1446 йил 9 жумадул аввал | 2024 йил 11 ноябрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

БАНДАНИНГ «ҲАЛИЙМ» СИФАТИДАН ОЛГАН НАСИБАСИ

05:00 / 28.02.2017 3624 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Ҳалийм» сифати «ҳилм» сўзидан олинган бўлиб, луғатда «шошмасдан оқилона иш тутиш» ва «ёмонлик қилганга ёмонлик қайтармаслик» маъноларини билдиради.

Уламолар ҳилмни қуйидагича таърифлайдилар:
Роғиб: «Ҳилм ғазаб қўзига пайтда нафс ва табъни тутиб турмоқдир», деган.
Жоҳиз айтади: «Ҳилм ғазаби қўзиб турганда қудрати етса ҳам, интиқом олмасликдир».
Журжоний: «Ҳилм ғазаб ғалаён қилган чоғда хотиржам бўлишдир. Яна золимни жазолашни ортга суришдир», деган.
Ибн Мановий: «Ҳилм қади юқори кишининг ўзидан пастнинг озорини кўтариш, каттанинг ҳаққига жиноят қилганни жазоламаслик ва бадандаги ақл тақозо қиладиган босиқликдир», деган.
Ибн Ҳиббон раҳматуллоҳи алайҳ айтади: «Ҳилм асли яратилишда, табиатда бўлиши ҳам, уни касб қилиш ҳам мумкин. Мазкур иккисидан таркиб топган бўлиши ҳам мумкин. Ҳилмнинг аввали яхшилаб аниқлаш, кейин азму қарор. Сўнгра сабр ва ундан кейин ризо».
Ҳилм икки хил бўлади.

Биринчиси – Аллоҳ таолонинг қазои қадари ила бошга тушадиган мусибатларга нисбатан ҳалийм бўлиш.
Иккинчиси – Инсоннинг халойиқ ва бошқа махлуқот тарафидан бошига тушадиган мусибатларга нисбатан ҳалийм бўлиши.

Ҳилм энг шарафли ва ақл эгалари учун муносиб ахлоқлардан биридир. Зеро, унда обрў ва жасаднинг саломатлиги ҳамда мақтовни жалб қилиш бор.
Ҳилмга сабаб бўладиган омиллар ўнтадир:
1. Жоҳилларга раҳмли бўлиш.
Мансурул ҳикамда: «Ҳилмнинг энг ишончли омилларидан бири жоҳилларга раҳм қилишдир», дейилган.
2. Ғолиб бўлишга қудрат етиши.
Бундай пайтда ҳалимлик қилиш бағрикенгликка долалат қилади.
3. Сўкишдан тийилиш.
Бу шараф ва олийҳимматлик орқали пайдо бўлади.
4. Ёмонлик қилувчини пастга уриш.
Мисъаб ибн Зубайр Ироққа волий бўлганда лашкарларга улуш беришга киришди. Жарчига амр қилиб: “Амр ибн Журмуз қаерда?!” деб жар солдирди. Амр волийнинг отаси Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳуни қатл қилган эди. Унга қотилнинг қочиб кетгани айтилди.
Шунда у: «Нима, отамнинг ўчини олади, деб гумон қилмоқдами?! Омон ҳолида чиқиб, ўз тегишини тўлиқ олсин!» деди.
5. Жавоб мукофотидан ҳаё қилиш.
Бунинг боиси нафсини сақлаш ва баркамол мурувватдир.
6. Сўкувчига фазл кўрсатиш.
Бунинг боиси карамлилик ва улфат муҳаббатидир.
Аҳнаф ибн Қайс раҳматуллоҳи алайҳ бундай деган эди: «Қачон менга биров адоват қилса, албатта, унга нисбатан уч хислатдан бирини кўрсатганман: агар мендан устун бўлса, унинг қадрини билганман; агар мендан паст бўлса, қадримни ундан устун қўйганман; агар мен билан тенг бўлса, унга фазл кўрсатганман».
7. Сўкувчига эътиборсизлик кўрсатиш ва сўкишни кесиш.
Бунинг боиси қаътиятли бўлишдир.
8. Жавоб уқубатидан хавфсираш.
Бунинг боиси нафснинг заифлигидир.
Шунинг учун ҳам, ҳилм офатлар ҳижобидир, дейилган.
9. Бўлиб ўтган яхшилик ва ҳурматнинг риояси.
Бунинг боиси вафодорлик ва аҳдда туришдир.
10. Макр ва махфий фурсатни кутиш.
Бунинг боиси ҳийлагарликдир.
Ғазабни ютиш ғазаб чиққандан кейин уни босишга уриниш бўлса. ҳилм эса, ғазаб келган пайтда ғазабнинг чиқмаслигидир.
Қуръони карим ва ҳалимлик
Ҳалимлик – анбиёларнинг сифати.
Аллоҳ таоло «Тавба» сурасида: «Иброҳимнинг отаси учун айтган истиғфори унга берган ваъдаси устидан эди, холос. Вақтики, унга отасининг Аллоҳга душман эканлиги аён бўлганда ундан воз кечди. Албатта, Иброҳим тазарруъли ва ҳалиймдир», деган (114-оят).
Яъни, отаси Иброҳим алайҳиссалом билан тортишиб, уни сўкиб, тошбўрон қилмоқчи бўлганда ҳалим сифатли Иброҳим алайҳиссалом: «Сенинг учун Аллоҳга истиғфор айтаман», деб ваъда берган эди. Ана шу ваъдага вафо қилиш учун отасига истиғфор айтди, холос.
Кейинчалик унга отаси Аллоҳнинг душмани экани аён бўлди. Ўшанда у отасидан воз кечди. Демак, бўлиб ўтган истиғфор айтиш Иброҳимнинг алайҳиссалом шахсий сифатларидан келиб чиққан.
«Албатта, Иброҳим тазарруъли ва ҳалимдир».
Биз «тазарруъли» деб таржима қилган сўз оятда «оввоҳун» деб келган. Яъни, кўп нола қилиб, оҳ урувчи киши деганидир.
Ҳалийм эса, озорларга сабр қилувчи, кечирувчи шахсдир.
Аллоҳ таоло «Ҳуд» сурасида: «Улар: «Эй Шуайб, сенга бизнинг оталаримиз ибодат қиладиган нарсани тарк қилмоғимизни ёки молларимизда хоҳлаганимизни қилмаслигимизни намозинг амр қилмоқдами?! Сен жуда ҳалийм ва рашид экансан-да», дедилар», деган (87-оят).
Яъни, сен ҳалим – жуда сабрли, босиқ ва ақли-ҳуши жойида, ниҳоятда тўғри тасарруф қиладиган одам экансан-да, дерлар.
Аллоҳ таоло «Соффаат» сурасида бундай дейди: «Бас, Биз унга бир ҳалийм ўғилнинг хушхабарини бердик. Бас, қачонки (бола) унинг ўзи билан бирга юрадиган бўлганида: «Эй ўғилчам, мен тушимда сени сўяётганимни кўрмоқдаман, боқиб кўр, нима дерсан?» деди. У: «Эй отажон, сенга амр этилганни бажар, инша Аллоҳ, мени сабр қилгувчилардан топурсан», деди» (101–102-оятлар).
Ёши бир жойга бориб қолган, бегона юртларда муҳожир бўлиб юрган бефарзанд Иброҳим алайҳиссалом учун бу жуда буюк бир хушхабар эди.
Узоқ давом этган фарзандсизликдан кейин фарзандли бўлиш қанчалик бахт!
Узоқ давом этган фарзандсизликдан сўнгра, айниқса, ўғиллик бўлиш қанчалик бахт!
У ўғилнинг ҳалим бўлиши қанчалик бахт!
Кейинги ояти каримадаги ота-бола ўртасидаги биргина савол-жавоб инсоният тарихида Аллоҳ йўлида кўрсатилган фидокорликнинг ва ҳалимликнинг энг юксак намуналаридан бири бўлиб қолди. Бу мисол орқали Аллоҳ таолога нисбатан одобнинг энг юқори чўққиси, Унинг йўлида ҳеч нарсани аямасликнинг энг юксак намунаси кўрсатилди.
Иброҳим алайҳиссалом умр бўйи жоҳил, мушрик, Аллоҳни тан олмаган, нобакор бир қавм билан баҳслашиб, улар томонидан турли жафолар чеккан, ҳатто катта гулханга отилган қари бир одам эди.
У зот ноилож қолиб, ватанини, элини, халқини, яқинларини, уй-жойини, барча манфаатларини тарк этиб, бошқа юртга ёлғиз ҳижрат қилган.
Ёши улғайиб, фарзанд кўришдан умиди узилган бир пайтда Аллоҳ таоло унга ҳалим бир ўғил берди. У зот ўғлини кўз қорачиғидек авайлаб-асраб ўстирди. Фарзанд ота-онасининг кўз қувончи бўлиб ўсиб борди. Ота боласини кўриб қувонар эди.
«Бас, қачонки (бола) унинг ўзи билан бирга юрадиган бўлганида...»
Ёлғиз ўғли Иброҳим алайҳиссалом билан бирга юрадиган бўлиб, отасининг ёнига кирган чоғда, тафсирчи уламолар айтишларича, ўн уч ёшга тўлганида, ота боласига қараб:
«Эй ўғилчам, мен тушимда сени сўяётганимни кўрмоқдаман, боқиб кўр, нима дерсан? деди».
Кексайиб қолганда кўрган жигарбандини отанинг ўзи сўймоқчи! Аллоҳнинг йўлида сўймоқчи! Тушида шуни кўрибди. Ота тушини Аллоҳнинг амри деб қабул қилди. Чунки пайғамбарларнинг туши ваҳийдир.
Бир марта эмас, бир неча бор кўрибди, шунинг учун ҳам жигарбандига: «Сени сўяётганимни кўрмоқдаман», деди. “Кўрдим”, демади.
Бу иш Аллоҳ учун ҳижрат қилган одамга катта синов эди. Умр бўйи дину диёнат йўлида турли синовлардан ўтиб келган Зотга яна бир бор улкан синов рўбарў бўлди. Қариганида топган жигаргўшасини, эндигина ёнига кириб, ўзи билан бирга юрадиган бўлганида ўз қўли билан сўйиши керак эди.
Мўмин, мухлис банда бўлган Иброҳим алайҳиссалом бу ишни ўзига хос ҳалимлик, босиқлик, хотиржамлик ва ишонч билан қабул қилиб олди. Иккиланмади, қандай бўлар экан, деб ўйлаб ўтирмади, қутулиш учун бошқа чора изламади.
Лекин масаланинг иккинчи томони бор эди. Сўйилиши лозим бўлган қурбонлик одам эди. Жони бор, қони бор, эси-ҳуши, ақли бор эди.
Иброҳим алайҳиссалом фарзандидаги шу жиҳатларни ҳисобга олган ҳолда Исмоилнинг бу ишга қанчалик тайёрлигини синаб, унга маслаҳат солди.
«Эй ўғилчам, мен тушимда сени сўяётганимни кўрмоқдаман, боқиб кўр, нима дерсан?» деди.
Ҳа, бу нафақат отага, балки боласига ҳам синов эди. Ота узоқ умри давомида кўпгина синовлардан ўтган. Ўғил эса, энди биринчи бор жиддий синовга рўбарў бўлаётган эди.
Ўғил Аллоҳ таоло туғилишидан олдин хабар бериб қўйганидек, ҳалим эди. Ҳар қандай оғирликни ҳам чидам билан қарши олишга тайёр фарзанд эди. Шундай бўлди ҳам,
«У: «Эй отажон, сенга амр этилганни бажар, иншааллоҳ, мени сабр қилгувчилардан топурсан», деди».
Эй отажон! Сенга мени сўйиш амр қилинган бўлса, мени сўй. “Болажонимни сўйсам, у нима қилар экан?” деб ўйлаб ўтирма. Мен Аллоҳ хоҳласа, сабр этаман, сабр қилувчи бандалардан бўлишга ҳаракат қиламан”, деди.
Нақадар жасорат!
Нақадар одоб!
Нақадар Аллоҳнинг амрига итоат!
Нақадар ҳалимлик!

Суннати мутоҳҳара ва ҳалимлик

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир киши: «Эй Аллоҳнинг Расули, менинг қариндошларим бор. Мен уларга силаи раҳм қиламан, улар кесадилар. Мен уларга яхшилик қиламан, улар менга ёмонлик қиладилар. Мен уларга ҳалимлик қиламан, улар менга жоҳиллик қиладилар», деди.
«Агар сен ўзинг айтганингдек бўлсанг, худди уларга иссиқ кулни едираётгандексан. Модомики шу ҳолда бардавом бўлар экансан, Аллоҳ томонидан сен билан бирга уларнинг қаршисига бир ёрдамчи бўладир», дедилар».
Тўртовлари ривоят қилишган.

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қоқилмагунча ҳалим бўлмас. Тажриба кўрмагунча ҳаким бўлмас», дедилар».
Термизий, Аҳмад ва Ҳоким ривоят қилган.

Зореъ ал-Қайсий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мунзир Ашжаъга: «Сенда Аллоҳ хуш кўрадиган икки хислат; ҳилм ва шошмаслик бор», дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули, уларни мен ўзим хулқ қилиб олганманми ёки Аллоҳ мени шундоқ қилганми?» деди.
«Аллоҳ сени шундоқ қилган», дедилар.
«Мени Аллоҳ ва Унинг расули хуш кўрадиган икки хислатли қилиб қўйган Аллоҳга ҳамд бўлсин», деди у».
Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Охири замонда бир кишилар чиқади. Улар дин ила дунёни талаб қиладилар. Улар одамлар учун юмшоқ қўй териларини киядилар. Тиллари шакардан ҳам ширин. Қалблари эса, худди бўриларнинг қалбларидек. Аллоҳ азза ва жалла «Мен ила ғурурга кетдиларми ёки Менга журъат қилдиларми?! Бас, Ўзим ила қасам ичиб айтаманки, албатта, ўшаларнинг бошларига уларнинг ўзларидан фитна юбораман. У ҳалимни ҳам ҳайрон қолдиради», дейди».

Муставрид ал-Қурашийрозияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «У киши Амр ибн Оснинг олдида «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Қиёмат қоим бўлганда румлар одамларнинг кўпи бўладилар», деганларини эшитдим», деди.
«Нима деяётганингга қара!» деди Амр унга.
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган нарсани айтмоқдаман», деди.
«Агар улар ҳақида ўша гапни айтсанг, уларда тўрт хислат бўлади: фитна пайтида инсонларнинг энг ҳалимроғи бўлади, мусибатдан кейин энг тез ўзига келадиган ҳамда қочгандан кейин энг тез қайта қувганлар бўладилар. Уларнинг энг яхшиси мискин, заиф ва етим бўлади. Уларда бешинчи гўзал яхшилик-подшоҳларнинг зулмидан энг кўп ман қилинганлар бўладилар», деди». Муслим ривоят қилган.
Марриз Заҳронда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам лашкарларга олов ёқишни амр қилдилар. Катта олов ва кишилар ҳаракатини сезиб қурайшликлар сергакландилар. Абу Суфён ҳам гап нимадалигини билиш учун шаҳардан ташқарига чиқди. У ўзича: «Бу кечадагига ўхшаш оловни ва аскарни ҳеч кўрганим йўқ эди», деди.
Аббос ибн Абдулмуттолиб мусулмон ҳолида аҳли аёли билан Маккадан чиқиб, аскарга келиб қўшилган эди. У қоронғида Абу Суфённи излаб топди ва: «Мана, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамлар билан келдилар. Қурайшнинг ҳолига вой!» деди.
У мусулмонлардан бирортаси Абу Суфённи ўлдириб қўйишидан хавфсираб, уни хачирига мингаштирган ҳолда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб келди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Суфённи кўришлари билан: «Шўринг қурисин, эй Абу Суфён, Аллоҳдан ўзга ибодатга сазовор Зот йўқлигини биладиган вақт келмадими?!» дедилар.
Абу Суфён: «Ота-онам сизга фидо бўлсин. У зот сизни қандоқ ҳам ҳилмли, қандоқ ҳам карамли, қандоқ ҳам силаи раҳмлик қилди. Аллоҳга қасамки, шуни аниқ билдимки, агар Аллоҳдан ўзга илоҳ бўлганида, менинг бирор ҳожатимни чиқарар эди», деди.
У зот: «Шўринг қурисин, эй Абу Суфён, мени Аллоҳнинг Расули эканимни биладиган вақт келмадими?!» дедилар.
Абу Суфён: «Ота-онам сизга фидо бўлсин. У зот сизни қандоқ ҳам ҳилмли, қандоқ ҳам карамли, қандоқ ҳам силаи раҳмлик қилди. Аллоҳга қасамки, бу ҳақда ҳалигача кўнгилда бир нарса бор», деди.
Шунда Аббос гапга аралашиб: «Шўринг қурисин! Мусулмон бўл! Бўйнингдан чопмасимиздан аввал «лаа илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадун Расулуллоҳ» деб шаҳодат келтир!» деди.
У шаҳодат келтириб мусулмон бўлди.

Ҳилм ҳақидаги ҳикматли гаплар:

Ҳасан Басрий: «Яхши гап амри маъруф, наҳйи мункар, ҳилму афв, кечирим ва ширин сўзлардан иборатдир», деган.
Луқмони Ҳаким айтади: «Уч тоифа уч нарсадан билинади: ҳалийм фақат ғазаби чиққанда; шижоатли урушда; биродар ҳожат тушганда».
Умар розияллоҳу анҳу: «Илмни таълим олинглар. Илм учун сокинлик ва ҳалимликни таълим олинглар», деган.
Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу шундай дейди: «Яхшилик мол ва боланинг кўп бўлишида эмас. Яхшилик илм ва ҳилмнинг кўплигида ва Аллоҳ таолонинг ибодати ила мақтанмасликдадир. Яхшилик қилса, Аллоҳ таолога ҳамд айтиб, ёмонлик қилса, У зотга истиғфор айтишдадир».
Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу: «Ҳалиймга ҳилмидан келадиган аввалги фойда одамларнинг ҳаммаси жоҳилга қарши унга ёрдам беришларидир», деганр.
Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу айтади: «Банда токи ҳилми жаҳлидан, сабри шаҳватидан устун бўлмагунча фикр эгаси даражасига ета олмайди. Бунга эса, фақатгина илм қуввати ила етилади».
Омир Шаъбий раҳматуллоҳи алайҳ: «Илмнинг зийнати илм аҳлининг ҳалим бўлишидир», деган.

Ҳилмнинг фойдалари:

1. Ҳилм эгасига Аллоҳнинг муҳаббати ва розилигини касб қилдирадиган сифатдир.
2. Ҳилм ақлнинг комиллигига далилдир.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Қачон бирингиз таом еса, Алоҳнинг исмини зикр қилсин. Агар аввалида Аллоҳнинг исмини давоми...

3166 05:00 / 28.02.2017
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу ривоят қилади Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деб марҳамат қилдилар quotБирбирингизга ҳасад қилманг. Ўрталарингизга давоми...

3352 05:00 / 01.03.2017
Аллоҳ буюради Сизлар Аллоҳни унутиб қўйган яъни, У зотнинг амрфармонларига итоат этмаган, бас шундан кейин, Аллоҳ уларга ўзларини ҳам унуттириб қўйган кимсалар давоми...

15164 17:21 / 25.10.2018
Аллоҳ таоло .Осмонлардаги ва ердаги нарсалар Аллоҳга тасбеҳ айтди. Ва у Азийз ва Ҳакиймдир,, деган Ҳадид, 1.Тасбеҳ айтиш, улуғлаш, поклаш, нуқсонсиз, деб ёд этиш каби давоми...

12016 05:00 / 28.02.2017
Аудиолар

134077 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

54421 14:35 / 11.08.2021