1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Қизингиз балоғат ёшида (биринчи мақола)

19:20 / 16.09.2019 4000 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бундан бир неча йил олдин сизга олам-олам қувончларни ҳадя қилиб, қиз фарзандингиз дунёга келган эди. Қаранг-а, ҳаш-паш дегунча балоғат ёшига етиб қолибди. Унинг тобора очилиб бораётган ҳуснига, малоҳатига термилиб, ич-ичингиздан ажиб бир ҳис-туйғуларни туясиз, ширингина энтикиб қўясиз.

Лекин…

Баъзан қизингизнинг хонасига кирсангиз, ўйга чўмган, паришон ҳолда ўтирганининг устидан чиқасиз.

Баъзан кирганингизни сезмайди ҳам.

У сиз билан илгаригидек сирлашмай ҳам қўйган.

Унга нима бўлди экан?..

Ҳа, у ўсмирликка, балоғат ёшига қадам қўйибди. Унда кечаётган ўзгаришлар, изтироблар уни етуклик ва камолот сари етаклаётган жисмоний ва руҳий ўзгаришларга боғлиқлигини ҳозирги замон психология фани ҳам, тиббиёти ҳам тез-тез такрорлаб турибди.

Балоғат даври инсон ҳаётидаги энг муҳим ҳодисадир. Бу янги бир босқичга ўтиш демакдир. Бундай даврда ҳаяжон ва безовталиклар авжига чиқади.

Йигитлик остонасидаги ўғил боланинг жисмида турли ўзгариш юз беради. Ҳомиладор бўлиш, фарзанд кўриш ва ниҳоят, оналик бахтига эришиш даврига ҳозирланаётган қизда ҳам худди шундай ҳолат кузатилади. Ушбу кескин жисмоний инқилоб жараёнини ички секреция безлари деб аталган аъзолар бошқаради. Одатда, бу давр қизларда ўн бир билан ўн беш ёш орасида юз беради, иссиқ минтақаларда эса бундан олдин ҳам воқе бўлиши мумкин.

Бу босқичда қиз боланинг тана аъзоларида сезиларли ўзгаришлар содир бўлади: бўйи, кўкраги, тос суяги, бели, сочи ва бошқа аъзолари етила бошлайди, овозида ҳам ўзига хос ўзгариш сезилади. Фуқаҳо ва табиблар наздида балоғатга етиш аломатларининг энг муҳими ҳайздир. Қиз боланинг ҳайз кўриши хурсандчилик ила байрам қилишга арзийдиган ҳодисадир. Зеро, у улғайиб, балоғат, камолот ва масъулият ёшига етди.

«Сўнгра уни бошқа бир жонзот этиб пайдо қилдик. Бас, яратгувчиларнинг энг яхшиси Аллоҳ баракотли, буюкдир» (Муъминун сураси,14-оят).

Бу давр – яхшилик ва қувончга тўла, ёрқин ранглар ила бўялган гўзал бир ўтиш давридир.

Бу янгидан туғилишдир. Кечагина қўғирчоқ ўйнаб юриб, бугун бўй етган қизга боқар экансан, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг чинакам мўъжизасига гувоҳ бўласан: гўё ипак қуртидан гўзал капалак пайдо бўлиб, энди у боғу бўстонларда гулдан гулга қўниб учади, фараҳбахш ранглари ила кўзларни қувнатиб, ақл-ҳушингни олади.

Афсуски, аксарият оналар ва муаллималар бунга ўхшаш масалалар хусусида ёш қизлар билан суҳбатлашишга журъат қила олишмайди. Бизда ўрта таълим масканларида қизлар учун алоҳида дарс соатлари ташкил этилган. Муаллималар бундай имкониятдан яхши фойдаланиб, қизларга ҳайз борасида кенг тушунтиришлар олиб боришлари лозим. Афсуски, муаллималар ҳайз ҳақидаги дарсни уялибгина, қисқагина ўтиб бериб, чиқиб кетади. Баъзилари эса ўқувчи қизларга ушбу мавзудаги дарсларни қолдиришга ёки дарсдан чиқиб кетишга ёхуд унда қатнашмасликка рухсат беришар экан.

Оиша розияллоҳу анҳо ҳаж ибодати пайтида, эҳромда юрганларида ҳайз кўриб қоладилар. Йиғлаб, минг истиҳола билан бу ҳақда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга айтадилар. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бу Одам атонинг қизларига Аллоҳ битган нарсадир», деб тасалли берадилар.

Бу ишнинг уятли жойи йўқ. Оиша розияллоҳу анҳо ансорияларни мақтаб, «Ансориялар қандай яхши аёллар-а! Ҳаё уларни динда фақиҳ бўлишларидан тўсиб қўймади», дер эдилар.

Бу ҳолат йўқдан бор қилган Аллоҳ жалла ва алонинг ҳикматидир:

«Эй инсон! Карамли Роббинг хусусида сени нима алдаб қўйди? У сени яратди, рост ва мўътадил қилди. Ўзи хоҳлаган суратда сени йиғди» (Инфитор сураси, 6 – 8-оятлар).

«Батаҳқиқ, Биз инсонни энг гўзал тузилишда яратдик» (Тийн сураси, 4-оят).

Ҳа, Аллоҳ таоло ҳар бир нарсани гўзал суратда яратган. Ҳайз ҳам Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг аёл зотида яратган мўъжизаларидан биридир.

Баъзи қизлар ҳаётида ушбу ҳодиса илк бор юз берганда табиатларидаги уятчанлик туфайли оила аъзоларидан буни яширишга уринадилар. Натижада ноқулайлик ва руҳий муаммолар келиб чиқади.

Баъзи қизлар хушбўйланиш, кийимларни алмаштириш, соч ювиш, уни парваришлаш каби ишларга айнан ҳайз пайтида аҳамият беришмайди. Яна баъзилар ҳайз пайтида ақди никоҳ ҳаром қилинган деб ўйлашади. Буларнинг ҳаммаси асоссиз гаплардир.

Уламолар ҳайз кўрган аёлнинг намоз ўқимаслиги, рўза ҳам тутмаслигига ижмоъ қилишган. Поклангач, рўзанинг қазосини тутиб беради, намознинг қазосини эса ўқимайди.

Ҳаётда турли воқеаларга шоҳид бўламиз:

Балоғат ёшига эртароқ етган бир қиз илк бор ҳайз кўрганида бу ҳақда онасига айтади. Жаҳл отига минган она эса: «Нимага? Ҳозир-а?! Сен ҳали кичкинасан-ку!!!» дея қичқиради. Гўёки ҳайз кўриш-кўрмаслик унинг ихтиёрида, унинг қўлида…

Олтинчи синфда ўқийдиган қиз... ҳожатхона олдида йиғлаб турибди. Муаллимаси уни мажбурлаб синфга киргизади. Қизча кўз ёшлари юзини ювган ҳолда синфга киради. Кийимининг булғанганини кўрган муаллима ундан жирканиб, бурнини жийиради... Аслида эса унинг вазифаси қизчанинг кўнглини кўтариб, овутиш, унда содир бўлган ушбу жараён ҳақида тушунча бериш, нималар қилиш кераклигини ўргатиш эди…

Бир қиз ўзидан келаётган қонни кўриб, бу ҳақда аввал эшитмагани учун қўрқиб кетади.

Ҳа, бу борадаги шаръий тушунча ва билимлар қизлар учун ниҳоятда муҳимдир. Бу илмни билган қизларгина ўзи учун нима фойда ва нима зарарли эканини ажрата олади, балоғат даврига қадам босганини, шаръий таклифлар энди унга ҳам тааллуқли эканини идрок этади. Шунингдек, у озуқа ва дори-дармонларнинг турини, уларнинг жисм, руҳият ва ҳолатга қандай таъсир кўрсатишини, узрли ҳолатда улардан қандай фойдаланиш ҳақида тиббий тушунча ва билим эга бўлиши жуда муҳим.

Яҳудийлар ҳайз кўрган аёллар билан бир уйда овқатланмас, бир хонада ётишмас эди. Саҳобалар розияллоҳу анҳум яҳудийларнинг ушбу тасарруфлари ҳақида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрашди. Шунда у зот уларга: «Қовушишдан бошқа ҳамма нарсани қилаверинглар», дедилар. Бунинг маъноси «Ҳайз кўрган аёлларингиз билан бирга яшанг, бирга ўтираверинг, кўнгилхушлик қилинг, фақат жимоъ қилманг», демакдир.

Оиша розияллоҳу анҳо ҳайзли бўлсалар ҳам, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишининг бағирларига суяниб олиб, Қуръон ўқийверар эдилар, бирга ётар, қўлларидан таом еяр эдилар. Демак, бу борада ҳам тиббий, ҳам шаръий онг ва билим ҳар бир қиз ва аёл учун зарур.

Балоғат ёки ўсмирлик босқичида танадаги ўзгаришларга ҳамоҳанг равишда руҳиятда ҳам ўзгаришлар юз беради. Жумладан, қиз болада ўзини намоён этиш, баъзи интизомларга бўйсунмаслик, ўзга жинсга мойиллик, улар билан билвосита ёки бевосита алоқалар ўрнатишга бўлган рағбат ва ҳоказолар пайдо бўлади.

Бу хусусиятларни жамлаган қиз мазкур хатти-ҳаракатлари билан онасига: «Мен энди аёлман. Мен мустақил табиатга эгаман. Шу пайтгача сиз ёш боладек муомала қилиб келган қизча эмасман», деб мактуб йўллагандек бўлади. Мана шу ерда улкан хавф-хатар пистирма қуриб ётади: ушбу «мактуб» хато йўл билан ифода этилиши ва ҳаётий тажрибаси йўқ қизнинг хатарли кўчага кириб қолиши эҳтимолдан холи эмас. Ғўрлик, ёшлик, тажрибасизлик ва руҳий бўшлиқ қиз болани айнан шу босқичда, яъни ўспиринлик даврида бошқалардан эшитаётган ҳар нарсага ишонувчан қилиб қўяди. Агар етарли даражада эътибор қилинмаса, жўш уриб турган ҳассос туйғулар, ўзга жинсга бўлган мойиллик унинг тўғри йўлдан тойилишига сабаб бўлиши мумкин.

Шу билан бирга, бу босқичнинг илк даврида қизларда кузатиладиган ғайриоддий ҳолатларни ахлоқий бузилишнинг ифодаси эмас, балки ушбу босқичнинг нишоналари ва хусусиятлари деб қабул қилиш лозим.

(Давоми бор)

Одинахон Муҳаммад Содиқ

«Hilol» журнали, 2-сонидан олинди

 

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Мадиналик Милҳоннинг қизи Румайсо хоним оқила, доно, хушхулқ ва гўзал аёл эди. Уни фарзандининг исми билан кунялаб Умму Сулаймrdquo деб чақиришар эди. Расулуллоҳ давоми...

5684 19:45 / 19.03.2019
Хаворижлардан бири Ҳасан Басрийнинг мажлисига келар, ёмон гаплар ёки қилиқлар билан беодоблик қилиб, мажлис аҳлига озор етказарди. Одамлар Ҳасан Басрийга Эй Абу давоми...

3005 20:02 / 12.11.2018
Ўсимликлар дунёсига оид энг сўнгги кашфиётлардан бири уларда ҳашаротлар ёки хатарга қарши ўзини ҳимоя қилиш қобилияти борлигидир. Баъзи мулҳидлар Аллоҳ давоми...

4392 09:00 / 03.05.2023
Миҳбардан ривоят қилинади .Биз бир маййит учун тобут ҳозирлаётган эдик, олдимиздан Рабиъ ибн Барра ўтиб қолиб, .Бу ғариб ким, деб сўради. .У ғариб эмас, қариб қариб давоми...

2627 08:00 / 06.03.2020