1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Шайтоннинг икки найранги

20:00 / 27.07.2019 3505 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Маълумки, Исломдан олдин ароқхўрлик жуда кенг ёйилган эди. Кишилар ароқхўрлик билан фахрланишар, бу борада мусобақалашиб, бир-бирларидан ўтишга ҳаракат қилишарди. Хамр шоирларнинг шеърида, муғаннийларнинг қўшиқларида бош ўринда турарди. Кишилар ароқсиз ҳаётни тасаввур ҳам қила олмас эдилар. Албатта, бу жамиятни ароқхўрлик иллатидан тозалаш осон эмас эди. Шуларни эътиборга олиб, бу муаммони муолажа қилишда Қуръони Карим аста-секинлик билан, даражама-даража ҳаракат йўлини тутган.

Ишончли ҳадис китобларида ривоят қилинишича, ҳазрати Умар ибн Хаттоб: «Эй Парвардигор! Бизга хамр тўғрисида шифо бўладиган баён бергин!» – деган эканлар. Вақти келиб, Бақара сурасидаги «Сендан хамр ва қимор ҳақида сўрарлар. Сен: «Иккисида катта гуноҳ ва кишилар учун манфаат бор ва гуноҳлари нафларидан каттадир», – деб айт» деган оят нозил бўлди. Умар розияллоҳу анҳуни чақириб, у кишига бу оят тиловат қилиб берилди. У киши яна: «Эй Парвардигор! Бизга хамр тўғрисида шифо бўладиган баён бергин!» – дедилар. Сўнгра, вақти келиб, Нисо сурасидаги «Эй иймон келтирганлар! Маст ҳолингизда намозга яқинлашманглар» деган оят нозил бўлди. Ҳазрати Умар чақирилиб, бу ояти карима ҳам у кишига тиловат қилиб берилди. У киши яна: «Эй Парвардигор! Бизга хамр тўғрисида шифо бўладиган баён бергин!» – дедилар. Ва, ниҳоят, Моида сурасидаги «Албатта, шайтон ароқ ва қимор туфайли ораларингизга адоват ва нафрат солишни ҳамда сизларни Аллоҳнинг зикридан ва намоздан тўсишни истайдир. Энди тўхтарсизлар?!» ояти нозил бўлди. Яна ҳазрати Умар чақирилиб, бу оятни ҳам тиловат қилиб беришди. Шунда у киши: «Тўхтадик!!! Тўхтадик!!!» – деб қичқирдилар.

Аллоҳ таоло Ўз ҳукмларини мусулмон жамияти ҳаётининг барча соҳаларига жорий эта бориб, ҳамма соҳаларда ҳалол нима-ю, ҳаром нималигини баён қилиб, бу илоҳий қонунлар остида яшовчи жамиятни турли бўлмағур ҳукмлар ва қонунлардан, урф-одатлардан, руҳий-маънавий жиноятлардан, ақийда бузуқлигидан, зулм ва жиноятлардан ҳамда ноҳақ муомалалардан тозалаб келмоқда. Ўзининг каломида ҳам ноисломий жамиятларда кенг тарқалган, кўплаб халқларнинг бошига мусибат бўлиб ёғилган баъзи нарсаларнинг ҳаромлигини билдиради.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

ﭑ ﭒ ﭓ ﭔ ﭕ ﭖ ﭗ ﭘ ﭙ ﭚ ﭛ ﭜ ﭝ ﭞ ﭟ ﭠ

Эй иймон келтирганлар! Албатта, хамр, қимор, бутлар ва (фол очар) чўплар ифлосдир. Шайтоннинг ишидир. Бас, ундан четда бўлинг. Шоядки, зафар топсангиз. (Моида сураси, 90-оят).

Араб тилида «хамр» сўзи «тўсиш», «беркитиш» маъноларини англатади. Тановул қилган кишининг ақлига таъсир этадиган, унинг ақлини тўсадиган, беркитадиган, бошқача қилиб айтганда, маст қиладиган ҳар бир нарсага «хамр» дейилади. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида «Ҳар бир маст қилувчи нарса хамрдир, ҳар бир хамр ҳаромдир», дейилган.

«Қимор» аслида арабча сўз, аммо оятда айнан «қимор» сўзи эмас, балки унинг муродифи – «майсир» сўзи келтирилган. Бу эса осонлик билан мол топиш маъносини билдиради. Яъни қиморнинг ҳақиқий маъносига далолат қилади.

Аллоҳ таоло ушбу оятда хамр тановул қилиш ва қимор ўйнаш каби амалий гуноҳларни бутга чўқиниш ва фолбинга ишониш каби куфр ва ширк саналган улкан маънавий жиноятларга тенглаштирмоқда. Баъзи одамлар бутга чўқинишдан қаттиқ ҳазар қиладилар, ўлиб кетса ҳам бу ишни қилишга кўнмайдилар. Аммо ароқни ичаверадилар, қиморни ўйнайверадилар. Фолбинга бориш ҳақида ҳам шу фикрни айтиш мумкин. Аллоҳ таоло бу ишларнинг барчасини қўшиб-жамлаб туриб, бир хил баҳо бермоқда:

«Албатта, хамр, қимор, бутлар ва (фол очар) чўплар ифлосдир. Шайтоннинг ишидир», – демоқда.

Сўнгра иймон келтирган бандаларига хитоб қилиб:

«Бас, ундан четда бўлинг. Шоядки, зафар топсангиз», – демоқда.

Яъни «Шоядки, ушбу ифлосликдан ва шайтоннинг ишидан четда туриш мўмин бандаларнинг нажот топишларига сабаб бўлса», – демоқда.

Кейинги оятда эса Аллоҳ таоло хамр билан қиморнинг зарарларини ҳам ушбу суранинг сиёқига мос келадиган равишда эслатиб ўтмоқда:

ﭡ ﭢ ﭣ ﭤ ﭥ ﭦ ﭧ ﭨ ﭩ ﭪ ﭫ ﭬ ﭭ ﭮ ﭯ ﭰ ﭱﭲ ﭳ ﭴ ﭵ ﭶ

Албатта, шайтон хамр ва қимор туфайли ораларингизга адоват ва нафрат солишни ҳамда сизларни Аллоҳнинг зикридан ва намоздан тўсишни истайдир. Энди тўхтарсизлар?! (Моида сураси, 91-оят).

Юқорида ўтган оятларда аввалги умматларнинг ҳалокатига уларнинг ораларига тушган адоват ва хусумат ҳам сабаб бўлгани эслатилган эди.

Бундай ўзаро адоват ва хусумат мусулмонлар орасида ҳам пайдо бўлишига хамр билан қимор сабаб бўлиши мумкинлиги таъкидланмоқда. Хамрнинг шахсга, оилага, жамиятга ва бутун инсониятга келтирадиган зарарлари ҳақидаги маълумотлар жуда ҳам кўп, маълум ва машҳурдир. Бу ҳақиқатларни бутун дунё – мусулмон ҳам, кофир ҳам, худосиз ҳам, ҳатто ароқхўрнинг ўзи ҳам яхши билади. Биз у маълумотларни такрорлаб ўтирмайлик-да, ушбу ояти каримада зикр қилинган зарарини – кишилар ўртасида адоват ва ёмон кўришга сабаб бўлишини эслаб ўтайлик. Агар эътибор берадиган бўлсак, қаерда ичкилик бўлса, ўша жойда кўнгилсизлик келиб чиқади. Ичкилик туфайли оилалардан бузилгани қанча, ака-укалар, ота-болалар, дўст-оғайни, қўни-қўшнилардан бир-бирига душман бўлгани қанча. Ишхона, маҳалла-кўй, тўй-маросим, дам олиш жойлари ва жамоатчилик тўпланадиган ерлардаги адоват ва ёмон кўришларнинг эса ҳисобига етиб ҳам бўлмайди. Ҳозирга келиб, ароқхўр давлат раҳбарлари сабабли ичкилик мамлакатлар орасига ҳам адоват солмоқда.

Шунингдек, қимор ҳам зарари кўп иллатдир. Айниқса, бу иллатнинг кишилар ўртасига адоват ва хусумат солиши ҳаммасидан ўтиб тушади. Буни содда мантиқ ҳам кўрсатиб туради. Ютқазган қиморбоз ўзидан бир дақиқада бир ҳаракат ила катта ёки оз миқдордаги маблағни ютиб олган қиморбозни ҳеч қачон яхши кўрмайди ёки унга ўзини дўст санамайди. Қиморнинг орқасидан чиққан жанжаллар, душманликлар, ёмон кўришлар, қотилликлар ҳақида ҳар доим эшитиб турамиз.

Аллоҳ таоло бу икки нарсани – хамр ва қиморни «ифлослик ва шайтоннинг иши» деб атамоқда. Аллоҳ Ўз бандаларига меҳрибон бўлгани учун уларни ифлослик ва шайтоннинг ишидан қайтаради. Нопок таомларни зарарли бўлгани учун ҳаром қилганидек, ифлос ишларни ҳам бандаларига зарарли бўлгани учун ҳаром қилади.

Ушбу ояти каримада зикр қилинган ароқ билан қиморнинг зарарларидан иккинчиси – уларнинг одамларни Аллоҳнинг зикридан ва намоздан тўсиши. Бу маълум ва тушунарли ҳол. Ароқхўрнинг ароқ ичишининг ўзи Аллоҳни эсламаслигига далил. Ичиб, маст бўлиб олгандан кейин эса умуман эсга олмайди. Бошқа ишлар қатори, намоз ҳам ароқхўрнинг эсидан чиқади. Шунингдек, қиморга берилиб кетган қиморбоз Аллоҳнинг зикрини ҳам, намозни ҳам унутади. Бу нарса ароқ ва қимор келтирадиган зарарларнинг энг каттасидир. Бошқа жиноятлар шу унутишдан келиб чиқади.

Ароқхўрликка қарши гапирсанг, баъзилар «Сенинг ишинг нима? Ичса, ўзининг пулига ичибди. Зарар кўрса, ўзи кўради», – дейишади.

Исломда бундай фалсафа йўқ. Мусулмон одам фақат ўзи учун яшамайди. У ўзидан ташқари, оиласи, қариндош-уруғи, жамияти, қолаверса, бутун инсоният олдида масъулиятли шахс ҳисобланади. Энг муҳими – Аллоҳнинг олдида масъулиятлидир. Шунинг учун ҳам у аввало, ўз жони олдидаги масъулиятни ҳис этиб, ароқ туфайли молу мулкини, соғлиғини ва обрўсини йўқотиш билан ўзини қийнамаслиги керак. Шунингдек, оиласини ҳам қийнашга ҳаққи йўқ. Оилани боқиб, кийинтириб, яхши жой билан таъминлаб, унинг обрўсини ҳимоя қилиш ўрнига, топганини ичиб, етмаса, оиланинг бошқа аъзолари топган унча-мунча маблағни ҳам сарфлаб, уларнинг ҳам обрўсини тўкиш катта жиноят ҳисобланади. Шунингдек, қариндош-уруғлар ҳам ундаги ҳақларидан бебаҳра қолмасликлари керак.

Ароқхўр киши жамият унга яратиб берган имтиёзлардан фойдаланса-ю, ўзи унга хизмат қилиш ўрнига, тирик товон бўлиб, ногиронлик нафақаси сўраб турса, шунда ҳам ароқхўрлик «ўзининг иши» бўладими?!

Ароқхўрнинг Аллоҳ таоло олдидаги масъулияти ҳақида ҳар қанча гапирсак, шунча оз. Қисқа қилиб айтганда, ароқхўр Аллоҳни бутунлай унутган одам бўлади. Бундай одам ҳақида қандай қилиб «Ичса, ўзининг пулига ичибди, зарар кўрса, ўзи кўради», дейиш мумкин?!

Булар оддий фуқаронинг ароқхўрлиги ҳақидаги гаплар. Энди агар ароқхўр масъул одам, вазифадор ёки ҳоким бўлса нима бўлади? Ароқни ўз пулига эмас, халқнинг пулига ичса, порага олган пулига ичса, ҳаромдан топган, бировнинг ҳаққидан юлиб қолган маблағига ичса-чи? Унда жиноят бир неча чандон кучаяди ва зарарлар ҳам шунчалик кўпаяди. Табиийки, Аллоҳнинг олдидаги гуноҳлар ҳам шунга яраша бўлади.

Ҳар бир ишда фақат Аллоҳга ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилмоқ керак. Шунда одам икки дунё саодатига эришади. Бу итоатдан фақат банданинг ўзигина фойда топади. Пайғамбарнинг вазифаси – Аллоҳдан келган нарсани очиқ баён қилиб бериш, холос. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам бу вазифани мукаммал адо этдилар. Энди умматлар қиёматгача итоатда бўлишлари керак.

«Тафсири Ҳилол» китоби асосида тайёрланди.

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Гоҳида ғийбат қалб билан ҳам содир этилади. Бу мусулмонлар ҳақида ёмон гумон қилиш ила бўлади.Аллоҳ таоло Ҳужурот сурасида марҳамат қилади .Эй иймон давоми...

4472 19:10 / 11.01.2019
Тўртовлари борки, уларга ҳеч қачон хиёнат қилма1. Роббинга2. Дининга3. Пайғамбаринга4. Ватанинга Тўрт кишига жафо қилма1. Отанга2. Онанга3. Акаукаларинга4. Опа давоми...

1030 11:03 / 05.12.2023
Қўшни кўчадаги уйда яшайдиган амакимнинг ўғли, еттинчи синф ўқувчиси ndash Маъруфнинг эрталаб рюкзагини елкасига илиб олганча қаергадир югуриб кетаётганини кўриб, давоми...

5283 11:00 / 17.12.2023
Titan Титанndash ушбу инсонлар томонидан ихтиро қилинган янги ва юқори технологияли сув ости кемаси батискаф 3000 метр чуқурликда кучли босимга дош беролмай портлаб давоми...

1984 09:00 / 03.08.2023