1446 йил 13 рабиъус сони | 2024 йил 16 октябрь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Паноҳ сўраш калималари ҳақида

05:00 / 28.02.2017 8965 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло: «Сен: «Эй Роббим, Сендан шайтонларнинг васвасасидан паноҳ сўрайман! Эй Роббим, Сендан уларнинг менга ҳозир бўлишларидан паноҳ сўрайман», деб айт», деган (Мўминун, 97-98).

Мўмин-мусулмон одам доимо ушбу оятда зикр қилинган нарсалардан Аллоҳ таолонинг паноҳини сўраб, ушбу оятни тиловат қилиб турмоғи лозим.

Аллоҳ таоло Бақара сурасида: Улар: «Бизни масхара қиляпсанми?», дедилар. У: «Жоҳиллардан бўлишимдан Аллоҳдан паноҳ сўрайман», деди», деган (67-оят).

Демак, Аллоҳ таолодан жоҳил бўлишдан ҳам паноҳ сўраб турмоқ лозим.

Аллоҳ таоло Ҳуд сурасида:«У: «Роббим, мен ўзимнинг илмим бўлмаган нарсани Сендан сўрамоқдан паноҳ тиларман. Агар мени мағфират қилмасанг ва менга раҳм кўрсатмасанг, зиён кўргувчилардан бўлурман», деди», деган (47-оят).

Аллоҳ таоло Фалақ сурасида: «Тонг Роббисидан паноҳ сўрайман», деган (1-оят).

Худди Ихлос сурасидагига ўхшаб, Фалақ сурасидаги хитоб ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ва у зот орқали умматларига қаратилгандир. Аллоҳ таолонинг Ўзи турли-туман ёмонликлардан қандоқ қилиб паноҳ сўрашни ўргатмоқда.

Мўмин-мусулмон инсон қачон ва қайси нарсадан паноҳга муҳтож бўлса, фақат Аллоҳ таолонинг Ўзидангина паноҳ сўрамоғи, Унинг паноҳгоҳига қочмоғи лозим экан.

Оятда тўғридан-тўғри, Роббимдан паноҳ сўрайман ёки Роббимнинг паноҳига қочаман, деб айт, дейилмасдан, тонг Роббиси паноҳига қочаман, дейишга амр қилинмоқда.

Нима учун? Чунки, тонг доимо оғирлик, шиддатлардан қутулиш рамзи бўлган. Шиддатли ҳолга тушиб, паноҳ сўрашга мажбур бўлган инсон худди зулматли кечада адашиб, ҳалокат ёқасига келиб қолган одамга ўхшайди. Унинг нажот кутиши эса, худди тонгни кутишга ўхшайди.

«У яратган нарсалар ёмонлигидан».

Бу оят дунёдаги барча ёмонликлардан паноҳ сўрашни тасвирлайди. Аллоҳ яратган нарсаларнинг фойдалиси ҳам бор, зарарлиси ҳам бор. Паноҳ тилаш ёмонликлардан бўлади.

Бунга инс, жин, ҳайвонот, ҳашарот ва ҳар бир нарсанинг ёмонлиги киради.

«Ва кириб келган қоронғи кечанинг ёмонлигидан».

Қоронғи кеча доим даҳшат, хавф-хатар солиб туради. Ўғриликлар, қотилликлар, ёмонликлар, турли ҳайвонот ва ҳашаротларнинг зарари доим кечаси юзага келади.

Шунинг учун Аллоҳ мусулмонларга Ўз паноҳига илтижо қилишга, қалбларини доим Аллоҳга боғлиқ қилишга чорлайди.

«Ва тугунларга дам солувчилар ёмонлигидан».

Сеҳргарлар кимнидир сеҳрлаб, зарар етказмоқчи бўлса, ип олиб, ўқийдиган нарсасини ўқиб, дам солиб, ипни бир тугиб, яна бир дам солиб, яна тугиб, охирига етказар экан.

«Ва ҳасад қилган ҳасадчининг ёмонлигидан, деб айт».

Ҳасад бир шахснинг бировга етган яхшилик йўқ бўлиб, ўзига ўтишини орзу қилишидир. Чунки ҳасад қилувчи бировга ёмонликни орзу қилади. Лекин фалончига етган яхшиликка ҳавас қилдим, Аллоҳ менга ҳам шу нарсани берсайди, деса, бу ҳасад эмас.

Аллоҳ таолога осмонда ҳам, ерда ҳам биринчи исён ҳасад туфайли содир бўлган. Иблис Одам Атога ҳасад қилди, унга Аллоҳ берган мартабани кўра олмади. Аллоҳнинг амрига бўйсунмади. Одам Атога сажда қилмади, осий бўлди. Натижада Аллоҳ таоло Иблисни жаннатдан ҳайдади ва қиёматгача унга Ўз лаънатини ёғдиради.

Ердаги исён Қобил Ҳобилга ҳасад қилгани туфайли содир бўлди. Чунки Аллоҳ Ҳобилнинг қурбонлигини қабул қилиб, Қобилникини қабул қилмаган эди.

Ҳасад ниҳоятда катта гуноҳ ва халойиқ бошига тушган улкан мусибатдир. Ҳасад жамиятнинг ва унинг ҳар бир аъзосининг бошига кулфат солади. Одамлар орасидаги душманликлар, келишмовчиликлар ва барча ёмонликлар ҳасад туфайли келиб чиқади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло бошқа ёмонликларни жамлаб айтса ҳам, ҳасаддан паноҳ сўрашни Қуръонда алоҳида зикр қиляпти.

Аллоҳ таоло Нас сурасида: Одамлар Роббисидан, Одамлар подшоҳидан, Одамлар Илоҳидан паноҳ сўрайман.
Беркиниб, кўриниб турувчи васвасачининг, Одамлар қалбларига васваса соладиганнинг, Жинлар ва одамлардан бўлганнинг ёмонлигидан, деб айт
», деган (1—б-оят).

Нас сураси ояти карималари маъносининг таржималари тушунарли бўлиши учун бирданига келтириб олганимиздан кейин, энди, Аллоҳ таолодан мадад сўраган ҳолда якка-якка тафсир қилишга ўтайлик:

«Одамлар Роббисидан»

Яъни, одамлар Роббисидан паноҳ сўрайман.

Аллоҳ таолонинг Робб сифати ўзида кўп маънони мужассам қилгандир: Холиқ, Мураббий ва Мудаббир кабилар. У Зот одамларни йўкдан бор қилиб яратган Холиқ, турли неъматлар ила неъматлантириб ўстирган Мураббий ва доимо ишларни юритиб турувчи Мудаббирдир. Гарчи Аллоҳ таоло барча махлуқотларнинг Роббиси бўлса ҳам, бу ерда одамларнинг хос зикр қилиниши бандаларни шарафлаш ва икром қилиш учундир. Аллоҳ таоло борликдаги барча нарсаларни одамлар учун яратгандир. Уларга ақл, илм, китоб ва шариат бергандир. Уларга фаришталарни сажда қилдиргандир. Бинобарин, одамлар махлуқотларнинг афзалидирлар.

«Одамлар подшоҳидан»,

Яъни, одамларнинг подшоҳидан — эгасидан паноҳ сўрайман.

Аллоҳ таоло ҳоким бўлсин, маҳкум бўлсин, ҳамма халойиқнинг Малик — подшоҳи ва эгасидир. Аллоҳнинг эгалиги тўлиқ, шомил ва комилдир.

Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло уларнинг ҳаётини тўла бошқариб, Ўз ҳукмини юритиб туради.

Демак, паноҳ тилаш фақатгина ўша Зотнинг Ўзидангина бўлиши лозим.

«Одамлар Илоҳидан паноҳ сўрайман».

Яъни, одамларнинг ибодатига сазовор бўлган ягона Зотдан паноҳ сўрайман.

Ҳа, барча одамларнинг ибодатига сазовор бўлган ягона илоҳ, маъбуд Аллоҳ таолонинг Ўзидир. Бинобарин, одамлар У Зотнинг Ўзидангина паноҳ сўрашлари, фақат Унинггина паноҳига қочишлари керак.

Ушбу уч оят ҳақида аллома Исмоил ибн Касир қуйидагиларни ёзадилар: «Ушбулар Робб жалла жалалуҳунинг сифатларидан уч сифатдир: Робблиқ Маликлик ва Илоҳлик. У ҳар бир нарсанинг Роббиси, Эгаси ва Илоҳидир. Ҳамма нарсалар Унинг махлуқи ва мулкидирлар. Бас, паноҳ тиловчи ушбу сифатлар ила сифатланган Зотдан паноҳ сўрашга амр қилинди».

Энди эса келаси уч оятда мазкур сифатлар ила мавсуф Аллоҳнинг паноҳига ниманинг ёмонлигидан қочиш кераклиги баён қилинади:

«Беркиниб, кўриниб турувчи васвасачининг»

Ушбу оятда зикр қилинган «беркиниб, кўриниб турувчи»дан мурод, шайтондир. Чунки у инсон Роббисини зикр қилиб турганда қочиб, беркиниб олади. Шунингдек, банда ўз Роббисини унутса, шайтон дарҳол кўринади ва уни васваса қилишни бошлайди.

Ҳофиз ал-Мусилий ривоят қилган ҳадисда: «Албатта, шайтон бурнини одам боласи қалбига қўювчидир. Қачон у Роббисини зикр қилса, шайтон беркинади. Қачон у Роббисини унутса, қалбини ром этиб, васваса қила бошлайди», дейилган.

«Одамлар қалбларига васваса соладиганнинг»

Шайтоннинг васвасаси маълум ва машҳур. У инсон қалбига гуноҳ ишлар қилиш, ўзига эргаштириш, Аллоҳга осий бўлишни зийнатлаб кўрсатади.

«Жинлар ва одамлардан бўлганнинг ёмонлигидан, деб айт».

Ушбу оят шайтон ҳам одамлардан, ҳам жинлардан бўлишига далилдир. Мўмин-мусулмон банда доимо ҳам инс шайтон, ҳам жин шайтон васвасасидан, ёмонлигидан паноҳ сўраб, Аллоҳга илтижо қилиб турмоғи лозим.

Жиндан бўлган васвасачининг иши осонроқ. Аллохдан паноҳ сўрасанг, дуоларни — ушбу сураларни ўқисанг, қайтади. Аммо одамдан бўлган васвасачи жуда ҳам хатарлидир.

Имом Бухорий Ойша онамиздан ривоят қиладилар:

«Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар кеча жойларига ётсалар, икки кафтларига «Қул ҳуваллоҳу аҳад», «Қул аъуузу бироббил фалақ» ва «Қул аъуузу бироббиннаси» сураларини ўқиб, дам солиб, баданларига суртиб ётардилар».

Фалақ ва Нас суралари бир-бирларига узвий боғлиқдир. Уларнинг нозил бўлиши ҳам бирга бўлган ва доимо бирга зикр қилинади. Ушбу икки сура биргаликда қўшилиб, «Муъаввизатайни» — «икки паноҳ тиловчи» деб номланади. Чунки, иккаласи ҳам «аъузу» — «паноҳ тилайман» сўзи билан бошланади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида ҳам икки «муъаввизатайни» биргаликда зикр қилинган:

Имом Бухорий, Имом Муслим ва Имом Абу Довудлар ривоят қилган ҳадисда Оиша онамиз розияллоҳу анҳо: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон тоблари қочса, «муъаввизатайни»ни ўқиб, дам солар эдилар. У зотнинг дардлари оғирлашганда мен қироат қилиб, баракаси умидида қўлларини суртар эдим», деганлар.

Имом Муслим ва Имом Термизийлар Уқбату ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда: «Менга ушбу кеча нозил қилинган оятларни билдингми? Уларнинг мисли ҳеч кўрилмаган — «Қул аъузу бироббил фалақи», «Қул аъузу бироббиннаси», дедилар.

Имом Абу Довуд ва Имом Насаийлар Уқбату ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: «Сафарда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туяларини етаклаб борардим. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Уқба, энг яхши икки сурани сенга ўргатиб қўяйми?» дедилар ва «Қул аъузу бироббил фалақи» ва «Қул аъузу бироббиннаси»ни ўргатдилар.

Имом Абу Довуд ва Имом Насаийлар яна Уқбату ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ал-Жуҳфа ва ал-Абваъ орасида юриб борар эдим. Бизни ёмғир ва шиддатли зулмат қоплаб олди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муъаввизатайни ила паноҳ сўрай бошладилар ва: «Эй Уқба, иккови ила паноҳ тила, ҳеч бир паноҳ тиловчи икковичалик нарса ила паноҳ тиламаган», дедилар. Сўнгра бизга имом бўлиб, намозда ҳам икковини қироат қилганларини эшитдим».


Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам балонинг шиддатидан, бадбахтлик етишидан, қазонинг ёмонлигидан ва душманларнинг сўкишидан паноҳ сўрар эдилар».

Икки шайх ва Насаий ривоят қилишган.

Шарҳ: Ушбу ривоятда тўрт ёқимсиз нарсадан паноҳ сўраш бор. Бу нарсалардан доимо паноҳ тилаб туриш зарур.

Балонинг қаттиқ бўлишидан мурод инсонга етадиган ҳар бир машаққат кўзда тутилган. Уни кўтаришга одамнинг тоқати етмайди. Уни даф қилишга қудрати бўлмайди.

Баъзи уламолар, балонинг қаттиқ бўлишидан мурод, инсон бундан кўра ўлганим яхши, дейдиган даражадаги мусибатдир, деганлар.

Бадбахтлик етишидан мурод, саодатга тескари ҳолатнинг пайдо бўлишидир.

Бадбахтлик икки хил — диний ва дунёвийга тақсимланади.

Дунёвий бадбахтлик нафсоний, жисмоний ва хорижий турларга тақсимланади.

Диний бадбахтлик гуноҳ ишларни қилиш ила бўлади.

Дуода уларнинг барчасидан паноҳ тиланади.

Қазонинг ёмонлигидан мурод, бандага тақдир қилинган нарсалардан бандани маҳзун қиладиганларидир. Бу нарса умумий бўлиб, у банданинг динида, дунёсида, ўзида, аҳлида, молида ва бошқа нарсаларда бўлиши мумкин.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қазонинг ёмонлигидан паноҳ сўраб дуо қилишларидан бу иш қазои қадарга рози бўлишга хилоф эмаслиги келиб чиқади.

Қазо бандаларга нисбатан икки қисмдан иборат бўлади. Яъни, яхши ва ёмондан. Биз бандалар уларга иймон келтириш ва рози бўлишга амр қилинганмиз. Бас, бунга амал қилишимиз лозим. Биз бандалар қазонинг ёмонлигидан паноҳ сўрашга амр қилинганмиз. Бас, унга ҳам амал қиламиз. Иймонимиз ҳам, паноҳ сўрашимиз ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатмаларига биноандир.

Душманларнинг ичиқоралигидан мурод, душманнинг ўз душмани хурсандлигидан хафа ва ха-фалигидан хурсанд бўлишидир.

Ичиқораликнинг салбий таъсири кучли бўлгани учун одамларда адоватни кучайтириши турган гап. Шунинг учун ундан паноҳ сўралмоқда.


Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «Аллоҳим! Сендан ғам босишидан, маҳзунликдан, ожизликдан, дангасаликдан, қўрқоқликдан, бахилликдан, қарзга ботишдан ва одамларнинг ғолиб келишидан паноҳ сўрайман», дер эдилар».

Шарҳ: Биз «ғам» деб таржима қилган сўзимиз арабчада «ҳамм» дейилади ва кутилаётган ишдан кўнгил ғаш бўлиши ва қўрқиш маъносини билдиради.

Маҳзунлик эса, бўлиб ўтган ишдан хафа бўлишни англатади.

Ожизлик сўзининг луғавий маъноси бир нарсадан кеч қолиш ва заифликни лозим тутишдир. Яна бир нарсани қилишда камчиликка йўл қўйишни ҳам билдиради. Умумий маънода қудратсизликни англатади.

Дангасалик луғатда бир ишни қилишга имкони ва қудрати бўла туриб, баданининг роҳатини кўзлаб, тарк этишини билдиради.

Кўрқоқлик ҳам энг ёмон сифатлардан биридир. Қўрқоқ одам ҳар қандай пасткашликка боради. Ҳатто шариатга, динга хилоф иш қилиб қўйиши мумкин. Шунинг учун Аллоҳ таолодан қўрқоқликдан ҳам паноҳ сўраш керак.

Бахиллик ҳам жуда ёмон хислат. Кўп одамнинг бошига бало-офатларни, фалокатларни олиб келадиган сифат. Бахил кишини қариндош-уруғи ҳам, аҳли аёли ҳам ёмон кўради. Ўзининг охиратдаги аҳволи ҳам ёмон бўлади. Аллоҳ булардан Ўзи сакдасин.

Қарздорликнинг кучайиб кетишидан мурод унинг оғирлашиши ва шиддатлашиши бўлиб, қарздорнинг ноилож қолишидир.

Ўтган азизларимиздан бирлари: «Агар қарзнинг ғами қалбга кирса, албатта, ақлдан унга қайтиб келмайдиган нарсани чиқаради», деганлар.

Одамларнинг ғолиб бўлиши иборасида эси паст ва таги пастларнинг устун бўлиши кўзда тутилган.

Ушбу ҳадиси шарифдаги дуо жамловчи дуолардан ҳисобланади.

Зотан, разолат уч турли бўлади: нафсоний, жисмоний ва хорижий.

Нафсоний разолат инсондаги нафсоний қувватларга боғлиқ бўлади. Ғам ва маҳзунлик ақлий қувватга, қўрқоқлик ғазаб қувватига, бахиллик шаҳвоний қувватга боғлиқ бўлади.

Жисмоний разолат бадандаги қувватга боғлиқ бўлади.

Ожизлик разолати бадандаги аъзоларда нуқсон борлигида кўпроқ юзага келади.

Дангасалик разолати эса, кўпроқ бадандаги аъзолар соғсаломат ва қувват баркамол пайтида бўлади.

Хорижий разолат ноўрин шиддат ва бошқаларга устунлик қилишдан иборат бўлиб, бири молга, иккинчиси мансабга боғлиқ бўлади.

Ушбу дуода разолатнинг барча турларидан паноҳ тиланмоқда.


Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «Аллоҳим! Албатта, мен Сендан дангасаликдан, ўта қариликдан, гуноҳга ботишдан ва қарзга ботишдан, қабр фитнасидан, қабр азобидан, дўзах фитнасидан, дўзах азобидан, бойлик фитнаси шарридан (ёмонлигидан) паноҳ сўрайман. Мен Сендан фақирлик фитнасидан паноҳ сўрайман. Мен Сендан Масийҳи Дажжолнинг фитнасидан паноҳ сўрайман.
Аллоҳим! Менинг хатоларимни қор ва муз ила ювгин. Менинг қалбимни худди оқ кийимни кирдан поклаганингдек поклагин. Мен билан хатоларим орасини худди машриқ билан мағрибнинг орасини узоқ қилганингдек узоқ қилгин», дер эдилар
».

Иккисини бешовлари ривоят қилишган.


Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам паноҳ сўраган калималар ила паноҳ сўранглар:
«Аллоҳим! Мен Сендан қўрқоқликдан паноҳ сўрайман. Мен Сендан бахилликдан паноҳ сўрайман. Мен Сендан ўта қариликка қайтарилишимдан паноҳ сўрайман. Мен Сендан дунёнинг фитнасидан ва қабр азобидан паноҳ сўрайман
».

Бухорий, Термизий ва Насаий ривоят қилишган.


Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Мен сизларга фақатгина Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтган нарсаларни айтаман:
«Аллоҳим! Албатта, мен Сендан ожизликдан, дангасаликдан, қўрқоқликдан, бахилликдан, ўта қариликдан, қабр азобидан паноҳ сўрайман.
Аллоҳим! Менинг нафсимга тақвосини бергин ва уни поклагин. Сен уни поклашда энг яхши Зотсан. Сен унинг яқин дўсти ва мавлосисан.
Аллоҳим! Мен Сендан наф бермайдиган илмдан ва қўрқмайдиган қалбдан, тўймайдиган нафсдан ва ижобат бўлмайдиган дуодан паноҳ тилайман
».

Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.

Шарҳ: Бу дуода аввалги дуода зикри келган бир неча ёмон нарсалардан ҳам паноҳ сўралган. Янги паноҳ сўралаётган нарсалар эса тўртта:


1. Наф бермайдиган илм.

Наф бермайдиган илм асосан илмига амал қилмасликдан келиб чиқади. Илмига амал қилмаслик эса жуда катта бало ҳисобланади.

Илмига амал қилмайдиганлар гуруҳи мазкур балога дучор бўладилар. Бу гуруҳдагилар шаръий ва ақлий илмларни яхши эгаллаган, чуқур ўрганиб иш олиб борадиган бўладилар. Аммо уларда илмга амал қилиш, тоатларни адо этиб, маъсиятлардан четланиш йўқ.

Булар илм ила ғурурга кетиб адашган гуруҳлардир. Улар илмлари ила Аллоҳ таоло азобламайдиган даражага етганмиз, деб гумон қиладилар. Ҳатто бошқа кишиларни шафоат қилишни даъво қиладилар. Илм ибодатдан афзал, дейдилар.

Аслида илм икки хил бўлади:

Биринчиси: Аллоҳ таоло ва Унинг сифатлари ҳақидаги илм. Бу одатда, «Илми маърифат» дейилади.

Иккинчиси: Муомала илми. Бунга ҳалол ва ҳаром, мақталган ва ёмонланган ахлоқларни билиш илми киради. Бу хилдаги илмлар амал қилиш учун ўрганилади. Агар амал қилинмаса, бу илмларнинг кераги йўқ.

Шунинг учун ҳам илмига амал қилмаган олимларнинг ғурурга кетиши оғир мусибат ҳисобланади. Уларни уламолар қаторига қўшмаслик керак бўлади.


2. Қўрқмайдиган қалб.

Бундай қалбдан ҳам паноҳ сўраш лозим. Чунки у ҳам ўз эгасини кўп балоларга гирифтор қилиши мумкин. Бундай қалб кўпроқ илмига амал қилмаслик оқибати сифатида юзага келади.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу:

«Илм гапнинг кўплигида эмас. Илм қўрқишнинг кўплигидир», деган эканлар.

Имом Ҳасан ал-Басрий розияллоҳу анҳу:

«Олим Аллоҳдан ғойибона қўрққан одамдир. Аллоҳ қизиқтирган нарсага қизиққан, Аллоҳ ёмон кўрган нарсадан қочган одамдир», дея туриб: «Аллоҳдан бандалари ичидан фақат олимларигина қўрқарлар» оятини тиловат қилар эканлар.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу:

«Аллоҳдан қўрқиш илмнинг аломатидир. Аллоҳ ила ғурурга кетиш жаҳолатнинг аломатидир», деганлар.

Ҳасан Басрийдан фатво сўралди ва у киши жавоб бердилар. Шунда:

«Бизнинг фақиҳларимиз буни айтмайдилар», дейилди.

«Сен бирор марта фақиҳни кўрганмисан ўзи?! Фақиҳ кечасини бедор, кундузини рўзадор ўтказадиган ва дунёдан зоҳид бўлган одамдир», деганлар.


3. Тўймайдиган нафс.

Тўймайдиган нафс ўз эгасини ҳалокатга етаклайди. У дунёнинг ярмига эга бўлганда ҳам тўймайди ва эгасига, қолган ярмини ҳам ол, дейди. Бундай нафси бор киши унинг қулига айланиб қолади. Нафси нима деса, шуни амалга ошириш пайидан бўлиб қолади. Шунинг учун ҳам бундай нафсдан паноҳ сўраб, Аллоҳ таолога илтижо қилиб турилади.


4. Ижобат бўлмайдиган дуо.

Дуонинг ижобат бўлмаслиги ҳам яхшилик аломати эмас. Қандайдир нуқсон, Аллоҳ таолога ёқмайдиган нарса борлигидан дуо қабул бўлмайди. Албатта, бу каби дуодан ҳам Аллоҳ таолонинг Ўзидан паноҳ сўраб туриш керак бўлади.


Оиша розияллоҳу анҳодан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳга дуо қиладиган нарсалари ҳақида сўралди. Шунда у киши:

«У зот «Аллоҳим! Мен Сендан ўзим қилган нарса шарридан ва қилмаган нарса шарридан паноҳ тилайман», дер эдилар», дедилар».

Шарҳ: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу дуоларидан банданинг ўзи қилган нарсалар унга ёмонлик келишига сабаб бўлиб қолиши мумкинлигини билиб оламиз. Шу билан бирга, қилган ва қилмаган ишларимиз ёмонлигидан паноҳ сўраб, Аллоҳ таолога дуо қилиб туришимиз кераклигини ҳам тушуниб оламиз.


Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуоларида «Аллоҳим! Мен Сендан неъматингнинг завол бўлишидан, офиятингнинг бурилишидан, тўсатдан келадиган офатингдан ва барча ғазабингдан паноҳ тилайман», бор эди».

Иккисини Муслим, Абу Довуд ривоят қилишган.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда тўрт нарсадан паноҳ сўралмоқда:


1. Неъматнинг заволидан.

Аллоҳ таоло Ўзи берган неъматни Ўзи кетказиб қўйиши ҳеч гап эмас. Банда учун унга берилган неъматнинг заволга учраши катта бахтсизлик бўлади.

Неъматнинг заволи кўпроқ унга шукр қилмаслик оқибатида содир бўлади. Неъматнинг заволи унинг озайиши, нуқсонга учраши, баракасининг кетиши ёки бутунлай йўқ бўлиши билан бўлади.

Банда ўзига берилган неъмат учун доимий шукр қилиш билан бирга, ушбу дуони ҳам қилиб турса, яхши бўлади.


2. Офиятнинг бурилишидан.

Офият сўзи «саломатлик», «эсон-омонлик», «бардамлик», «яхши кайфият» каби маъноларни ифода қилади.

Кўриниб турибдики, офият ҳам Аллоҳ таолонинг катта неъматларидан бири экан. Унинг бандадан бошқа тарафга ўтиши унинг учун катта мусибат бўлиши турган гап.

Шунинг учун доимо Аллоҳ таолодан офиятнинг бошқа тарафга бурилиб кетишидан паноҳ сўраб туриш лозим бўлади.


3. Тўсатдан келадиган офатдан.

Бундай офат тўсатдан келгани учун банда тавба ҳам қила олмай, балони даф қилиш учун чора ҳам кўра олмай қолади. Бутун дунё бирлашиб, унга ёрдам бермоқчи бўлса ҳам, заррача ёрдам бера олмай қолади.

Аллоҳ таолонинг Ўзи бу каби уқубатлардан доимо асрасин.


4. Аллоҳнинг барча ғазабидан.

Яъни, Аллоҳ таолонинг ғазабига сабаб бўладиган ишлардан паноҳ сўралган. Чунки, Аллоҳ таолонинг ҳар қандай бир ғазабига дучор бўлган банда, албатта, ҳалок бўлади, ноумид бўлади ва ютқазади.


Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга ушбу дуони худди Қуръондан бир сурани таълим бергандек таълим берар эдилар: «Аллоҳим! Мен Сендан жаҳаннам азобидан паноҳ сўрайман. Мен Сендан қабр азобидан паноҳ сўрайман. Мен Сендан Масийҳи Дажжолнинг фитнасидан паноҳ сўрайман. Мен Сендан ҳаёт ва мамот фитнасидан паноҳ сўрайман».

Шарҳ: Демак, мўмин-мусулмонлар жаҳаннамдан, қабр азобидан, Дажжол ва ҳаётмамот фитналаридан паноҳ беришини сўраб, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ёлворишлари, дуо қилишлари лозим экан.

Уламоларимиз ҳадиси шарифда қабр азоби билан Масийҳи Дажжолнинг фитнаси кетмакет зикр қилиниши бежиз эмас, бошқа ривоятларда Дажжолнинг фитнаси қабрда ҳам бўлиши ҳақида хабар келган, дейдилар.

Ҳаётнинг фитнасидан мурод, инсон ҳаётида бўладиган маъсият ва мусибат фитналарига ўхшаш фитналардир.

Мамотнинг фитнасидан мурод эса, Мункар Накийрнинг саволи ва қабр азобидир.


Шакал ибн Ҳумайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб:
«Эй Аллоҳнинг Расули! Менга паноҳ сўраб юрадиган сўзларни ўргатинг», дедим.
У зот икки елкамни ушлаб туриб:
«Аллоҳим! Мен Сендан эшитишим шарридан, кўришим шарридан, тилим шарридан, қалбим шарридан ва манийнинг шарридан паноҳ сўрайман, дегин
», дедилар.

Иккисини «Сунан» эгалари ривоят қилишган.

Шарқ: Вакийъ: «Манийим, яъни зино ва фужур», деди.

Демак, банда қулоқ, кўз, тил, қалб ва фарж билан қилинадиган гуноҳлардан сақланиб юриши керак экан. Асосан гуноҳ содир бўладиган аъзолар шулардир.

Шунинг учун инсон уларнинг гуноҳга кириб қолмаслигини доимий равишда Аллоҳ таолодан дуо қилиб, сўраб турса, манфаат топар экан.


Абу Юсир  розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Аллоҳим! Мен Сендан бир нарса босиб қолишидан паноҳ сўрайман. Мен Сендан баланд жойдан йиқилишдан паноҳ сўрайман. Мен Сендан ғарқ бўлишдан ва куйишдан паноҳ сўрайман. Мен Сендан ўта қариликдан ва ўлим олдидаги шайтоннинг бузғунчилигидан паноҳ сўрайман. Мен Сендан йўлингдан орқага қочиб ўлишдан ва бир нарса чақиб ўлишдан паноҳ сўрайман», деб дуо қилар эдилар».

Шарҳ: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу дуода аввалги ҳадисларда келмаган бир неча нарсалардан паноҳ сўрамоқдалар.

«Мен Сендан бир нарса босиб қолишидан паноҳ сўрайман».

Бунда шифт, девор ёки бошқа бирор нарса остида қолиб, ҳалок бўлиш кўзда тутилган.

«Мен Сендан баланд жойдан йиқилишдан паноҳ сўрайман».

Бунда тоғ, том ва шунга ўхшаш баланд жойдан йиқилиб ўлиш кўзда тутилган.

«Мен Сендан ғарқ бўлишдан ва куйишдан паноҳ сўрайман».

Сувга ғарқ бўлиб ёки оловда куйиб ўлиш ҳам фавқулодда мусибат ҳисобланади. Юқорида зикр қилинган фалокатли ўлимлар шаҳидлик ҳукми деб аталган бўлса ҳам, улардан паноҳ сўралишининг ҳикмати тўсатдан бўлгани учун баъзи сабрсизликка ўхшаш ноқулай ҳолатларни сиқиб қолиши хавфи борлигидан экан.

«Мен Сендан ўта қариликдан ва ўлим олдидаги шайтон васвасасидан паноҳ сўрайман».

Ўта қариб, бошқаларга оғирлиги тушиб қолиш ҳам паноҳ сўраладиган ҳолатлардан ҳисобланади. Аллоҳ таоло бундан ҳам сақласин.

Ўлим оддидаги шайтон бузғунчилигидан мурод, унинг бандада умидсизлик уйғотиши, қазога рози бўлишдан тўсиши, ўлимни ёмон кўришга чорлаши, тавбадан бош тортишга чақириши каби ўлим олдидан содир бўладиган мўмин кишига тўғри келмайдиган салбий ҳолатларга чорлаши кўзда тутилган.

Албатта, бундай нарсалардан паноҳ сўраб туриш лозим. Уламоларнинг таъкидлашларича, шайтон ва унинг аскарлари кишига ўлим олдидан ёпишгани каби қаттиқ ёпишмас экан. Агар буни ҳозир қўлдан чиқарсак, бутунлай қутулиб кетади, деган хаёлда осилар экан.

«Мен Сендан йўлингдан орқага қочиб ўлишдан ва бир нарса чақиб ўлишдан паноҳ сўрайман».

Йўлдан орқага қочишни уламолар, диндан қайтиб муртад бўлиш, Аллоҳ таолонинг зикридан юз ўгириш ва душманга рўбарў бўлганда қочиш каби нарсалар, деб айтганлар.

Албатта, зикри ўтган нарсаларнинг Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлиши амри маҳол. Аммо уларнинг ушбу дуода келиши уммат учун таълимдир.


Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Аллоҳим! Мен Сендан бир фақирликдан, етишмасликдан, хорликдан паноҳ сўрайман. Мен Сендан зулм қилишимдан ва зулмга қолишимдан паноҳ сўрайман», дер эдилар».

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифдаги дуода ҳам бир неча нохуш нарсалардан Аллоҳ таолодан паноҳ тилаш бор.


1. Фақирлик.

Факирлик сўзи аслида фақир — умуртқа поғонасининг синишидан олинган. Бундай мусибатга учраган одам қўлидан ҳеч нарса келмай, ўзгаларга муҳтож бўлиб, қимирлай олмай ётиб қолади. Фақирлик ҳам гпунга ўхшаш, кишига муҳтожлик келтиради.


2. Етишмаслик.

Яъни, яхшилик ва хайр-бараканинг камлиги. Бу ҳам одамнинг муҳтожлиги аломати ва бошига тушган кулфати бўлади.


3. Хорлик.

Кишининг бошқалар олдида ҳақорат қилиниши хорлик бўлади. Бошқалар уни одам ўрнида кўрмаса, ҳурмат қилмаса ва у билан ҳисоблашмаса, ўша одам хор бўлади. Бу ҳам ҳар қандай одам учун катта мусибат бўлади.


4. Зулм қилиш.

Бу ишни қилган одам золим бўлади. Золимнинг кимлигини ва зулмнинг оқибати қандай бўлишини ҳамма яхши билади.


5. Зулмга қолиш.

Бунга дучор бўлган одам мазлум дейилади. Бу ҳам ҳеч кимга муносиб кўрилмайдиган ҳолатлардандир.

Уламолар ушбу дуолардан мурод, умматга таълим беришдир, деганлар.


Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «Аллоҳим! Мен Сендан ҳаққа хилоф қилишдан, мунофиқ бўлишдан ва ёмон ахлоқли бўлишдан паноҳ сўрайман», дер эдилар».

Шарҳ: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг бу ҳадиси шарифларида бу дунё ва охиратда кўп бало ва офатларга сабаб бўладиган нарсалардан паноҳ сўрамоқдалар.

Ҳаққа хилоф қилиш ва мунофиқ бўлиш ёмон ахлоқнинг кўзга кўринган намуналаридан ҳисобланади. Шунинг учун бу жумлани уламоларимиз, умумий нарсанинг хусусийсидан кейин келтирилиши, деб баҳолаганлар.

Бизлар ҳам бу нарсалардан паноҳ сўраб туришга одатланишимиз керак.


Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «Аллоҳим! Мен Сендан очликдан паноҳ сўрайман. У қандоқ ҳам ёмон ёстиқдош. Мен Сендан хиёнатдан паноҳ сўрайман. У қандоқ ҳам ёмон сирдош», дер эдилар».

Шарҳ: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу ҳадиси шарифларида паноҳ сўралган нарсалардан бири моддий, иккинчиси маънавий-ахлоқий нуқсон эканлигига эътибор қилайлик. Бундан мусулмон банда ҳам жисмоний, ҳам руҳоний етуклик учун ҳаракат қилиши кераклиги келиб чиқади.


 «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «Аллоҳим! Мен Сендан песликдан, жинниликдан, маразликдан ва ёмон дардлардан паноҳ сўрайман», дер эдилар».

Ушбу бештани Абу Довуд ва Насаий ривоят қилишган.

Шарҳ: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг бу ҳадиси шарифларида олдин ёмон дардлардан учтасини номи билан алоҳида зикр қилиб туриб, кейин умумлаштирувчи сўз ила паноҳ сўраган эканлар. Албатта, сиҳатсаломатлик катта неъмат, ундан маҳрум бўлишдан паноҳ сўраб туриш керак.


Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларида ухлаб ётган эдим. Бас, кечаси у зотни йўқотиб қўйдим. Изласам, қўлим У зотнинг оёқларига тегди. У зот саждада турган эканлар ва «Сенинг ризолигинг ила ғазабингдан, офият беришинг ила иқобингдан паноҳ сўрайман. Мен Сени мақтаб охирига ета олмайман. Сен Ўзингни Ўзинг мақтагандексан», демоқда эканлар».

Термизий ва Насаий ривоят қилишган.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда кечаси намозда ва саждада туриб паноҳ сўраш бор.


Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳим! Мен Сендан инкор қилинган ахлоқлардан, амаллардан ва ҳавои нафслардан паноҳ сўрайман», дер эдилар».

Термизий ривоят қилган.

Шарҳ: Паноҳ сўраш калималари сарлавҳаси остида келган ҳадиси шарифларни бирмабир батафсил шарҳ қилмадик. Уларни ўқиб, яхши тушуниб олиш керак. Агар уларнинг, ҳеч бўлмаганда, баъзиларини ёдлаб олиб, ўқиб юрилса, жуда яхши бўлади.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ғийбатчи қиладиган ғийбати туфайли Аллоҳ таолонинг ғазабига дучорбўлишини билиб қўйсин.Шунингдек, унинг савоблари ғийбат қилинган одамга олиб берилишини, агар давоми...

4470 15:00 / 20.03.2021
Ахлоқ .хулқ, сўзининг кўплиги бўлиб, инсонда шаклланадиган хулқатворни билдиради. Баъзи уламолар ахлоқни .ироданинг одати, деб таъриф қилган. Яъни, ирода ўзига бир давоми...

5111 05:00 / 28.02.2017
.Башорат берувчи, номи билан танилган бир қабила ҳақида ҳикоя қилинади. Бу қабила илммаърифат ва заковатда ажралиб турганидан уларга ушбу ном нисбат давоми...

10649 19:27 / 20.05.2017
Нақшбандия тариқатидаги соликларнинг тўпланиб адо этадиган зикрлардан бирининг номи .хатми хожагон,дир. Бу хатм силсилаи шарифдаги Боязид Бистомий, Абул Ҳасан давоми...

7607 16:10 / 10.06.2019
Аудиолар

131853 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

52313 14:35 / 11.08.2021