1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Тунги намоз ва унинг фазли

09:00 / 16.07.2019 4493 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло:

«Кечанинг баъзисида у ила таҳажжуд қил. Сенга нофила ўлароқ. Шоядки, Роббинг сени мақтовли мақомда тирилтирса», деган (Исро сураси, 79-оят).

Шарҳ: Ушбу оят билан таҳажжуд намозига тарғиб қилиш Қуръонда келганлиги эслатилмоқда. Кечаси бир ухлаб туриб, ўқиладиган намоз таҳажжуд намози деб аталади. Шунингдек, бу намоз «қиём намози» деб ҳам аталади. Аввал бу намоз вожиб бўлган эди. Бир йилча вақт ўтганидан кейин вожиблиги насх қилинган.

Бу маъно «Тафсири ҳилол»да, «Муззаммил» сурасининг тафсирида батафсил баён қилинган:

«Эй ўраниб ётувчи! Кечанинг озгинасидан бошқасини (ибодатда) тик туриб ўтказ!»

Албатта, ушбу оят ниҳоятда улкан маъно касб этади. Бу кишиларни Аллоҳнинг йўлига – энг тўғри йўлга бошлаш учун қилинган амр эди. Аллоҳнинг ўраниб ётадиган вақт ўтди, тур энди, деган нидоси эди.

Шунинг учун ҳам Хадича онамиз Пайғамбар алайҳиссаломга «Бир оз ухлаб олсангиз-чи», десалар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Эй Хадича, уйқунинг вақти ўтди», дер эдилар.

«Ярмида ёки ундан бир оз қисқароғида (бедор бўл)».

Яъни, кечанинг ярмида бедор бўлиб, ибодат қил ва ярмида ухла ёки ярмидан озроғида ибодат қилиб, кўпроғида ухла.

«Ёки у (ярим)га яна қўш ва Қуръонни тартил билан тиловат қил!»

Яъни, кечанинг ярмидан кўпроғини ибодат билан ўтказгин-да, озроғида ухлагин. Қуръонни тартил билан ўқиш деб, уни дона-дона қилиб, ҳар бир ҳарфини ўрнидан чиқариб, оятларини алоҳида-алоҳида қилиб, тажвид қоидалари асосида ўқишга айтилади.

Қуръонни тартил билан ўқишга бўлган бу илоҳий фармон барча мўмин-мусулмонларга оммавий фармондир. Муҳаммад алайҳиссаломга Жаброил алайҳиссалом Қуръонни тартил билан ўқиб берганлар. Ўз навбатида, Пайғамбар алайҳиссалом ҳам умматларига тартил билан ўқиб берганлар. Мусулмон уммати эса авлоддан авлодга Пайғамбаридан қандай қилиб олган бўлса, шундай ўтказиб келмоқда. Қориларимиз Қуръон қироати қоидаларини тартибга солиб, китоблар битганлар. Бу қоидаларни билиш ҳар бир мусулмон учун зарурдир. Шунинг учун ҳар бир мусулмон тажвид қоидалари бўйича бир китоб ўқиши, Қуръон тиловатини тажвид илмига эга бўлган қорилардан ўрганиши лозим.

Имом Термизий ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай башорат қиладилар:

«Қиёмат кунида Аллоҳ Қуръон қорисига «Ўқиб, кўтарилиб боравер, у дунёда қандай ўқиган бўлсанг, шундай ўқи, охирги оятни ўқиган жо¬йинг сенинг (жаннатдаги) мартаба манзилинг бўлади», дейди».

Кечалари қоим бўлиш, яъни, ибодат билан бедор бўлиш ҳақида ҳам ривоятлар жуда кўп.

Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда жумладан шундай дейилади:

«...Эй мўминларнинг онаси, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кечалари қоим бўлишлари ҳақида сўзлаб беринг», дедим.

«Яа айюҳал муззаммил» сурасини ўқиганмисан?» дедилар. Мен (Саъийд ибн Ҳишом):

«Ўқиганман», дедим.

«Албатта, Аллоҳ таоло ушбу суранинг аввалида кечалари қоим бўлишни фарз қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобалари бир йил кечалари қоим бўлдилар. Ҳатто оёқлари шишиб кетди. Аллоҳ таоло суранинг охирини туширмай, ўн икки ой ушлаб турди. Сўнгра бу суранинг охирида енгиллик тушди», дедилар».

Кечалари қоим бўлиш фарз амалдан ихтиёрий амалга айланди... Кечалари бедор бўлиб, ҳатто оёқлари шишиб кетгунча туриш, Қуръонни тартил билан тинмай тиловат қилиш катта аҳамиятга эга бўлган оламшумул ишга тайёргарлик эди. Бу оғир ишнинг қабули келгуси оятда нозил бўлган.

«Албатта, Биз устингга оғир сўзни ташлармиз».

Яъни, Қуръонни ташлаймиз. Қуръон ўзи енгилликка барпо қилинган, лекин у ҳақиқат мезонида оғирдир. Унинг қалбга таъсири оғирдир. Бошқа бир оятда: «Агар биз бу Қуръонни тоққа туширсак эди, Аллоҳдан қўрққанидан парчаланиб кетганини кўрар эдинг», дейилган.

Ҳа, масъулиятини улкан тоғлар ҳам кўтара олмайдиган улкан ишни Муҳаммад алайҳиссалом кўтарганлар.

Қуръон оятларининг тушиш жараёни ниҳоятда оғир кечарди. Ваҳий тушган пайтда, агар кунлар совуқ бўлса ҳам Пайғамбар алайҳиссалом терлаб кетар, нафас олишлари тезлашар эди.

Саҳобалардан Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу шундай ҳикоя қиладилар:

«Менинг соним Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сонларига тегиб турган пайтда ваҳий тушиб қолди, унинг шиддатидан соним ёрилиб кетай деди».

Агар Пайғамбаримиз алайҳиссалом туяда кетаётганларида ваҳий тушиб қолса, оғирликдан туя ҳам юра олмай қолар экан.

«Албатта, тунги ибодат кўпроқ мувофиқ келур ва қироати тўғрироқ бўлур».

Яъни, кечаси тинчлик ҳукм сурганлиги учун, тирикчилик ташвишлари, кўнгилни безовта қилувчи нарсалар бўлмаганлиги учун ибодатда ўқилган нарсалар қалбга яхшироқ ўрнашади, қироат ҳам тўғрироқ чиқади.

Аллоҳ таоло бу сураи каримани узун оят билан тугатади. Юқорида эслатиб ўтганимиздек, суранинг аввали тушганидан сўнг бир йил муддат ўтиб, тушган оят мана шу оятдир:

«Албатта, Роббинг сени кечанинг учдан биридан озроғини ё ярмини, ё учдан бирини қоим бўлиб ўтказаётганингни ва сен билан бирга бўлганлардан ҳам бир тоифа (шундай қилаётганларини) билади. Ва Аллоҳ кечаю кундузни Ўзи ўлчайди. (У) ҳеч тоқат қила олмаслиги¬нгизни билиб, сизларга (енгилликни) қайтарди. Энди, Қуръондан муяссар бўлганича қироат қилинглар. Сизлардан келажакда касаллар бўлишини, бошқалар ер юзида юриб, Аллоҳнинг фазлини ахтаришини, яна бошқалар эса Аллоҳнинг йўлида жанг қилишларини ҳам билди. Энди ундан муяссар бўлганича қироат қилинглар. Ва намозни қоим қилинглар, закот беринглар ва Аллоҳга «қарзи ҳасана» беринглар. Ўзингиз учун нима яхшилик қилган бўлсангиз, уни Аллоҳнинг ҳузурида топасиз, у яхшироқ ва ажри улканроқдир. Аллоҳдан мағфират сўранг. Албатта, Аллоҳ Ғафур ва Раҳиймдир».

Бу оят билан Аллоҳ таоло суранинг аввалидаги оятларида фарз қилган ибодатини, яъни кечаси қоим бўлишни бекор қилди. Шундан сўнг тунги фарз намозидан бошқа ибодат ихтиёрийга айланди. Оятда аввалги буйруқ нима учун бекор қилинганлиги ҳам айтиб ўтилди.

Ушбу ояти кариманинг бошида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг саҳобаларига кечанинг маълум қисмини ибодат ила бедор ўтказиш фарз қилинганлиги очиқ-ойдин айтиб ўтилмоқда.

«Албатта, Роббинг сени кечанинг учдан биридан озроғини ё ярмини, ё учдан бирини қоим бўлиб ўтказаётганингни ва сен билан бирга бўлганлардан ҳам бир тоифа (шундай қилаётганларини) билади».

Уларга кечанинг ярмини ёки учдан бирини ёки ундан озроқ қисмини бедор бўлиб ўтказиш амр қилинган эди. Кечаси зикр, намоз, Қуръон тиловати каби турли ибодатлар ила қоим бўлиш мўмин-мусулмон кишининг танасини бақувват, руҳини пок қилади. Уларни турли машаққатларни осонлик билан кўтаришга ўргатади, айш-ишрат, ҳою ҳавасга берилишдан сақлайди.

Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло дийнига хизмат қилишлари кутилаётган зотларни алоҳида руҳий, маънавий ва жисмоний тарбия қилиш учун ушбу услубни қўллаган эди.

«Ва Аллоҳ кечаю кундузни Ўзи ўлчайди. (У) ҳеч тоқат қила олмаслигингизни билиб, сизларга (енгилликни) қайтарди. Энди, Қуръондан муяссар бўлганича қироат қилинглар».

Яъни, олдин сизларни чиниқтириш учун кечаси намоз ўқиш фарз қилинган эди. Энди эса У зот сизлар бу ишга ҳеч чидай олмаслигингизни билгани учун сизларга енгилликни қайтарди. Энди туннинг маълум қисмини бедорлик билан ибодат қилиб ўтказиш фарз бўлмай қолди.

Ушбу оят нозил бўлганидан бошлаб, бу иш ихтиёрий бўлди. Бас, энди Қуръондан муяссар бўлганича ўқинглар.

Оятнинг давомида эса туннинг маълум қисмини бедор ўтказиш ҳукмини фарздан тушириб, ихтиёрийга келтиришнинг сабабларидан учтаси — беморлик, Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилиш ва ер юзида юриб, Аллоҳнинг фазлини ахтариш зикр қилинди.

Ушбу уч тоифа кишиларга кечаси бедор бўлиб, ибодат билан машғул бўлиш оғирлик қилади. Аллоҳ эса бандаларига оғир бўлишини хоҳламайди.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Кечаси бедор бўлиб намоз ўқишнинг, Қуръон тиловат қилишнинг гашти бўлакча, фазилати улуғ. Одамлар айни ширин уйқудалик пайтида ибодат қилган инсон юксак мақомга давоми...

2198 10:10 / 05.11.2021
Савол Болалигимизда катталар бизларни .Бемаҳалда ёлғиз юрма, жин чалиб кетади, деб қўрқитишарди. Улғайгач, одамларнинг .Фалончига жин кириб олибди, ҳеч қандай давоми...

4953 18:30 / 08.07.2020
Одамлар сени сен ҳақингда ўйлаган нарсалари асосида мадҳ қиладилар. Сен нафсингни ўзинг билган нарса асосида мазаммат қил.Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи давоми...

5158 08:40 / 03.07.2019
Беморликда ҳикмат кўп. Айниқса, ҳозирги тожсимон вирус касаллиги жуда кўп ҳақиқатларни яхши тушуниб, ҳаётни теранроқ англашга сабаб бўлмоқда.Сўнгги пайтларда давоми...

2918 04:03 / 01.09.2020