1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Устоз эҳтироми

18:05 / 24.09.2019 3116 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Шогирдларига илм ўргатган устознинг мақом ва мартабаси шунчалар улуғ бўлганки, уларни дунёни титратган ҳукмдорлардан тортиб улуғ саркардаларгача, оддий фуқародан тортиб аҳли фазл солиҳ инсонларгача баравар ҳурмат қилишган, эҳтиром ва карам кўрсатишган. Бунга эса тарихда мисоллар тўлиб-тошиб ётибди.

Пайғамбаримиз амакиларининг ўғли Абдуллоҳ ибн Аббос олим саҳо-балардан бўлмиш Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳудан дарс олар эди. Бир куни Зайд ибн Собит бир жойга жўнаш учун отига минмоқчи бўлганида Ибн Аббос отнинг жиловидан ушлаб турмоқчи бўлди. Зайд бундан қайтарди. Шунда Ибн Аббос: «Уламоларимизни шундай ҳурмат қилишга буюрилганмиз. Агар шогирд улуғлик сифатига етмай туриб, ундан фахрланиб кибрланса, жоҳилдир. Зеро, илм-ҳикмат мўмин кишининг йўқотган нарсасидир», деди. Зайд ҳам Ибн Аббоснинг кафтларидан ушлаб ўпиб: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оилаларига шундай муомалада бўлишга буюрилганмиз», дейди.

«Ҳидоя» муаллифи, шайхулислом Бурҳониддин Марғиноний ҳикоя қилади: «Бухорои шарифнинг улуғ олимларидан бирлари дарс ҳалқасида эдилар. Дарс асносида гоҳо ўринларидан туриб қўяр эдилар. Зийрак толиблар бунинг сабабини сўрашди. У зот камоли эҳтиром билан: «Меҳрибон устозимнинг фарзандлари кўчада болалар билан ўйнаб юрибдилар. Гоҳида ўйин билан машғул ҳолда эшик олдига келсалар, устозим ҳурматидан дарҳол ўрнимдан туряпман», деб жавоб қилдилар.

Яна ҳикоя қилишадики, имом Бухорий бир муддат Маккаи Мукаррамада дарс берганлар. Бир зиёратчи Имом ҳазратларига Бухорои шарифдаги устозларидан салом ва мактуб келтиради. Шунда имом Бухорий зиёратчининг устозлари юртидан келганини билиб, уни қучоқ очиб кутиб олганлар ва чексиз эҳтиром кўрсатиб меҳмон қилганлар. Ундан салом хабарини эшитганларида Бухорои шариф томонга юзланиб, саломга алик олганлар ва табаррукона мактубни икки қўллаб олиб, эҳтиром билан танишиб чиққанлар.

Марвлик қози имом Фахриддин Арсобандий вилоятдаги барча олимларнинг раиси эди, у зотни Марв султони ҳам қаттиқ ҳурмат қилар эди. Шу киши айтган эканлар: «Устозимнинг дуолари баракотидангина шундай мартабага эришдим. Ҳамиша устоз хизматларини ва ҳурматларини ўринлатишга интилдим. Устозим қози Абу Язид Дабусий хизматларига қуш мисоли учар эдим. Кийимларини ювиб, пойабзалларини тозалаб, таомларини ҳозирлар, устоз овқатланиб бўлгунларича ўзим тановул қилмас эдим».

Абу Саъд Идрисий буюк ватандошимиз, атоқли муҳаддис Абу Исо ат-Термизийнинг бундай деганини ривоят қилади: «Маккага кетаётганимда бир шайх тўплаган ҳадислардан икки қисмини ёзиб олган эдим. Тасодифан ўша шайх билан учрашиб қолдим. Ёзиб олинган ҳадислар мазмунан уларга ўхшаш-у, бироқ бошқа ҳадислар экан. Салом-аликдан сўнг ҳадисларни айнан унинг ўзидан эшитишни илтимос қилдим. У рози бўлиб, ҳадисларни ҳикоя қила бошлади. Кейин менга қараб қўлимдаги оқ қоғозни тоза, яъни ҳеч нарса ёзилмаган ҳолда кўргач: «Бу қилиғинг учун мендан уялмайсанми?», деди. Мен маъзурона ҳолда бор ҳақиқатни айтиб: «Сиз ҳикоят қилган ҳадисларнинг ҳаммасини ёддан биламан», дедим ва уни бирин-кетин сўзма-сўз айтиб бердим. Шайх эса сўзларимга ишонқирамай: «Нима, менинг ҳузуримга келишдан олдин уларни махсус ёдлаган эдингми?», деди. «Йўқ», деб жавоб қилиб: «Агар сўзларимга ишонмасангиз, бошқа ҳадислардан айтинг», дедим. Шунда у ўзининг ғаройиб ҳадисларидан қирқтасини сўзлаб берди. Мен унга уларни ҳам бошдан охир бирма-бир айтиб бердим. Шунда у: «Сенга ўхшаганини ҳеч қачон кўрмаган эдим», деди.

Бухоронинг Мир Араб мадрасасида ўтган аср ўрталарида Шаҳобиддин қори исмли улуғ мударрис кўп йиллар дарс берганлар. Шу зотнинг ҳикоя қилишларича, ҳар куни эрталаб турсалар, барча устозларнинг ҳужра эшиги олдида қолдирган пойабзаллари ювилиб, тозалаб қўйилар экан. Кимдир бу билан чекланмай ҳатто ҳожатхоналарни тозалаб, таҳоратга сув иситиб қўя бошлабди. Буни ким қилаётганини билмоқчи бўлиб кўп пойлашибди, лекин бу ҳиммати улуғ шогирд ўзини ҳеч кўрсатмабди. Ниҳоят бир куни уни «қўлга туширишибди». Андижонлик бир талаба экан. Шаҳобиддин қори хижолатликдан ерга қараб турган шогирдга «Қиблага қараб, қўлингни дуога оч», дебдилар. У айтганларини қилибди. «Ўзинг ҳам олим бўл, зурриёдларингдан ҳам фақат олимлар чиқсин», деб дуо қилибдилар. Дарҳақиқат, устозлар дуоси ижобат бўлиб, бу зотнинг ўзлари ҳам олим бўлдилар, фарзандлари ҳам олим бўлишди, ҳатто бир фарзандлари шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф дунёга машҳур аллома бўлиб етишди, набиралари ҳам исломий илм соҳиблари бўлиб улғайишди.

Имом Шофеъий ёшликда имом Моликдан дарс олмоқчи бўлиб, у зотнинг ҳузурларига борганлари ҳақида ҳикоя қиладилар: «Макка волийи (ҳокими) олдига кириб, ундан Мадина волийига ва имом Моликка мактуб ёздириб олдим. Мадинага келгач, мактубни волийга бердим. Волий мактубни ўқиб бўлиб, «Эй йигит, менга Молик ибн Анаснинг эшигига боришдан Мадинадан Маккагача пиёда бориш афзалроқ», деди. Мен: «Аллоҳ амирнинг ишини ўнг қилсин, агар одам юбориб чақиртирсангиз ҳам бўлади-ку!» дедим. «Нималар деяпсан, бундан кўра одамларим билан Ақиқ тупроғини кечиб, бирор ишни уддалаб келиш менга осонроқ бўлади», деди волий. Моликнинг уйига асрга боришга келишдик ва уловларимизни миниб йўлга чиқдик. Амир айтганидек, тупроқ кечиб бордик. Бир шеригимиз эшикни тақиллатди. Қора бир жория чиқди. Волий унга «Хожангга кириб, менинг эшик олдида турганимни айт!» деди. Қиз ичкарига кириб кетиб, ҳаяллаб чиқди ва: «Хожам сизга салом айтдилар. Саволингиз бўлса, қоғозга ёзиб берсангиз, жавоби чиқар экан. Гаплашмоқчи бўлсангиз, мажлис кунини ўзингиз биласиз, ўша куни келар экансиз», деди. Амир қизга: «У кишига менда Макка волийининг муҳим мактуби борлигини айт», деди. Қиз кириб, бироздан сўнг қўлида курси билан қайтиб чиқди ва уни ерга қўйди. Сўнгра имом Молик виқор ва ҳайбат билан чиқиб келди. У киши узун бўйли, хушқомат эканлар. Курсига яхшилаб жойлашиб ўтирдилар. Волий мактубни узатди. Имом уни ўқиб, «бу одам бундай киши, унга уни қил, буни қил» деган жойига келганда мактубни улоқтириб юбордилар ва: «Субҳаналлоҳ, Расулуллоҳнинг илми ҳам восита билан олинадиган бўлдими?» дедилар. Волий тутилиб, гапини ҳам айтолмай қолди. Шунда мен олдинга чиқиб, аҳволим ва ҳожатим ҳақида гапира бошладим. У киши менга бироз синовчан қараб турдилар-да: «Исминг нима?» дедилар. «Муҳаммад», дедим. У киши: «Эй Муҳаммад, Аллоҳга тақво қил, гуноҳлардан четда бўл, шунда шаънинг улуғ бўлади», дедилар».

Ҳазрат Алий илм ўрганувчига қарата бундай деганлар: «Олимнинг сендаги ҳақларидан бири – сен одамларга омматан салом бериб, муаллимга хос салом беришингдир. Унинг қаршисида ўтиришинг, унинг ҳузурида қўлинг билан ишора этмаслигинг, кўзингни қисмаслигинг, устозга керагидан зиёда савол бермаслигинг, жавоб беришида унга ёрдам бермаслигинг, агар хоҳламаса, унга қайта-қайта савол бермаслигинг, устоз туришга ҳаракат қилганда унинг кийимларидан ушламаслигинг, унинг сир-асрорларини фош этмаслигинг, устоз ҳузурида бирон-бир кишини ғийбат қилмаслигинг, уни бирор-бир масалада хато қилишини ҳеч қачон тиламаслигинг, устоз агар ногоҳ адашса, узрини қабул этишинг, устозга қарата: «Мен фалончи бундай деганини эшитдим» ёки «Фалончи сизнинг хилофингизга гапирди» деб айтмаслигинг, устоз ҳузурида бирон-бир олимни тавсифламаслигинг, узун суҳбатидан ҳеч қачон малолга келмаслигинг, устоз хизматидан ўзингни олиб қочмаслигинг лозим бўлади. Устознинг бирор ҳожати чиқиб қолса, уни адо этиш учун барча қавмлар чопишади. Устоз гўё бир хурмо дарахтига ўхшайдики, сен ундан бирон нарса тушишини пойлаб турасан».

Имом Раббонийнинг мана бу сўзлари ҳам олимнинг шаъни, фазли ҳақида айтилган: «Паҳлавонга раҳмингиз келсин, чунки у бир куни кучдан қолмоғи мумкин. Бойга ҳам раҳмингиз келсин, чунки унинг бойлиги ҳам мангу эмас. Лекин кўпроқ олимга шафқат қилинг, у бечоранинг умри нодонлар орасида хору зорликда ўтиб кетмасин». «Олимлар эҳтиромга лойиқ буюк инсонлардир. Илм билан мустаҳкамланмаган ҳар қандай улуғликнинг оқибати хорликдир», деган эди Аҳнаф ибн Қайс. Аждодларимиз устозни ҳурматлаш, унинг шаъни ва иззатини кўтариш бобида ғоятда катта ибрат қолдиришган. Устозларнинг меҳнати, шогирдларига илмни тушунтириб етказишдаги заҳмати, бу йўлда чеккан беҳисоб машаққатини таърифлашга сўз етмайди. Шунинг учун олимларга эҳтиром кўрсатишга, уларнинг иззатини жойига қўйишга, хизматларини адо этишга бурчлимиз. Айниқса, дин илмини ўргатган устозларимизга кўпроқ эътибор ва марҳамат кўрсатишимиз зарур. Чунки дунёвий илм ёки бир касб-ҳунар ўргатган устоз дунё ҳаётининг камоли ва равнақи учун ёрдам берган бўлади. Диний илм ўргатувчи устозларнинг эса ҳам дунё, ҳам охиратимизга фойдаси тегади, улар бизни жаҳаннам оловидан паноҳ топишимизга сабабчи бўлишади.


Тошкент Ислом институти ўқитувчиси Валихон Азимбоев

«Ҳилол» журнали 6- сонидан.


Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Имом Муслим Муҳаммад ибн Амр ибн Атодан ривоят қилади .Қизимга Барра .яхши,, .покиза,, .айбсиз, деб исм қўйган эдим, Зайнаб бинт Абу Салама розияллоҳу анҳо менга деди давоми...

2075 08:00 / 19.01.2021
Аллоҳ таоло Қуръон каримда дуо қилиш одобидан таълим берган оятларга кўра мўмин Аллоҳ уни кўриб, эшитиб турганини ҳис қилиб Унга умид ва қўрқув билан дуо қилади. давоми...

1369 11:00 / 25.12.2022
Ғассон айтади .Басралик дўстларимиз шундай дейишди .Бир киши Юнус ибн Убайднинг олдига келиб, ҳоли танглиги, турмуши ғамташвишли эканидан шикоят қилди. Юнус .Шу давоми...

1298 08:00 / 18.02.2021
Кексайиш билан кексайишнинг орасида фарқ бор. Энг яхши кексайиш яхшилик билан яшаб, яхшилик қилиб юриб кексайишдир. Агар банда Ўзини йўқдан бор қилган Роббини давоми...

2542 14:30 / 26.06.2019
Аудиолар

135099 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55375 14:35 / 11.08.2021