1446 йил 28 шаввол | 2025 йил 26 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Бировнинг айбини ахтариш

21:29 / 03.04.2017 8296 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

4623. Абу Барза ал-Асламий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Эй тили билан иймон келтириб, қалбига иймон кирмаганлар жамоаси! Мусулмонларни ғийбат қилманглар ва уларнинг айбларини ахтарманглар! Ким уларнинг айбини ахтарса, Аллоҳ унинг айбларини ахтаради. Аллоҳ кимнинг айбларини ахтарса, уни уйининг ичида шарманда қилади», дедилар».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг бу муборак ҳадисларида катта бир ҳақиқатни баён қилмоқдалар. У зот одамлар ичида тиллари билан иймон келтириб, қалбларига иймон кирмаганлари борлигини билдириб, ўшаларга хитоб қилмоқдалар.

«Эй тили билан иймон келтириб, қалбига иймон кирмаганлар жамоаси!».

Демак, тили билан иймон келтириб, қалбига иймон кирмаганлар кўпчиликни ташкил этар экан.

«Мусулмонларни ғийбат қилманглар ва уларнинг айбларини ахтарманглар!».

Ўша жамоа мусулмонларни ғийбат қилмасликлари керак экан. Ўша жамоа мусулмонларнинг айбларини ахтармасликлари керак экан. Агар улар бу ишларни қиладиган бўлсалар, ўзларига ёмон бўлар экан. Чунки:

«Ким уларнинг айбини ахтарса, Аллоҳ унинг айбларини ахтаради. Аллоҳ кимнинг айбларини ахтарса, уни уйининг ичида шарманда қилади».

Ҳа, мусулмонларнинг айбини тирноқ остидан кир ахтаргандек қилиб ахтарганларнинг айбини Аллоҳ таолонинг Ўзи ахтарар экан. У Зот айб ахтарганда эса қойиллатиб ахтаради, айбдорни шармандаи шармисор қиладиган қилиб ахтаради.

Мусулмон банданинг айбини ахтариш шунчалар оғир экан. Шунинг учун бу ишдан тийилмоқ зарур.

4624. Термизийнинг лафзида:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам минбарга кўтарилдилар ва баланд овоз ила нидо қилиб:

«Эй тили билан мусулмон бўлиб, қалбига иймон ўтмаганлар жамоаси! Мусулмонларга озор берманглар! Уларни айбламанглар! Уларнинг айбларини ахтарманглар! Ким мусулмон биродарининг айбини ахтарса, Аллоҳ унинг айбини ахтаради. Аллоҳ кимнинг айбини ахтарса, уни албатта шарманда қилади. Гарчи юкининг (уйининг) ичида бўлса ҳам», дедилар», дейилган.

4625. «Бир куни Ибн Умар Каъбага назар солиб туриб:

«Қанчалар ҳам улуғсан! Сенинг ҳурматинг қанчалар ҳам улуғ! Мўминнинг ҳурмати Аллоҳнинг ҳузурида сендан ҳам улуғ!» деди».

Шарҳ: Демак, мўмин кишини беҳурмат қилиш Каъбаи Муъаззамани беҳурмат қилишдан кўра ёмон экан. Шунинг учун зинҳор ва зинҳор мўмин кишини беҳурмат қилишга ошиқмаслик лозим.

4626. Муовия розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сен одамларнинг айбларини ахтарсанг, уларни бузасан ёки бузай дейсан», дедилар.

Абу Дардо:

«(Бу) Муовия Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган калимадир. Аллоҳ унга шу туфайли манфаат берди», деди».

Шарҳ: Одамларнинг айбини ахтариш катта гуноҳ бўлиши билан бирга, уларнинг бузилишига ҳам сабаб бўлар экан.

Дарҳақиқат, аъзолари бир-бирининг айбини ахтарадиган жамиятларнинг одамлари бузилиши оқибатида жамиятнинг ўзи ҳам бузилиб, парча-парча бўлиб, тарқалиб кетганлигининг гувоҳлари ҳам кўп.

Агар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг насиҳатларига амал қилиб, одамларнинг айблари ахтарилмаса, фойдали бўлар экан. Ана ўша фойдага сазовор бўлганлардан бири Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу эканлар.

4627. Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Агар амир одамлардан айб ахтараверса, уларни бузади», дедилар».

Шарҳ: Раҳбар одам ўзига қарам бўлган ки­шиларнинг айбларини тинмай излайверса, уларга тўхтовсиз дашном бериб, қаттиқ тергайверса, бу яхшиликка олиб бормайди. Бундай ҳолатда кишилар ҳақида яхши гумонда бўлиш керак. Уларнинг баъзи хато ва камчиликларини, агар зарари катта ва кўпчиликка тегадиган бўлмаса, кўрмаганга солиб туриш ҳам керак.

4628. «Абдуллоҳ розияллоҳу анҳуга:

«Ана Фалончи! Унинг соқолидан ароқ томиб турибди!» дейилди. Шунда у:

«Биз жосуслик қилишдан наҳий қилинганмиз. Лекин бир нарса зоҳир бўлса, уни оламиз (жазога тортамиз)», деди».

Учовини Абу Довуд ривоят қилганлар.

Шарҳ: Одамларнинг яширин қилаётган ишларини улар ҳақида ёмон гумонда бўлиб, ҳадеб қидиравериш яхши эмас. Аммо уларнинг ёмонлиги ошкор бўлиб қолганда қилмишига яраша жазо бериш лозим.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф  

(ҳадис ва ҳаёт китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Шиблий роҳматуллоҳи алайҳ бир куни Ҳижозга бориш учун йўлга чиқади ва йўлиБағдоддан ўтади. Ўша вақтдаги халифа Хорун Рашид Шиблий ҳазратларининг давоми...

3836 05:00 / 07.03.2017
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар .Огоҳ бўлингким, албатта, ҳар бир подшоҳнинг ўз қўриқхонаси бордир,. Ўша қўриқхонада подшоҳнинг ҳайвонларидан давоми...

1407 19:00 / 27.01.2024
1. Аллоҳ таолога қалбни ислоҳ қилишини сўраб дуо қилиш. 2. Аллоҳнинг Каломини ҳар куни бир саҳифадан бўлса ҳам тадаббур билан ўқиш. 3. Солиҳлар билан бирга давоми...

3545 05:00 / 01.03.2017
.Ният, луғатда бир нарсани қасд қилишни англатса, шариатда бир нарсани амалга боғлаб, қасд қилишга айтилади. Исломда ҳар бир нарсага ният шарт. Шунинг учун ҳам давоми...

11628 05:00 / 28.02.2017