Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1444 йил 11 Рамазон | 2023 йил 02 апрель, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Тазкия дарслари (127-дарс). Қалб хасталиги яширин бўлади

16:38 / 13.03.2021 2194 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Инсоннинг ҳар бир аъзоси ўзига хос вазифани амалга ошириши учун яратилган. Ўша аъзо соғ бўлса, мазкур ишни яхшилаб адо этади. Агар аъзо хасталикка учраса, ўзига хос ишни бажаришга қийналади ёки бутунлай бажара олмай қолади. Қўл хасталанса, ушлаш қийинлашади, кўз хасталанса, кўриш қийинлашади ёки кўриб бўлмай қолади.

Шунингдек, қалб хасталанса, унинг ҳам ўзига хос ишига – илм, ҳикмат, маърифат, Аллоҳ таолонинг муҳаббати, ибодати ва ундан ҳосил бўладиган лаззатланишга халал етади ёки бутунлай маҳрум бўлади.

Юқорида зикр қилинган илм, ҳикмат, маърифат, Аллоҳ таолонинг муҳаббати, ибодати ва ундан ҳосил бўладиган лаззатланишлар одамни ҳайвондан ажратиб турадиган омиллардир. Демак, инсон ҳайвондан қалби ила ажрайди. Қалбнинг иши эса илм, ҳикмат ва маърифатдир.

Дунёдаги барча нарсаларни Аллоҳ таоло яратган. Инсон дунёдаги барча нарсалар ҳақида маърифатга эга бўлса-ю, Аллоҳ таолони танимаса, ҳеч нарсани билмагандек гап. Аллоҳ таолони таниса, ҳамма нарсани таниган бўлади.

Маърифатнинг аломати муҳаббатдир. Аллоҳ таоло ҳақида маърифати бор одам У Зотга муҳаббат қўяди. Аллоҳ таолога муҳаббати бор қалб соғлом, У Зотга муҳаббати йўқ қалб хастадир.

Қалб хасталиги яширин бўлиб, уни беморнинг ўзи ҳам сезмайди. Сезганда ҳам, даволаш қийинчиликларига сабр қила олмайди. Чунки уни даволаш учун ҳавойи нафсга хилоф иш тутиш лозим. Сабр қилса ҳам, ҳозиқ табиб топиш керак бўлади. Қалб беморликларининг табиблари уламолардир.

Қалб беморлигининг даволаниб, соғайиши қандай бўлади? Бунда қайси хасталикдан даволанишига қаралади. Мисол учун, бир қалбни бахиллик хасталигидан даволаш керак. Уни мол-мулкни сарфлашни ўргатиш ила даволанади. Аммо эҳтиёт бўлинмаса, сарфлаш ҳаддидан ошиб, исроф даражасига ўтиб кетиши мумкин. Исроф ҳам дард. Демак, меъёрни билмаса, бир дарддан бошқа дардга ўтиб кетиши мумкин.

Мақсадга эришиш учун энг тўғри йўл мўътадил бўлишдир. Ана ўшанда қалб бахиллик ва исрофчилик дардларидан фориғ бўлиб, соғайган бўлади.

Икки салбий тараф ўртасидаги мўътадиллик жуда ҳам нозик нарса. Уни аниқлаб олиш анча қийин. У соч толасидан ингичка ва қилич тиғидан ўткирдир. Ана ўша сиротул мустақиймда юрган одам бу дунёда ғам чекмаса ҳам бўлади. У охиратда албатта неъмат берилганлар билан бирга бўлади, иншааллоҳ. Мазкур истиқомат қийин бўлганидан бандага ҳар куни кўп марта «иҳдинас-сиротал мустақийм»ни такрорлаш амр қилинган.

Фақатгина яхши ахлоқлардан яхши амаллар содир бўлади. Ҳар бир шахс ўзининг сифатлари ва ахлоқларига диққат билан назар солсин. Нуқсонларини бирин-кетин тузатишга ўтсин ва бу ишнинг аччиғига азм ила сабр қилсин. Бора-бора бу иши ўзига ёқиб қолади. Бу худди кўкракдан ажратилган бола олдин ажрашга кўнмай, ажраганидан кейин кўкрак тутилса, афтини буриштириб қочганига ўхшайди.

«Руҳий тарбия» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Хожа Муҳаммад Зоҳид қуддиса сирруҳуБу зоти олийнинг туғилган юртлари ва йиллари ҳақида маълумотимиз йўқ. Вафотлари эса ҳижрий 936 сана, милодий 1529 санада Бадахшда давоми...

4389 17:00 / 08.02.2019
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Албатта, Аллоҳ суратларингизга ва молу дунёларингизга назар қилмайди, балки давоми...

2641 05:00 / 01.03.2017
Нафснинг шаҳватлари фақат ёмонликдан иборат эмас. Улардан фойда ҳам бор. Таом шаҳвати бўлмаса, ғизо тановул қилинмас эди. Жинсий шаҳват бўлмаса, насл қирқилар эди. давоми...

1840 13:00 / 31.10.2020
Ибодат маъносини тўғри тушуниб, ҳар бир ишимизни шариатга мос қилиб, Аллоҳнинг амрига, Набий алайҳиссаломнинг суннатларига мувофиқ олиб борсак, барча ишимиз давоми...

650 19:00 / 17.12.2022