сабабли боши ялтираб турган, ишни ҳар икки қўлда ҳам қила оладиган бир киши келиб, киришга изн сўради. Пайғамбар алайҳиссалом у киши кираётганда менга жим туришимни айтдилар”. Абдураҳмон ибн Бакра айтади: “Ибн Салама бизга Пайғамбар алайҳиссалом у кишига қай тарзда жим тур деганларини васфлаб бердилар. У кишининг айтишича, Набий алайҳиссалом ҳалиги шоирга худди мушукка “Жим тур” деб қилинадиган ишорага ўхшаш ҳаракат қилганлар”. Асвад ибн Сарийъ ҳикоясини давом эттиради: “Кейин ҳалиги изн сўраётган одам кирди ва бир соат Пайғамбар алайҳиссалом билан гаплашди. Сўнгра чиқиб кетди. Мен яна шеъримни айта бошладим. Бояги кетган одам яна қайтиб келди. Пайғамбар алайҳиссалом менга яна аввалги ишора билан жим туришимни айтдилар. Кейин мен: “Эй Алоҳнинг Расули, келганида менга жим тур деганингиз бу одам ким эди?” деб сўрадим. Шунда у зот: “Бу ботил, бекорчи нарсани ёқтирмайдиган одам. Бу Умар ибн Хаттоб” дедилар”. Имом Аҳмад ривояти.

13. Аллоҳ таоло тоқни яхши кўради.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Пайғамбар алайҳиссалом айтдилар: “Аллоҳнинг тўқсон тўққизта, яъни бир кам юзта исми бор. Ким уни ёдласа, жаннатга киради. У зот тоқдир ва тоқни яхши кўради”. Бухорий ривояти.

14. Аллоҳ таоло гўзалликни яхши кўради.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қалбида заррача кибри бор одам жаннатга кирмайди” дедилар. Шунда бир киши: “Бир одам кийими чиройли, пойабзали чиройли бўлишини яхши кўради” деди. У зот: “Албатта, Аллоҳ гўзалдир, гўзалликни яхши кўради. Кибр эса, ҳаққа унамаслик, одамларни менсимасликдир” дедилар. Муслим ривояти.

15. Аллоҳ таоло тақводор, ўзига тўқ ва ўзини ислоҳ қилишга машғул бўладиган бандани яхши кўради.

Омир ибн Саъддан ривоят қилинади: “Саъд ибн Абу Ваққос туясининг устида эди. Шу пайт ўғли Умар келди. Саъд уни кўрди. Ўғли унга деди: “Туянинг устига минган бу одамнинг ёмонлигидан Аллоҳдан паноҳ сўрайман”. Саъд туясидан тушди. Ўғли унга: “Туядан тушиб, буни одамларга қолдирасиз. Кейин одамлар сиздан қолган мол-мулкни ўзаро талашиб-тортишадилар” деди. Саъд ўғлининг кўксига уриб: “Жим! Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Албатта, Аллоҳ таоло тақводор, ўзига тўқ ва ўзини ислоҳ қилишга машғул бўладиган бандани яхши кўради” деганларини эшитганман” деди”. Муслим ривояти.

16. Аллоҳ таоло рашк қилганни ва ўзини катта тутганни яхши кўради.

Жобир ибн Атийкдан ривоят қилинади, Набий алайҳиссалом шундай дер эдилар: “Рашкнинг Аллоҳ яхши кўрадигани бор, яхши кўрмайдигани бор. Яхши кўрадигани шубҳа пайдо бўлганда рашк қилишдир. Ёмон кўрадигани эса, шубҳа бўлмаса ҳам сабабсиз рашк қилаверишдир. Ўзини катта тутишнинг ҳам Аллоҳ яхши кўрадигани бор ва яхши кўрмайдигани бор. Аллоҳ яхши кўрадигани киши ўзини уруш пайтида ва садақа бериш чоғида кеккайган, ўзига кўп ишонадиган қилиб кўрсатишидир. Ёқтирмайдигани эса, ноўрин, гуноҳга сабаб бўладиган кеккайишдир”. Абу Довуд ривояти.

17. Аллоҳ таоло ҳаё ва тўсилишни яхши кўради.

Яълодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кишини очиқ майдонда изорсиз чўмилаётганини кўрдилар ва минбарга чиқиб, Аллоҳга ҳамду сано айтганларидан кейин: “Албатта, Аллоҳ азза ва жалла Ҳаёли, Тўсувчи зотдир. У зот ҳаёни ва тўсилишни (сатрни) яхши кўради. Агар бирортангиз ғусл қилса, тўсилиб олсин” дедилар”.

18. Аллоҳ таоло савдо-сотиқнинг саховатпешалик билан бўлганини ҳамда бағрикенглик ва енгилилк асосида қилинган ҳукмни яхши кўради.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, Аллоҳ таоло савдо-сотиқнинг саховатпешалик билан бўлганини ҳамда бағрикенглик ва енгиллик асосида қилинган ҳукмни яхши кўради” дедилар. Термизий ва Ҳоким ривояти.

19. Аллоҳ таоло барча маҳзун қалбни яхши кўради.

Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, Аллоҳ барча маҳзун қалбни яхши кўради” деб марҳамат қилдилар. Ҳоким ва Байҳақий ривояти.

20. Аллоҳ таоло ишларнинг олийсини, фазилатлисини, қадрлисини яхши кўради.

Ҳусайн ибн Али розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, Аллоҳ ишларнинг олийсини, фазилатли ва шарафлироғини яхши кўради. Бемаъни, бемаза ва ёмон ишларни ёмон кўради” дедилар. Табароний ривояти.

21. Аллоҳ таоло уч ўринда банданинг жим туришини яхши кўради.

Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Албатта, Аллоҳ азза ва жалла бандасининг уч ўринда жим туришини яхши кўради: Қуръон тиловати пайтида, душман устига бостириб бориш пайтида ва жаноза пайтида”. Табароний ривояти.

22. Аллоҳ таоло ҳунармандни яхши кўради.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, Аллоҳ ҳунармандни яхши кўради” дедилар. Табароний ривояти.

23. Аллоҳ таоло шукр қилувчиларни яхши кўради.

Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бордим. Қарасам, у зот намоз ўқиётган эканлар. Қиём ҳолатида шу қадар узоқ турдиларки, хатто тонг ҳам отди. Кейин сажда қилдилар. Мен у зотнинг саждалари узунлигидан “У зотнинг руҳлари қабз қилинди” деб ўйладим. Намоз ўқиб бўлгач менга қарадилар ва: “Эй Муоз, кўрдингми?” дедилар. Мен: “Ҳа, Аллоҳнинг Расули, сизни шундай сажда қилганингизни кўрдимки, хатто руҳингиз қабз қилиндимикан деб ўйлаб қолдим” дедим. Шунда у зот: “Нега шундай қилганимни биласанми?” деб сўрадилар. Мен: “Аллоҳ ва Унинг Расули билувчироқ” дедим. У зот: “Роббим менга фарз қилган намозни ўқидим. У зот менинг одимга келиб: “Эй Муҳаммад, умматингга қандай муомала қиламан?” деб сўради. Мен: “Роббим, Ўзинг билувчироқсан” деб жавоб бердим. Роббим ўша саволни уч ёки тўрт марта қайтарди. Кейин охири менга: “Умматингга қандай муомала қиламан?” деб сўради. Мен: “Роббим, Ўзинг билувчироқсан” деб жавоб бердим. Шунда У зот: “Мен умматинг борасида сени хафа қилмайман” деди. Мен Роббимга сажда қилдим. Роббинг Шокир (озгина амалга ҳам кўп савоб ва мукофот берувчи зот), шукр қилувчиларни яхши кўради” дедилар”. Табароний ривояти.

24. Аллоҳ таоло яхшиликни, покликни яхши кўради.

Солиҳ ибн Абу Ҳассон айтади: “Мен Саъид ибн Мусайябнинг “Албатта, Аллоҳ Яхшидир, эзгуликни яхши кўради, Покдир, покликни яхши кўради, Карамлидир, саховат ва карамни яхши кўради, Сахийдир, сахийлик ва қўли очиқликни яхши кўради. Бас, ҳовлиларингизни тоза тутинглар, яҳудийларга ўхшаманглар” деганини эшитганман. Бу гапларни Муҳожир ибн Мисморга айтсам, у: “Менга бунга ўхшаш гапларни Омир ибн Саъд ибн Абу Ваққос отасидан нақл қилиб сўзлаб берган. Отаси эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилиб айтган экан. Фақат унда: “Ҳовли ва остоналарингизни озода тутинглар” дейилган эди” деди”. Термизий ривояти.

25. Аллоҳ таоло ўз неъматларининг бандасида кўриниб туришини яхши кўради.

Амр ибн Шуайб отасидан, у ҳам отасидан ривоят қилади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ ўз неъматларининг бандасида кўриниб туришини яхши кўради” деганлар. Термизий ривояти.

26. Аллоҳ таоло яхшилар, тақводорлар ва яширин инсонларни яхши кўради.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу бир куни масжидга чиқсалар, Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрлари устида йиғлаб ўтирган эканлар. Ҳазрати Умар: “Сизни нима йиғлатди?” деб сўрадилар. Бунга жавобан Ҳазрати Муоз: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган бир нарса йиғлатди. У зотнинг: “Риёнинг ози ҳам ширкдир. Кимки Аллоҳнинг бир дўстига адоватли бўлса, Аллоҳ билан курашишга бел боғлаган бўлади. Албатта, Аллоҳ яхшилар, тақводорлар ва яширин инсонларни яхши кўради. Улар шундай яширин инсонларки, агар йўқ бўлишса, ҳеч ким уларни қидирмайди, агар бор бўлишса, ҳеч ким уларни чақирмайди. Уларни ҳеч ким танимайди. Аммо қалблари ҳидоят чироқларидир. Ҳар бир қоронғу, кимсасиз жойлардан чиқиб келадилар” деганларини эшитганман” дедилар.

27. Аллоҳ таоло иффатли камбағал мўмин бандасини яхши кўради.

Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Албатта, Аллоҳ боқувчилари кўп, камбағал, аммо ҳеч кимдан ҳеч нарса тиланмайдиган иффатли мўмин бандасини яхши кўради”. Ибн Можа ривояти.

28. Аллоҳ таоло ишини пухта, пишиқ қилиб бажарадиган кишини яхши кўради.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Албатта, Аллоҳ сизлардан ишлаганда ишини пухта, пишиқ қилиб бажарадиган кишини яхши кўради”.

29. Аллоҳ таоло қийналганга ёрдам берилишини яхши кўради.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Яхшиликка далолат қилувчи, ўша яхшиликни қилувчи кабидир. Аллоҳ қийналганга ёрдам берилишини яхши кўради” дедилар. Баззор ривояти.

30. Аллоҳ таоло қурбонликни яхши кўради.

Асвад ибн Ҳилолдан ривоят қилинади: “Мадинага туя билан бирга кирдим. Қанийди масжидга кирсам, дедим. Кейин масжидга кирдим. Қарасам, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу хутба айтаётган эканлар. У зот ўз хутбаларида: “Эй Мадина аҳли, ҳаж қилинглар ва қурбонлик қилинглар. Чунки, Аллоҳ қурбонликни яхши кўради” деяётган эканлар. Мен туямнинг ёнига қайтдим. У ерда янги мусулмон бўлган ҳар бир кишининг қўлида биттадан туяси бор эди. Ҳазрати Умар келдилар, менинг туямга қарадилар ва: “Бу муҳожир кимсанинг туяси” дедилар”. Абдураззоқ “Мусаннаф”да келтирган.

31. Аллоҳ таоло эҳсонни яхши кўради.

Шаддод ибн Авс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан икки нарсани ёдлаб олдим. У зот: “Албатта, Аллоҳ Муҳсин, ҳар бир нарсага яхшиликни ёзгандир. У зот эҳсон  қилувчи, яхшилик қилувчини яхши кўради. Агар қатл қилсангиз, қатлни яхшилаб қилинглар. Агар сўйсангиз, сўйишни чиройли тарзда амалга оширинглар. Ҳар бирингиз пичоғини ўткирлаб олсин ва сўйиладиганни роҳатлантирсин” дедилар”. Абдураззоқ “Мусаннаф”да келтирган ва Муслим ривоят қилган.

32. Аллоҳ таоло учта нарсани яхши кўради ва учта нарсага ғазаб қилади.

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Албатта, Аллоҳ азза ва жалла учта нарсани яхши кўради ва учта нарса учун ғазаб қилади. Аллоҳ зинокор қария, мутакаббир камбағал ва очкўз бахилга ғазаб қилади. У зот қўшин ичида ҳаракат қилиб, ўз қўшинини ҳимоя қилишмақсадида душманга ҳужум қилиб ўлдирилган ёки ғалабага эришган кишини, бир қавм ичида тунда йўлга чиқиб, туннинг охирида бир ерга тўхтаб, қавмнинг барча кишилари уйқуга кетганда, у ўрнидан туриб, Аллоҳнинг оятларини тиловат қилиб, тинмай У зотга ялиниб саждалар қилган кишини ҳамда бир қавмга бир одам келиб, у ўзи билан ўша қавм ўртасида қариндошчилик ришталарини боғлашни сўраганда, қавм бахиллик қилиб, юз ўгириб кетганидан кейин ортда қолиб, ўша одамга Аллоҳдан ўзга ҳеч ким кўрмайдиган жойда сўраган нарсасини берган, қариндошлик риштасини боғлаган кишини яхши кўради”. Имом Аҳмад ривояти.

33. Аллоҳ таоло саҳобаларимдан тўрт кишини яхши кўради.

Ибн Бурайда отасидан ривоят қилади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Албатта, Аллоҳ азза ва жалла саҳобаларимдан тўрттасини яхши кўради. У зот уларни яхши кўради ва менга ҳам уларни яхши кўришимни буюрди”. Шунда саҳобалар: “Эй Аллоҳнинг Расули, улар кимлар?” деб сўрашди. У зот: “Улар Али, Абу Зарр Ғифорий, Салмон Форсий ва Миқдод ибн Асвад Киндий” деб жавоб бердилар. Имом Аҳмад ривояти.

34. Аллоҳ таоло кечиримли бандасини яхши кўради.

Абу Можид ат-Таймий айтади: “Бир кши Абдуллоҳнинг олдига келди ва унга бир қиссани сўзлаб берди. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини айта бошлади. У шундай деди: “Исломда биринчи ўлдирилган ёки мусулмонлар ичида биринчи бўлиб ўлдирилган кишини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига олиб келинди. Шунда кимдир “Эй Аллоҳнинг Расули, бу одам ўғрилик қилган” деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буни эшитиб қаттиқ қайғуга ботдилар, хатто бу ҳол юзларидан билинди. Баъзилар: “Сизга нима бўлди, эй Аллоҳнинг Расули?” деб сўрашди. У зот: “Сизлар соҳибингизга қарши шайтонга ёрдамчилик қилиб турганингиздан кейин мени ҳеч нарса тўсолмайди. Аллоҳ азза ва жалла кечиримли зот. У кечиришни яхши кўради. Бир ишга раҳбар бўлган одамнинг олдига ҳадга лойиқ кимса келтирилса, унга ҳадни қоим қилмаслиги жоиз эмас” деб “...Балки уларни афв қилиб, кечирсинлар! Аллоҳ сизларни мағфират қилишини истамайсизми?! Аллоҳ мағфиратли ва раҳмлидир” оятини ўқидилар”. Имом Аҳмад ривояти.

35. Аллоҳ таоло олийжаноб ва саховатли бўлганни яхши кўради.

Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Албатта, Аллоҳ Каримдир, карамни, саховатни, буюк хулқларни яхши кўради. Турли  разилликлар ва ёмон иллатлар учун ғазаб қилади”. Ҳоким, Абдураззоқ ва Байҳақий ривояти.

36. Аллоҳ таоло ҳаёли, иффатли, ҳалим мўминни яхши кўради.

Маймун ибн Абу Шабибдан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Албатта, Аллоҳ ҳаёли, иффатли ва ҳалим мўминни яхши кўради. Уятсиз, беҳаё, хира тиланчига ғазаб қилади”. Ибн Абу Шайба ривояти.

37. Аллоҳ таоло Ўзи рухсат берган нарсаларнинг қилинишини яхши кўради.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, Аллоҳ маъсиятни ёмон кўрганидек, Ўзи рухсат берган ишларнинг қилинишини яхши кўради” дедилар. Имом Аҳмад ривояти.

 

38. Аллоҳ таоло фитнага дучор бўлиб, кейин тавба қиладиган мўминни бандани яхши кўради.

Муҳаммад ибн Ҳанафиййа отасидан ривоят қилади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Албатта, Аллоҳ фитнага дучор бўлиб ёки бирор гуноҳ ишни қилиб қўйиб, кейин У зотга кўп тавба қиладиган мўмин бандасини яхши кўради”.

39. Аллоҳ таоло Ўзига фарз ва нафл ибодатлар билан яқинлашадиган бандасини яхши кўради.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деб марҳамат қилдилар: “Албатта, Аллоҳ айтди: “Кимки менинг дўстимга душманлик қилса, мен унга қарши уруш очаман. Бандам менга ўзим фарз қилган нарсалар билан қурбат ҳосил қилганидек, бошқа бирор нарса билан қурбат ҳосил қилолмайди. Бандам менга нафл ибодатлар билан яқинлашиб келар экан, мен уни яхши кўриб қоламан. Агар мен уни яхши кўриб қолсам, унинг эшитадиган қулоғи, кўрадиган кўзи, ушлайдиган қўли, юрадиган оёғи бўламан. Мендан сўраса, албатта, сўраганини бераман. Агар мендан паноҳ тиласа, албатта, уни ўз паноҳимга оламан. Мўминнинг жонини олишда тараддудланганимдек, бошқа ҳеч нарсада тараддудланмайман. У бандам ўлимни ёмон кўради. Мен эса унинг гуноҳ иш қилишини ёмон кўраман”. Бухорий ривояти.

 

Қуръон ва Суннат фанлари бўйича тадқиқотчи

Али ибн Нойиф аш-Шаҳуднинг

“Аллоҳ таоло яхши кўрадиган зотлар”

рисоласидан Нозимжон Ҳошимжон таржимаси

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ворид бўлган саҳиҳ ҳадисда .Огоҳ бўлинглар Албатта, жасадда бир парча гўшт бордир. Қачон у солиҳ бўлса, жасаднинг давоми...

5642 05:00 / 01.03.2017
Аллоҳга ҳамдлар, Аллоҳнинг расулига, у зотнинг оли асҳобларига ҳамда у зотнинг йўлларидан юрганларга салоту саломлар бўлсин. Ва баъдҚалбларнинг тўғрилиги барча давоми...

3806 05:00 / 01.03.2017
Исрофгарчиликка йўл қўйишнинг бир неча сабаблари бор. Келинг, улардан баъзиларини эслаб ўтайлик.1. Исрофчининг исрофнинг барча кўринишларини ман қиладиган диний давоми...

4463 16:09 / 25.06.2017
Баъзи сўфийларнинг ўзаро суҳбатларига қулоқ солсак, туш ҳақида кўп гапларни эшитамиз. Ҳатто тушни кўпгина нарсаларга далил қилиб ҳам келтирилади. Туш ҳақида ўта давоми...

4957 17:30 / 11.07.2019
Аудиолар

134248 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

54592 14:35 / 11.08.2021