1447 йил 21 жумадис сони | 2025 йил 12 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ёққа тушган сичқон ҳақида сўрадилар

20:00 / 22.07.2019 4512 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(Йигирма тўртинчи суннат)

 Маймуна розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ёққа тушган сичқон ҳақида сўралди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Уни ва атрофидаги(ёғ)ни олиб ташланг-да, ёғингизни еяверинг», дедилар».

Бошқа бир ривоятда:

«Сичқон ёққа тушиб қолса, агар у қотган бўлса, у(сичқон)ни ва атрофидаги(ёғ)ни олиб ташланг. Агар у суюқ бўлса, бас, унга яқинлашманг», дедилар».

Бешовларидан фақат Муслим ривоят қилмаган.

Шарҳ: Аввало, ҳадиснинг ровияси Маймуна онамизнинг таржимаи ҳоллари билан танишиб олайлик:

Мўминларнинг онаси Маймуна бинти Ҳорис ибн Ҳазн ал-Ҳилолия.

Бу фозила аёл жоҳилият даврида Масъуд ибн Амр ибн Умайр Сақафий билан турмуш қурган эдилар. Сўнг у кишидан ажрашиб кетдилар ва Абу Руҳм ибн Абдул­изза ибн Абу Қайсга турмушга чиқдилар. Кўп ўтмай, Абу Руҳм вафот этиб, ҳазрати Маймуна бева қолдилар.

Набий алайҳиссалом Маккани фатҳ қилганларидан Маймуна ниҳоятда хурсанд эдилар. Бир куни опалари Умму Фазлга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган чексиз муҳаббатлари ҳақида сўзладилар. Улар Хадича онамиздан сўнг Исломни қабул қилган аёллар эдилар. Умму Фазл Аббосга:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бориб, «Маймуна сизга қўлини беряпти», деб айтинг», дедилар. Аббос бундай совчилик қилишга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан тортиниб, ўзлари бормай, акаларининг ўғлини юбордилар. Шундан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маймуна онамизга тўрт юз (беш юз, деганлар ҳам бор) дирҳам маҳр бериб, уйландилар. Бу иш еттинчи ҳижрий санада содир бўлди.

Маймуна онамиз Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг охирги уйланган аёллари эдилар.

Ибн Шиҳоб айтадилар: «Маймуна онамиз ўзларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳиба қилган эдилар. Шунингдек, Қатода ҳам «Аллоҳ таоло Маймуна ҳақида «Мўмина аёл ўзини Пайғамбарга ҳиба қилди» деган ояти каримани нозил қилди», дейдилар.

Ҳазрати Маймуна Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламдан 76та ҳадиси шариф ривоят қилдилар. Шулардан биттасига Имом Бухорий ва бештасига Имом Муслим якка ҳолда, еттитасига биргаликда иттифоқ қилишди. Маймуна онамиздан опа-сингилларининг ўғиллари: Абдуллоҳ ибн Аббос, Язийд ибн Мадад ибн ал-Ҳад, Абдурраҳмон ибн ас-Саиб ал-Халамий, Язийд ибн ал-Асом ва Убайдуллоҳ ал-Жавланий, Сулаймон ибн Ясар, Иброҳим ибн Абдуллоҳ ибн Маъбад, Кариб Мавлии ибн Аббос, Убайда ибн ас-Сибоқ ва Олия бинти Собиъ ва бошқалар ривоят қилганлар.

Маймуна онамизнинг вафот этган йиллари тўғрисида ихтилоф бор. Ибн Саъд ва ал-Ҳакимнинг айтишларига қараганда, у киши вафот этганларида ёшлари саксон бирда эди.

Бу ҳадиси шарифдан олинадиган ҳукм ҳадиснинг ўзида очиқ-ойдин айтилмоқда:

1. Агар сичқон қаттиқ ёққа тушса, сичқоннинг ўзи ва ёғдан у теккан жой атрофи билан олиб ташланади. Қолган ёғни еса бўлаверади.

2. Агар сичқон суюқ ёққа тушса, ҳаммасини ҳаром қилади. У ёғни ейиш учун яқин ҳам келиб бўлмайди. Сичқонга бошқа унга ўхшаш ҳайвонлар ҳам қиёс қилинади. Шунингдек, ёққа бошқа унга ўхшаш асал, сув каби нарсалар ҳам қиёс қилинади.

 «Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
868. Жундаб ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар .Ким мақтанишини ёйса, Аллоҳ унинг шармандалигини давоми...

3511 19:00 / 25.03.2023
Ҳижрий 3 йил, рабиъул аввал, 14 кеча мил. 624 йил 3 сентябрь Каъб ибн Ашраф ўлдирилди у она тарафдан яҳудий бўлиб, Бань Назир яҳудийлари бошлиқларидан бири эди. Ислом давоми...

2085 17:30 / 29.10.2021
410. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Одам боласи вафот этса, унинг уч нарсадан бошқа амали кесилади садақаи давоми...

4698 13:04 / 11.09.2020
402. Абу Марсад Ғанавий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Қабрларнинг устига ўтирманглар. Уларга қараб намоз ўқиманглар,, давоми...

2676 19:00 / 13.04.2024
Аудиолар

212810 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар