1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Инсоннинг яратилиш неча босқичдан иборат?

20:00 / 02.07.2019 3321 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мусулмонлар Қуръони Карим нозил бўлгандан буён инсоннинг она қорнида яратилиши босқичма-босқич амалга ошишини яхши билишади. Чунки бу ҳақиқат уларнинг муқаддас Китоблари – Қуръони Каримда айтилган.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

«У сизни оналарингиз қорнида уч зулмат ичида бир яратишдан кейин яна бошқа яратишга ўтказиб, аста яратади» (Зумар сураси, 6-оят).

Инсон ўзини ўзи ярата олмайди. Яратиш у ёқда турсин, боласи ҳомила шаклида қачон пайдо бўла бошлаганини ҳам билмайди. Ҳомиладорлик аломатлари пайдо бўлганидагина уни аниқлашга тушади.

Инсонни она қорнида яратадиган Зот Аллоҳдир. Ҳозиргача бирор кимса инсонни она қорнида мен яратаман, деб даъво қилгани йўқ, қила олмайди ҳам. Фақат яккаю ягона Аллоҳ таологина яратади. Бу иш ҳам У Зотнинг ваҳдониятига ёрқин далилдир.

Ушбу оятда Аллоҳ таоло инсонни она қорнида уч зулмат ичида яратганининг хабарини бермоқда. Уч зулмат нима? Тафсирчи уламоларимиз бу саволга «Уч зулматнинг бири ҳомилани ўраб турувчи парда, иккинчиси бачадон, учинчиси қорин», деб жавоб берганлар. Илмий тараққиёт бу жавобни яна ҳам аниқлаштирди. Мутахассис олимлар ўтказган текширишлардан ҳомилани ўраб турувчи парда уч қават экани маълум бўлди. Аллоҳ таолонинг

«…оналарингиз қорнида уч зулмат ичида…» дегани бежиз эмас экан. Қориннинг ичида уч зулмат – уч қават пардани яратган ким? Нима учун бир эмас, икки эмас ёки тўрт эмас, айнан уч қават? Шунинг ўзи Аллоҳ таолонинг ваҳдониятига далил эмасми?!

Ояти кариманинг ушбу бўлагидаги «Уч зулмат ичида» дейилган маънода ҳам буюк илмий мўъжиза бордир. Ушбу маънони ўрганиб кўрган ҳомилашунослик илми бобокалонлари Қуръони Карим илоҳий китоб эканига яна бир бор тан бердилар.

Профессор Кейс Мурнинг таъкидлашига кўра, Қуръондаги ушбу уч қават парда қуйидагилардир:

1. Онанинг қорин пардаси.

2. Бачадон пардаси.

3. Ҳомилани ўраб турувчи парда.

Инсонни она қорнида «…бир яратишдан кейин яна бошқа яратишга ўтказиб, аста яратади» деганда эса босқичма-босқич, аста-секин мукаммал инсон ҳолига келтириш тушунилади. Аввал бошда нутфа бўлди. Ўша нутфани ҳам Аллоҳ яратади. Бошқа ҳеч ким эмас. Бошқа яратувчи бўлса, мен яратаман, деб айтсин. Бир томчи сувдан иборат нутфага инсонлик хусусиятларини жойлаган ҳам Аллоҳ таолодир. Бошқа ҳеч ким жойлаган эмас. Кейин ўша сув тухумга таъсир қилиб, урчиб, зулук шаклига кириб, бачадонга ёпишади. Бунга араб тилида «алақа» дейилади. Ўша алақни ҳам Аллоҳ таоло пайдо қилади. Унга ҳам инсонлик хусусиятларини Аллоҳ таоло жойлайди. Унинг бачадонга ёпишиши ҳам Аллоҳнинг иродаси билан бўлади. Сўнгра ўша зулуксифат алақа тишланган гўштга ўхшаш нарсага айланади, ундан инсон шакллана бошлайди, суяк пайдо бўлади ва ҳоказо. Буларнинг ҳаммаси Аллоҳнинг иродаси билан бўлади. Ҳеч ким ва ҳеч нима бу жараёнга аралаша олмайди. Ҳатто ҳомиладор аёл ҳам қўлидан бирор иш келмай, эсон-омон туғиб олишини тилаб юраверади. Бу ишлар Аллоҳ таолонинг ваҳдониятига ёрқин далилдир.

Аллоҳ таоло Нуҳ сурасида марҳамат қилади:

«Сизларга нима бўлдики, Аллоҳнинг буюклигидан қўрқмайсизлар?» (13-оят)

«Ҳолбуки, У сизларни ҳолатма-ҳолат яратди» (14-оят).

Яъни «Онангиз қорнида бир ҳолатдан иккинчи ҳолатга ва ҳоказо ҳолатларга ўтказиб яратди».

«Қуръон ва Суннатдаги илмий мўъжизалар»нинг асосчиларидан бири, таниқли олим шайх Абдулмажид Зиндоний ўзининг «Илм иймон йўлидир» номли китобида ёзади: «Американинг машҳур олимларидан бири профессор Маршал Жонсон билан учрашиб, «Қуръони Каримда инсон босқичма-босқич яратилгани айтилган», дедик. У бу гапни эшитиши билан ўрнидан туриб кетди ва: «Босқичма-босқич?!» деди.

«Бу милодий еттинчи асрда бўлган. Бу Китоб инсоннинг боқичма-босқич яратилганини айтиш учун келган!» дедик.

«Бу мумкин эмас! Мумкин эмас!» деди.

«Нима учун бундай ҳукм чиқарасиз? Ушбу Китоб «У сизни оналарингиз қорнида уч зулмат ичида бир яратишдан кейин яна бошқа яратишга ўтказиб, аста яратадир», деган ва яна «Сизларга нима бўлдики, Аллоҳнинг буюклигидан қўрқмайсизлар? Ҳолбуки, У сизларни ҳолатма-ҳолат яратди», деган», дедик.

У ўриндиққа қайтиб ўтирди. Бир оз ўйланиб турди-да, сўнг шундай деди:

«Менинг жавобим шуки, бу ерда учта эҳтимол бор:

Биринчиси, Муҳаммаднинг улкан микроскопи бўлган бўлиши керак. У ўша билан бу нарсаларни ўрганган ва улар билан одамлар билмаган нарсаларни билган ва ушбу гапни айтган.

Иккинчиси, бу тасодифан айтилган гап бўлиши мумкин.

Учинчиси, у Аллоҳ таолонинг юборган Расулидир».

Келинг, Аллоҳ таоло одам боласини босқичма-босқич яратиши ҳақидаги баъзи оятларни ўрганишга ҳаракат қилайлик.

Аллоҳ таоло Муъминун сурасида марҳамат қилади:

«Батаҳқиқ, инсонни лой сулоласидан яратдик» (12-оят).

Ушбу оятда инсон яратилишининг бошланғич босқичи ҳақида сўз кетмоқда. «Сулола» сўзи бир нарсадан аста-секин мулойимлик билан суғуриб олинган нарсани англатади. Демак, инсон Аллоҳ таоло томонидан лойдан суғуриб олингандир. Инсоннинг бошланиш нуқтаси лойга бориб тақалади.

«Сўнгра уни мустаҳкам қароргоҳда нутфа қилдик» (13-оят).

Яъни «Инсон жинсининг бошланишини лой сулоласидан қилганимиздан кейин, ота сулбидан нутфа ҳолида чиқиб, мустаҳкам қароргоҳга, яъни онанинг раҳмига – бачадонига ўрнашадиган қилдик».

Аллоҳ таоло бу ояти каримада инсоннинг бир қатра сувдан яратилиб, мустаҳкам қароргоҳга жойлаштирилганини таъкидламоқда. Бачадон орқа тарафдан умуртқа суяклари билан мустаҳкам ҳимояланган, умуртқани эса орқа мушаклар тутиб туради. Шу билан бирга, нутфа босқичидаги ҳомила махсус суюқлиги бўлган ҳомила халтаси билан ҳам ўралган, ҳимояланган. Хуллас, бу босқичдаги ҳомиланинг яхши ҳимоялангани муқаррар.

«Сўнгра нутфадан алақа яратдик, алақадан музға яратдик, музғадан суяк яратдик, бас, суякка гўшт қопладик, сўнгра уни бошқа бир жонзот этиб пайдо қилдик. Бас, яратувчиларнинг энг яхшиси Аллоҳ баракотли, улуғ бўлди» (14-оят).

Эркак кишининг сулбидан аёлнинг бачадонига тушган нутфанинг бир босқичдан иккинчисига ўтишининг Қуръондаги васфи энг тўғри, энг аниқ васф эканини ушбу оятлар нозил бўлганидан кейин, ўн тўрт аср ўтиб, ҳомила илми бўйича дунёнинг энг кўзга кўринган ғайримусулмон олимлари тасдиқ қилдилар.

«Сўнгра нутфадан алақа яратдик...»

«Мустаҳкам қароргоҳ бўлмиш бачадонда унга эркакнинг сулбидан тушган нутфадан алақа яратдик». Яъни эркакдан тушган уруғлик аёлдаги тухум билан урчигандан сўнг алақага (зулукка) айланадиган қилдик.

«...алақадан музға яратдик...»

Нутфадан алақага айланган зулукка ўхшаш лахта қонни тишланган гўштга ўхшаш нарсага айлантирдик.

Алақа кейинчалик музға ҳолига ўтади. «Музға» сўзи «чайналган нарса (тишлангани кўриниб турган)” маъносини билдиради. Профессор Кейс Мур одамлар олдида гипс моддасидан керакли ўлчамда бир бўлак олиб, тишлари орасига қўйиб, чайнаб кўрди. Сўнг буни ҳомиланинг дастлабки босқичлардаги фотосуратлари билан солиштириб кўрди. Кейин ҳомила музға босқичида чайналган гўштга ўхшашини эълон қилди. Қуръони Каримнинг яна бир илмий мўжизасини тан олди. Профессор Кейс Мур жанобларининг бу борадаги баёнотларини Қанадада чиқадиган газеталар нашр қилди. Сўнгра у киши Канада телеканалларидан бирида Қуръони Карим бир минг тўрт юз йил илгари зикр қилган ҳақиқатлар бугунги кунги илмий кашфиётларга тўғри келиши ҳақида уч қисмдан иборат кўрсатув тайёрлади. Кўрсатувда Кейс Мур билан қуйидагича савол-жавоб бўлди:

«Жаноб Мур, бу сиз Қуръони Карим Аллоҳ таолонинг каломи эканига иймон келтирдингиз, деганими?!

– Мен уни қабул қилишда ҳеч қандай қийинчилик топмадим.

– Қандай қилиб Муҳаммадга иймон келтирасиз? Ҳолбуки, сиз Масиҳга иймон келтиргансиз-ку?

– Мен икковлари бир мадрасадан, деб эътиқод қиламан!»

«...музғадан суяк яратдик...»

Инсоннинг суяклари шу тариқа пайдо бўлди. Аллоҳ таолонинг қудратини қарангки, гўштдан суяк ҳосил қилади. Бола онасининг қорнида эканида у суяк юмшоқ бўлади. Туғилганидан кейин қаттиқ жисмга айланади.

«...бас, суякка гўшт қопладик...»

Гўштдан суяк яратиб туриб, яна ўша суякка гўшт қоплаш ҳам ажойиб бир нарса.

«...сўнгра уни бошқа бир жонзот этиб пайдо қилдик».

Инсонни гўшту суякдан иборат ўзга жонзотлар каби қилиб қўймадик. Уни тамоман бошқача, ўзига хос бир жонзот этиб пайдо қилдик. Унинг жисми умуман бошқача, руҳи, ҳис-туйғулари, қувватлари, ақл-заковати ва бошқа хусусиятлари мутлақо ўхшаши йўқдир.

«Бас, яратувчиларнинг энг яхшиси Аллоҳ баракотли, улуғ бўлди».

Аллоҳдан ўзга яратувчи йўқдир. Инсоннинг яратилиши жараёнини олиб кўрайлик. Бу жараёнларнинг қайси бирида Аллоҳдан бошқа зотнинг иштироки бор? Ҳатто бола пайдо бўлишининг бевосита сабабчилари – ота билан она ҳам бу жараённи кутиб, кузатиб туришдан бошқа ҳеч нарсага қодир эмаслар.

Ушбу далилларнинг ҳар бири инсонни ҳақиқий иймонга чорламоғи лозим.

Юқорида танишиб ўтганимиз, машҳур олим, профессор Мур жанобларининг кўплаб китобларидан бирининг номи «The Developing Human» – «Инсоннинг яратилиши» деб номланади. Бу китоб оламшумул манба ҳисобланади. Саккиз тилга таржима қилинган. Америкада бир муаллиф таълиф қилган дунёдаги энг яхши китобни танлаш учун махсус қўмита тузилганда, мазкур кўмита ушбу китобни дунёда бир муаллиф ёзган энг яхши китоб деб эътироф қилган.

Мусулмон уламолар профессор Кейс Мур жаноблари билан учрашиб, унга ўзининг мутахассислиги – ҳомилашунослик илмига оид оят ва ҳадисларни тақдим қилдилар. У бу маълумотлардан қаноат ҳосил қилганини билдирди. Шунда мусулмон уламолар ундан:

«Сиз китобингизда ўрта асрларни эсга олгансиз ва ўша асрларда ҳомилашунослик илми ривожланмагани, бу ҳақда одамлар жуда оз нарса билганлари ҳақида ёзгансиз. Бу асрлар сизларда бўлган. Аммо ўша пайтда бизда Қуръони Карим нозил бўлиб турган. Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таоло ҳузуридан келган ҳидоятни одамларга ўргатиб турган. Ўша таълимотлар ичида инсоннинг яратилиши ва унинг яратилиши босқичлари ҳақида ҳам маълумотлар бўлган. Нима учун сиз оламшумул олим сифатида инсоф қилиб, ўша маълумотларни китобингизга киритмадингиз?» деб сўрашди.

Бунга жавобан профессор Мур жаноблари: «Ҳужжат сизда турибди, менда эмас. Уни бизга беринглар», деди.

Мусулмон уламолар унга мазкур маълумотларни тақдим қилдилар. Шижоатли олим, профессор Кейс Мур жаноблари китобининг учинчи нашрига мазкур ҳақиқатларни қўшиб чоп эттирди. Ўша китоб бутун дунёга саккиз тилда тарқалди. Ҳозирда бутун дунёдаги тиббиёт йўналиши талабалари, олимлар ва бошқа қизиқувчилар мазкур китобни инглиз, рус, хитой, япон, немис, италян, югослав ва португал тилларида ўқишмоқда.

Қуръон ва суннатдаги илмий мўъжизаларкитобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Мавзуга оид мақолалар
Зикр мажлисларидан бирида Наҳравонийдан рўзанинг қабул бўлиш аломати ҳақида сўрашди. У зот .Гуноҳларга ботмай туриб, шаввол ойида вафот этиш,, дедилар. Наҳравоний давоми...

2111 08:00 / 04.06.2020
Сулаймон ибн Ясор ҳаж ниятида бир дўсти билан йўлга чиқди. Улар Абво деган жойда дам олиш учун тўхташди. Шериги хуржунни олиб, бирор егулик олиб келиш учун бозорга давоми...

1670 07:10 / 08.08.2019
Ҳалол луқма ортиданХалаф ибн Тамим айтади .Иброҳим ибн Адҳамдан .Эй Иброҳим, қанча вақтдан буён Шомдасиз, деб сўрадим. У .Йигирма тўрт йилдан бери. Лекин бу ерга давоми...

1420 08:18 / 27.04.2020
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Шомдаги Ҳимс шаҳрига борганларида у ердагилар Саъид ибн Омирдан шикоят қилиб, тўрт нарсада айблашди .Қуёш кўтарилмагунча масжидга давоми...

2312 08:00 / 08.09.2020