1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Банданинг "Карим" сифатидан олган насибаси

05:00 / 28.02.2017 3544 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Карийм» сифати «карам» сўзидан олинган бўлиб, бир нарсанинг ўзида бор шарафига ёки хулқларидан биридаги шарафга далолат қилади. Карим киши, карим ҳайвон ёки карим ўсимлик дейиш мумкин. Хулқдаги карам гуноҳкорнинг гуноҳини ўтиб юборишдан иборатдир. Карам «эҳтиром» маъносида ҳам ишлатилади.

Уламолар карамни қуйидагича таърифлайдилар:
Ибн Маскавийҳи: «Карам қадри улуғ ва фойдаси кўп ишларда кўп молни ўз-ўзидан осонлик билан сарфлашдир», деган.
«Карам сўралмасдан олдин кўнгилли бўлиб маъруф ишни қилишдир. Етадиган нарсани бериш билан бирга сўровчига меҳр кўрсатишдир», дейилган.
«Карам осонлик билан адо бериш», дейилган.
Яна: «Карам лозим фойдани беғараз етказишдир. Ким молни фойдани жалб қилиш ёки мазамматдан қутилиш учун берса, карийм эмасдир. Нафни беғараз етказадиган одам каримдир», дейилган.
Кафавий: «Карам мол ила бўлса, жувд деб аталади. Агар қудрати етиб туриб зарар етказмаслик ила бўлса, афв дейилади. Агар жонини қийнаш билан бўлса, шижоат дейилади», деган.
Ферузободий: «Карам билан Аллоҳ таоло васф қилинса, У зотнинг эҳсони ва инъомига исм бўлади. Агар карам билан банда васф қилинса, унинг мақталган хулқ ва ишларига исм бўлади. Ўша нарсалар содир бўлмагунча у карим дейилмайди», деган.

Қуръони карим ва карам

Қуръони каримда карам бир неча маънода ишлатилган.
Карам эҳсон – яхшилик маъносида келганига мисол.
Аллоҳ таоло «Юсуф» сурасида: «Ва уни Мисрда сотиб олган (одам) ўз хотинига: «Уни икромлаб-яхшилаб жойлаштир, шояд бизга манфаат берса ёки бола қилиб олсак», деди. Мана шундай қилиб, унга тушларнинг таъбирини ўргатишимиз учун Юсуфни жойлаштириб қўйдик. Аллоҳ Ўз ишида ғолибдир. Лекин одамларнинг кўпи билмаслар», деган (21-оят).
Ушбу оятдан тижоратчилар Юсуфни Мисрга олиб келиб сотганлари маълум бўлмоқда.
Юсуфни сотиб олган одам уни кўриши биланоқ унда яхшилик борлигини, оддий қул эмаслигини англаган кўринади. Бўлмаса, ким ҳам ўзи сотиб олган қулни яхшилаб жойлаштиришни хотинига буюриб, уни фарзанд қилиб олишни ният этарди.
Аллоҳ таоло ҳар ишга қодир. Акалари томонидан қудуққа ташланган, савдогарлар томонидан қул қилиб сотилган, бир иш қилишга ихтиёри йўқ Юсуф ҳақида Аллоҳ таоло энди:
«Мана шундай қилиб, унга тушларнинг таъбирини ўргатишимиз учун Юсуфни жойлаштириб қўйдик», деб турибди.
Карам қадри улуғлик маъносида келганига мисол.
Аллоҳ таоло «Намл» сурасида: «У (Малика): «Эй аъёнлар! Менга кароматли бир мактуб ташланди. Албатта, у Сулаймондандир, албатта, унда: «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Менга қарши бош кўтармай, таслим бўлган ҳолингизда келинг», дейилмишдир», деди», деган (29–31-оятлар).
Яъни, қадри улуғ бир мактуб ташланди.
Карам енгиллик маъносида келганига мисол.
Аллоҳ таоло «Исро» сурасида: «Роббинг фақат Унинг Ўзигагина ибодат қилишингни ва ота-онага яхшилик қилишни амр этди. Агар ҳузурингда уларнинг бирлари ёки икковлари ҳам кексаликка етсалар, бас, уларга «уфф» дема, уларга озор берма ва уларга карамли сўз айт!» деган (23-оят).
Яъни, енгил сўз айт.
Карам кўп маъносида келганига мисол.
Аллоҳ таоло «Нур» сурасида: «Нопок хотинлар нопок эркаклар учундир. Нопок эркаклар нопок хотинлар учундир. Покиза аёллар покиза эркаклар учундир. Покиза эркаклар покиза аёллар учундир. Ана ўшалар у (бўҳтончи)лар айтаётган нарсалардан поклангандирлар. Уларга мағфират ва карамли ризқ бордир», деган (26-оят).
Яъни, кўп ризқ бордир.
Карам фазлу шараф маъносида ишлатилганига мисол.
Аллоҳ таоло «Исро» сурасида: «Батаҳқиқ, Биз Бани Одамни азизу мукаррам қилиб қўйдик ва уларни қуруқлигу денгизда (улов-ла) кўтардик ҳамда уларни пок нарсалар ила ризқлантирдик ва уни Ўзимиз яратган кўп нарсалардан мутлақо афзал қилиб қўйдик», деган (70-оят).
Аллоҳ таоло борлиқдаги турли-туман мавжудодларни бир-биридан афзал қилиб яратган Зот. Ана шу зот ушбу ояти каримада одам боласини борлиқдаги ҳамма нарсадан азизу мукаррам, афзалу шарафли қилиб яратганининг хабарини бермоқда:
«Батаҳқиқ, Биз Бани Одамни азизу мукаррам қилиб қўйдик».
Аввало, одамнинг шакли, барча аъзоларининг тузилиши азизу мукаррамликдан далолат бериб туради. Бошқа махлуқотларда бу шакл, бу мутаносиблик йўқ.
Сўнгра Аллоҳ таоло одамни яратиб мукаррам қилди. Ўз руҳидан жон пуфлаб улуғлади. Бундай шарафга ҳеч бир махлуқот муяссар бўлган эмас.
Шу боисдан ҳам, инсон азизу мукаррамдир. Аллоҳ таоло яна одам боласини Ўзи берган ақл билан мукаррам қилиб қўйди. Ақли билан инсон бошқа ҳамма махлуқотлардан устун туради. У Аллоҳ берган ақл ила турли тадбирлар қилади, нарсалар ишлаб чиқаради, бошқа махлуқотларни ўз фойдасига ишлатади.
Буларнинг ҳаммаси Аллоҳ таолонинг инсонни азизу мукаррам қилиб қўйганининг намуналаридир.
Аллоҳ таоло инсонга ваҳий туширади. Одамлар ичидан Пайғамбар танлаб олади. Пайғамбарларга илоҳий китоблар нозил этади. Шариат ҳукмларини юборади. Буларнинг барчаси Аллоҳ инсонни азизу мукаррам қилганига намунадир.
Аллоҳ таоло одамни Ўзининг ер юзидаги халифаси қилиши ҳам шунга далолатдир.
Аллоҳ таоло охирги индирган китоби Қуръони каримда: «Биз Бани Одамни азизу мукаррам қилиб қўйдик», деб эълон қилишининг ўзи ҳам катта обрў-эътибордир.
«...ва уларни қуруқлигу денгизда (улов-ла) кўтардик».
Аллоҳ таоло қуруқликда ҳам, денгизда ҳам инсон боласи учун турли уловларни яратиб, шунга биноан қонун-қоидаларни жорий қилиб қўйди.
Инсон қуруқликда турли ҳайвонлар ва нақлиёт воситаларида юриб, оғир ишларни енгиллик ила бажаради. Одамларни кўтарадиган, унга улов бўлиб хизмат қиладиган маркаблар Аллоҳ таолонинг махлуқлари бўлиб, улар Жаноби Ҳақ жорий этган қонун-қоида асосида уловлик вазифасини бажаради. Бу ҳам одам боласини азизу мукаррам қилганига далолатдир.
Шунингдек, Аллоҳ таоло инсон учун сувда чўкмайдиган турли моддаларни яратиб, уларга маълум шаклларни беришни илҳом этиб, денгизларда сузиб юрадиган уловларни ўзи жорий қилган қонун-қоидалар асосида ҳаракатланадиган этиб қўйди.
Бу ҳам Аллоҳнинг одам боласини азизу мукаррам қилганидандир.
«...ҳамда уларни пок нарсалар ила ризқлантирдик».
Аллоҳ таоло одам боласига барча пок нарсаларни ризқ қилиб берган. Уларни санаб саноғига етиб бўлмайди. Одам бу пок ризқлардан тўғри фойдаланиб, уларни берган зотга шукр қилса, жуда яхши бўлади.
Ана шу сонсиз покиза ризқларнинг берилиши ҳам Аллоҳ таоло одам боласини азизу мукаррам қилиб қўйганига далилдир.
«...ва уни Ўзимиз яратган кўп нарсалардан мутлақо афзал қилиб қўйдик».
Яъни, одам бошқа махлуқотлардан мутлоқо афзал саналади. Афзалликда унга яқин кела оладиган махлуқот оламда йўқ. Барча махлуқотлар одам боласи учун беминнат хизматкордир.
Карамли бўлиш фаришталарнинг сифатидир.
Аллоҳ таоло «Анбиё» сурасида: «Улар: «Роҳман фарзанд тутди», дедилар. У покдир. Йўқ! Икром этилган бандалардирлар. Улар Ундан олдин сўз айтмаслар. Улар Унинг амри ила амал қилурлар», деган (26–27-оятлар).
Ҳа, мушриклар Аллоҳга боласи борлик нисбатини бердилар.
«Улар: «Роҳман фарзанд тутди», дедилар».
Бу оятда гап араб мушриклари ҳақида кетмоқда. Улар, Аллоҳ фаришталарни ўзига қиз қилиб олди, дедилар.
«У покдир».
Аллоҳ бу нуқсондан покдир. Ўзига фарзанд тутиш эҳтиёжи инсонда бор, Аллоҳда йўқ. Бу иш Аллоҳ учун нуқсон ҳисобланиб, У Зот бундан покдир.
«Йўқ! Икром этилган бандалардир».
Йўқ, мушрикларнинг гапи нотўғри. Фаришталар Аллоҳнинг қизлари эмас, балки икром этилган бандаларидир.
Фаришталар шунчалик одобли, шунчалик итоатли, шунчалик Аллоҳни улуғлайдиларки, ҳатто Унинг олдида бирор оғиз сўз айтишга ботинмайдилар. Фаришталар Аллоҳ нима амр қилса, сўзсиз амалга оширадилар.
Карамли бўлиш набийларнинг сифатидир.
Аллоҳ таоло «ал-Ҳааққа» сурасида: «Сизлар кўриб турган нарсалар билан қасам ичурман. Ва сизлар кўрмайдиган нарсалар билан ҳам. Албатта у (Қуръон) карамли Расулнинг сўзидир», деган (38–40-оятлар).
Яъни, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг, сўзидир. Бу ерда Қуръони каримни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбат берилиши у зот каломни тиловат қилувчи ва кишиларга етказувчи эканликлари эътиборидандир.
Аллоҳ таоло Аршни ҳам карим сифати ила сифатлаган.

«Бас, ҳақ подшоҳ Аллоҳ юксакдир. Ҳеч бир илоҳ йўқ. Магар У-карамли аршнинг Роббиси бор», деган («Мўминун» сураси, 116-оят).
Бошқа оятда улуғ деб васф қилинган арш бу оятда «карамли» деб сифатланмоқда. Чунки Аллоҳнинг раҳмати, хайру баракаси у орқали тушади.
Аллоҳ таолонинг охирги китоби бўлмиш Қуръоннинг энг машҳур сифатларидан бири ҳам кариймдир.
Аллоҳ таоло «Воқиъа» сурасида: «Юлдузларнинг манзиллари билан қасам ичаман. Албатта, агар билсангиз, бу улуғ қасамдир. Албатта, у Қуръони каримдир. У сақланган китобдадир. Уни фақат покланганларгина ушлайди», деган (75–79-оятлар).
Албатта, Муҳаммад алайҳиссаломга туширилган китоб, Қуръони каримдир.
«У Сақланган китобдадир».
Яъни, ўзгариш, алмаштиришдан ва барча сақланиш лозим бўлган нарсалардан сақланган Лавҳул Маҳфуз, деб номланган китобдадир.
Шундай бўлганидан кейин, Қуръони карим ҳам ўзгариш, алмаштириш ва барча сақланиш лозим бўлган нарсалардан сақланган китобдир.
«Уни фақат покланганларгина ушлайди».
Яъни, Қуръони каримни ҳам моддий, ҳам маънавий жиҳатдан турли нолойиқ нарсалардан Аллоҳ томонидан покланган фаришталаргина ушлайдилар. Бошқалар ушлай олмайдилар.
Шунингдек, Қуръони каримни жанобатдан ва кичик нопокликлардан тозаланиб, ғусл ва таҳорат қилган мўмин-мусулмонларгина ушлайдилар.
Қуръони каримни ушлаш учун таҳоратли бўлиш вожиблиги ҳақидаги ҳукм ушбу ояти каримадан олинган.
Ушбу ояти кариманинг маъноси ҳам, ҳукми ҳам Қуръони Карим Аллоҳнинг наздида қанчалик улуғ эътиборга сазовор эканини яққол кўрсатади.

Суннати мутоҳҳара ва карам

Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳасаб молдир, карам тақводир», дедилар».
Термизий ривоят қилган.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қачон сотса, қачон сотиб олса ва қачон ҳақини талаб қилса карамли бўлган одамни Аллоҳ раҳм қилсин», дедилар».
Бухорий ва Термизий ривоят қилган.
Мусулмон одам доимо карамли, саховатли бўлиши керак. Айниқса, олди-сотди ва ҳақни талаб қилиш пайтида. Бундай пайтда мумсиклик қилиб, тийиннинг устида етти думалаб туриб олиш барака келтирмайди. Балки сахийлик, очиқлик, бир оз ўтиб бериш ишлари Аллоҳнинг раҳматига, хайр-баракага сабаб бўлади.
Ушбу ҳадисда зикр қилинган Аллоҳнинг раҳмати икки дунёга ҳам хосдир. Мазкур ишларда карамли, саховатли бўлган кишиларга Аллоҳ таолонинг раҳмати мол-мулкига, ризқ-рўзига барака, ўзига соғлик-саломатлик, фаровон турмуш ва тинчлик- омонликда аксини топади. Охиратда эса жаннатга киришга сабаб бўлади.
Демак, сотувчи ҳам, олувчи олувчи ҳам карамли, саховатли ва хушмуомала бўлиши керак. Шунингдек, бировдан ҳаққини сўровчи ҳам яхшилик, хушмуомалалик билан сўраши керак.

Абдуллоҳ ибн Буср розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ғарро» деб аталадиган катта лаганлари бўлиб уни тўрт киши кўтарар эди. Чошгоҳ вақти кириб чошгоҳ намозини ўқиганларида ўша катта лаган олиб келинди. Унда «сарийд» бор эди. Одамлар унинг атрофини ўрашди. Кўпайишиб кетганларида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тиз чўкиб ўтирдилар.
Шунда бир аъробий: «Бу қандай ўтириш?» деди.
У зот: «Аллоҳ мени карамли банда қилган, жабрли ва саркаш қилмаган», дедилар. Сўнг давом этиб дедилар: «Унинг атрофидан енглар ва дуо қилинглар, сизларга барака ато қилинур
».
Абу Довуд ва Ибн Можа ривоят қилган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, Аллоҳ Хушҳолдир, хушҳолликни суядир, Озодадир, озодаликни суядир, Карамлидир, карамни суядир, Сахийдир, сахийликни суядир. Бас, ҳовлиларингизни озода тутинг! Яҳудийларга ўхшаманг!» дедилар».
Термизий ривоят қилган.
Мусулмонларнинг ҳар бири ҳам карамли бўлишга ҳаракат қилмоғи керак. Ана шунда Аллоҳ таоло уларни суяди.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
«Одамлар қайта тирилтилганларида мен уларнинг аввалгисиман. Тўпланиб келганларида мен уларнинг хатибиман. Ноумид бўлганларида мен уларнинг хушхабарчисиман. У кунда ҳамд байроғи менинг қўлимдадир. Фахр эмаску, мен Роббим ҳузурида одам боласининг энг мукаррамиман
».
Ҳа, Роббил оламийн ҳузурида Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламдан мукаррамроқ одам йўқ. Албатта, бу гапни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам мақтаниш учун айтган эмаслар, балки воқеълик шу. Бу ўз-ўзидан Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳам энг афзал банда эканларини кўрсатади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мўмин осуда ва карамлидир. Фожир бузғунчи ва ифлосдир», дедилар
».
Термизий ва Абу Довуд ривоят қилган.

Салмон Форсийрозияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, Аллоҳ ҳаёли каримдир. Қачон бир киши Унга икки қўлини кўтарса, уларни бўш ва ноумид қайтаришдан ҳаё қилади», дедилар
».
Термизий ривоят қилган

Саҳл ибн Саъдрозияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, Аллоҳ кариймдир. Карамни ва олий ахлоқларни яхши кўради. Пасткашларни яхши кўрмайди», дедилар».
Имом Ҳоким ривоят қилган.

Абу Шурайҳ ал-Каъбий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, меҳмонини икром қилсин. Унинг мукофоти бир кечаю бир кундуз. Зиёфат уч кун. Ундан кейин садақадир. Унга токи уни тангликка солгунча турмоғи ҳалол бўлмас», дедилар».
Абу Довуд ривоят қилган.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Эй, Аллоҳнинг Расули! Айтинг-чи, агар Қадр кечаси қайси кеча эканини билсам, унда нима дейман?» дедим.
«Эй Аллоҳим, албатта, Сен афв қилувчи ва карамлисан. Афвни яхши кўрасан. Бас, мени афв қилгин», дегин», дедилар
».
Термизий ривоят қилган.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Абу Заррга Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юборилганликлари етганда укасига: «Уловингни миниб, ана у водийга бор. Менга ўша ўзини набий деб, унга осмондан хабар келишини даъво қилаётган киши ҳақида бир нарса билиб кел. Унинг каломига қулоқ ос, кейин олдимга кел», деди.
Ука жўнаб, Маккага борди. У зотнинг гапларини эшитиб Абу Заррнинг олдига қайтиб борди ва унга: «Мен унинг карамли ахлоққга амр қилаётганини кўрдим ва шеър бўлмаган гап айтаётганини эшитдим», деди.
Абу Зарр: «Мен ирода қилган нарса ила менга шифо бера олмадинг», деди ва зоду роҳиласини олиб, сув тўлдирилган мешини кўтариб, Маккага жўнаб кетди
.

ҚОРА ҚУЛ ҲОДИСАСИ

Ўша ерда бир қора танли ҳабаший қул хожасининг қўйларини боқиб юрар эди. Хайбар аҳли қурол аслаҳаларини олиб урушга тайёргарлик кўра бошлаганида улардан: «Нима қилмоқчисизлар?» деб сўради.
«Анави пайғамбарликни даъво қилаётганга қарши жанг қилмоқчимиз», дедилар.
Унинг қалбига Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг зикрлари ўрнашиб қолди. У қўйларини ҳайдаб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келди ва: «Нима дейсан? Нимага чақирасан?» деб сўради.
«Мен Исломга чақираман. Лаа илаҳа иллаллоҳ, деб шаҳодат беришга ва мени Расулуллоҳ деб шаҳодат беришга, Аллоҳдан бошқага ибодат қилмасликка чақираман», дедилар у зот.
«Шаҳодат бериб, Аллоҳ азза ва жаллага иймон келтирсам, менга нима берилади?» деб сўради қул.
«Сенга жаннат берилади», дедилар у зот.
У мусулмон бўлди ва: «Эй, Набийюллоҳ, манави қўйлар бировнинг омонати эди», деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уларни ҳузурингдан чиқариб, ортидан тош отиб, ҳайдаб юбор. Аллоҳ сенинг номингдан омонатни адо қилади», дедилар.
У шундай қилди. Қўйлар эгаси ҳузурига борди. Яҳудий ғуломи мусулмон бўлганини билди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам туриб ваъз қилдилар. У зот кишиларни жиҳодга тарғиб қилдилар. Жанг бошланиб мусулмонлар билан яҳудийлар тўқнашганда ҳалиги қора қул ҳам қатл этилганлар ичида бўлди.
Мусулмон биродарлари унинг жасадини кўтариб келиб чодир ичига қўйдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам чодирга назар солиб, унинг жасадини кўрдилар ва саҳобаларига қараб туриб: «Батаҳқиқ, Аллоҳ ушбу қулни мукаррам қилди. Уни Хайбар томон етаклаб келди. Мен унинг бошида икки ҳури ийнни кўрдим. У Аллоҳга бир марта ҳам сажда қилган эмасди», дедилар Расулуллоҳ.

МАККА ФАТҲИ КУНИ

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам лашкарларга олов ёқишни амр қилдилар. Катта олов ва кишилар ҳаракатини сезиб қурайшликлар сергакландилар. Абу Суфён ҳам гап нимадалигини билиш учун шаҳардан ташқарига чиқди. У ўзича: «Бу кечадагига ўхшаш оловни ва аскарни ҳеч кўрганим йўқ эди», деди.
Аббос ибн Абдулмуттолиб мусулмон ҳолида аҳли аёли билан Маккадан чиқиб аскарга келиб қўшилган эди. У қоронғида Абу Суфённи излаб топди ва: «Мана, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамлар билан келдилар. Қурайшнинг ҳолига вой!» деди.
У мусулмонлардан бирортаси Абу Суфённи ўлдириб қўймасин, деб шошилиб уни хачирига мингаштириб олиб Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб келди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Суфённи кўришлари билан: «Шўринг қурисин, эй Абу Суфён, Аллоҳдан ўзга ибодатга сазовор зот йўқлигини биладиган вақт келмадими?!» дедилар.
Абу Суфён: «Ота-онам сизга фидо бўлсин. У зот сизни қандоқ ҳам ҳилмли, карамли, силаи раҳмлик қилди. Аллоҳга қасамки, мен шуни билдимки, агар Аллоҳдан ўзга илоҳ бўлганида, бирор ҳожатимни чиқарар эди», деди.
У зот: «Шўринг қурисин, эй Абу Суфён, мени Аллоҳнинг Расули эканимни биладиган вақт келмадими?!» дедилар.
Абу Суфён: «Ота-онам сизга фидо бўлсин. У зот сизни қандоқ ҳам ҳилмли, карамли, силаи раҳмлик қилди. Аллоҳга қасамки, бу ҳақда ҳалигача кўнгилда бир нарса бор», деди.
Шунда Аббос гапга аралашиб: «Шўринг қурисин! Мусулмон бўл! Бўйнингдан чопмасимиздан аввал «лаа илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадун Расулуллоҳ» деб шаҳодат келтир!» деди. У шаҳодат келтириб мусулмон бўлди.
Кейин Аббос розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга мурожаат қилиб: «Абу Суфён фахрни яхши кўрадиган одам, унга бирор илтифот қилиб қўйсангиз яхши бўларди», деди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Хўп! Ким Абу Суфённинг ҳовлисига кириб олса омонликдадир! Ким эшигини ёпиб олса омонликдадир! Ким масжидга кириб олса омонликдадир!» дедилар. Шундай қилиб авф ва омонлик ҳаммага баробар бўлгани эълон қилинди.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Макка томон Аллоҳнинг лашкарларини бошлаб юрмоқчи бўлганларида Аббосга: «Абу Суфённи водийнинг тор жойида ушлаб тур. У Аллоҳнинг аскарларини бир кўриб қўйсин!» дедилар.

КАРАМЛИ БИРОДАР

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Каъба эшигининг икки кесакисидан ушлаган ҳолда муборак бошларини кўтариб одамларга қарадилар. Ҳамма томондан одамлар саф-саф бўлиб турар эди. Ҳамма, энди нима бўлар экан, деб қараб турар эди.
Шунда у зот: «Аллоҳдан ўзга ибодатга лойиқ Зот йўқдир. Унинг Ўзи ёлғиздир. Унинг шериги йўқдир. У зот ваъдасига содиқ қолди. У зот бандасига нусрат берди. У зот гуруҳларни ёлғиз Ўзи енгди. Билиб қўйинглар, барча ўч олиш, мол ёки қон менинг ушбу икки оёғим остидадир. Фақат Байтнинг мутасаддилиги ва Ҳожиларни суғориш бундан мутаснодир.
Эй Қурайш жамоаси! Албатта, Аллоҳ сизлардан жоҳилият кибрлигини ва ота-боболар билан фахрланишни кетказди», деб туриб:
«Эй одамлар! Биз сизларни бир эркак ва аёлдан яратдик ва сизларни ўзаро танишишингиз учун халқлар ва қабилалар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида энг ҳурматлироғингиз энг тақводорингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир» оятини тиловат қилдилар. Кейин сўзларида давом этиб: «Эй, Қурайш жамоаси! Нимани ўйлаяпсизлар? Мен сизларга нима қилмоқчиман?» дедилар.
«Яхшилик! Карамли биродар! Карамли биродарнинг ўғли!» дейишди улар.
Шунда у зот дедилар: «Мен сизларга Юсуф ўз акаларига айтган нарсани айтаман: «Бугунги кунда гинахонлик йўқ». Кетаверинглар! Сизлар озодсизлар!»

ИБН ЖАЪФАР КАРАМИ

Абдуллоҳ ибн Жаъфар розияллоҳу анҳу ўта карамли, сахий, хушхулқ, иффатли ва гўзал инсон эди.
Имом Дорақутний раҳматуллоҳи алайҳ Муҳаммад ибн Сийрийн розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Мадийнага қанд олиб келган тожирлардин бири касодга учради. Бу хабар Абдуллоҳ ибн Жаъфар розияллоҳу анҳуга етганда иш бошқарувчисига ўша нарсани сотиб олиб одамларга тарқатишга амр қилди».
Абдуллоҳ ибн Жаъфар розияллоҳу анҳу бу ишлари билан бир йўла иккита хайрли ишни амалга оширган эдилар. Аввало, бева бечораларга озуқа тарқатиш бўлса, иккинчидан касодга учраган тожирни иқтисодий таназзулдан сақлаб қолиш эди. Энг муҳими эса, ўзлари учун охиратга зоди роҳила тайёрлаш эди.

Имом Тобарий ва Байҳақийлар ибн Исҳоқ ал-Моликийдан ривоят қиладилар:
«Язийд ибн Муовия Абдуллоҳ ибн Жаъфар розияллоҳу анҳуга жуда кўп молни ҳадия қилди. У киши ўша молни Мадина аҳлига тарқатиб берди. Ундан бирор нарсани уйига киритмади».
Абдуллоҳ ибн Жаъфар розияллоҳу анҳуни ўта карамликлари учун итоб қилганида, у киши: «Аллоҳ мени бир одатга ўргатган. Мен одамларни бир одатга ўргатганман. Агар мен уларни узиб қўйсам, мен ҳам узилиб қолишидан қўрқаман», деган эканлар.
Яъни, Аллоҳ таоло Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуоларини қабул қилиб, Абдуллоҳ ибн Жаъфар розияллоҳу анҳуга баракали мол-дунё бериб қўйган. Абдуллоҳ ибн Жаъфар розияллоҳу анҳу эса ўша Аллоҳ таоло берган молни муҳтожларга бериб уларни ўзларига ўргатиб қўйганлар. Абдуллоҳ ибн Жаъфар розияллоҳу анҳу одамларга хайри эҳсон қилиб турсалар, Аллоҳ таоло ҳам у кишига молу дунё бериб туради.
Насиб исмли шоир Абдуллоҳ ибн Жаъфар розияллоҳу анҳуни мадҳ қилганда, у киши шоирга кўплаб туя, от, кийим, динор ва дирҳамлар берган эканлар. Шунда одамлар: «Ушбу қорага шунча нарса берасанми?!» деганида: «Бунинг ўзи қора бўлса ҳам, шеъри оқ. У айтган нарсаси ила олган нарсасидан кўра кўпроқ нарсага ҳақли бўлди. Биз унга тезда тугаб кетадиган нарсадан бошқа нарсани берганимиз йўқ. У бизга ривоят қилинадиган мадҳни ва боқий қоладиган мақтовни берди», деган эканлар.

Карамнинг фойдалари:

1. Карам иймоннинг баркамоллигидандир.
2. Карам Исломнинг гўзаллиги саналади.
3. Карам Аллоҳ таолога гўзал умид далилидир.
4. Карам бу дунёнинг обрўсидир.
5. Карам охиратда олий мақом келтиради.
6. Карамли киши Аллоҳга маҳбубдир.
7. Карамли киши одамларга яқиндир.
8. Карамли кишининг душмани оз бўлади.
9. Карамли кишининг фойдаси чексиздир.
10. Карамли кишини одамлар мадҳ қилади.
11. Карам – аслзодалик далили.
12. Карам инсоннинг камолот сифатларидан ҳисобланади.
13. Карам ризқ ва умрнинг баракасидир.
Банда доимо сахий бўлишга уриниши лозим. У молидан, вақтидан, имкониятидан карамли равишда нафақа қилсин. Зиёфатда, таом беришда, меҳмон кутишда, оила аъзолари, қариндошлар, қўшнилар ва барча билан муносабатини карам асосида олиб борсин.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
161. Олтин олов билан синалади. Аёл олтин билан синалади. Эркак аёл билан синалади.162. Агар чиройли аёл бамисоли қимматбаҳо тош бўлса, фозила гўзал хулқли, илмли аёл давоми...

4631 19:58 / 27.04.2017
Аллоҳ таоло Тавба сурасида бундай деб марҳамат қилади .Сен .Бизга Аллоҳ ёзиб қўйган нарсадан ўзгаси зинҳор етмайди. У бизнинг Хожамиздир. Мўминлар давоми...

2264 19:00 / 14.05.2023
Ўнинчи ҳикмат Амаллар суратлардир ва уларнинг руҳи эса, унда ихлос сирининг борлигидирrdquoКелинг Ўнинчи ҳикмат шарҳини бошлашдан олдин, ўтган тўққизинчи давоми...

3389 05:00 / 01.03.2017
Ҳаётда ҳар бир ҳолатда Аллоҳ таолога таваккул қилиш матлубдир. Шу билан бирга, Қуръони Каримда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ва мўминларга алоҳида таваккал давоми...

1900 19:00 / 21.05.2023