Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1441 йил 20 рабиъул аввал | 2019 йил 17 ноябрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN AR
Ҳадис

Ҳадис дарслари (42-дарс). «Форуқ» лақабини олган халифа (Иккинчи мақола)

17:00 / 22 июль 914 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳазрати Умар ўз халифаликлари даврида кўплаб ислоҳотлар, янгиликлар қилдилар. Мусулмонларнинг Байтулмолларини таъсис этдилар. Басра ва Куфа шаҳарларини қурдилар. Катта ободончилик ишларини олиб бордилар, халифаликни юритиш ишларида катта янгиликларни амалга оширдилар. Бу зот халифаликни ниҳоятда адолат билан юргиздилар, Ислом динининг равнақи йўлида ниҳоятда катта хизмат қилдилар.

Ҳазрати Умар олим, тадбирли, доно, тақволи, дунёда зоҳид, аччиқ бўлсада, ҳақ сўз сўзловчи киши эдилар. У киши ҳаммаси бўлиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан 539та ҳадис ривоят қилдилар. Бу зотдан бир нечта саҳобалар ривоят қилганлар. У зот ривоят қилган ҳадислардан учта «Саҳиҳ» соҳиблари ўз китобларига киритишган.

Умар ибн Хаттоб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хабар берганларидек, шаҳид бўлдилар. У зот масжидда мусулмонларга имомлик қилиб турганларида, мушриклар ёллаган қотил томонидан ҳижратнинг йигирма учинчи йили суиқасд туфайли қатл этилдилар. Ҳазрати Умар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг равзаларига, ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг ёнларига дафн қилинганлар.

Ушбу ҳадиси шариф инсон сўзи васфига ожиз бўлган улкан ҳақиқатларни ўз ичига олган. Чунки унда Ислом, иймон, эҳсоннинг нима экани, Қиёмат куни ҳақида маълумотлар берилмоқда. Ҳадиснинг охирида эса ушбу нарсаларнинг жами «дин» деб аталмоқда.

Бу ҳадисда диний таълим беришда амалий кўргазмали дарс кўриниши баён қилинмоқда. Имом Муслим Аммор ибн ал-Қаъқоъдан ривоят қилишларича, бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу лайҳи васаллам саҳобалар ичида ўтириб: «Мендан сўрайдиган нарсангизни сўраб олинглар», дедилар. Одамларни ҳайбат босиб, бирор нарсани сўрай олмай қолдилар. Шунда ҳадисда васф қилинган, оппоқ кийимли, сочлари қоп-қора, ўзида сафарнинг асари йўқ, ҳеч кимга таниш бўлмаган бир одам кириб келган ва васф қилинган ҳайъатда ўтириб олиб, ҳамма учун ўта муҳим бўлган саволларни бера бошлаган.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам савол берувчининг «Эй Муҳаммад, менга Ислом ҳақида хабар бер», деган саволига жавобан:

«Ислом – «Лаа илааҳа иллаллоҳу Муҳаммадур Расулуллоҳ» деб шаҳодат келтирмоғинг, намозни тўкис адо қилмоғинг, закот бермоғинг, Рамазон рўзасини тутмоғинг, агар йўлга қодир бўлсанг, Байтни ҳаж қилмоғинг», дедилар».

Демак, унинг Ислом ҳақидаги саволига жавобан биринчи ҳадисда келган нарсаларни зикр қилганлар. Фақат рўза билан ҳажнинг ўрни алмашиб, ҳаж бешинчи бўлиб зикр қилинган.

Сўровчининг «Менга иймон ҳақида хабар бер», деган сўровига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, расулларига ва охират кунига иймон кел­тирмоғинг, яхшию ёмон қадарга иймон келтир­моғинг», деб жавоб бердилар.

Бу савол иймоннинг шаръий маъносида, яъни шариат бўйича «Иймон деб нимага айтилади?» маъносидаги саволдир.

Жавобда эса шариат бўйича иймоннинг бош масалалари бўлган нарсалар умумий кўринишда айтилмоқда.

«Аллоҳга иймон келтириш» дейилгани умумий гапдир. Лекин шариатга кўра, «Аллоҳнинг борлигига ишонаман», дейиш билан иш битмайди. Аллоҳга иймон келтиришни тафсилоти билан билиш лозим. Аллоҳ таоло Ўзи айтганидек, У Зотнинг Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам васф этганларидек иймон келтирмоқ лозим. Аллоҳнинг борлигига, қадимийлиги, азалийлиги ва абадийлигига, исмларига, сифатларига ва ишларига тўғри равишда иймон келтириш керак.

Шунингдек, Аллоҳнинг фаришталарига иймон келтириш уларнинг борлигига иймон келтириш билан тугал бўлмайди. Фаришталарга тугал иймон Аллоҳ таоло ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек бўлиши керак. Уларнинг васфларига, хизматларига ва хусусиятларига ҳам иймон келтириш лозим.

Шунингдек, Аллоҳнинг китобларига, пайғамбарларига иймон келтириш ҳам Қуръон ва Суннат кўрсатмаларига мувофиқ бўлиши лозим. Охират кунига бўлган иймон ҳам, яхшию ёмон қадарга иймон ҳам шариат кўрсатмаси бўйича бўлиши керак. Бу ишда бировга тақлид қилиш билан иш битмайди. Шунинг учун ҳар бир мусулмон ушбу масалаларни ақийда илмини биладиган тақводор уламолардан ўрганиб олмоғи зарур. Иложи бўлса, ақийда китобларидан бирортасини ўрганиш, мухтасар матнлардан бирини ёдлаб олиш лозим.

Савол берувчининг учинчи саволи: 

«Менга эҳсон ҳақида хабар бер», дейиш бўлди. «Эҳсон» луғатда «яхшилик, гўзал иш» маъносини англатади. Унинг бу ҳадисдаги маъноси эса, уламоларнинг айтишларича, «ихлос» маъносидадир. Жавобда эса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг оз иборалар билан кўп маънони ифода эта олиш қобилиятларини кўрсатдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эҳсон таърифида: «Аллоҳга худди Уни кўриб турганингдек, агар сен Уни кўрмасанг, У сени кўриб тургандек ибодат қилмоғинг», дедилар.

Ушбу таърифни ва у орқали «эҳсон»ни тўлиқ ва тўғри тушуниш учун аввало «ибодат» сўзининг маъносини батафсил англаб олмоғимиз лозим. Бизда «ибодат» деганда намоз ўқиш, рўза тутиш, ҳаж қилиш каби нарсалар тушунилади. Албатта, бу нарсалар улкан ибодатлардир. Лекин ибодат маъноси фақат ушбу нарсалар билан чегараланмайди. Бу сўз «абада» феълидан олинган бўлиб, «қуллик қилди – қул бўлди» маъносини билдиради. Абдуллоҳ Аллоҳнинг қули, деганидир. Демак, ибодат қуллик қилиш маъносидадир. Бу маъно форс­часига «бандалик» дейилади. Агар намоз, рўза ва ҳажнигина ибодат дейдиган бўлсак, ўша ибодатларни адо этиш пайтида Аллоҳга қуллик қилинади-ю, ундан кейин Аллоҳга қуллик тўхтайдими? Унда инсон намоз, рўза ва ҳаждан бошқа вақтда кимга қуллик қилади? Инсон намоз ўқиб, рўза тутиб, ҳаж қилаётганида Аллоҳни кўриб тургандек бўлишга ҳаракат қилиши лозим-у, бошқа вақтда лозим эмасми? Ёки ўша ибодатлар пайтида Аллоҳ мени кўриб турибди, деб тасаввур қилиши кераг-у, бошқа вақтларда кўрмаяпти, деб, ўз билганини қилавериши керакми?

Йўқ, асло ундай эмас! Аллоҳ таолога инсоннинг бандалиги, қуллиги доимийдир. Намоз ўқиётган инсон ҳам, ухлаётган инсон ҳам Аллоҳнинг бандаси. Рўза тутаётгани ҳам, рўза тутмаётгани ҳам Аллоҳ таолонинг бандаси. Ҳаж қилаётгани ҳам, иложини қила олмай, ҳаждан қолгани ҳам Аллоҳ таолонинг бандаси. Гап фақат ўша банда томонидан ўзининг бандалигини тан олишида! Яъни, «Аллоҳнинг қулиман» деган одамнинг Аллоҳга қуллик қилишида! Бошқача қилиб айтганда, ҳаётнинг ҳамма соҳаларида Аллоҳнинг айтганини қилиб яшашида! Бир хўжайиннинг хожалигини бўйнига олиб, унга хизматкор бўлган киши хўжайиннинг айтганларини қилмаса, хизматкорлиги қолмайди. Хожасидан қилмишига яраша жазо олишига тўғри келади. Аллоҳга қул бўлгандан кейин ана шу қулликни ўрнига қўйиб яшамоқ керак. Шунинг учун ҳам уламоларимиз: «Аллоҳнинг розилигига етказадиган ҳар бир иш ибодатдир», дейдилар. Шундан келиб чиқиб, мусулмон одам ҳар лаҳзада Аллоҳ таолони кўриб тургандек ихлос билан яшамоғи, У Зотнинг розилигини олишга ҳаракат қилмоғи керак. Агар бу олий мақомга эришишга ожизлик қилса, ҳар лаҳзасини Аллоҳ таоло мени кўриб турибди, деган эътиқод билан ўтказиб, ўшанга яраша ҳаракатда бўлмоғи лозим. Ана ўшандагина эҳсоннинг қуйи даражасига эришади.

Агар бу даражага эриша олмаса, намоз вақтида Аллоҳга, касби кор пайтида эса молу дунёга бандалик қилади. Рўза пайтида Аллоҳга, овқатланиш пайтида қорнига бандалик қилади. Ҳаж пайтида Аллоҳга, бошқа пайтда эса турли урф-одатларга ёки бошқа нарсаларга қуллик қилади.

Юқорида ўтган уч ўта муҳим саволдан кейин сўровчининг «Менга (қиёмат) соатидан хабар бер», дейиши, қиёмат кунига бўлган иймон ҳам ғоятда зарур эканини кўрсатиб турибди. Шу билан бирга, одамлар орасида, айниқса, қиёматга ишонмовчилар орасида учрайдиган «қиёмат соати» ҳақидаги саволга узил-кесил жавоб беришни тақозо қилмоқда.

Дарҳақиқат, қиёмат соати қачон экани ҳақидаги савол қадимда ҳам бериларди, ҳозирда ҳам тез-тез такрорланиб турибди. Айни вақтда ушбу савол сохта башоратчилар билан ҳақиқий Пайғамбарлар орасидаги фарқни аниқлаб берадиган савол ҳамдир. Сохта башоратчилар ўз атрофидаги жоҳилларнинг кўтар-кўтарига берилиб кетиб, кўпинча қиёмат куни ва соатини олдиндан белгилаб қўйиб, шарманда бўлганлар ва бўлмоқдалар.

(Давоми бор)

«Ҳадис ва ҳаёт» II жуз китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло.Раҳматим эса ҳамма нарсадан кенгдир. Уни тақво қилганларга, закот берганларга, оятларимизга иймон келтирганларга ёзажакман,, деган .Аъроф, сураси, давоми...

2366 17:36 / 02.04.2018
Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарликлари бошқа пайғамбарларники каби ваъзнасиҳатдан иборатдир. Шундай бўлса ҳам, айнан .насиҳат, сўзи давоми...

2373 22:11 / 25.04.2017
Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам .Албатта, амаллар ниятга боғлиқдир. Албатта, ҳар бир кишига ният қилган нарсаси давоми...

3558 17:04 / 08.01.2017
Муаллиф иймон бобидаги энг муҳим бир масала ҳақида алоҳида фасл очди. Бу масала иймоннинг зиёда ва кам бўлиши ҳақидаги масала бўлиб, уламоларимиз ўртасида кўпгина давоми...

544 13:05 / 06 ноябрь
Топ рейтинг www.uz Openstat