1447 йил 22 жумадис сони | 2025 йил 13 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Исроф қилганимиз учун Аллоҳга нима деб жавоб берамиз?!

17:30 / 11.10.2019 2759 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Тўйлардаги дабдавозлик айни исрофдир! Динимизда исрофгарлик қаттиқ қораланган бўлиб, исроф қилиш ҳаромдир.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:

وَلاَ تُبَذِّرْ تَبْذِيراً إِنَّ الْمُبَذِّرِينَ كَانُواْ إِخْوَانَ الشَّيَاطِينِ وَكَانَ الشَّيْطَانُ لِرَبِّهِ كَفُوراً

«Исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйма. Албатта, исрофчилар шайтонларнинг биродарлари бўлганлар. Шайтон эса, Роббига ўта ношукр бўлгандир» (Исро сураси, 26-27-оятлар).

Исроф фақат ортиб қолган таомни ташлаб юборишнинг ўзигина эмас. Вақт, умр исрофи ҳам бор. Афсуски, вақтимизнинг қадрига етмаймиз, уни бефойда нарсалар билан совурамиз.

Одамлар кимўзарга, мақтанишга дабдабали тўй қилишади. Мақтанчоқлик, одамлардан ўзини устун деб билиш ҳам оғир гуноҳдир.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:

إِنَّ اللّهَ لاَ يُحِبُّ مَن كَانَ مُخْتَالاً فَخُوراً

«Албатта, Аллоҳ ўзини юқори тутувчи ва одамлар устидан фахр қилувчиларни хуш кўрмас» (Нисо сураси, 36-оят).

Кишилар одамлар кўрсин учун тўйларда ортиқча харажат қилишади. Бу риёдир. Риё эса оғир гуноҳлардан. Биз “одамлар нима деркин?” деб эмас, балки “Аллоҳ нима дейди?”, “Шариатда бу борада нима дейилган?” деган ўй билан ҳаракат қилишимиз керак.

Кўпчилик тўй қиламан деб қарзга ботади. Ўзим эшитган бир ҳодисани айтиб берсам.

Бир хонадонда қиз узатилади. Ота қарздор бўлиб қолиб, уни узиш учун Россияга ишлагани кетаётганда, йўлда автоҳалокатга учраб вафот этади. Қиз онасига «Қаердан ҳам тўйим бўлди. Агар турмушга чиқмаганимда отам қарзга ботмаган ва пул топаман деб йўлда вафот этмаган бўлардилар» дея додлаб йиғлаяпти. Шунда онаси «Ундай дема қизим. Ҳеч бўлмаса, отанг тўйингни кўриб қолди-ку!» деяпти.

Аслида тарихга назар солсак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам икки олам сарвари бўла туриб, қизлари Фотима розияллоҳу анҳога жуда камтарона сеп бериб, тўйларини ҳам ихчам, содда тарзда ўтказганлар. Бу биз умматлари учун ибратдир!

Тўйга ишлатиладиган ортиқча маблағларга янги оила учун керакли маиший техникалар, китоблар олиб берсак, шу оқилона иш эмасми?! Бир соатга келиб кетадиган машина учун, артистлар учун фалон пул сарфламай, шу пулларни дунё ва охиратимизга фойдали нарсаларга ишлатсак, айни муддао бўларди. Агар уйимизда маиший техника буюмлари, китоблар етарли бўлса, у ҳолда қариндошимиз, қўшниларимиз орасида ночор, муҳтож, қорни тўйса хурсанд бўладиган, қийналиб кун кўраётган оилаларга эҳсон қилсак, ўша оила аъзолари қанчалик хурсанд бўлишини тасаввур қилиб кўрайлик! Ахир улар икки ёшнинг ҳақига ихлос билан дуо қилишади. Зеро, тўй куни хонадонимизга меҳмонларни таклиф қилишдан мақсад ҳам икки ёшнинг ҳақига улардан дуо олишдир.

Никоҳ бу ибодат! Демак, никоҳ маросими Аллоҳ рози бўладиган тарзда ўтиши керак. Агар дастурхонга спиртли ичимликлар қўйилса, бир-бирига бегона бўлган эркак ва аёллар бирга рақс тушсалар, бунда тўйбошилар ҳам, келин-куёв ҳам, ўша рақсга тушувчилар ҳам, спиртли ичимликларни олиб келганлар, ичганлар, ичувчилар билан бирга ўтирганлар баробар гуноҳкор бўлишади.

Яна бир муҳим жиҳатни айтиб ўтсак. Тўй зиёфатига имкон борича ночор, етим, камбағал кишиларни чақириб, кўпроқ улардан дуо олишга ҳаракат қилсак, биз ташкил этган зиёфат энг яхши зиёфат ҳисобланади. Чунки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам «Албатта, зиёфатларнинг энг ёмони бойлар (қорни тўқлар) таклиф этилиб, камбағаллар ман этилган зиёфатдир» деганлар.

Аллоҳ таоло никоҳ маросимларини Ўзи рози бўладиган тарзда ўтказишимизни насиб этиб, қурилаётган оилалар бахтиёр, саодатли оилалардан бўлишини насиб айласин!

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Мавзуга оид мақолалар
Ҳусайн ибн Хорижа Ашжаийдан ривоят қилинади .Усмон розияллоҳу анҳу ўлдирилгач, мен ҳам фитнага аралашиб қолай дедим ва .Аллоҳим, менга ҳақ ишни кўрсатгин,, деб дуо давоми...

2776 08:00 / 25.12.2020
Салмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Албатта, Роббингиз ҳаёли ва каримдир. У Зот бандаси Унга икки қўлини кўтарса, уларни давоми...

3545 09:45 / 06.04.2019
Аъмаш айтади .Мужаммиъ Таймий билан бирга эдим. У бир дирҳамга битта хурмо сотиб олаётган эди, бир тиланчи сотувчидан садақа сўради. Шунда Мужаммиъ сотувчига давоми...

2412 08:00 / 29.01.2020
СаволАссалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ Сизга бир масала тўғрисида мурожаат қилмоқчи эдим. Жума кунида ҳар бир мўмин каби биз ҳам Аллоҳнинг байтига давоми...

3230 11:00 / 07.09.2020
Аудиолар

213191 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

132411 14:35 / 11.08.2021