1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Бадгумонлик

05:00 / 01.03.2017 5009 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда бадгумонликни қаттиқ қоралаган. У зот «Ҳужурот» сурасида айтади: «Эй иймон келтирганлар! Кўп гумонлардан четда бўлинглар, чунки баъзи гумонлар гуноҳдир», деган (12 –оят).

Ўйлаб кўрилса, ўзаро низолар ва келишмовчиликлар кўпроқ бир-биридан ёмон гумондан келиб чиқади. Ундан четда бўлиш учун доимо кишилар ҳақида яхши гумонда бўлиш, улар ҳақида етган хабарларни яхшиликка йўйиш керак.

Бу ҳақида ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу: «Агар яхшиликка буришнинг бирорта йўли бўлса ҳам, мўмин биродарингдан чиққан сўз ҳақида фақат яхши гумон қил», деган экан.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Зинҳор ва зинҳор бадгумон бўлманглар. Чунки бадгумонлик сўзнинг энг ёлғонидир», дедилар».
Бухорий ривоят қилган.
Муовия розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Агар одамларнинг айбини ахтарадиган бўлсанг, уларни бузасан», дедилар».
Ёмон гумондан сақланиш лозим. Ким одамлардан ёмон гумонда бўлса, ўша одам ичи бузуқ бўлади. Мўмин доимо узр истайди, мунофиқ эса айб истайди. Мўмин барча халойиққа нисбатан кўнгли пок бўлади. Мунофиқ эса унинг тескариси бўлади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бадгумонликдан сақланинг. Албатта, бадгумонлик энг ёмон ёлғончиликдир. Пойлаш ва жосуслик билан шуғулланманг. Ким ўзарга уриниб ўзаро ҳасад қилишманг. Бир бирингизни ёмон кўрманг ва бир бирингизга қарши тадбир қилманг. Аллоҳнинг бандалари, биродар бўлинглар», дедилар
».
Шарҳ: Ушбу ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мўмин-мусулмонларга қилган муҳим насийҳатлари баён қилинмоқда. Барча мўмин-мусулмонлар биродар эканликларини айтиб, ундан олдин эса ана шу исломий муносабатга путур етказадиган омилларни санаб ўтиб, улардан қайтарибдилар.
Ёмон гумон энг катта ёлғон экан, бу нарса бориб-бориб албатта бирор ёмонликка олиб борар экан. Жосуслик, яъни бир кишига билдирмай у ҳақда махфий маълумотлар тўплаш, унинг сирларини билиб олишга уриниш бўлиб, бу нарса мўминга озор етказиш, у ҳақдаги маълумотларни унинг зарарига ишлатиш ниятида бўлади. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундан қайтарибдилар.
Аллоҳ Таоло солиҳ ишларда, тақвода мусобақа қилишга чақирган, бироқ Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор ишда ҳасад билан, бахиллик билан ким ўзарга мусобақалашишдан қайтарибдилар. Бу адоват, гина-кудурат келтириб чиқариб, жамиятга катта зарар етказадиган амалдир.
Бир-бирининг зиёнига турли тадбирлар, ҳийла-найранглар қилиш ҳам ҳеч қачон яхши ният билан қилинмайди. Бу нарса иккинчи томоннинг ҳам худди шу ишни қилишига туртки бўлади, натижада яна мўмин-мусулмонлар бир-бирининг оёғига болта уришга тушадилар.
Ҳасадгўйлик ҳам қазо ва қадардан норозиликка бориб тақаладиган, бировга берилган неъматни кўра олмаслик ва ҳатто уни йўқ қилишга интилишдан келиб чиқадиган жирканч сифатдир.
Жамиятда ҳасад тарқалса, бунинг зарари жуда кенг миқёсли, оғир бўлади. Бировдаги неъматга ҳавас қилиш яхши нарса, бироқ буни кўра олмаслик, ўша неъматга бахиллик, унинг ё йўқ бўлишини, ё ўзига ўтиб қолишини тамаъ қилиш ўта пасткашликдир. Бу нарса шариатимизда ҳаром қилинган.
Адоват ҳам мўмин-мусулмонларга мутлақо тўғри келмайдиган сифат. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифнинг ниҳоясида барча мўмин-мусулмонларга биродар бўлишни алоҳида васият қилибдилар.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз аёлларидан бири билан эдилар. Олдиларидан бир киши ўтди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уни чақириб:
«Эй фалончи, бу аёл менинг хотиним фалончи», дедилар.
«Ким ҳақида гумон қилсам ҳам, Сиз ҳақингизда гумон қилмасман», деди.
«Шайтон одам боласида унинг қони юргандек юради», дедилар
».
Шарҳ: Бу ҳодисанинг тўлиқ тафсилоти қуйидагича.
София розияллоҳу анҳо айтди:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидда эътикоф ўтирган эдилар. Мен кечаси у зотнинг зиёратларига келдим, бироз гаплашдим, сўнг, уйим томон турдим. У зот мени кузатгани мен билан турдилар. (У зотнинг уйи Усома ибн Зайднинг масканида эди). Бас, ансорийлардан икки киши ўтиб қолди. Улар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни кўришлари билан тезлаб қолдилар. Шунда у зот:
«Икковингиз шошилманг, бу (аёл) София бинти Ҳуяййдир», дедилар.
«Субҳоналлоҳ! Эй Аллоҳнинг Расули!» дейишди.
«Албатта, шайтон инсоннинг қон юрар жойида юради. Мен у сизнинг қалбингизга бирор нарсани ёки ёмонликни отишидан қўрқдим», дедилар.
Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.
Кишилар кўнглига ёмон гумон келтириши мумкин ишларда эҳтиёт бўлиши кераклигини кўрдингизми?! Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳалиги икки киши қоронғуда аёл киши билан турилганини кўриб ҳар хил хаёлга бормасинлар, деб аёл хотинлари эканини айтиб қўйдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам садоқатли саҳобаларидан бирининг кўнглига ғулғула тушмаслиги учун у кишига шу тарийқа аҳволни баён қилибдилар.
Демак, ёмон гумоннинг олдини олиб қўйиш керак экан. Айниқса, обрў-эътиборли, ҳурматли одамлар ўзлари ҳақида ёмон гумон келиб чиқадиган ҳолатлардан четда бўлишлари, мабодо шундай ҳолат юзага келиб қолса ҳам, ёмон гумонни йўққа чиқарадиган бир тадбирни қилиб қўйишлари керак.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз аёллари София онамиз билан турган эканлар. Мазкура онамиз ҳижобда бўлганлари эътиборидан ўтиб кетаётган кишининг кўнглида «Бу турган аёл ким экан» деган фикр келмаслиги учун аёлларини танитиб қўйибдилар.
Ўтиб кетаётган киши бандачилик билан бировга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир аёл билан турганларини кўрдим, деб тўғри ниятда айтсалар ҳам, ғаразгўй кишилар бу гапга турли бўҳтонларни қўшиб-чатиб, ёмон гумонга айлантириб юборишлари мумкин эди.
Шунинг учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша кишини олдиларига чақириб, у киши ҳеч нарса демаган бўлсалар ҳам «Бу мен билан турган шахс менинг аёлим фалончи» деб қўйибдилар. Бўлмаса, саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида ёмон гумон қилмасликлари аниқ эди.
Бироқ шундай бўлса ҳам, замонавий тил билан айтганда инсоннинг қон айланиш тизимида бемалол айланиб юра оладиган шайтон васваса қилиб қолиши мумкинлигини назарда тутиб, аҳволни баён қилибдилар.
Аллоҳнинг ҳикмати билан, шу воқеа туфайли биз - мўмин-мусулмонлар бундай ҳолатларда нима қилиш кераклигини ушбу ҳадиси шарифдан билиб оламиз.
Ҳадисларни нотўғри тушуниш, илмсизлик билан уларни нотўғри талқин қилиш оқибатида бугунги кундаги жинкашлар ушбу ҳадиснинг бу қисмини ўзларининг «жинлар одамнинг ичига кириб олади», деган гапларига далил қилиб олишибди.

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Нарсаси ўғирланган ҳадеб гумон қилаверса, ўғридан ҳам (гуноҳи) катта бўлиши мумкин».
Шарҳ: Бир киши бир нарсасини ўғирлатиб қўйиб, ҳаммадан гумон қила бошлайди. Агар шу тарзда давом этаверса, унинг гуноҳи буюмини ўғирлаган ўғрининг гуноҳидан ҳам оғир бўлиб кетар экан. Чунки у гумон қилган кишиларнинг биттасигина ўғри бўлиши мумкин, қолганлари бегуноҳ бўлади. Уларни йўқ нарсада гумонсираб, асоссиз айблаш ана шундай оғир гуноҳ ҳисобланади.

Билол ибн Саъд Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Муовия Абу Дардога мактуб ёзиб, менга Димашқнинг фосиқларини ёзиб юбор, деди. Бас, у:
«Димашқнинг фосиқлари билан ишим йўқ. Уларни қаердан биламан?» деди. Шунда ўғли Билол:
«Уларни мен ёзаман», деди ва ёзди.
«Сен уларни қаердан билдинг? Улардан бўлганинг учун фосиқликларини билгансан. Ўзингдан бошлаб ёз», деди.
Уларнинг исмларини юбормади
».
Шарҳ: Ушбу ҳадисдаги нозик масалага эътибор қаратиш керакки, бир кишини фосиқ дейишда эҳтиёт бўлиш керак экан. Биров ҳақида ёмон гумонда бўлишнинг ўзи бир гуноҳ бўлганлиги учун, ёмон амални кўрган киши аввало ўзини, қолаверса бошқаларни ана шундай гуноҳлардан халос қилишини сўраб Аллоҳга дуо қилиши ва кўнгилни кенг олиш керак экан. Бировларни бирор бир айбда гумонсираб юриш яхши эмас экан.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бундай одам арабларда .икки тилли, ҳам дейилади. Бу сифатга эга бўлган одам икки душман тараф орасида гап ташиб юради ва икки тарафга ҳам ёқадиган гапни гапиради. давоми...

4310 16:00 / 10.04.2021
1. Зоҳидлик Аллоҳ таолога тугал таваккулнинг намунасидир. 2. Зоҳидлик қалбда қаноатни ўстиради. 3. Зоҳидлик мусулмонни вақтинчалик лаззатлардан доимий неъматлар давоми...

1946 19:00 / 15.04.2023
. ,. . Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Ўз Робблари азза ва жалладан давоми...

1946 19:00 / 16.01.2023
Ширк Аллоҳ таолога хос бўлган сифатларда, исмларда, ишларда, ҳукмларда бўлмайди, балки Аллоҳ таолонинг зотида ҳам бўлади. Ширкнинг шаръий тушунчаси ndash махлуқни давоми...

3310 17:00 / 03.07.2021