1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Эрталаб ва кечқурунги тасбеҳ ва зикр

05:00 / 28.02.2017 79432 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло: «Бас, тунга киришингизда ҳам, тонгга киришингизда ҳам Аллоҳга тасбеҳ айтинг. Осмонлару ердаги ҳамду сано Уникидир. Оқшомда ва пешинда ҳам», деган (Рум, 17—18-оят).

Аллоҳни поклаб ёд этишни арабчада «тасбеҳ» дейилади. Тасбеҳ энг аввало дилда бўлиб, сўнгра тилга кўчади. «Субҳаналлоҳ» деб такрорлаш тасбеҳ айтиш ҳисобланади. Тилда айтиш дилдаги тасбеҳнинг тасдиғи бўлади. Ўз навбатида, тилда айтилган тасбеҳ амалга кўчиши керак.

Демак, эртаю кеч Аллоҳ таолога тасбеҳ айтиб, У Зотни зикр қилиб туриш лозим.


Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким эрталаб ва кечқурун кирганда юз марта «Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи»ни айтса, қиёмат куни бирор киши у келтирган нарсани келтира олмайди. Илло, у айтган нарсани айтган ёки ундан зиёда қилган киши келтириши мумкин, холос», дедилар».

Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда «эрталаб ва кечқурун кирганда юз марта «Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи»ни айтишга одатланишга тарғиб қилинмоқда.


Абу Бакр розияллоҳу анҳу:

«Эй Аллоҳнинг Расули! Менга эрталаб ва кечқурун айтиб юрадиган сўзларимни амр қилинг», деди.
Шунда у зот:
«Аллоҳумма, фотирас самавати вал арзи, ъалимал ғайби ваш шаҳадати, Робба кулли шайъин ва малийкаҳу. Ашҳаду ан лаа илаҳа иллаа анта. Аъузу бика мин шарри нафсии ва мин шарриш шайтони ва ширкиҳи», деб айт. Уларни эрталаб бўлганда ҳам, кечқурун ҳам ва ётар жойингни олганингда ҳам айт», дедилар
».

Шарҳ: Маъноси: «Аллоҳим! Эй, осмонлар ва ерни йўқдан бор қилувчи Зот! Ғойибни ва ҳозирни билувчи Зот! Ҳар бир нарсанинг Роббиси ва эгаси бўлган Зот! Албатта, Сендан ўзга илоҳи маъбуд йўқлигига шаҳодат келтираман. Сендан нафсимнинг шарридан ва шайтоннинг шарри ва ширкидан паноҳ тилайман».


Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«У зот эрталаб «Аллоҳумма бика асбаҳнаа ва бика амсайнаа ва бика наҳя ва бика намуту ва илайкан нушур», дер эдилар. Кечқурун бўлганда «Аллоҳумма бика амсайнаа ва бика наҳъя ва бика намуту ва илайкан нушур», дер эдилар
».

Шарҳ: Маъноси: «Аллоҳим! Сен ила тонг оттирдик. Сен ила кечга кирамиз. Сен ила ҳаёт кечирамиз ва Сен ила ўламиз ва Сенгагина йиғиламиз».

«Аллоҳим! Сен ила кеч киритдик. Сен ила ҳаёт кечирамиз ва Сен ила ўламиз ва Сенгагина йиғиламиз».

Яъни, бу нарсаларнинг ҳаммасини қилувчи Сенсан.


Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким эрталаб ва кечқурун бўлганда: «Розийнаа биллаҳи Роббан ва бил Ислами дийнан ва би Муҳаммадин Росулан» деса, албатта, Аллоҳ учун уни рози қилиш ҳақ бўлур», дедилар».

Шарҳ: Маъноси: «Аллоҳни Робб деб, Исломни дин деб ва Муҳаммадни Расул деб, рози бўлдик».


Анас розияллоҳу анҳудан ривоят кнлинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким эрталаб бўлганда:
«Аллоҳумма, иннии асбаҳту ушҳидука ва ушҳиду ҳамалата аршика ва малаикатика ва жамиъа холқика бианнака анта Аллоҳу лаа илаҳа иллаа анта, ваҳдака, лаа шарийка лака. Ва анна Муҳаммадан абдука ва расулука» деса, албатта Аллоҳ унинг ўша куни қилган гуноҳини мағфират қилади. Агар уларни кечқурун кирганда айтса, ўша кечаси қилгани мағфират қилинади», дедилар
».

Шарҳ: Маъноси: «Аллоҳим! Албатта, мен Сени, аршингни кўтариб турувчиларни, фаришталарингни ва барча махлукдарингни гувоҳ қилиб айтаманки, албатта, Сен Аллоҳсан! Сендан ўзга илоҳи маъбуд йўқ. Сен ёлғизсан! Сенинг шеригинг йўқ. Албатта, Муҳаммад Сенинг банданг ва расулингдир».


Абдуллоҳ ибн Хубайб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир ёмғирли ва зулматли кечада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни бизга намоз ўқиб беришлари учун излаб чиқдик. Бас, у зотни топдик. Шунда у зот менга:
«Айт», дедилар.
Мен ҳеч нарса айтмадим. У зот яна:
«Айт», дедилар.
Мен ҳеч нарса айтмадим. У зот яна: «Айт», дедилар.
«Нимани айтаман, эй Аллоҳнинг Расули!» дедим.
«Қул ҳуваллоҳу аҳад ва муъаввизатайнни эрталаб бўлганда ва кечқурун кирганда уч марта айтсанг, ҳар бир нарсадан кифоя қилади», дедилар
».

Шарҳ: Шу билан бирга, Ихлос сурасини алоҳида қироат қилишнинг фазли ҳақида ҳам кўплаб ривоятлар келган.

Бу суранинг «Ихлос» деб номланганининг сабаби Аллоҳнинг Ўзигагина ибодат қилиш, фақат Ўзигагина юзланишга, ихлос қилишга ундаганидир.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларидан бирида:

«Ихлос сураси Қуръоннинг учдан бирига тўғри келади», деганлар.

Чунки Қуръони Каримнинг асосий мақсади учга бўлинади:

а) Аллоҳнинг тавҳиди, ягоналигининг исботи ва ақийдани тузатиш.

б) Ибрат, ислоҳ ва ўрнак олиш учун келтирилган қиссалар.

в) Шариат ҳукмлари.

Ихлос сураси ушбу нарсаларнинг биринчи қисмини ўз ичига олган.

Баъзи уламоларимиз Ихлос сураси ҳақида қуйидаги умумий мулоҳазани қилганлар:

«Ушбу сураи карима тўрт оятдан иборатдир. У жуда ҳам мўъжаз ва жуда ҳам мўъжиза бўлиб келгандир. У Аллоҳ таолонинг жамоли ва камолини очиқлаб келгандир. У Аллоҳ таолони барча ожизлик ва нуқсон сифатларидан поклаб келгандир.

Унинг биринчи ояти ваҳдониятни исбот қилиб, кўп ададликни рад қилгандир.

«Айт: «У Аллоҳ ягонадир».

Унинг иккинчи ояти Аллоҳнинг камолини исбот қилиб, ожизлик ва нуқсонини рад қилгандир.

«Аллоҳ сомаддир».

Унинг учинчи ояти Аллоҳнинг азаллиги ва боқийлигини исбот қилиб, зурриёти ва наслининг борлигини рад қилгандир.

«У туғмаган ва туғилмаган».

Унинг тўртинчи ояти Аллоҳнинг азаматини ва улуғворлигини исбот қилиб, тенги ва зидди борлигини рад қилгандир.

«Унга ҳеч ким тенг бўлмаган».

Бас, бу сура жамол ва камол сифатларининг исботидир. У Роббни нуқсонлардан поклашнинг энг олий сувратидир».

Имом Бухорий Ойша розияллоҳу анҳу онамиздан ривоят қиладилар:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кишини топшириқ билан бир гуруҳ қуролли кишиларга бошлиқ қилиб юбордилар. У биродарларига имом бўлиб, қачон намоз ўқишса, «Қул ҳуваллоҳу аҳад»ни ўқийверибди. Қайтиб келганларида буни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга айтишган экан, у киши:

«Сўранглар-чи, нима учун шундоқ қилибди?» дебдилар.

Сўрашса, у киши:

«Чунки бу сура Роҳманнинг сифати ва мен уни ўқишни яхши кўраман», дебди.

Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Унга, Аллоҳ сени яхши кўради, деб хабар беринглар», дебдилар.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:

«Ким «Қул ҳуваллоҳу аҳад»ни охиригача ўн марта ўқиса, Аллоҳ таоло унга жаннатдан бир қаср қуради».

Имом Термизий қилган ривоятда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан юриб борар эдим. У зот бир одамнинг «Қул ҳуваллоҳу аҳад. Аллоҳус сомад» деб қироат қилаётганини эшитиб, «Вожиб бўлди», дедилар.

«Эй Аллоҳнинг Расули, нима вожиб бўлди?» дедим.

«Жаннат», дедилар».

Имом Термизий Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда:

«Ким ҳар куни «Қул ҳуваллоҳу аҳад»ни икки юз марта қироат қилса, эллик йиллик гуноҳлари ўчирилади, (агар қарзи бўлмаса)», дейилган.

Имом Аҳмад Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда:

«Ким «Қул ҳуваллоҳу аҳад»ни ўн марта ўқиса, Аллоҳ унга жаннатда бир уй бино қилади», дейилган.

Имом Бухорий Ойша онамиздан ривоят қиладилар:

«Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар кеча жойларига ётсалар, икки кафтларига «Қул ҳуваллоҳу аҳад», «Қул аъуузу бироббил фалақ» ва «Қул аъуузу бироббиннаси» сураларини ўқиб, дам солиб, баданларига суртиб ётардилар».

Фалақ ва Нас суралари бир-бирларига узвий боғлиқдир. Уларнинг нозил бўлиши ҳам бирга бўлган ва доимо бирга зикр қилинади. Ушбу икки сура биргаликда қўшилиб «Муъаввизатайни» — икки паноҳ тиловчи, деб номланадилар. Чунки, икковлари ҳам «аъузу» — «паноҳ тилайман» сўзи ила бошланади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида ҳам икки «муъаввизатайни» биргаликда зикр қилинган.

Имом Бухорий, Имом Муслим ва Имом Абу Довудлар ривоят қилган ҳадисда Оиша онамиз розияллоҳу анҳо:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон тоблари қочса, «муъаввизатайн»ни ўқиб дам солар эдилар. У зотнинг дардлари оғирлашганда мен қироат қилиб, баракаси умидида қўлларини суртар эдим», деганлар.

Имом Муслим ва Имом Термизий Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда у зот:

«Менга ушбу кеча нозил қилинган оятларни билдингми? Уларнинг мисли ҳеч кўрилмаган. «Қул аъузи бироббил фалақи», «Қул аъузу бироббин-наси», дедилар.

Имом Абу Довуд ва Имом Насаий Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туяларини сафарда етаклаб борардим. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Уқба, энг яхши икки сурани сенга ўргатиб қўяйми?» дедилар ва «Қул аъузу бироббил фалақи» ва «Қул аъузу бироббиннаси»ни ўргатдилар.

Имом Абу Довуд ва Имом Насаий яна Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ал-Жуҳфа ва ал-Абваъ орасида юриб борар эдим. Бизни ёмғир ва шиддатли зулмат қоплаб олди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «муъав-визатайни» ила паноҳ сўрай бошладилар ва: «Эй Уқба, иккови ила паноҳ тила, ҳеч бир паноҳ тиловчи икковичалик нарса ила паноҳ тиламаган», дедилар. Сўнгра бизга имом бўлиб, намозда ҳам икковини қироат қилганларини эшитдим».


Абон ибн Усмондан, у отаси розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ким «Бисмиллаҳиллазии лаа язурру маъа исмиҳи шайъун фил арзи ва лаа фис самааи ва ҳувас самийъул алийм»ни уч марта айтса, кечқурун бўлгунча унга тўсатдан келадиган бало етмайди», деганларини эшитдим».
Абонга фалаж етди. Ундан юқоридаги ҳадисни эшитган киши унга назар сола бошлади. Шунда Абон унга:
«Нимага менга назар солмоқдасан?! Аллоҳга қасамки, мен Усмонга ёлғонни нисбат берганим йўқ. Усмон ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ёлғонни нисбат бергани йўқ. Аммо менга мусибат етган бу кунда ғазабим чиқиб тургани учун уни айтишни унутдим», деди
».

Ушбу олтитани «Сунан» эгалари ривоят қилишган.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифнинг ровийлари ва қаҳрамонлари Абон ибн Усмон розияллоҳу анҳу учинчи халифа Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг ўғилларидир. У киши оталари буюк саҳобий Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ким «Бисмиллаҳиллазии лаа язурру маъа исмиҳи шайъун фил арзи ва лаа фис самааи ва ҳувас самийъул алийм»ни уч марта айтса, кеч киргунча унга тўсатдан келадиган бало етмайди», деган ҳадисларини эшитиб, кейин ўзлари одамларга ривоят қилиб юрар эканлар. Иттифоқо, бир куни у киши фалаж хасталигига чалинибдилар.

Бемор ётган Абон ибн Усмон розияллоҳу анҳуни кўргани одамлар кела бошлабдилар. Шунда у кишидан биз ўрганаётган ушбу ҳадиси шарифни ривоят қилган киши ҳам келиб қолибди. У киши Абон ибн Усмон розияллоҳу анҳуга ажабланиб назар сола бошлабди.

Унинг назар солишида «Ўзинг шундоқ ҳадиси шарифни ривоят қилиб туриб, қандоқ қилиб бу балога йўликдинг? Ҳадиси шарифга ўзинг амал қилмасмидинг?» деган савол бор эди. Буни сезган Абон ибн Усмон розияллоҳу анҳу ҳалиги одамга:

«Нимага менга назар солмоқдасан?! Аллоҳга қасамки, мен Усмонга ёлғонни нисбат берганим йўқ. Усмон ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ёлғонни нисбат бергани йўқ. Аммо менга мусибат етган бу кунда ғазабим чиқиб тургани учун уни айтишни унутдим», деди».

Демак, ким ихлос билан ушбу ҳадиси шарифда келган дуони ўқиб юрса, унда берилган ваъдадан баҳраманд бўлар экан. Бунга эътиқод ва амал қилишга одатланмоғимиз керак.

Дуонинг маъноси қуйидагича: «Исми бирга бўлганда ҳеч нарса зарар қилмайдиган Аллоҳнинг номи ила. У Зот ўта эшитувчи ва ўта кўрувчидир».


Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон кечқурун бўлса, «Амсайна ва амсал мулку лиллаҳи, вал ҳамду лиллаҳи, лаа илаҳа илаллоҳу, ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамд ва ҳува аълаа кулли шайин қодийр. Робби асъалука хойра маа фии ҳазиҳил лайлати ва хойра маа баъдаҳаа ва аъузу бика мин шарри маа фии ҳазиҳил лайлати ва шарри маа баъдаҳаа. Роббии аъузу бика минал касали ва суъил кибари. Роббии аъузу 6ика мин азабин нари ва азабин фил қабри», дер эдилар.
Қачон субҳ бўлганда «Асбаҳна ва асбаҳал мулку лиллаҳи» деб худди шуни айтар эдилар
».

Бешовларидан фақат Бухорий ривоят килмаган.

Шарҳ: Дуонинг маъноси: «Кунни кеч қилдик ва мулк ҳам Аллоҳники бўлиб, кечга кирди. Ҳамд Аллоҳга бўлсин! Аллоҳдан ўзга ибодатга лойиқ илоҳий маъбуд йўқ. Унинг Ўзи ёлғиздир. Унинг шериги йўқ. Мулк уники ва ҳамд Уники ва У ҳар бир нарсага қодирдир. Роббим, Сендан ушбу тундаги нарсаларнинг яхшилигини ва ундан кейинги нарсанинг яхшилигини сўрайман. Сендан ушбу тундаги нарсанинг ёмонлигидан ва ундан кейинги нарсаларнинг ёмонлигидан паноҳ сўрайман. Роббим, Сендан дангасаликдан ва кибрнинг ёмонлигидан паноҳ сўрайман. Роббим! Сендан дўзахдаги азобдан ва қабрдаги азобдан паноҳ сўрайман».

«Тонгга кирдик ва мулк ҳам Аллоҳники бўлиб тонгга кирди. Ҳамд Аллоҳга бўлсин! Аллоҳдан ўзга ибодатга лойиқ илоҳий маъбуд йўқ. Унинг Ўзи ёлғиздир. Унинг шериги йўқ. Мулк уники ва ҳамд Уники ва У ҳар бир нарсага қодирдир. Роббим, Сендан ушбу тундаги нарсаларнинг яхшилигини ва ундан кейинги нарсанинг яхшилигини сўрайман. Сендан ушбу тундаги нарсанинг ёмонлигидан ва ундан кейинги нарсаларнинг ёмонлигидан паноҳ сўрайман. Роббим, Сендан дангасаликдан ва кибрнинг ёмонлигидан паноҳ сўрайман. Роббим! Сендан дўзахдаги азобдан ва қабрдаги азобдан паноҳ сўрайман».

Ушбу ривоятда келган дуони яхшилаб ёд олиб, эрталаб ва кечқурун бўлганда, аниқроғи, бомдод ва шом намозларидан кейин доимий равишда ўқиб юришга одатланиш лозим.


Муслимнинг ривоятида:

«Лаа илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу, аъазза жундаҳу ва насора абдаҳу ва ғалабал аҳза6а ваҳдаҳу, фала шайъа баъдаҳу», дер эдилар», дейилган.

Шарҳ: Маъноси: «Аллохдан ўзга илоҳий маъбуд йўқ. Унинг Ўзи ёлғиз. У Ўз лашкарини азиз қилди. Бандасига нусрат берди. Ёлғиз Ўзи ҳизблар устидан ғалаба қилди. Ундан кейин ҳеч нарса йўқ».


Абдуллоҳ ибн Ғанном ал-Баёзий розияллоху анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким субҳ кирганда «Аллоҳумма маа асбаҳа бии мин неъматин фа минка фаҳдака лаа шарийка лака. Фалакал ҳамду ва лакаш шукр» деса, батаҳқиқ ўша куннинг шукрини адо қилибди. Ким худди ўшани кеч кирганда айтса, батаҳқиқ, ўша кечанинг шукрини адо қилибди», дедилар».

Шарҳ: Маъноси: «Аллоҳим! Мен билан бирга тонгга кирган ҳар бир неъмат Сенинг ёлғиз Ўзингдандир. Сенинг шеригинг йўқ. Бас, ҳамд ҳам, шукр ҳам Сенгадир».


 Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кеч кирганда ҳам,  субҳ кирганда ҳам ушбу дуоларни қўймас эдилар: «Аллоҳумма, иннии асъалукал авфа вал офията фиддини вад дуня вал охира. Аллоҳумма, иннии асъалукал авфа вал офията фии динии ва дуня ва аҳлии ва молии. Аллоҳумма устур авротии ва оомин равъотии. Аллоҳумма иҳфазнии мим байни ядайя ва мин холфии ва ан ямийнии ва ан шимаалии ва мин фовқии. Ва аъузу би азаматика ан уғтаала мин таҳтии».

Шарҳ: Маъноси: «Аллоҳим! Албатта, мен Сендан дин, дунё ва охиратда авф ва офият сўрайман. Эй Аллоҳим! Албатта мен Сендан динимда, дунёмда, аҳлимда ва молимда авф ва офият сўрайман. Эй Аллоҳим! Менинг авратларимни сатр қил ва қўрқинчларимни омонлик қил. Эй Аллоҳим! Мени олдимдан, ортимдан, ўнгимдан, сўлимдан ва устимдан Ўзинг муҳофаза қил. Ва остимдан суиқасдга қолишдан Сендан паноҳ сўрайман».


Муслим ибн ал-Ҳорис аттамимий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга махфий равишда:
«Шом намозини ўқиб бўлганингдан кейин етти марта «Аллоҳумма ажирнии минаннар» деб айтгин. Агар сен ўшани айтсангу мазкур кечада ўлсанг, сенга ундан сақланиш ёзилади. Бомдодни ўқиб бўлганингда ҳам ўшани айтгин. Агар шу кунда ўлсанг, сенга ундан сақланиш ёзилади», дедилар
».

Шарҳ: «Аллоҳумма ажирнии минаннар»нинг маъноси «Аллоҳим, мени дўзахдан саклагин» деганидир.

Сенга ундан сақланиш ёзилади, дегани дўзахдан сакданиш ёзилади, деганидир. Бу дуони ўқиш диёримизда кўпчилик зокирлар томонидан йўлга қўйилган.


 Абу Дардо розияллоҳу анҳу:

«Ким кеч кирганда ва тонг отганда етти марта «Ҳасбийаллоҳу, лаа илаҳа иллаа ҳува, алайҳи таваккалту ва ҳува роббул аршил азийм»ни айтса, Аллоҳ унга ғам етказадиган нарсадан кифоя бўлур, унда содиқ бўлса ҳам, козиб (ёлғончи) бўлса ҳам», дедилар».

Шарҳ: Буни ҳам ёдлаб олиб, доимо тонг чоғида ўқиб юрмоқ лозим.


Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам баъзи қизларига эрталаб бўлганда «Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи, лаа қуввата иллаа биллаҳи, маа шаа Аллоҳу кана ва маа лам яшаъ лам якун. Аъламу анна Аллоҳа алаа кулли шайъин қодийр. Ва анна Аллоҳа қод аҳота бикулли шайъин илман»ни айтгин деб таълим берар эдилар ва:

«Ким шуларни субҳ кирганда айтса, то кеч киргунча ҳифз қилинади. Ким шуларни кеч кирганда айтса, то субҳ киргунча ҳифз қилинади», дер эдилар».

Шарҳ: Маъноси: «Аллоҳ покдир. Ҳамд Унгадир. Қувват фақатгина Аллоҳдадир. Аллоҳ хоҳлаган нарса бўладир. У хоҳламаган нарса бўлмайдир. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсага қодирдир. Ва албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсани илми ила иҳота қилгандир».

Тонг чоғи ва кеч кирганда ўқиладиган дуолар сирасига бу ривоятда келган дуони ҳам қўшиб қўйилса, яхши бўлади.


Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Ким субҳ кирганда «Субҳаналлоҳи ҳийна тумсуна ва ҳийна тусбиҳуун»ни то «ва казалика тухражун»гача айтса, ўша куни ундан ўтиб кетган нарсани идрок қилади. Ким уларни кеч кирганда айтса, ўша кечаси ундан ўтиб кетган нарсани идрок қилади», дедилар».

Шарҳ: Бу ривоятда ўқиб юриш тавсия қилинаётган нарса Рум сурасидаги уч оятдир. Уларни ёдлаб, ўқиб юришга одатланган одамларга кўп нарса ваъда қилинмоқда.

Мазкур уч оятнинг маънолари ва тафсири билан танишиб қўяйлик.

«Бас, тунга киришингизда ҳам, тонгга киришингизда ҳам Аллоҳни поклаб ёд этинг» (17-оят).

Аллоҳни поклаб ёд этишдан мурод тасбеҳ айтиш. Тасбеҳ энг аввало, дилда бўлиб, сўнгра тилга кўчади. «Субҳаналлоҳ» деб такрорлаш тасбеҳ айтиш ҳисобланади.

«Осмонлару ердаги ҳамду сано Уникидир. Оқшомда ва пешинда ҳам (поклаб ёд этинг) (18-оят).

Дунёда барча ҳамду сано, мақтов Аллоҳнинг Ўзига хосдир. Сизлар Унга оқшом ва пешин пайтларида ҳам тасбеҳ айтингиз.

«У ўликдан тирикни чиқарур ва тирикдан ўликни чиқарур ва ерни ўлимидан кейин тирилтирур. Шунга ўхшаш сиз ҳам чиқарилурсиз» (19-оят).

Ушбу оятда борлиқда ҳар доим такрорланиб турадиган ҳолат ажойиб услубда баён қилинмоқда. Бу дунёда доимий равишда ўликдан тириқ тирикдан ўлик чиқиб туради. Ҳар бир сонияда қандайдир ўсимлик қурийди, бошқаси уруғдан чиқади. Кимдир ўлади, кимдир туғилади. Бу нарса ерда ҳам, кўкда ҳам, сувда ҳам бўлиб туради. Сонсаноғига етиб бўлмайдиган ушбу жараёнларнинг ҳар бирини Аллоҳ таоло амалга оширади.


Абдурроҳман ибн Аби Бакрата розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«У киши оталарига:
«Эй отажон! Мен сизнинг ҳар куни субҳ кирганда уч марта, кеч кирганда уч марта «Аллоҳумма, офинии фии бадании, Аллоҳумма, офинии фии самъии, Аллоҳумма, офинии фии басории. Лаа илаҳа иллаа анта» деб қайтараётганингизни эшитаман», деди.
«Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўшаларни айтиб, дуо қилаётганларини эшитганман. Мен у зотнинг суннатларига амал қилишни яхши кўраман», деди
».

Ушбу еттитани Абу Довуд ривоят килган.

Шарҳ: Мазкур дуонинг маъноси: «Аллоҳим! Баданимга офият бергин! Қулоғимга офият бергин! Кўзимга офият бергин! Сендан ўзга илоҳ йўқ» дегани.

Ҳар эрта ва кеч ушбу дуони қилган киши кўп хайрли нарсаларни сўраган бўлади. Инсон бу дуода сўралган нарсаларга ҳар дамда муҳтождир.

Ана ўша ўзи муҳтож бўлган нарсани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилган ҳолда, у зот айтган лафзларни такрорлаб сўраганга нима етсин?!


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Қачон Аллоҳ сенга тоатни ва Ўзи ила ундан тоатдан беҳожат бўлишни ризқ қилиб берса, билки, батаҳқиқ, У Зот сенга ошкора ва пинҳона неъматларини мукаммал қилиб давоми...

3503 05:00 / 07.03.2017
1. Аллоҳ таолога нисбатан бўладиган одобнинг энг улуғ даражаси тавҳиддир, шунинг учун тавҳид бағрикенгликнинг энг улуғ сабабидир.2. Ким тавҳиднинг ҳақиқатини давоми...

1744 00:00 / 05.12.2022
Покланиш, тикланиш ва хулқланиш босқичларини мувофақият ила ўтказган нафс кўзланган мақсадга эришади. Ундай нафс ўзидаги барча нуқсон ва кирларни кетказган, давоми...

4274 05:00 / 28.02.2017
Аллоҳнинг муҳаббати ва розилиги ndash унга интилувчиларнинг улкан орзусидир. Бунга барча мусулмонлар ҳаракат қилиши лозим. Аллоҳ таоло бандасидан бу дунёда рози давоми...

9322 09:16 / 17.04.2017