1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Унутилаётган суннатни тирилтирайлик

11:00 / 29.06.2021 4615 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Кўпчиликнинг ҳаётида кузатиладиган ҳодиса: кўчада кетаётганингизда нотаниш инсон сизга илиқ салом берса, унга тараддудланиб алик қайтарасизда, кейин «қизиқ уни қаерда учратган эканман?! Нега менга бошқача салом берди?» деб ўйлаб қоласиз.

Чунки бизнинг онгимизда салом фақат танишга берилади, деган фикр шаклланиб қолган. Шунинг учун, бирор нотаниш одам бизга салом берса, алик олишдан аввал унинг кимлигини таҳлил қиламиз.

Аслида қандай бўлиши керак?

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жоним қўлида бўлган Зот ила қасамки, иймон келтирмагунингизча, жаннатга кирмассиз. Бир-бирингизни яхши кўрмагунча, мўмин бўлмассиз. Сизни агар (амал) қилсангиз, бир-бирингизни яхши кўргизадиган ишга далолат қилайми? Орангизда саломни кенг ёйинг», дедилар».

Имом Муслим ривоятлари.

Уламоларимиз ушбу ҳадисдаги «Орангизда саломни кенг ёйинг» жумласини «таниш-нотаниш барча - мусулмонларга салом беринг», деб шарҳлашган.

Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан энг афзал амал ҳақида сўралганда, у зот: «Таниган ва танимаган одамингга таом ва салом бермоғинг», деб марҳамат қилганлар.

Таассуфки, кўпчилигимиз фақатгина ошна-оғайни, қариндош-уруғ, қўни-қўшни ва ҳоказо таниш-билишларгагина салом берамиз. Нотаниш мусулмонни учратганда, унга салом бериш суннати аллақачон муомаламиздан чиқиб кетган.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу ўзлари бозорга боришни ёқтирмаган бўлсаларда, бозорда одам кўплиги боис у ерга борар ва ҳеч нарса харид қилмасдан, фақатгина ўтган-кетганга салом бериб қайтардилар.

Биз-чи?! Салом берган нотаниш инсонларга қўрқув, шубҳа, гумон, ҳайрат назари билан жавоб қайтарсак қайтарамиз, бўлмаса, йўқ. Ваҳоланки, саломга алик қайтариш фарз ҳисобланади.

Яна салом бериш суннат бўлган тўрт ҳолат борки, уларни ҳам кўпчилигимиз унутиб қўйганмиз:

1. Кичик болаларга салом бериш.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«У киши ёш болалар ёнидан ўтаётиб, уларга салом берди ва: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай қилар эдилар», деди».

Имом Бухорий «Адабул муфрад»да ривоят қилганлар.

2. Хайрлашаётганда салом бериб хайрлашиш.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлардан бирингиз бирор мажлисга борса, салом берсин. Агар (мажлисдан) туришни ирода қилса ҳам салом берсин. Биринчи (салом) охиргисидан ҳақлироқ эмас», дедилар».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

3. Бир киши билан унинг биродари орасини дарахт, девор, тош каби тўсиқ бир муддатга айириб қўйса ва улар яна қайта кўришишса, иккинчи марта салом бериш.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар сизларнинг бирингиз биродарига йўлиқса, унга салом берсин. Агар улар орасини дарахт ё девор ёки тош тўсиб қўйса, сўнгра унга яна йўлиқса, яна салом берсин», дедилар».

Абу Довуд ривояти.

4. Жамоат билан кўришганда саломни уч марта такрорлаш.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор гап айтсалар, эшитувчи уни англагунича уч марта қайтарардилар. Агар бирор жамоага бориб салом берсалар, уч марта салом берардилар».

Бухорий ривояти.

Ҳозирда биз орамиздан меҳр-оқибат, ўзаро ишонч ва ҳурмат йўқолиб кетаётганидан, ғарбга тақлид кучайиб бораётганидан, тарбиялар бузилаётганидан, ҳаё пардалари йиртилаётганидан, мусулмонлар ўртасидаги ихтилофдан, тафриқадан, бирдамсизликдан шикоят қилмоқдамиз.

Агар буларнинг бари орамизда Исломий муҳаббатнинг етишмаслигидан бўлса, унда ишни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек салом ёйишдан бошлашимиз лозим.

Унутманг! Ўлган (муомаладан чиққан) суннатни қайта тирилтирган (муомалага киритган) инсонга, ўша суннатга амал қилганларнинг савобича ажр бор.

Шамсиддин Садриддин

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. , . ,. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўтирган одамларнинг устига келиб, давоми...

2067 15:19 / 10.10.2024
Молик ибн Назла розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига эски кийимда келди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ундан сўрадиларМолинг давоми...

2293 17:00 / 23.03.2022
.Илм ndash ҳар доим очиқ эшикка ўхшайди, унга кириш ҳар бир инсоннинг ўз ихтиёрига боғлиқ,.Шайх Абдулвоҳид ЯҳёАбдулвоҳид Яҳё Рене ЖанМариЖозеф Генон 1886 ndash 1951 ndash давоми...

2864 13:30 / 02.04.2021
Ниқоб маска тақиш қачондан бошланганҚадимда, ун сотувчилар ва нонвойлар бозорига ниқоб тақиб кириш шарт бўлган. Бу иш соғлиқни сақлаш мақсадида амалга оширилган давоми...

3174 18:00 / 15.03.2021