1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Ислом дини таълимотлари: ислом, иймон ва эҳсон

10:10 / 02.07.2019 10578 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳар бир жамиятнинг эътиқод масалалари, амалий ҳаёти ва руҳий-маънавий жиҳатлари бўлади. Буларсиз инсон ва у мансуб бўлган жамиятнинг ҳаёти бўлиши мумкин эмас. 

Ҳатто динни инкор қилувчиларнинг ҳам ўзига яраша эътиқоди бўлади. Зотан, «Динга ишонмайман», дейишнинг ўзи ҳам ўзига хос эътиқод ҳисобланади.

Шунингдек, ҳар бир инсон жамиятининг ҳам кундалик ҳаётда амал қилиши лозим бўлган шиорлари, ўзаро ва бошқалар билан бўладиган муомалаларини йўлга соладиган қоидалари, ҳаёт кечириш жараёнида пайдо бўладиган амалий муаммоларни ҳал қилиш йўллари бўлади. 

Инсон жамияти борки, унинг ахлоқ-одоб қоидалари, инсоний сифатларни ҳосил қилиш ва уларни ҳаётга татбиқ этиш масалалари бўйича ўзига хос тушунча ва услублари мавжуд. 

Албатта, инсониятни икки дунё саодати билан таъминлаши лозим бўлган Ислом динининг ҳам ушбу йўналишларда хизмат қиладиган илоҳий асослари мавжуд. Ҳозир ўрганишни қасд қилиб турганимиз «Жаброил ҳадиси» мазкур йўналишларни баён қилади.

عَنْ عُمَرَ بْنِالْخَطَّابِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: بَيْنَمَانَحْنُ عِنْدَ رَسُولِاللهِ ﷺ ذَاتَ يَوْمٍإِذْ طَلَعَ عَلَيْنَارَجُلٌ شَدِيدُ بَيَاضِالثِّيَابِ، شَدِيدُ سَوَادِالشَّعَرِ، لَا يُرَىعَلَيْهِ أَثَرُ السَّفَرِ،وَلَا يَعْرِفُهُ مِنَّاأَحَدٌ، حَتَّى جَلَسَإِلَى النَّبِيِّ ﷺ، فَأَسْنَدَرُكْبَتَيْهِ إِلَى رُكْبَتَيْهِ،وَوَضَعَ كَفَّيْهِ عَلَىفَخِذَيْهِ، وَقَالَ: يَامُحَمَّدُ، أَخْبِرْنِي عَنِالْإِسْلَامِ. فَقَالَ رَسُولُاللهِ ﷺ: «الْإِسْلَامُ أَنْتَشْهَدَ أَنْ لَاإِلَهَ إِلَّا اللهُوَأَنَّ مُحَمَّدًا رَسُولُاللهِ، وَتُقِيمَ الصَّلَاةَ،وَتُؤْتِيَ الزَّكَاةَ، وَتَصُومَرَمَضَانَ، وَتَحُجَّ الْبَيْتَإِنِ اسْتَطَعْتَ إِلَيْهِسَبِيلًا». قَالَ: صَدَقْتَ. قَالَ: فَعَجِبْنَا لَهُيَسْأَلُهُ وَيُصَدِّقُهُ، قَالَ: فَأَخْبِرْنِيعَنِ الْإِيمَانِ. قَالَ: «أَنْ تُؤْمِنَ بِاللهِ،وَمَلَائِكَتِهِ،وَكُتُبِهِ، وَرُسُلِهِ، وَالْيَوْمِالْآخِرِ، وَتُؤْمِنَ بِالْقَدَرِخَيْرِهِ وَشَرِّهِ». قَالَ: صَدَقْتَ، قَالَ: فَأَخْبِرْنِيعَنِ الْإِحَسَانِ. قَالَ: «أَنْ تَعْبُدَ اللهَكَأَنَّكَ تَرَاهُ، فَإِنْلَمْ تَكُنْ تَرَاهُفَإِنَّهُ يَرَاكَ». قَالَ: فَأَخْبِرْنِيعَنِ السَّاعَةِ. قَالَ: «مَا الْمَسْئُولُ عَنْهَابِأَعْلَمَ مِنَ السَّائِلِ». قَالَ: فَأَخْبِرْنِي عَنْأَمَارَاتِهَا. قَالَ: «أَنْ تَلِدَالْأَمَةُ رَبَّتَهَا، وَأَنْتَرَى الْحُفَاةَ الْعُرَاةَالْعَالَةَ رِعَاءَ الشَّاءِيَتَطَاوَلُونَفِي الْبُنْيَانِ». قَالَ: ثُمَّ انْطَلَقَ فَلَبِثْتُمَلِيًّا، ثُمَّ قَالَلِي: «يَا عُمَرُ،أَتَدْرِي مَنِ السَّائِلُ؟» قُلْتُ: اللهُ وَرَسُولُهُأَعْلَمُ، قَالَ: «فَإِنَّهُجِبْرِيلُ أَتَاكُمْ يُعَلِّمُكُمْدِينَكُمْ». رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.

 

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдик. Бирдан устимизда оппоқ кийимли, сочлари қоп-қора одам пайдо бўлди. Унда сафарнинг асари кўринмас эди. Уни бирортамиз танимас ҳам эдик. У келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тўғриларига ўтирди. Икки тиззасини у зотнинг икки тиззаларига тиради. Икки кафтини сонлари устига қўйди ва: 

«Эй Муҳаммад, менга Ислом ҳақида хабар бер»,– деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ислом «Лаа илааҳа иллаллоҳу Муҳаммадур Расулуллоҳ», деб шаҳодат келтирмоғинг, намозни тўкис адо қилмоғинг, закот бермоғинг, Рамазон рўзасини тутмоғинг, агар йўлга қодир бўлсанг, Байтни ҳаж қилмоғинг», – дедилар. 

«Тўғри айтдинг», – деди у. Биз ундан ажабландик. Ўзи сўрайди, ўзи тасдиқлайди. 

«Менга иймон ҳақида хабар бер», – деди. 

«Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига ва охират кунига иймон келтирмоғинг, яхшию ёмон қадарга иймон келтирмоғинг», – дедилар. 

«Тўғри айтдинг», – деди. 

«Менга эҳсон ҳақида хабар бер», – деди у. 

«Аллоҳга худди Уни кўриб турганингдек ибодат қилмоғинг. Агар сен Уни кўрмасанг, У сени кўриб турур», – дедилар.

«Менга Соат(қиёмат)дан хабар бер», – деди. 

«Сўралувчи бу ҳақда сўровчидан билимлироқ эмас», – дедилар.

«Унинг аломатларидан хабар бер», – деди. 

«Чўри ўз хожасини туғмоқлиги, ялангоёқ, яланғоч, камбағал чўпонларнинг бино қуришда бир-бирларидан ўзишга уринишларини кўрмоғинг», – дедилар. Сўнгра у (қайтиб) кетди. Бас, бирмунча вақт ўтказдим. Сўнгра у зот менга: 

«Эй Умар, сўровчи кимлигини билдингми?» – дедилар.

«Аллоҳ ва Унинг Расули билувчидир», – дедим. 

«Албатта, у Жаброилдир. Сизларга динингизни ўргатгани келибди», – дедилар».

Бешовлари ривоят қилганлар.

Ушбу ҳадиси шарифда Ислом, иймон, эҳсон нималиги ҳақида маълумот берилмоқда. Ҳадиснинг охирида эса ушбу нарсаларнинг жами «дин» деб аталмоқда. Демак, Ислом дини уч асосий тармоқдан иборат экан.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам сўровчининг «Эй Муҳаммад, менга Ислом ҳақида хабар бер»деган саволига «Ислом – «Лаа илааҳа иллаллоҳу Муҳаммадур Расулуллоҳ» деб шаҳодат келтирмоғинг, намозни тўкис адо қилмоғинг, закот бермоғинг, Рамазон рўзасини тутмоғинг, агар йўлга қодир бўлсанг, Байтни ҳаж қилмоғинг», – деб жавоб бердилар.

Диннинг амалий қисми бўлган шаҳодат калимасини айтиш, намоз ўқиш, закот бериш, рўза тутиш ва ҳаж қилиш каби ибодатларнинг Ислом деб аталишини шундан билиб оламиз.

Сўровчининг «Менга иймон ҳақида хабар бер», деган сўровига Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига ва охират кунига иймон келтирмоғинг, яхшию ёмон қадарга иймон келтирмоғинг», – деб жавоб қилдилар.

Бу иймоннинг шаръий маъноси ҳақидаги, яъни «Шариат бўйича иймон деб нимага айтилади?» деган саволдир.

Жавобда эса шариат бўйича иймоннинг бош масалалари бўлган рукнлар умумий кўринишда айтилмоқда. 

Аллоҳнинг борлигига, қадимийлигига, азалийлигига, абадийлигига, исмларига, сифатларига ва ишларига тўғри равишда иймон келтириш лозим.

Фаришталарга бўлган иймон Аллоҳ таоло ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек бўлиши керак. Ҳар бир мўмин-мусулмон одам фаришталарнинг сифатларига, хизматларига ва хусусиятларига ҳам иймон келтириши лозим.

Шунингдек, Аллоҳнинг китобларига, пайғамбарларига иймон келтириш ҳам Қуръон ва Суннат кўрсатмаларига мувофиқ бўлиши даркор. 

Охират кунига бўлган иймон ҳам, яхшию ёмон қадарга иймон ҳам шариат кўрсатмаси бўйича бўлиши лозим. 

Иймон мазкур сифат ва даражада бўлгандагина ҳақиқий иймон бўлади.

Диннинг эътиқод қисмига оид таълимотларининг «иймон» деб аталишини шундан билиб оламиз.

Савол берувчининг учинчи саволи «Менга эҳсондан хабар бер», дейиш бўлди. 

«Эҳсон» луғатда «яхшилик қилиш», «гўзал иш» деган маъноларни англатади. 

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам жавобда эҳсоннинг таърифини баён қилиб, «Аллоҳга худди Уни кўриб турганингдек ибодат қилмоғинг. Агар сен Уни кўрмасанг, У сени кўриб турур», – дедилар.

Шундан келиб чиқиб, мусулмон одам ҳар лаҳзада Аллоҳ таолони кўриб тургандек ихлос билан яшамоғи, У Зотнинг розилигини олишга ҳаракат қилмоғи керак. Агар бу олий мақомга эришишга ожизлик қилса, ҳар лаҳзасини «Аллоҳ таоло мени кўриб турибди» деган эътиқод билан ўтказиб, ўшанга яраша ҳаракатда бўлиши лозим. Ана ўшандагина у эҳсоннинг қуйи даражасига эришган бўлади.

Бу ҳадисда зикр қилинган уч нарсанинг ҳаммаси қўшилиб, «дин» дейилади, чунки ушбу саволларни берган шахс ҳақида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «Албатта, у Жаброилдир. Сизларга динингизни ўргатгани келибди», – дедилар».

Яъни «Унинг берган саволлари одамларга динларини ўргатиш мақсадида берилган саволлар эди»,– дедилар. Демак, мазкур саволларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан берилган жавобларда зикр қилинган масалаларнинг мажмуаси «дин» экани тушунилади.

Бошқача қилиб айтадиган бўлсак, иймон, Ислом ва эҳсоннинг бирикувидан дин ҳосил бўлар экан.

Иймон, яъни эътиқод масалаларига оид илоҳий таълимотлар тўплами одатда «ақийда» деб аталадиган бўлиб қолган. Бу қисмга оид илм «Ақоид илми» дейилади.

Ушбу ҳадисда зикр қилинган диннинг «Ислом» деб аталган амалий қисми «шариат» ҳам дейилади. Бу қисмга оид масалалар билан фиқҳ илми шуғулланади. 

«Эҳсон» диннинг қалб тарбиясига боғлиқ қисми бўлиб, у одатда «тариқат» ҳам дейилади. Бу қисмга оид диний таълимотларни ўргатадиган илм «тасаввуф илми» деб аталадиган бўлиб қолган.

Албатта, диннинг мазкур уч таркибий қисмига оид маълумотлар фақат юқорида зикр қилинган «Жаброил ҳадиси» билан чегараланиб қолмаган, балки Қуръони Карим, Суннат ва бошқа манбаларда келган маълумотлар билан мукаммал ҳолга келган. Қуйидаги сатрларда ақийда, шариат ва тариқат билан қисқача танишиб чиқишга ҳаракат қиламиз. 

«Мукаммал саодат йўли» китоби асосида тайёрланди

Мавзуга оид мақолалар
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг ҳузурига бир одам келиб, .Менга фойдали нарсаларни жамлаган сўзларни ўргатинг,, деди. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу давоми...

1581 07:00 / 19.06.2019
Аввало қизилиштон қуриган дарахтни излаб топади ва ёнғоқ учун ковак очишга киришади. Ҳар бир ковак аҳамият билан очилади. Агар ковак катта бўлса, бошқа қушлар давоми...

2638 11:21 / 14.10.2022
Абу Дардо розияллоҳу анҳу гуноҳ иш қилиб қўйган бир одамнинг олдидан ўтиб қолдилар. Одамлар уни сўкишарди. У киши одамларга қараб, .Агар у қудуққа тушиб кетса, уни давоми...

1960 07:10 / 21.06.2019
Абу Яҳё Зуҳрийдан ривоят қилинади .Абдуллоҳ ибн Абдулазиз Умарий ўлими яқинлашган вақтда шундай деди .Роббимнинг неъматларини айтиб берай тонг отган ҳар бир кун давоми...

1652 08:00 / 21.05.2020