1446 йил 25 жумадис сони | 2024 йил 27 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Ақлнинг ўзи инсонни икки дунё бахт-саодати йўлига етарли даражада ҳидоят қила олмайди

12:00 / 23.08.2019 3834 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Дин» сўзи араб тилида «ҳисоб», «жазо», «мукофот» деган маъноларни билдиради. Явмиддин, яъни қиёмат куни барча бандалар қайта тирилтирилиб, ҳисоб-китоб қилинадилар. Яхшига мукофот, ёмонга жазо берилади.

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

ﭢ ﭣ ﭤ ﭥ ﭡ

Фақат Сенгагина ибодат қиламиз ва фақат Сендангина ёрдам сўраймиз. (Фотиҳа сураси 4-оят)

Бизда «ибодат» деганда, фақат намоз ўқиш, рўза тутиш, зикр, Қуръон қироати каби нарсалар тушуниладиган бўлиб қолган. Тўғри, булар улкан ибодатлар, лекин, аслида Аллоҳга манзур бўлган ҳар бир иш ибодатдир. Демак, инсон ўз ҳаётида Аллоҳнинг айтганини қилиб юрса, ибодатда юрган бўлади. Аллоҳ ҳалол ризқ топ, деб буюрганми, демак, ҳалол ризқ топиш ҳаракатида юрганлар ибодатда бўладилар. Албатта, ҳалол ризқ топиш ибодат экан, деб бошқа фарз, вожиб ва суннат амаллар тарк қилинмайди. Масалан, намоз ва рўзани тарк этишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Хулласи калом, «Иййаака наъбуду» лафзи «фақат Сенинг айтганингни қиламиз» деган маънони англатади. Бу эса банда тарафидан Аллоҳга берилган улкан ваъдадир. Аллоҳ таоло барчамизни ушбу ваъданинг устидан чиқадиганлардан қилсин.

«Иййаака настаъийн» лафзи ҳам худди шундай, фақат Аллоҳдангина ёрдам сўраш маъносини англатади. Одатда, бирор ишга қаттиқ уриниб, кучи етмай қолган тақдирда ёрдам сўрашга араблар «истиъона» сўзининг турли кўринишларини ишлатадилар. Ушбу ояти каримада «Иййаака настаъийн» дейилиши ҳам «Ўзимиз имкон борича ҳаракат қилиб, имконини топа олмай қолганимизда фақат Сендангина ёрдам сўраймиз», деган маънони англатади. Ҳаракат қилмай, дангаса бўлиб ётиб олган ҳолда бировдан ёрдам сўралмайди. Мулоҳаза қилсангиз, иккала ишда ҳам – ибодат қилишда ҳам ва ёрдам сўрашда ҳам бирлик эмас, кўплик лафзи ишлатиляпти. Бу эса Исломда жамоатчилик, кўпчилик билан бўлиш руҳини акс эттиради.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади:

ﭧ ﭨ ﭩ ﭦ

Бизни тўғри йўлга ҳидоят қилгин. (Фотиҳа сураси, 5-оят)

Ҳидоятга – тўғри йўлга бошлаш луғатда бирор нарсага лутф билан йўллаб қўйишни англатади. Уламолар наздида ҳидоятга – тўғри йўлга бошлаш бир неча даражали бўлади:

а) Аллоҳ инсонга қўшиб яратган туйғуларнинг ҳидояти – йўл кўрсатиши. Мисол учун, чақалоқнинг биров ўргатмаса ҳам онасини эмиши, хавф яқинлашганда кўзини юмиши, қорни очганда йиғлаши ва ҳоказолар ана шу ҳидоятлар жумласига киради. Бу эса илмий тилда «туғма инстинкт» дейилади. Лекин ушбу тоифадаги ҳидоят инсоннинг барча талабларини қондира олмайди. Улар фақатгина баъзи бир эҳтиёжларни қондириши мумкин, холос.

б) Инсон аъзоларининг ҳис қилиши ҳидояти – йўл кўрсатиши. Мисол учун, ҳидлаш, эшитиш, кўриш, ушлаб кўриш каби сезгилар орқали маълум бир нарсаларга ҳидоят топса бўлади, лекин булар ҳам кифоя қилмайди. Уларнинг ҳаммаси маълум бир чегарагача ярайди, холос. Мисол учун, кўз маълум узоқликдаги ва маълум катталикдаги нарсаларнигина кўра олади. Баъзида эса ҳис қилиш аъзолари хато қилиши ҳам мумкин. Мисол учун, сароб саҳродаги чанқаган кишига сув бўлиб кўриниши ҳаммага маълум. Кўриниб турибдики, иккинчи тоифадаги ҳидоят биринчи тоифадаги ҳидоятдан устун ва тўлароқ бўлса ҳам, инсонни икки дунё бахт-саодати ила таъминлашга мутлақо етишмайди. Шу ўринда «Ундан ҳам мукаммалроқ ҳидоят борми?» деган савол пайдо бўлади. Бу саволга «Ҳа, ундан ҳам мукаммалроқ ҳидоят бор, у ақл ҳидоятидир», – деб жавоб берилади.

в) Ақл ёрдамида инсон юқорида зикр қилинган воситалар ожиз қолган нарсалардан ҳидоят топади, уларнинг хатосини тузатади. Масалан: сувда бирор нарсанинг аксини синган ҳолатда кўриш мумкин. Бу кўзнинг хабари, лекин ақл акси сувда шундай кўринаётган нарсанинг аслида бутун, тўғрилигига ҳидоят қилади. Касал одамга ширин таом ҳам нордон туюлиши мумкин, лекин ақл у таом аслида ширин эканини билдиради.

«Демак, ҳамма нарсани ақл орқали ажратиб, саодат йўлини топиб кетса бўлар экан-да?» деган савол туғилади. Кўпчилик «Ҳа!» – деб жавоб ҳам беради. Лекин мусулмонлар «Ақл ҳам тўла ҳидоятга қодир эмас, дунёга назар солинг: ҳар ким ўз ақлини ишга солиб, турли йўлга кирмоқда ва ҳар ким ўзиникини тўғри, деб даъво қилмоқда. Лекин ҳаммалари бир-бирларига хилоф иш қиладилар. Кўпинча улар ақлга ор бўладиган нарсаларни ҳам қонун-қоида қилиб олаверадилар. Шунинг учун ақлнинг ўзи инсонни икки дунё бахт-саодати йўлига етарли даражада ҳидоят қила олмайди. Ақлнинг устидан ҳам ҳукмини ўтказувчи ҳидоят бор», – дейишади. У эса тўртинчи – энг олий даражадаги ҳидоятдир.

г) Илоҳий – диний ҳидоят. Инсонни яратган Аллоҳ уни икки дунё саодатига эриштирувчи йўлни ҳам билади. Шунинг учун бандаларига диний кўрсатмалар юбориб, уларни тўғри йўлга солиб туради. Бу кўрсатмаларнинг сўнггиси Исломдир.

Шунинг учун ҳам мусулмонлар ушбу ояти каримани намозларида доимий равишда ўқиб, Аллоҳ таолодан ҳидоят сўраб, ўзлари эришган Ислом ҳидоятида бардавом қилишини тилаб турадилар.

«Тафсири Ҳилол» китоби асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бишр ўйинкулги қилиб юрган пайтлар эди. Ўртоқлари уникига келиб, ҳовлисида ичиб, кўнгилхушлик қилиб ўтиришган эди. Бир солиҳ киши Мусо Козим ибн Жаъфар ўша кўчадан давоми...

2236 08:00 / 29.11.2020
Имом Ибн Абу Шайба Амр ибн Саъид ибн Ҳусайндан ривоят қилади .Онам менга отамдан хабар бердилар. Отам шундай деганлар .Ёш йигит эдим. Бир куни Умму Салама давоми...

2225 08:00 / 20.01.2021
Иккинчи бобМуъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан сафарга чиққан эдим. Кетаётганимизда у зотга яқинларида давоми...

1696 20:00 / 09.05.2019
Кўзимиз тезтез тушиб турадиган, лекин баъзида назаримизга илмайдиган арқон ҳақида ҳеч жиддий ўйлаб кўрганмисиз Унинг беминнат хизматлари барчамизга маълум, давоми...

2645 15:30 / 19.01.2019