1446 йил 5 жумадул аввал | 2024 йил 07 ноябрь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Расулуллоҳ алайҳисаломнинг баъзи ахлоқлари иқтидо учун

05:00 / 28.02.2017 3288 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳар бир солик билиб қўйиши лозим бўлган ҳақиқатлардан бири камолот сифатлари ила энг олий даражада сифатланган ва хулқланган банда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар. Шунинг учун ҳам солик барча ҳимматини ишга солиб Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ахлоқлари билан хулқланишга ҳаракат қилиш керак.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бандаликни жойига қўйиб мумкин бўлган хулқланишни аъло даражада ўзларида жамлаган зотдирлар.
Ким Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга иқтидо қилса ҳеч бир ишколсиз камолотнинг чўққисига чиқиши мумкин. Тикланиш ва хулқланиш бобида кўп зикрсиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга иқтидо қилиш мумкин эмас.
Аллоҳ таоло «Аҳзоб» сурасида: «Батаҳқиқ, сизлар учун; Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлганлар учун ва Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун Расулуллоҳда гўзал ўрнак бор эди», деган (21 – оят).
Ҳа, мўмин-мусулмонлар учун гўзал ўрнак манбаи уларнинг маҳбуб Пайғамбарлари Ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар. У киши ҳар бир нарсада, ҳар бир сўзда, ҳар бир ишда мўминлар учун гўзал ўрнакдирлар.
Оҳ, қани энди, ҳамма шу ўрнакнинг моҳиятини тушуниб етса! Расулуллоҳнинг гўзал ўрнак бўлган гап-сўзлари ҳаводан олинган нутқ эмас, Аллоҳдан қилинган ваҳийдир. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қилган ишлари Аллоҳнинг амри биландир.
Ана шундай гап-сўз гўзал ўрнак бўлмай, қайси гап-сўз гўзал ўрнак бўлиши мумкин. Ана шундай ишлар гўзал ўрнак бўлмай, бошқа қайси ишлар гўзал ўрнак бўлсин.
Бу оятда «Аллоҳни кўп зикр қилганлар» деб келишидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрнак олиб У зотнинг хулқлари билан хулқланиш борасида кўп зикр шарт эканини билиб оламиз.
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хулқлари билан хулқланиш учун Қуръони Карим ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари ва сийратларини яхшилаб ўзлаштириш керак. У зотнинг хулқлари Қуръон эди.
Оиша онамиздан у кишининг хулқлари ҳақида сўрашганда, «Хулқлари Қуръон эди», деб жавоб берганлар. Яъни Муҳаммад алайҳиссалом Қуръондаги олий хулқлар билан хулқланганлар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръондаги барча яхши одоб-ахлоқни ўзларига сингдирганлар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен яхши хулқларни батамом қилиш учун юборилганман», дедилар». Байҳақий ривоят қилган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам барча яхши хулқлар билан хулқланган ва ёмон хулқлардан йироқда бўлган зотдирлар. «Назратун наъийм фии макорими ахлоқи расулил карим» энсклопедиясининг муаллифлари Қуръони Карим, суннат ва сийратда икки юзта гўзал ахлоқ, бир юз олтмиш битта ёмон ахлоқ борлигини топганлар ва уларнинг ҳар бирига алоҳида маълумотлар тўпламини бағишлаганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари доимий равишда Аллоҳ таолодан ўзларини гўзал одоблари ва карамли хулқлар билан зийнатлашини сўраб юрар эдилар. У зот ўз дуоларида «Эй Аллоҳим! Менинг хулқимни ва халқимни гўзал қилгин», дер эдилар.
Шунингдек У зот «Эй Аллоҳим! Мени инкор қилинган ахлоқлардан четда қилгин», дер эдилар. Аллоҳ таоло У зотнинг бу борадаги дуоларини қабул қилди.

Саъд ибн Ҳишом ибн Омирдан ривоят қилинади:
«Оиша розияллоҳу анҳонинг олдиларига кирдим ва: «Эй мўминларнинг онаси! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ахлоқлари ҳақида хабар беринг», дедим.
Бас, у киши: «Хулқлари Қуръон эди. Қуръон ўқимайсанми? Аллоҳ азза ва жалланинг «Албатта, сен улуғ хулқдасан!» деган оятини ўқимайсанми?» дедилар.
«Мен тарки Дунё қилишни истайман», дедим.
«Ундоқ қилма! «Сизларга Расулуллоҳда яхши ўрнак бор эди»ни ўқимайсанми? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйланганлар ва болара орттирганлар», деди
». Аҳмад ривоят қилган.
Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръони Карим орқали ахлоқий таълим берганидан намуналар билан танишиб чиқайлик.
Аллоҳ таоло «Аъроф» сурасида У зотга хитоб қилиб: «Кечиримли бўл, яхшиликка буюр ва жоҳиллардан юз ўгир», деган (199 – оят).
Яъни, ўзаро муомала-муносабатда кечиримли бўл, осон йўлни тут. Одамларга нисбатан ўта талабчан бўлма. Қилган хатоларини афв этувчи, кенг бағирли бўл.
Ҳақиқатда ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу сифатни муборак шахсларида мужассам қилган эдилар. Ул зот ҳақидаги ривоятларда бу ҳақиқат кишини ҳайрон қолдирарли даражадаги ҳолатлар зикр этилган.
«Яхшиликка буюр».
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даъватлари яхшиликка буюрадиган даъватдир. Ислом динида яхшиликка буюриш ҳар бир мусулмон эр ва муслима аёлга фарз қилингандир.
«Жоҳиллардан юз ўгир».
Жоҳиллик нодонлик, илмсизликдир. Ислом мусулмонларни нодонлик ва нодонлардан, илмсизлик ва илмсизлардан юз ўгиришга, ҳар қачон донолик ва доноларга, илму уламоларга юз тутишга даъват қилади.
Аллоҳ таоло «Наҳл» сурасида У зотга хитоб қилиб: «Албатта, Аллоҳ адолатга, эҳсонга, қариндошларга яхшилик қилишга амр этадир ва фаҳшу мункар ҳамда зулмкорликдан қайтарур. У сизларга ваъз қилур. Шоядки, эсласангиз», деган (90 – оят).
«Муфассирлар шоҳи» лақабини олган Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда у киши:
«Қуръондаги энг жамловчи оят шу оятдир. Эргашиладиган яхшиликни ҳам, четланиши лозим бўлган ёмонликни ҳам жамлаб зикр қилган», деганлар.
Албатта, Аллоҳ:
«Адолатга», амр этади.
Аллоҳ буюрган адолат–исломий мутлоқ адолатдир. Бу адолатга кўра, ҳар бир шахс, жамоат ва ҳар бир қавмга одилона муомалада бўлинади. Унда ҳавои нафсга, дўстлик ёки душманликка, насабга, қудачилик ёки қариндошликка, бойлик ёки камбағалликка, кучлилик ёки заифликка қараб муомала қилинмайди. Ҳамма учун ўлчов бир.
«Эҳсонга», амр этади.
Эҳсон сўзи яхшилик қилиш маъносини англатади. Исломда эҳсоннинг эшиги кенг очилган. Қатъий адолат юзасидан ҳукм чиққандан сўнг биров яхшилик қилиш ниятида ўз ҳақидан кечиб, бошқага бериши мумкин. Кимки ёр-биродарлари ёки бошқа инсонларга яхшилик қилса, жуда яхши, савоблари кўпайтириб берилади.
«қариндошларга яхшилик қилишга амр этадир».
Бошқаларга яхшилик қилиш ичида, айниқса, қариндошларга яхшилик этиш алоҳида ўрин тутади.Чунки уларнинг ҳам қариндошлик, ҳам инсонлик ҳақлари бор.
«...ва фаҳшу мункар ҳамда зулмкорликдан қайтарадир».
«Фаҳш» сўзининг луғавий маъноси ҳаддан ошишликдир. Лекин урфда кишилар номусига тааллуқли жиноятлар тушунилади.
«Мункар» деганда, инсоннинг соф табиати инкор қиладиган ишлар кўзда тутилади. Буни, албатта, шариат ҳам инкор этади.
«Зулмкорлик» эса, ҳаққа тажовуз қилиш ва адолатни бузишдир.
Шу нарсалар ила:
«У сизларга ваъз қилур. Шоядки, эсласангиз».
Дарҳақиқат, булар эслашга арзигулик ваъз-насиҳатдир.
Аллоҳ таоло «Шуро» сурасида: «Шубҳасиз, ким сабр қилиб, кечирса, албатта, бу мардлик ишларидандир», деган (43 – оят).
Бу оят тавозуъ ила иш кўришга даъват. Яна сабр қилишга даъват. Яна кечиримли бўлишга даъват.
Аллоҳ таоло «Моида» сурасида: «Бас, уларни авф эт ва айбларини ўтиб юбор. Албатта, Аллоҳ яхшилик қилувчиларни севар», деган (13 – оят).
Аллоҳ таоло «Нур» сурасида: «Бас, авф этсинлар, ўтиб юборсинлар. Аллоҳ сизларни мағфират қилишини хуш кўрмайсизларми?! Аллоҳ ўта мағфиратли, ўта раҳмли зотдир», деган (22- оят).
Аллоҳ таоло «Фуссилат» сурасида: «Яхшилик билан ёмонлик баробар бўлмас. Сен яхшилик бўлган нарса ила даф қил. Кўрибсанки, сен билан орасида адовати бор кимса, худди содиқ дўстдек бўлур», деган (34 - оят).
Ҳар қанча ёмон гап эшитиб, ҳар қанча ёмон муомала кўрсанг ҳам, фақат яхши нарса ила қайтар. Ҳеч қачон ёмонлик қилма. Ана ўшанда:
«Кўрибсанки, сен билан орасида адовати бор кимса, худди содиқ дўстдек бўлур».
Бу жуда ҳам зарур бир сифатдир. Ҳар бир нарсани ёмонлик билан эмас, фақат яхшилик билан қарши олиш даражасига етган шахсгина катта муваффақиятларга эришади.
Аллоҳ таоло «Оли Имрон» сурасида: «Улар енгилликда ҳам, оғирликда ҳам нафақа қиладиганлар, ғазабини ютадиганлар ва одамларни авф қиладиганлардир. Аллоҳ яхшилик қилувчиларни ёқтирадир», деган (134 – оят).
Ғазабини ютиш энг қийин ишлардан ҳисобланади. Ғазаб инсонда турли муносабатлар ила қўзғалиб туради, уни жиловлаб олиш ҳар кишининг ҳам қўлидан келавермайди. Лекин бу оғир ишни тақводор киши эплаши мумкин. Яъни, қалбида тақводорлик мавжуд бўлган инсонгина ғазабдан ғолиб чиқа олади. Исломда ғазабни ютиш улуғ ахлоқлардан ҳисобланади.
Аллоҳ таоло «Ҳужурот» сурасида: «Эй иймон келтирганлар! Кўп гумонлардан четда бўлинглар, чунки баъзи гумонлар гуноҳдир. Жосуслик қилманглар. Баъзиларингиз баъзиларингизни ғийбат қилманглар», деган (12 – оят).
Гуноҳга олиб борувчи иллатлардан бири-бадгумонликдир. Бадгумонлик кишилар ҳақида бўлар-бўлмасга ёмон шубҳалар қилиш, уларга нисбатан туҳмат ва ҳадик маъносида фикр юритишдир. Одатда, бундай гумонларнинг кўпи асоссиз, беҳуда бўлади. Шу боисдан ҳам: «...кўп гумонлардан четда бўлинглар», дейиляпти.
Ояти каримада гумондан четланишга амр қилингандан сўнг «Жосуслик қилманглар», деб бу қабиҳ ишдан қайтарилмоқда.
Одатда, жосуслик деб бировга ёмонлик етказиш ниятида айбларини ва заиф жойларини ўзига билдирмай яширинча ахтаришга айтилади. Бу иш ҳам катта гуноҳлардандир. Чин мусулмон кишининг қалби бу каби жирканч одатлардан пок бўлмоғи зарур. Боз устига, бу иш Ислом динининг асосий ғояларидан бири бўлмиш инсоннинг кароматини, ҳурмат, иззати ва обрўйини ҳимоя қилиш масаласига чамбарчас боғлиқдир.
Бадгумонлик жосусликка йўл очгани каби жосуслик ғийбатга йўл очади. Шунинг учун ҳам ояти каримада, «жосуслик қилманг»дан кейин, «Баъзиларингиз баъзиларингизни ғийбат қилманглар», деб уқтирилмоқда.
Аллоҳ таоло «Қалам» сурасида: «Ва албатта, сен улкан хулқдасан», деган (4 - оят).
Бу ояти карима Пайғамбар алайҳиссалом учун катта баҳодур. Аввало, ўтга оятда Аллоҳ у зотга «Роббинг» деб Ўз исми шарифига қўшиб хитоб қилган эди. Энди эса, у кишининг хулқларини улуғлик билан сифатламоқда.
Аввал ҳам таъкидланганидек, Оиша онамиздан у кишининг хулқлари ҳақида сўрашганда, «Хулқлари Қуръон эди», деб жавоб берганлар. Яъни, Муҳаммад алайҳиссалом Қуръондаги олий хулқлар билан хулқланганлар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръондаги барча яхши одоб-ахлоқни ўзларига сингдирганлар.
Умуман одоб, ахлоҳ, яхши хулқга Исломда катта эътибор берилган. Мазкур оят ҳам шулардан биридир.
«Ва албатта, сен улкан хулқдасан», деган хитоб билан Аллоҳ Ўзиниинг маҳбуб Пайғамбарини нақадар чиройли ахлоқ эгаси эканликларини таъкидламоқда.
Хуллас Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хулқлари ҳақида ҳар қанча гапирилса оз. Мазкур оятнинг ўзи ҳамма нарсадан устундир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен яхши хулқларни батамом қилиш учун юборилганман», дедилар». Байҳақий ривоят қилган.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Киши яхши хулқи билан кундузни рўза тутиб, кечасини намоз ўқиб ўтказадиганлар даражасига етади», дедилар». Аҳмад ривоят қилган.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч қачон на қўл остидаги ходимни ва на хотинни урмаганлар. Жиҳоддан бошқа жойда ҳеч нарсани қўллари билан урмаганлар. Икки ишдан бирини танлайдиган бўлсалар, гуноҳ бўлмаса, албатта осонини танлардилар. Агар гуноҳ иш бўлса, ундан узоқда бўлардилар. Ўзлари учун ҳеч қачон интиқом (ўч) олмаганлар. Агар Аллоҳ ҳаром қилган нарсалар содир қилинсагина, Аллоҳ учун интиқом олганлар», дедилар». Аҳмад ривоят қилган.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Аллоҳ таоло Ўзи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни барча яхши ахлоқлар билан зийнатлаган ва барча ёмон ахлоқлардан холий қилган.
Ана шундоқ тарзда Аллоҳ таоло Ўзининг бўлажак пайғамбарини ҳамма тарафдан етук бўлишини таминлаб келди.
У зотнинг насаблари ўта пок насаб бўлишини таминлади.
У зотнинг жасадлари ўта пок ва мукаммал жасад бўлишини таминлади.
У зотнинг халқлари бекаму кўст бўлишини таминлади.
У зотнинг хулқлари бекаму кўст бўлишини таминлади.

У ЗОТНИНГ АХЛОҚЛАРИ ЖУМЛАСИ

Баъзи уламолар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратлари ва сифатлари борасида келган ривоятлардан У зотнинг гўзал ахлоқлари жумласини қисқа иборалар билан ифода қилишга ҳаракат қилганлар:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг энг ҳалими, энг шижоатлиси, энг адолатлиси ва энг иффатлиси бўлганлар. У зот қўллари ўзларига маҳрам ёки никоҳда бўлмаган аёл зотига тегмаган.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг энг сахийси бўлганлар. У зот ҳузурларида динор ёки дирҳам бўлса ухлашга ётмаганлар. Агар бирор нарса ортиб қолса ва уни бергани одам бўлмаса, ўша нарсадан қутилмагунларича, муҳтож одамга бермагунларича ухламаганлар.
Аллоҳ таоло У зотга берган нарсалардан фақат бир йилга етадиган озуқани олганлар, холос. Унда ҳам муяссар бўлганича хурмоми ёки арпами олганлар ва қолганини Аллоҳ таолонинг йўлида сарфлаганлар.
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан нама сўралса, ўшани берар эдилар. Сўнгра бир йиллик озуқаларига қайтар эдилар. Кўпинча йил охиригача бирор нарса келмаса ўзлари муҳтож бўлиб қолар эдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ковушлари ва кийимларини ямар ҳамда ўз аҳллари хизматида бўлиб, улар билан бирга гўшт тўрғар эдилар.
У зот одамларнинг энг ҳаёлиси эдилар. Назарлари бировнинг юзига тик боқиш ила собит бўлмас эди.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қулнинг ҳам, ҳурнинг ҳам даъватини қабул қилар эдилар.
У зот ҳар қандай ҳадияни, агар у бир хўплам сут ёки қуённинг сони бўлса ҳам қабул қилар эдилар. Унга мукофат берар ёки ер эдилар.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам садақани емас эдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чўри ёки мискинга ижобат қилишдан ўзларини юқори тутмас эдилар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Роббилари учун ғазаб қилар, ўзлари учун ғазаб қилмас эдилар.
У зот агар ўзларига ёки саҳобаларига зарар келтирса ҳам, ҳаққа амал қилар эдилар.
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ўзлари билан бирга кишиларни бир донага зиёда бўлишига муҳтож бўлиб турганларида мушриклар зиддига мушриклардан ёрдам олиш таклиф қилинганда бош тортганлар ва «Мен мушрикдан ёрдам олмайман», деганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг яхши ва фозил саҳобаларидан бирлари яҳудийлар ичида қатл қилинган ҳолда топилганда, улардан талаб қилмай ўликнинг яқинларига ўзлари хунга юзта туя берганлар. Ҳолбуки саҳобалари бир дона туяга зор бўлиб турган эдилар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам гоҳида очликдан қоринларига тош боғлаб олардилар. Гоҳида борини тановул қилардилар, бор таомни рад қилмас эдилар.
Ҳалол таомдан ўзларини тақво учун тортмас эдилар. Нонсиз хурмонинг ўзини топсалар ўшани ер эдилар. Буғдой ёки арпа нон топсалар уни ҳам ер эдилар. Ширинлик ва асал бўлса ҳам тановул қилар эдилар. Сут бўлиб, нон бўлмаса борини тановул қилар эдилар. Қовун ёки зўл хурмони ҳам ер эдилар.
У зот ёнбошлаб ҳам, хонга қўйиб ҳам емаганлар. Вафот этганларича уч кун кетма-кет буғдой нон емаганлар. Бу ишни камбағал ёки бахил бўлганлари учун эмас, бошқаларни ўзларига устун кўрганлари учун қилганлар.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам маросимларга борар, беморларни кўрар эдилар. Жанозаларга ҳозир бўлар, душманлар ичида қўриқчисиз ўзлари пиёда юрар эдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг энг тавозулиси, кибрсиз энг сокини, гапни чўзмай энг балоғатли гапирадигани эдилар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам топган кийимни кияр эдилар. Гоҳида шамла – белдан пастга тутиб оладиган кийим, гоҳида ямандан келтирилган енги тор яхтак, гоҳида жун чопон кияр эдилар. Мубоҳ бўлган нима топсалар кияверар эдилар.
У зотнинг узуклари кумушдан бўлиб, ўнг ёки чап номсиз бармоқлларига тақиб юрардилар.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уловларига ходимлари ёки бошқаларни мингаштириб олардилар. Имкони бўлган уловни, гоҳида от, гоҳида туя, гоҳида хичир ёки эшак минар эдилар. Гоҳида ялангоёқ пиёда юрган ҳоллари ҳам бўлган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадийнанинг энг четидаги беморни ҳам кўргани борар эдилар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам хушбўй нарсани яхши ва бадбўй нарсани ёмон кўрар эдилар.
У зот камбағаллар билан бирга мажлис қурар ва мискинлар билан бирга овқатланар эдилар.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам аҳли фазл кишиларни ахлоқлари учун икром қилар, шарафли кишиларни улфат тутар ва уларга яхшилик қилар эдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қариндошларига уларни афзал кишилардан устун қўймасдан силаи раҳим қилар эдилар.
У зот бирор шахсга жаво қилмас эдилар. Узр атувчининг узрини қабул қилар эдилар.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақдан бошқани айтмаган ҳолда ҳазиллашар эдилар. Қаҳқаҳа отмасдан кулар эдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мубоҳ ўйинни тамоша қилар, уни инкор қилмас эдилар. Аҳллари билан мусобақа қилардилар. Олдиларида овозлар баланд кўтарилса, сабр қилардилар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг урғочи туя ва совлуқлари бўлиб, ўзлари ва аҳллари уларнинг сутини ичар эдилар.
У зотнинг қул ва чўрилари бўлиб, емиш ва кийишда ўзларини улардан юқори қўймас эдилар.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам вақтларини Аллоҳ таоло учун бўлган амалдан ва ўзлари учун керак бўлган ишдан бошқага сарфламас эдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларининг боғларига чиқар, мискинни камбағаллиги учун ҳақир санамас эдилар. Шунингдек, маликдан мулк учун ҳайиқмас эдилар. Унисини ҳам, бунисини ҳам баробар Аллоҳ таолога даъват қилар эдилар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳ таоло фозил сийрат ва тугал сиёсатни берган эди.
У зот жаҳолат ва фақирлик юртида, онадан қандай туғилган бўлсалар шундай ҳолда ўқиш – ёзишни ўрганмай, отасиз, онасиз ўсган эдилар.
Бас, Аллоҳ таоло У зотга барча гўзал ахлоқларни, мақталган йўлларни ва аввалги ҳамда охиргиларнинг хабарларини таълим берди. Охиратдаги нажот йўилини, бу дунёдаги ютиқ йўлини ўргатди. Аллоҳ таоло барчамизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилишни, У зотдан ўрнак олишни насиб этсин! Омийн!»

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Саккизинчи офат ndash ғийбат..Ғийбат,нинг луғатдаги маъноси бир нарсанинг кўздан тўсилишидир.Уламолар ғийбатни қуйидагича таърифлайдиларЖуржоний айтади .Ғийбат давоми...

3540 13:00 / 13.02.2021
Аллоҳ таоло Бақара сурасида шундай деб марshyҳамат қилади .Оналар фарзандларини тўлиқ икки йил эмизурлар. Бу эмизишни батамом давоми...

1607 19:00 / 04.11.2023
Муриднинг ҳоли қуйидаги олти ҳолдан бири бўлади. 1. Обид. 2. Олим. 3. Таълим олувчи. 4. Волий. 5. Ҳунарманд. 6. Аллоҳ таолонинг муҳаббатига ғарқ бўлган одам. .Обид, давоми...

2410 13:30 / 20.06.2020
Талаб ndash нарса сўраш эмас, бандалик изҳоридирТалабинг Ундан атога сабаб бўлиб, Унинг ҳақида фаҳминг озаймасин. Талабинг бандаликни изҳор қилиш ва рубубият давоми...

5691 15:57 / 27.01.2018
Аудиолар

133674 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

54019 14:35 / 11.08.2021