1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламга иймон

22:55 / 02.12.2016 6585 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

29–Албатта, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам У зотнинг мустафо бандаси, мужтабо набийси ва муртазо расулидир.

  Шарҳ: Билингки, мустафо, мужтабо ва муртазо сўзларининг маъноси бир бирига жуда ҳам яқин бўлиб танлаб олинган, саралаб олинган, рози бўлинган маъноларини билдиради.
Бу сўзлар, қуйидаги оятларда ҳам худди анашу маъноларда ишлатилгандир.
«Албатта, Аллоҳ Одамни, Нуҳни, Оли Иброҳимни ва Оли Имронни оламлар ичидан танлаб олди». (Ол-и Имрон сураси, 33).
«Бас, Роббиси уни саралаб олди ва солиҳлардан қилди». (Қалам сураси, 50).
«Магар Ўзи рози бўлган расули бўлса, бас, албатта, У зот унинг олдидан ва ортидан кузатувчи йўллайди». (Жин сураси, 27).
Бу сўзларнинг уччалови ҳам анбиёлар шаънида истеъмол қилингандир. Аллоҳ таоло бошқа анбиёлар ҳақида алоҳида, алоҳида келган нарсани Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳақларида жамлаб зикр қилди. 

ПАЙҒАМБАР АЛАЙҲИСАЛОМНИНГ БАНДАЛИКЛАРИ ЭНГ ШАРАФЛИ КАМОЛОТ ЭКАНЛИГИГА ДАЛИЛ 

Билингки, махлуқнинг камолоти - унинг Аллоҳга бўлган бандалигининг юзага чиқаришдадир. Банда бандаликни юзага чиқаришликни қанчалик зиёда қилса, унинг камолати шунчалик зиёда бўлади, даражаси шунчалик олий бўлади. Чунки, фаришталар шаънида қуйидаги оят келган:
«Йўқ улар ҳурматланган бандалардир». (Анбиё сураси, 26).
Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи васалламни энг шарафли мақомларда, банда, деб номлаган. Исронинг зикрида: «Ўз бандасини исро қилдирган зот пок бўлди», (Ал-исро сураси, 1) деган. Шунингдек, бошқа оятларда: «Албатта, Аллоҳнинг бандаси туриб, Унга дуо қилганди». (Жин сураси, 19).
«Бас, Ўз бандасига ваҳий қилган нарсани ваҳий қилди». (Нажм сураси, 10).
«Агар бандамизга нозил қилган нарсамизда шубҳада бўлсангиз», (Бақара сураси, 23) деган.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари умматларнинг ташаҳҳудда:
«Ашҳаду анлаа илаҳа иллаллоҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва Расулуҳи» демоқни ўргатганлар, амр қилганлар.
У киши соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарликлари далили:
1–«Муҳаммад бир пайғамбар, холос. Ундан олдин ҳам пайғамбарлар ўтган». (Ол-и Имрон сураси, 144).
2–«Муҳаммад-Аллоҳнинг пайғамбаридир. У билан бирга бўлганлар кофирларга шиддатли...» (Фатҳ сураси, 29).
3–«Ва Муҳаммадга нозил қилинган нарсага иймон келтирдилар. У Роббиларидан бўлган ҳақдир». (Муҳаммад сураси, 2).
4–«Ва Қуръон ҳакийм ила қасамки, албатта сен пайғамбар этиб юборилганлардансан. Тўғри йўлдасан» (Ёсин сураси, 2-4) оятлари. 

НАБИЙ ВА РАСУЛ ОРАСИДАГИ ФАРҚ 

Набий ва Расул орасидаги фарқ ҳақида бир неча фикрлар зикр қилган:
1–Аллоҳ кимга осмондан хабар берсаю, ўша хабарни бошқаларга етказишни амр қилса, ўша одам набий ва расулдир. Аммо, бошқаларга етказишни амр қилмаса набийдир, расул эмас.
Хулоса шулки, расул ўзига келган пайғамбарликни ўзгаларга етказишга амр қилингандир. Набий эса, бунга амр қилинмагандир. Расул пайғамбарликни ўзгаларга етказишга амр қилингандир. Набий эса, бунга амр қилинмагандир. У пайғамбарликни бошқаларга етказадими, етказмайдими бари-бир.
2–Расул умумий бўлиб, фаришталардан ҳам, башардан ҳам бўлаверади. Аллоҳ таоло Қуръонда «Албатта, у ҳурматли Расулнинг гапидир» (Таквир сураси, 19) деганда, Жаброил алайҳиссаломни ирода қилган.
«Расулларимиз Уларни вафот этдирди», (Аъроф сураси, 37) деганда ҳам, фаришталарни ирода қилган.
3–Расул янги шариат билан келади. Набий янги шариат билан келмайди. Балки, олдинги шариатга амал қилади ва ўзгаларни ҳам, ўшанга амал қилишга чақиради. 

  30–Ва, албатта, у киши соллаллоҳу алайҳи васаллам анбиёларнинг охиргисидирлар. 
Шарҳ: Яъни, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарликларидан кейин анбиёлар келиши охирлади, кесилди, тугади. У киши соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбарлик қасрининг охирги ғиштидирлар. Аллоҳ таоло у киши соллаллоҳу алайҳи васаллам билан пайғамбарлик қасрини камолга етказиб, эшигини ёпди.
Далил: «Лекин, Аллоҳнинг Расули ва набийларнинг охиргисидир», (Ахзоб сураси, 40) оят ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадислари дир:
1–«Менинг ва анбиёларнинг мисоли, худди биноси гўзал бир қасрга ўхшайди. Унда бир ғишт ўрни тарк қилингандир. Бас, назар солувчилар уни айланиб кўриб, биносининг гўзаллигидан ажабланадилар. Фақат халиги ғишт ўрнидан бошқа айб топа олмайдилар.
Бас, мен ўша ғиштнинг ўрнини тўлғаздим. Мен билан бино хотимасига етди. Пайғамбарлар охирига етдилар». (Бухорий, Муслим).
2–«Албатта, менинг бир неча исмларим бор. Мен Муҳаммадман. Мен Аҳмадман. Мен ал-Моҳий-ўчирувчиман. Аллоҳ мен билан куфрни ўчиради. Мен ал- Ҳошр-тўпловчиман. Одамлар қадамим остида тўпланадилар. Мен, ал-Оқибман. ал-Оқиб-ортдан келувчи-ундан кейин набий келмайдиган зотдир». (Бухорий, Муслим).
3–«Албатта, келажакда менинг умматимда ўттизта каззоб бўлади. Ҳаммаси ўзини набий, деб даъво қилади. Ҳолбуки, мен набийларни охиргисиман. Мендан кейин набий йўқдир». (Муслим Савбондан ривоят қилган).
4–«Бошқа анбиёлардан олти нарса ила афзал қилиндим:
1-Менга жамловчи калом берилди.
2-Менга душманимга қўрқинч солиш ила нусрат берилди.
3-Менга ўлжалар ҳалол қилинди.
4-Менга ер покловчи ва масжид қилинди.
5-Мен ҳамма халойиққа юборилдим.
6-Мен билан набийлар тугатилди». (Муслим, Термизий). 

  31–Ва у киши салоллоҳу алайҳи васаллам тақводорларнинг имомидирлар. 
Шарҳ: Яъни, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам тақводорларнинг пешвосидирлар. Ким тақводорликни ирода қилса, фақат у кишига иқтидо қилиш билангина етишади.
Имом, ортидан бошқалар эргашадиган шахс, деганидар. Бас, тақводорлар У киши соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашадилар. У киши салоллоҳу алайҳи васаллам иқтидо учун юборилганлар. Ким у кишига эргашса, иқтидо қилса тақводорлардан бўлади.
Далил: «Сен: Агар Аллоҳга муҳаббат қиладиган бўлсангиз, менга эргашинг. Аллоҳ сизга муҳаббат қиладир», деб айтгин». (Оли Имрон сураси, 31) ояти.
Ҳамда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
«Сиздан ҳеч ким, токи ҳовои нафси мен келтирган нарсага тобеъ бўлмагунча, ҳаргиз мўмин бўла олмайди», деган ҳадислари. (Бухорий). 

  32–У киши пайғамбарларнинг улуғидирлар. 
Шарҳ: Яъни, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳамма набийлар ва расуллардан кўра афзал ва шарафлидирлар.
Далил: Қуйидаги ҳадиси шарифлардир:
1-«Мен қиёмат куни одам боласининг улуғидирман. Устидан қабр биринчи ёриладиган шахс - менман. Аввалги шафоатчи - менман. Аввалги шафоат қлинувчи - менман». (Муслим).
2-Шафоат ҳадиснинг аввалида: «Қиёмат куни мен одамларнинг улиғидирман», деган гаплари.
3-«Албатта, Аллоҳ Канона (қабиласи)ни Исмоил авлодидан танлаб олгандир. Қурайшни Канонадан, Қурайшдан эса, Бани Ҳошимни танлаб олгандир. Бани Ҳошимдан мени танлаб олгандир». (Муслим, Термизий).
Ишкол: Мазкур ҳадислар билан қуйидаги ҳадислар орасида ишкол чиқади:
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мени Мусодан афзал кўрманглар. Бас, қиёмат куни одамлар хушларига келганларида, мен энг аввал ўзига келган шахс бўламан. Ўшанда, Мусони аршнинг пойчасидан ушлаб турган ҳолини кўраман. У мендан олдин ўзига келганми ёки Аллоҳ истисно қилганларданми билмайман», деганлар. (Бухорий, Муслим).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу гаплари билан «Фахр эмасу, мен одам боласининг улуғидирман», (Термизий, Ибн Можа, Аҳмад) деганларни қандоқ қилиб жамлаш мумкин?»
Жавоб шулки: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Мени Мусодан афзал кўрманглар», деган гапларининг сабаби бор. Чунки, бир яҳудий: «Йўқ! Мусони башарият устидан танлаб олган зот билан қасамки», деганида, бир мусулмон унга бир тарсаки уриб: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам орамизда туриб, шу гапни айтасанми?! деган. Ҳалиги яҳудий келиб ўзига тарсаки урган кишидан шикоятдан қилганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам юқоридаги гапни айтганлар. Чунки, таассуб ва тарафкашлик йўли билан, ҳавойи нафсга берилиб афзал кўришлик дуруст эмас. Аллоҳ бундай фахр қилишни ҳаром қилган. Аслида эса пайғамбарларнинг бир-бирларидан афзалликлари Қуръони каримда ҳам собитдир.
Аллоҳ таоло: «Ўшалар - пайғамбарлар. Биз уларнинг баъзиларини баъзиларидан афзал қилдик», (Бақара сураси, 253) деган.
Яна: «Батаҳқиқ баъзи набийларни баъзиларидан афзал қилдик», (Ал-исро сураси, 55) деган. Бас, шундан, фахр юзасидан афзал қилишлик жоиз эмаслиги тушиниб олинади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Имом Бухорий ва Имом Муслимлар ривоят қилган: «Анбиёларнинг бирларини, бирларидан афзал қилманглар», деганлари ҳам шу қабилда тушинилади.
Имом ат-Таҳовий «Шарҳ маъоний ал-Осор» асарида қуйидагича жавоб берганлар, аввалги икки ҳадисдаги ман қилиш, хос равишда афзал қилишдан иборатдир. Яъни, баъзи пайғамбарларни бошқаларидан айнан исмини айтиб, фалончи пистончидан афзал, дейилмайди. Аммо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Фахр эмасу, мен одам боласининг улуғидирман», дейишлари, пайғамбарлардан муайян шахсдан афзалликни кўрсатмайди.
Баъзилар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мени Юнус ибн Маттодан афзал кўрманглар», деганлар дейишади. Аммо, худди шу иборани эътимодли китобларнинг бирортасида ҳам ривоят қилинмаган.
Саҳиҳ Бухорийда эса, «Ҳеч бир бандага, мен Юнус ибн Маттодан яхшиман, дейиш тўғри келмайди», деган жумла келган. Кўриниб турибдики, бунда мусулмонларнинг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни Юнус алайҳиссаломдан афзал қўйишни ман қилиш йўқдир. Балки, бунда мусулмонлар оммасидан бирортаси ҳам ўзини Юнус алайҳиссаломдан устун қўйишлиги мумкин эмаслиги маъноси бор. Чунки, Юнус алайҳиссалом ғазабланиб, қавмини ташлаб, денгизга қараб жўнаб кетворганлар. Охир оқибат, балиқнинг қорнига тушганлар. Баъзи одамлар ўз кўнглида, мен ундоқ қилганим йўқ, демак, Юнус алайҳиссаломдан яхшироқ эканман, демаслиги керак. Шунинг учун, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳеч бир бандага мен Юнус ибн Маттодан яхшиман, дейиш тўғри келмайди», деганлар. Яъни, Юнус алайҳиссаломдан мазкур иш воқеъ бўлса ҳам, у киши овом мусулмонлар қаторига тушиб қолмайдилар. Агар улар авлиё, атқиё ва солиҳлар бўлса ҳам. Чунки набий бўлмаган одам набийдан афзал бўлиш у ёқда турсин, набий мартабасига ҳеч қачон ета олмайди. 

  33–Ва Роббил оламийннинг ҳабибидирлар. 
Шарҳ: Яъни, Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни Ўз ҳабиби қилган. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Аллоҳга муҳаббат қилган.
Далил: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган қуйидаги икки ҳадис:
1-«Албатта, Аллоҳ худди Иброҳимни халил этиб олганидек мени ҳам халили этиб олди». (Муслим, Абу Авона).
2-Агар ер аҳлидан ўзимга халил олганимда, албатта, Абу Бакрни халил этиб олардим. Лекин сизнинг соҳибингиз раҳмоннинг халилидир». (Муслим, Термизий).
Ушбу икки ҳадисдан, халиллик Иброҳимга, ҳабиблик Муҳаммадга, Иброҳим Аллоҳнинг халилидир, Муҳаммад Аллоҳнинг ҳабибидир, деганларнинг гапи ботил экани зоҳир бўлади. Балки, икковлари ҳам Аллоҳнинг халилларидир. Халиллик бирларига Қуръон йўли билан, бошқаларига суннат йўли билан собит бўлгандир. 

МУҲАББАТНИНГ ДАРАЖАЛАРИ 

Муҳаббатнинг ўнта даражаси бордир: 

 

Биринчиси: Алоқа - у қалбни маҳбубга боғлайди.
Иккинчиси: Ирода - у қалбнинг маҳбубга мойил бўлиши ва уни талаб қилишидир.
Учинчиси: Қуйилиш - у қалбнинг маҳбубга қуйилиши ва соҳиби уни эплай олмай қолишидир. Бу худди сув тарновдан қуйилишига ўхшайди.
Тўртинчиси: Ҳаром - у қалбга маҳкам ўрнашган муҳаббат, худди қарз берган қарздорни маҳкам тутганга ўхшагани учун «ғаром» номини олган.
Оятда «Албатта, у (дўзах)нинг азоби ғаром бўлгандир», (Фурқон сураси, 65) дейилган. Яъни, лозим бўлгандир.
Бешинчиси: Мавадда - у муҳаббатнинг поки, холис ва мағзидир. Аллоҳ таоло: «Тезда Раҳмон уларга вудд беради» (Марям сураси, 96), яъни, холис муҳаббат беради, деган.
Олтинчиси: Шағаф - у муҳаббатнинг қалб ғилофига етиб боришидир.
Еттинчиси: Ишқ - у ҳаддан ошган муҳаббат бўлиб, эгасига ундан зарар етишидан қўрқилади. Лекин бу билан Аллоҳ таоло васф қилинмайди. Шунингдек, банданинг Аллоҳга ва Унинг Расулига бўлган муҳаббати ҳам ишқ билан васф қилинмайди. Чунки, ишқ шаҳват аралашган муҳаббатдир. Уни Аллоҳнинг муҳаббатига ва Унинг расулининг муҳаббатига нисбат бериш беодабликдир. Шунинг учун ҳам бу истилоҳ Қуръон ва Суннатда истеъмол қилинмаган. Бу истилоҳни энг яхши асрларда ҳам, Аллоҳ ва расулнинг муҳаббатида ишлатилмаган. Фақат кейинроқ, жоҳил сўфилар томонидан истиора шаклида ишлатиладиган бўлди. Улар шунингдек, форс шеъриятида истиора қилиб, Аллоҳнинг маърифатига «май», улуғлик сифатларига «қора соч», жамол сифатларига «оппоқ юз», ҳақиқий маҳбубга «гўзал аёллар ва чиройли ғуломлар» кабиларни ишлатганлар. Аслида эса, бу нарсалар мажусийлар томонидан яхшилик худосига нисбатан ишлатилар эди.
Саккизинчиси: таяннум - ибодат маъносида.
Тўққизинчиси: ибодат.
Ўнинчиси: халиллик - бу муҳаббат қилувчининг руҳи ва қалбини орасига кириб жойлашган муҳаббатдир. 

  Аллоҳ таоло ушбу муҳаббат турларидан тўрттаси билан васф қилинади. Қуръон ва Суннатда У зотга нисбатан; ирода, вудд, муҳаббат ва халиллик ишлатилган. 

  34–У кишидан кейинги ҳар бир пайғамбарлик даъвоси залолат ва ҳавоий нафсга эргашишдир. 
Шарҳ: Яъни, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин ким пайғамбарлик даъвосини қилса, бу даъво залолатдан ва ҳавоий нафсга эргашишдан бошқа нарса эмас. У кишидан кейин пайғамбарлик йўқлиги собит бўлганидан кейин, ким пайғамбарлик даъвосини қилса, ёлғончи экани ўз-ўзидан маълум. Чунки: Аллоҳ таоло у кишининг охирги пайғамбар эканликлари ҳақида хабар берганидан кейин, биров келиб пайғамбарликни даъво қилиши ва бу даъвосида ёлғончилиги аломати зоҳир бўлмаслиги амри маҳолдир.
Далил: Аллоҳнинг: «Ва лекин Аллоҳнинг Расули ва набийларнинг охиргисидир» (Аҳзоб сураси, 40) ояти ва олдин келтирилган ҳадислардир.
Бас, бу у киши соллаллоҳу алайҳи васалламнинг охирги пайғамбарликларининг самарасидир. 

  35–У киши жинларнинг ҳаммасига ва инсларнинг ҳаммасига ҳақу ҳидоят, нуру зиё билан юборилгандирлар. 
Шарҳ: Яъни, Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни жамики инсон ва жинларга Аллоҳнинг оятларини тиловат қилиб бериш, Қуръонни ўргатиш, Ҳикматни ўргатиш, турли ақийдавий, ахлоқий ва амалий ифлосликлардан поклаш учун, юборди. Бас, у киши ҳидоят ва ҳақ дин ила ушбу ҳақ динни бошқа динлардан устун қилиш учун келдилар.
Далил: У кишининг жинларга пайғамбар эканликлари ҳақида қуйидаги икки оят келтирилади: Биринчи оятда жинларнинг тилидан:
«Эй қавмимиз, Аллоҳнинг даъватчисига ижобот қилинг», (Аҳқоф сураси, 31) дейилган.
Иккинчи оятда эса яна жинлар ҳақида:
«Бас улар: «Албатта, биз ажойиб Қуръонни эшитдик, у тўғриликка бошлайдилар. Бас, унга иймон келтирдик», (Жин сураси, 1-2) дейилган.
У кишидан олдин ҳам жинларга пайғамбар келганми? Ҳа, келган бунга далил қуйидаги оятлар:
1-«Эй, жинлар ва инслар жамоаси, сизларга ўзингиздан пайғамабарлар келмаган эдими?» (Анъом сураси, 130).
2-«Албатта, Биз Мусодан кейин нозил қилинган китобни эшитдик». (Аҳқоф сураси, 30). Жинлар тилидан айтилган бу гапдан билиниб турибдики, Мусо алайҳиссалом жинларга ҳам юборилган эдилар.
Муҳаммал алайҳиссаломнинг инсонларнинг ҳаммасига пайғамбар этиб юборганликларининг далиллари қуйидагилар:
1-«Биз сени фақат одамларнинг барчасига башорат берувчи ва огоҳлантирувчи қилиб юбордик». (Сабаъ сураси, 28).
2-«Эй одамлар, албатта, мен сизларнинг ҳаммангизга Аллоҳнинг Расулиман». (Аъроф сураси, 158).
3-«Ва менга ушбу Қуръон, у билан сизларни ва у етган кимсаларни огоҳлантириш учун ваҳий қилинди». (Анъом сураси, 19).
4-«Биз сени одамларга пайғамбар этиб юбордик. Шоҳидликка Аллоҳ кифоя қилур». (Нисо сураси, 79).
5-«Одамлар учун улардан бир кишига, одамларни огоҳлантир, деб ваҳий қилишимиз ажабланарли бўлдими?!» (Юнус сураси, 2).
6-«Бандасига оламларга огоҳлантирувчи бўлиши учун Фурқонни нозил қилган зот баракотли бўлди». (Фурқон сураси, 1).
Ушбу оятдаги «оламларга» сўзи инсу жинни ўз ичига олади.
Шунингдек, бу маъно Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида ҳам келган. Мисол учун, у киши соллаллоҳу алайҳи васалламга беш нарса хос қилиб берилгани тўғрисидаги ҳадисда: «Ва одамларнинг ҳаммасига юборилдим», деганлар. (Бухорий, Муслим).
Имом Муслим ривоят қилган бошқа бир ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ушбу умматдан хоҳ яҳудий бўлсин, хоҳ насроний бўлсин мен ҳақимда эшитсаю, сўнгра менга иймон кетирмаса, албатта дўзахга киради», деганлар.
У киши соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳақу ҳидоят, нуру зиё билан келганликларига далил қуйидаги оятлардир.
1-«У зот Ўз Расулини ҳидоят ва ҳақ дин билан юборгандир». (Фатҳ сураси, 28).
2-«Аллоҳга, Унинг Расулига ва Биз нозил қилган нурга иймон келтиринг». (Тағобун сураси, 8).
3-«Батаҳқиқ, сизга Аллоҳдан нур ва очиқ-ойдин китоб келди». (Моида сураси, 15).
4-«Аллоҳга Унинг изни ила даъват қилувчи ва нур таратувчи чироқ (қилиб юбордик)». (Ахзоб сураси, 46). 

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Дўзах Аллоҳ таоло кофир, мунофиқ ва осийлар учун тайёрлаб қўйган ва уларга азобndashуқубатлар бериладиган макондир. У ҳам жаннат каби халқ қилинган, унинг давоми...

7519 02:48 / 02.12.2016
ТАҚДИМАллоҳ номи ила қувилган шайтоннинг ёмонлигиндан паноҳ сўрайман Сен Албатта, намозим, ибодатларим, ҳаёт ва мамотим оламларнинг Роббиси Аллоҳ учундир. Унинг давоми...

23949 00:42 / 03.12.2016
Аҳли қиблалардан бирортасини гуноҳ туфайли кофир қилмаймиз. Модомики ўшани ҳалол ҳисобламаса. .Иймон бўлса, гуноҳ уни қилган одамга зарар қилмайди,, демаймиз.Шарҳ давоми...

5949 13:10 / 29.04.2019
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади .Алиф лам мим. Аллоҳ ndash Ундан ўзга илоҳ йўқ. У Ҳайй ва Қойюмдир, Оли Имрон сураси, 12оятлар. .Барча давоми...

925 19:00 / 15 июль