1446 йил 22 жумадул аввал | 2024 йил 24 ноябрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Қалбларни забт қилишнинг 11 та воситаси

05:00 / 01.03.2017 3726 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Инсон бошқаларга яхши кўринишга, қалбларнинг маҳбуби бўлишга, ҳамма томонидан бирдек мақбул шахс сифатида фаолият олиб боришга интилиб яшайди. Айрим авлиёларни "Қалблар султони" дейилади. Яъни, қалбларни забт қилиб, эгаллаб, одамларнинг юрагига яқин, қалбларининг тўридан жой олган инсон сифатида қадрланиш учун нима қилиш керак? Бунинг учун Аллоҳдан ёрдам сўранг ва қуйидаги ўн битта хислат соҳибига айланинг:

1)    Очиқ юзли бўлиш керак. Бу нарса таомдаги туз каби бўлиб, муомала маданиятининг энг зарур хислатларидан биридир. Очиқ юзлилик қалбга тезда таъсир қиладиган энг фойдали ўқлардан бири ҳисобланади. Шу билан бирга бу ибодат ҳамдир. Расулуллоҳ (с.а.в.): "Сенинг биродарингга қараб қилган табассуминг ҳам садақадир!" деб марҳамат қилганлар. Абдуллоҳ ибн ал-Ҳорис (р.а.) бундай деган: "Расулуллоҳ (с.а.в.)дан кўра кўпроқ табассумлироқ кимсани кўрган эмасман".


2)    Саломни канда қилмаслик керак. Салом қалбнинг сувайдосига бориб тегадиган найзадир. Қучоқ очиб кутиб ол, кулиб, очиқ юз билан саломлаш ва қўлини меҳр билан қисиб қўй. Бу савоб ва ажр бўлиб, бу ажрдан биринчи сен фойдалан. Саҳоба Ибн Умар (р.а.) ҳақида айтадилар: "Бир куни Ибн Умар (р.а.) билан кўчага чиққан эдим, каттаю кичикдан саломини асло канда қилмади. Ҳамма билан саломлашиб, бир оз гаплашиб ўтар эди". Ҳасан Басрий (р.ҳ.): "Қўл бериб кўришиш севгини зиёда қилади", деган. "Тунд юз билан борсанг ҳам ёмон сўз айта кўрма!", "Қўл бериб кўришинглар, бу ғиллу ғашни кетказади. Бир-бирингизга ҳадиялар бериб туринг, муҳаббатни орттиради", дейилган.


3)    Ҳадиялашиб турмоқ керак. Бу нарса кўз, қулоқ ва қалб билан таъсир қилувчи ажойиб нарсадир. Одамлар бир-бирлари билан муомала қилишда ҳадиялашиб туришлари мақбул ишлардандир. Фақат ҳадия қўлдан келганича қилинади, ўзини қийнаб қўядиган бўлмаслиги керак. Иброҳим аз-Зуҳрий айтади: "Отамнинг олдига кирдим. У топган даромадларини сарфлаш режасини тузаётган экан. Ўзига, оиласига ва бир қанча одамларга сарфлашини айтди ва "Эслаб кўр, бирорта кимса эсдан чиқмадимикан?" деди. Мен: "Фалончи сизга салом айтиб юборган эди", дедим. Шунда отам унга ўн динор юборишимни айтдилар. Қаранг, бировга айтиб юборган саломнинг мукофоти қандай экан!


4)    Жим ўтириш ва кам сўзлаш керак. Фақат манфаатли, фойдали вақтда сўзлашга ҳаракат қилиш лозим. Ўтиришларда баланд овозда сўзлаш, кўп гапиришдан сақлан. Гўзал иборалар билан мулойим гапиришга одатлан. "Чиройли гап садақадир!" деганлар. Қалбларни эгаллашда, ҳатто душманлар қалбини ҳам забт этишда чиройли ва мулойим сўзлашнинг жуда катта таъсири бор.    Ойша онамиз (р.а.) яҳудийларнинг мусулмонларга "Сизга ўлим бўлсин!" деб салом берганларига "Ва алайкум ас-сом ва-л-лаъна!" деганида, Расулуллоҳ (с.а.в.): "Эй Ойша, шошма, Аллоҳ таоло ҳар бир ишда мулойимликни яхши кўради" деганлар. Буни Имом Бухорий билан Имом Муслим ривоят қилган. Яна Расулуллоҳ (с.а.в.) бундай деб марҳамат қилганлар: "Ҳусни хулқни ва камгапликни ўзингга лозим тут! Нафсим қўлида бўлган зотга қасамки, бу иккисидан гўзалроқ нарса халойиққа берилган эмас!". Уни Абу Яъло ва Баззор ўз муснад ҳадис тўпламларида ривоят қилганлар. 


5)    Чиройли тинглаш ва суҳбатдошига қулоқ тутишни билмоқ керак. Гапирувчининг гапини асло бўлмаслик лозим. Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳеч кимнинг гапларини бўлмас, айрим ҳолларда унинг гапини бўлишар эди. Одамларнинг гапини бўлаверадиган, гап орасига гап қўшаверадиган кимсалар одамлар қалбидан узоқ бўладилар. Тобеъинларнинг улуғларидан Ато ибн Абу Рабоҳ (р.ҳ.) бундай деган: "Агар биров менга гапирса, худди унинг гапини туғилганимдан буён ҳеч қачон эшитмагандек эшитиб, қулоқ солиб тураман".


6)    Зоҳирий кўринишни гўзал қилмоқ керак, кийимлар тоза-озода, хушбўйликлар сепилган бўлмоғи керак. Расулуллоҳ (с.а.в.): "Аллоҳ таоло гўзалдир, гўзалликни севади" деганлар. Инсоннинг шаклу шамойили ҳам гўзал бўлиши керак, тирноқлар олинган, сочлар таралган, юзлар тоза бўлиши лозим. Ҳазрати Умар ибн ал-Хаттоб (р.а.): "Мени кийимлари тоза, хушбўй ҳид анқиб турган камсуқум йигитлар жуда қизиқтиради", деганлар. Аҳмад ибн Ҳанбал (р.ҳ.) ҳақида айтилган: "Мен Аҳмад ибн Ҳанбалдан ҳам кўра кийимлари тоза ва оппоқроқ, мўйлов ва сочлари, баданидаги туклари олинган, ўзига жуда қараб юрадиган кимсани учратмаганман!".


7)    Яхшилик қилиш, ҳожатбарор бўлмоқ керак. Одамларнинг қалбини забт қилишнинг энг қулай ва осон усулларидан бири одамлардан ёрдамини аямаслик, уларнинг ҳожатларини чиқариш, қийин аҳволда қолганларга ёрдам бериш, ўзининг меҳнатини доим таклиф қилиб туриш ҳисобланади. "Одамларга яхшилик қил, шунда уларнинг қалбларини ўзингга қул қилиб оласан! Кўпчилик инсонларни яхшилик қул қилиб қўяди" дейилган. "Одамларнинг Аллоҳга энг маҳбуброғи одамларга яхшилиги кўпроғидир!" дейилган ҳадиси шарифларнинг бирида. Аллоҳ таолонинг ўзи ҳам Қуръони каримда: "Яхшилик қилинглар, Аллоҳ яхшилик қилувчиларни севади" деган. Қул ва хизматкорларни қанча-қанча пулларга сотиб олишади, одамларга яхшилик қилинса, уларнинг ўзлари қул ва хизматкор бўлиб келишади-ку!


8)    Мол-мулкидан сарф қилиб туриш керак. Ҳар бир насанинг калити бор бўлганидек, бугунги кундаги қалбларнинг аксариятининг калити мол-мулкдир. Уларга пуллардан эҳсон қилиб, сарф қилиб туриш керак бўлади. Макка фатҳи кунида кофирларнинг улуғларидан ва Расулуллоҳ (с.а.в.)га ашаддий душман бўлганлардан бири Сафвон ибн Умаййа мол-мулкидан керагини олиб қочиб кетади. Расулуллоҳ (с.а.в.) Макка аҳолисига умумий авф-омонлик берганларидан сўнг қайтиб келади. Расулуллоҳ (с.а.в.)дан у исломга кириши учун икки ой муҳлат сўрайди. Расулуллоҳ (с.а.в.) унга тўрт ой муҳлат берадилар. У Ҳунайн ва Тоифдаги жангларда Расулуллоҳ (с.а.в.) тарафида туриб кофир ҳолида қатнашади. Тоиф қамалидан сўнг кўпгина ўлжалар қўлга киритилади. Сафвоннинг бир дарага қўйилган ўлжаларга ҳирс билан тикилиб турганини кўриб, Расулуллоҳ (с.а.в.): "Булар сенга керакми, керак бўлса олақол, буларнинг ҳаммаси сеники" дейдилар. Шунда Сафвон: "Бундай покиза қалб фақат ҳақиқий пайғамбарларда бўлиши мумкин" дея калима келтириб, мусулмон бўлади.


9)    Бошқаларга нисбатан яхши гумонда бўлиш ва уларнинг узрларини доимо қабул қилиш керак. Қалбларни забт қилишнинг энг осон услубларидан бири ҳамиша яхши гумон қилишдир. Ҳаммани ўзинга ўхшатгин, барчага нисбатан яхши гумон қилгин. Ёмон гумондан доимо узоқ бўлгин. Кўзинг кўрган нарсага ишонаверма, кўрганингни ақлинг тарозисига тортиб кўр. Шоир ал-Мутанаббий: "Инсоннинг феъли бузилса, гумони ҳам бузилади" деган эди. Кечиримли бўл, одамларнинг узрини қабул қилишни ўрган. Абдуллоҳ ибн ал-Муборак (р.ҳ.): "Ҳақиқий мўъмин одамларнинг узрларини қабул қилади. Мунофиқ эса уларни узр айтишга ҳам қўймайди", деган.


10)    Бошқаларга нисбатан бўлган севги ва меҳрни билдириб турмоқ керак. Бировни яхши кўриб қолсанг, унинг қадр-мартабаси сенинг олдингда кўтарилган бўлса, уни ўзига билдириб қўй. Чунки, бу нарса унинг қалбини забт этишингга кўмакчи бўлади. Имом Термизий (р.ҳ.): "Сизлардан бирингиз дўстини яхши кўрса, унинг уйига келсин ва яхши кўрганини унга билдириб қўйсин!" деган ҳадисни ривоят қилган. Унинг "Мана шу нарса дўстликни боқий, севгини мустаҳкам қилади" деган қўшимчаси ҳам бор. Лекин бу нарса Аллоҳ учун бўлиши керак, мол-дунё орттириш, мансабларга кўтарилиш, бойларни бойлиги учун севиш, шуҳрат орттириш мақсадида бўлмаслиги лозим. Аллоҳга душман бўлганлар билан дўстлашиш дунёда ҳасрат, қиёматда эса надоматдир. Зотан, инсон қиёмат куни ўз севганлари ва ёқтирганлари билан бирга бўлади! Расулуллоҳ (с.а.в.) ансорлар билан муҳожирларни бир-бирларига дўстлаштирган эдилар. Бир ғазотда қабр ковлаш оғир бўлганидан икки одамни бир қабрга қўйилди. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.) дўстни дўст билан бирга қўйган эдилар.


11)    Мадоро ва муроса билан яшамоқ керак. Ҳамма билан муросада бўлиш лозим. Аччиқланиш, гина-кудурат сақлаш ҳеч кимга наф келтирган эмас. Имом Бухорийнинг бир ҳадиси бор. Ойша онамиз (р.а.)дан қилинган ривоят бу: Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг олдиларига бир кимса киришга изн сўрабди. Унинг кириб келаётганини кўриб, Расулуллоҳ (с.а.в.): "Жудаям ёмон қариндош бу!" дедилар. У келиб ўтирганидан сўнг Расулуллоҳ (с.а.в.) у билан очиқ юз ва табассум билан яхши муомалада суҳбатлашдилар. Ўша кимса қайтиб кетганидан сўнг Ойша (р.а.): "Уни кўрганингиз заҳотиёқ ундай-бундай деб гапираётган эдингиз, келганида эса очиқ юз ва табассум билан муомала қилдингиз" деди. Расулуллоҳ (с.а.в.): "Мени қачон ёмон ҳолатда кўргансан, қиёмат кунида Аллоҳ олдида одамларнинг энг ёмони одамларни ёмонлик ила кутиб оладиган кимсадир" дедилар. Ибн Ҳажар Асқалоний (р.ҳ.) "Фатҳ ал-Борий"да мана шу ҳадис мадоро ва муроса билан яшаш кераклигига асосий далилдир, деган. Имом Қуртубий (р.ҳ.) мадоро билан мадоро (мудоҳана)нинг фарқи бор. Дунё ва диннинг салоҳияти учун дунёни сарфлаш яхши ва мақбул муросадир. Дунёнинг ислоҳи учун динни сарфлаш, тарк қилиш ёмон муросадир, деган экан. Юмшоқ сўзли бўлиш, очиқ юзлилик ёмон ва ифлос кимсаларнинг шарридан сақланиш воситаси, шу сабабли у диний эҳтиёжларни қондириш василаси бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳам Имом Табароний (р.ҳ.) ва Ибн ас-Сунний (р.ҳ.) ривоятларида: "Мадорат ун-носс садақатун!" ("Одамларга мадора-муроса қилиш садақадир!") дейилган. Ибн ал-Баттол (р.ҳ.) айтади: "Мадоро ва муроса билан яшаш мўъмин-мусулмонларнинг ахлоқларидандир. У одамларга доим яхшилик қилиш, яхши муомалада бўлиш, асло ёмон гапирмасликдир".


Юқоридагиларга амал қилиш инсониятни барчанинг кўзи ва қалбига яхши кўрсатиб қўяди. Қалбларни забт этишнинг имкониятлари мана шу ўн битта нарсада жам бўлган бўлса ажаб эмас. Сиз ҳам амал қилиб кўринг! 



Ҳамидуллоҳ Беруний


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . . Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан .Қиёмат қачон, эй Аллоҳнинг Расули, деб давоми...

1868 19:00 / 18.06.2023
Ғурурга кетишнинг зарарлари 1. Ғурурга кетиш нафси бузуқлик ва ичи қораликнинг далилидир. 2. Ғурурга кетиш ҳалокатга олиб боради. 3. Уламоларнинг ғурурга кетиши давоми...

2983 19:01 / 03.07.2022
Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади . ..Ким намозга чиққанида .Аллоҳим Сендан сўровчиларнинг ҳаққи ила, ушбу юришим ҳаққи давоми...

4693 13:02 / 11.07.2020
Имом Муслим Омир ибн Саъддан, у эса ўз отасидан қилган ривоятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким мусулмонларга ҳаром қилинмаган бир нарса ҳақида давоми...

3417 15:00 / 08.05.2021
Аудиолар

135307 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55559 14:35 / 11.08.2021