1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Таанний – шошмаслик

20:10 / 28.03.2019 4231 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Таанний» луғатда шошмасдан, мулойимлик билан секин иш кўришни англатади.

Уламолар тааннийни «бирор нарсани талаб қилишда шошмаслик, уни ҳосил қилишда муҳлат бериш ва унга мулойимлик кўрсатиш» деб таърифлаганлар.
Қуръони Каримда шошмасликка даъват қилувчи бир қанча оятлар бор. Улардан баъзиларини ўрганиб чиқамиз.
Мусо алайҳиссалом мийқотдан қайтганларидан кейин акалари Ҳорун алайҳиссалом билан ораларида ўтган гап-сўзларни Аллоҳ таоло мана бундай баён қилади:

«Қачонки Мусо ўз қавмига ғазабланган ва афсус қилган ҳолида қайтганида: «Менинг кетимдан қандай ҳам ёмон халийфа бўлдингиз. Роббингизнинг амридан (олдин) шошилдингизми?!» – деди ва лавҳларни ташлаб, акасининг бошидан тутиб, ўзига торта бошлади. У (Ҳорун): «Эй, онамнинг боласи, шубҳасиз, бу қавм мени хўрлади ва ўлдириб қўйишларига сал қолди. Энди сен душманларни устимдан кулдирмагин ва мени ҳам золим қавмлардан деб билмагин», – деди», («Аъроф» сураси, 150-оят).
Робби билан мийқот тугагандан сўнг, Мусо алайҳиссалом қавм орасида бўлиб ўтган нохуш ҳодисалар ва нобакорликлардан огоҳ бўлган эдилар.
Шунинг учун ҳам, қавм ҳузурига ғазабланган ва афсусланган ҳолда қайтдилар. У кишининг надоматлари юз-кўзларидан, сўзларидан, ўзларини тутишларидан яққол сезилиб турарди.
Келишлари баробарида қавмларига хитобан:
«Менинг кетимдан қандай ҳам ёмон халийфа бўлдингиз», дедилар.
Сизни ҳидоятда қолдириб кетган эдим, ортимдан залолатга кетибсиз.
Сизни тавҳидда қолдириб кетган эдим, ортимдан бутпараст бўлибсиз.
Сизни Аллоҳга ибодат қилувчи ҳолида тарк этувдим, энди эса бир бузоқ ҳайкалига ибодат қилаётибсиз, деб фиғон чекдилар.
«Роббингизнинг амридан (олдин) шошилдингизми?!» дедилар.
Аллоҳ таолонинг амрини кутиб турсангиз бўлмасмиди?! Мен мийқотга кетганимни билар эдингиз. У ердан сизга Аллоҳнинг амрини олиб келишимни ҳам билар эдингиз, сабр қилиб, кутиб турсангиз бўлмасмиди?!
«...ва лавҳларни ташлаб, акасининг бошидан тутиб, ўзига торта бошлади.»
Бу ҳол қавмлари қилган бемаъниликдан Мусо алайҳиссаломнинг нечоғли дарғазаб бўлганларини кўрсатади. Шунинг учун ҳам, у зот Роббининг калималари битилган лавҳларни ташлаб, акалари Ҳоруннинг сочидан тортдилар.
Чунки, мийқотга кетаётиб, ўринларига акаларини тайинлаб, қиладиган ишларини таъкидлаб кетган эдилар. Айни чоғда, ғазабга миниб, қандай қилиб бу қавм Аллоҳни қўйиб бузоқнинг ибодатига ўтиб олганининг сабабини билмоқчилар.
Дарғазаб бўлган укадан бу тасарруфни кўрган Ҳорун алайҳиссалом уни бир оз ҳовуридан тушириш учун ораларидаги ака-укалик ҳурматини эслатиб:
«Эй, онамнинг боласи, шубҳасиз, бу қавм мени хўрлади ва ўлдириб қўйишларига сал қолди», дедилар.
Мен ҳам қараб турганим йўқ. Айтдим, тушунтирдим, аммо кўнишмади. Ҳатто, мени ўлдириб қўйишларига оз қолди.
Дарҳақийқат, Ҳорун алайҳиссалом Бани Исроилни бузоқ ҳайкалига ибодат қилишдан қайтаришга қаттиқ ҳаракат қилган эдилар. Бу ҳол бошқа сураларда зикр этилади.
Энди эса, қилган хатти-ҳаракатларини батафсил баён қилишга фурсат йўқ. Ғазабланган ука (Мусо алайҳиссалом) душманлар кўзи ўнгида сочидан тортиб турибди. Тезроқ бу хижолатли ҳолатдан чиқиш, дарғазаб укага зудлик билан аҳволни тушунтириш учун:
«Энди сен душманларни устимдан кулдирмагин ва мени ҳам золим қавмлардан деб билмагин», деди».
Кўриниб турибдики, Бани Исроилнинг шошқалоқлиги уларни дийндан чиқишларига олиб борган. Шошмасдан, Мусо алайҳиссаломни кутиб турганларида яхши бўлар эди.
Аллоҳ таоло яна шундай деб марҳамат қилади:

«Уларнинг зиддига шошилма! Биз уларнинг саноғини санамоқдамиз» («Марям» сураси, 84-оят).
Кофир ва мушрикларга азоб келишига шошилма!
«Биз уларнинг саноғини санамоқдамиз».
Биз уларнинг кунларини, соату дақиқаларигача санамоқдамиз. Биз уларнинг гуноҳларини, исёнларини санамоқдамиз.
Демак, Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни шошилмасликка чақирмоқда.
Аллоҳ таоло Расули Муҳаммад алайҳиссаломни ҳеч бир ишда, ҳаттоки Қуръон тиловатида ҳам шошмасликка буюради:

«Ҳаққ Подшоҳ – Аллоҳ олий бўлди. Сенга ваҳийи битгунча Қуръон(тиловати)га ошиқма ва: «Роббим, илмимни зиёда қилгин», дегин» («Тоҳа» сураси, 114-оят).
Юқорида зикр этилган ишларга қодир ҳақийқий мулк эгаси, ҳақийқий Подшоҳ–Аллоҳ таоло бутун борлиқдан олий–устун бўлди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унутиб қўйишдан хавфланиб, ваҳий тушган пайтида Қуръони Карим оятларини Жаброил алайҳиссаломга қўшилиб ўқиб турар эдилар. Бу эса, қийинчилик туғдирарди.
Ушбу оятда Аллоҳ таоло Расулини хотиржам этиб:
«Сенга ваҳийи битгунча Қуръон(тиловати)га ошиқма», демоқда.
Яъни, эй Муҳаммад, Жаброил ваҳийни сенга охиригача ўқиб бермагунича, Қуръонни тиловат қилиб, оятларни ўқишга шошилма. Олдин Жаброил тўлиқ ўқиб берсин, кейин сен ўқийсан.
«Роббим, илмимни зиёда қилгин», дегин.
Шу дуонинг ўзи кифоя қилади.

«Сен шошилиб, у билан тилингни қимирлатма. Албатта, у(Қуръон)ни жамлаш ва ўқиб бериш Бизнинг зиммамизда. Бас, Биз уни ўқисак, қироатига зеҳн солиб тур. Сўнгра у(Қуръон)ни баён қилиб бериш ҳам Бизнинг зиммамизда» («Қиёмат» сураси, 16–19-оятлар).
Биз Қуръонни сенга етказаётганимизда, унутиб қўймайин деб, қўшилиб ўқиб турма.
Сўнгра сенга тушуниш мушкул бўлган жойини, ҳукмларини, маъноларини баён қилиб бериш Бизнинг зиммамизда.
Ҳазрати Абдуллоҳ ибн Аббос ушбу оятлар маъносида қуйидагиларни айтганлар:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тушаётган оятларда оғирлик сезар эдилар. Бирор нарсани ўтказиб юбормасдан ёдлаб олиш мақсадида у билан тиллари ва икки лабларини қимирлатиб турар эдилар. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятларни нозил қилди.
Ана шундан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон ҳузурларига Жаброил алайҳиссалом келсалар, бошларини қуйи солиб, жим тинглайдиган бўлдилар. Бас, қачон Жаброил кетсалар, Аллоҳ таоло қандай ваъда қилган бўлса, ўшандоқ ўқир эдилар».
Аллома Исмоил ибн Касир худди шу оятлар тафсирида қуйидагиларни ёзадилар:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръонни қабул қилиб олишга шошилар эдилар. Фариштанинг қироатидан олдинга ўтиб кетиб қолардилар. Шунда Аллоҳ азза ва жалла у зотни тинчланишга амр этди. Уни қалбларида жамлаб бериш, баён қилиб бериш, очиқлаб бериш кафолатини олди. Биринчи ҳолат–уни қалбларида жамлаш. Иккинчи ҳолат–тиловати. Учинчи ҳолат–тафсири ва маъносини изоҳ қилиш».
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратлари, суннатлари ва ҳадисларида ҳам таанний – шошмаслик мадҳ қилинган.

Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Шошилмаслик Аллоҳдандир. Шошқалоқлик шайтондандир», – дедилар
».
Термизий ва Байҳақий ривоят қилишган.

Зореъ ал-Қайсий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мунзир ал-Ашажжига:
«Сенда Аллоҳ хуш кўрадиган икки хислат: ҳилм ва шошмаслик бор», – дедилар.
«Ё Расулуллоҳ, уларни мен ўзим хулқ қилиб олганманми ёки Аллоҳ мени шундай қилганми?»– деди.
«Аллоҳ сени шундай қилган», – дедилар.
«Мени Аллоҳ ва Унинг Расули хуш кўрадиган икки хислатли қилиб қўйган Аллоҳга ҳамд бўлсин», – деди
».
Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қачон кечки таом қўйилса ва намозга иқомат айтилса, кечки таомдан бошланглар», – дедилар
».
Бошқа бир ривоятда:
«Қачон кечки таом тақдим қилинса, Шом намозидан олдин ундан (таомдан) бошланглар. Кечки овқатингиз деб (намозда) шошилманглар», дейилган.
Икки Шайх ва Термизий ривоят қилишган.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Билолга:
«Эй Билол, қачон азон айтсанг, азонингни шошилмай, чўзиб айт. Қачон иқома айтсанг, тезлаб айт. Азонинг билан иқоманг орасида, таом еювчи таомидан, шароб ичувчи шаробидан, қистаниб қолган қазои ҳожатдан фориғ бўлгунча вақт қўй», – дедилар
».
Термизий ривоят қилган.

Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Биз Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан намоз ўқиётган эдик. Ул зот бирдан одамларнинг тапир-тупурини эшитиб қолдилар ва намозни ўқиб бўлиб:
«Сизга нима бўлди?» – дедилар.
«Намозга шошилдик», – дейишди.
«Ундоқ қилманглар. Қачон намозга келсангиз, ўзингизга оҳисталикни лозим тутинглар. Етганингизни ўқиб, ўтганини тўлатиб ўқинглар», – дедилар
».
Учовлари ривоят қилишган.

Бошқа бир ривоятда:
«Қачон иқомани эшитсангиз, намозга ўзингизга оҳисталик ва виқорни лозим тутган ҳолингизда боринг. Шошилманг. Бас, намозни етган жойингиздан ўқинг, ўтган жойни ўзингиз тамомланг», дейилган.
Яна бир ривоятда:
«Қачон намозга саф тортилса, бирортангиз унга югургилаб бормасин. Лекин, ўзига оҳисталик ва виқорни лозим тутган ҳолида юриб борсин. Намозни етган жойидан ўқи. Сендан ўтганини қазо қил», дейилган.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«У Арафот куни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга қайтди. Бас, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қаттиқ қисташ, зарба ва туянинг овозини эшитдилар. Шунда уларга қамчилари билан ишора қилиб туриб:
«Эй одамлар! Сокин бўлинглар! Яхшилик шошилиш ила бўлмас!» – дедилар
».
Бухорий ва Абу Довуд ривоят қилишган.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят. У киши:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам гапни сизларга ўхшаб шошилиб гапирмас эдилар»,– дедилар».
Икки Шайх ва Термизий ривоят қилишган. Термизий:
«Лекин у зот гапни бўлиб-бўлиб гапирар эдилар. Олдиларида ўтирган одам илиб олар эди»ни зиёда қилган.

Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Хайбар куни:
«Албатта, ушбу байроқни эртага Аллоҳ унинг қўли ила Фатҳ қиладиган, Аллоҳни ва Унинг Расулини яхши кўрадиган ва Аллоҳ ҳамда Унинг Расули ани яхши кўрадиган кишига берурман»,– дедилар.
Одамлар кечаси билан унинг кимларга берилиши ҳақида гаплашиб чиқдилар. Тонг оттирганларида улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бордилар. Ҳаммалари унинг ўзига берилишини орзу қилар эди. Бас, у зот:
«Али ибн Абу Толиб қани?» – дедилар.
«Ё Расулуллоҳ, унинг икки кўзидан шикояти бор», – дейишди.
«Унга одам юборинглар», – дедилар у зот.
Уни келтирилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг икки кўзига туфладилар ва ҳаққига дуо қилдилар. Худди хаста бўлмагандек бўлиб тузалди. Бас, у зот унга байроқни бердилар.
«Ё Расулуллоҳ, уларга қарши то биз каби бўлмагунларича уруш қиламанми?!» – деди Али.
«Сен уларнинг қаршисига шошилмай бор. Сўнгра уларни Исломга даъват қил. Уларга вожиб бўлмиш Аллоҳнинг ҳаққлари тўғрисида хабар бер. Аллоҳга қасамки, Аллоҳ сенинг сабабингдан бир кишини ҳидоятга солмоғи сен учун энг афзал неъматлардан кўра яхшироқдир», – дедилар
».
Икки Шайх ривоят қилишган.

Ҳасан розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бизга Жундуб ибн Абдуллоҳ ушбу масжидда ҳадис айтиб берган. У бизга ҳадис айтиб берганидан бери унутганимиз йўқ. Жундуб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан ёлғон гапирган деб қўрқмаймиз ҳам. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сиздан олдин ўтганлар ичида бир жароҳатланган киши бўлган эди. Бас, у чидамади. У пичоқни олиб, қўлини кесди. У ўлгунича қони тўхтамади. Шунда Аллоҳ:
«Бандам шошилиб, ўзини ўлдирди. Унга жаннатни ҳаром қилдим», деди», – дедилар
».
Бухорий ривоят қилган.

Мусъаб ибн Саъддан, у отаси розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Шошилмаслик ҳар бир нарсада яхшидир. Илло, охират ишида ундоқ эмас», – дедилар
».
Абу Довуд ва Ҳоким ривоят қилишган.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Солиҳлик йўли, солиҳлик ҳайъати ва иқтисод нубувватнинг йигирма беш жузидан бир жуздир», – дедилар
».
Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.
Термизийнинг лафзида:
«Гўзаллик ҳайъати, шошмаслик ва иқтисод нубувватнинг йигирма тўрт жузидан бир жуздир», дейилган.

Бир киши кириб намоз ўқиди. Сўнгра:
«Аллоҳим, мени мағфират қилгин, менга раҳим қилгин», – деди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Эй намозхон, шошилдинг. Қачон намоз ўқиб ўтирганингда, Аллоҳга У зот аҳл бўлган ҳамдни айтгин. Кейин менга саловот айтгин. Сўнгра дуо қилгин», – дедилар.
Бундан кейин бошқа одам намоз ўқиди. У Аллоҳга ҳамд ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Эй намозхон, дуо қил, ижобат қилинасан»,– дедилар
».

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сизнинг бирингиз, модомики, шошилиб, дуо қилдим, ижобат бўлмади, демасагина унга ижобат қилинади», – дедилар
».
Тўртовлари ривоят қилишган.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Яҳудийлардан бир гуруҳи Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига кириб «Ассому алайкум», дейишди. Мен буни фаҳмлаб қолиб: «Алайкумус сому вал лаънату», – дедим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Шошилма, эй Оиша! Аллоҳ барча ишда юмшоқликни яхши кўради», – дедилар.
«Ё Расулуллоҳ, Уларнинг нима деганларини эшитмадингизми?!
» – дедим.
«Батаҳқиқ, мен ҳам: «Ва сизларга ҳам», дедим», – дедилар».
Икки Шайх ва Термизий ривоят қилишган.
Муслимнинг ривоятида:
«Бас, Оиша эшитиб, уларни сўкди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Шошилма, эй Оиша! Албатта, Аллоҳ фаҳш ва сўкишни хуш кўрмайди», дедилар ва Аллоҳ азза ва жалла «Ва ҳузурингга келсалар, сен билан Аллоҳ ўргатмаган тарзда сўрашарлар» оятини нозил қилди», дейилган.
Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг ўз амирларига ёзган қўлланма хатида, жумладан, «Ўз соҳибларини шошқалоқликдан ва фасоддан манъ қилади», дейилган эди.
Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Язид ибн Абу Суфёнга қилган насийҳатларида:
«Айбдорни иқоб қилишдан қўрқма. Бу ишда адашма. Унга шошилма ҳам. Уни хорловчи даражага етказма», дейилган.
Кўфанинг амири Нўъмон ибн Башир Ансорий шийъалар ниятидан хабардор бўлганидан кейин минбарга чиқиб хутба қилди:
«Аммо баъду: Фитнага ва тафриқага шошил¬манг¬лар. Чунки бу икки нарса одамларнинг ҳалок бўлишига, қонларнинг тўкилишига ва молларнинг таланишига сабаб бўлади
»,–деди.

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Ё Расулуллоҳ, Иброҳимнинг саҳифаларида нима бўлган?» – дедим.
«Барчаси зарбулмасал бўлган. Эй, султони бор, синовдаги ва мағрур подшоҳ!
Мен сени дунёни бирини устига бирини қўйиб жамлашинг учун юборганим йўқ. Лекин сени Менинг номимдан мазлумнинг дуосини қайтаришинг учун юборганман. Мен уни, агар кофирдан бўлса ҳам, қайтармайман.
Оқилнинг ақли жойида бўлса, бир қанча соатлари бўлиши керак: Роббисига муножот қиладиган соати, ўзини ўзи ҳисоб-китоб қиладиган соати, Аллоҳ азза ва жалланинг санъати ҳақида тафаккур қиладиган соати ва емоқ, ичмоқ каби ўз ҳожатлари учун холий қоладиган соати.
Оқил шошилмаслиги керак. Фақат уч нарсада шошилиш керак: охиратга зоди роҳила тайёрлаш учун, маош учун ҳаракатга ва ҳалол лаззатга.
Оқил ўз замонини таниган, ўзига керак нарсага уринган, тилини тийган бўлиши керак.
Ким ўз каломини амалидан ҳисобласа, ўзига фойдаси йўқ каломи оз бўлади», дейилган», – дедилар
».
Ибн Ҳиббон ва Ҳоким ривоят қилишган.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, мўмин-мусулмон одам бир гапни айтишдан ёки ишни қилишдан олдин шошилмаслиги керак. Бу сифатни ўзига лозим тутган одам кам бўлмайди.
Фақатгина, ҳамма тарафдан танилган, билинган ва буюрилган амаларга–охиратга оид ишларга шошилиш керак. Бунга шариатнинг ўзи амр қилган.

Таанний-шошилмасликнинг фойдаларидан:

1. Таанний–шошилмаслик дуонинг қабул бўлишига олиб боради.
2. Таанний Аллоҳ таоло ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга маҳбуб бўлган сифатлардандир.
3. Таанний кўп надоматнинг олдини олади.
4. Таанний сокинликка сабаб бўлади.

Муаллиф
islom.uz
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким Рамазондан бир кунни Аллоҳ берган рухсатсиз оғзи очиқ ҳолда ўтказса, умрбод давоми...

1958 20:10 / 24.05.2019
Қачон қиёмат қоим бўлишини Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч бир зот билмаслиги ҳақидаги ҳақиқатни Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳадисушарифларида ҳам қайтақайта давоми...

2714 17:00 / 06.06.2020
Саҳобаи киромлардан бўлмиш Абу Зар розияллоҳу анҳудан шундай ҳикматли насиҳат ривоят қилинади Бир молда уч шерик бўлади. Биринчиси молнинг эгаси, яъни сен, давоми...

2414 08:00 / 21.03.2019
Қози Шурайҳ айтадилар .Менга битта мусибат етса, Аллоҳ азза ва жаллага тўрт маротаба ҳамд айтаманБиринчиси ndash бундан ҳам каттароқ мусибат етмагани учун ҳамд давоми...

1532 07:10 / 11.08.2019